So'ngi yangiliklar
Bosh sahifa / Qonunchilik / Xalqaro hujjatlar / Бирлашиш эркинлиги ва бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги 87-КОНВЕНЦИЯ
ilo1

Бирлашиш эркинлиги ва бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги 87-КОНВЕНЦИЯ

Бирлашиш эркинлиги ва бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги

87-КОНВЕНЦИЯ*

Сан-Франциско, 1948 йил 9 июль Халқаро Меҳнат Ташкилоти Бош Конференциясининг 31-Сессиясида қабул қилинган. 1950 йил 4 июлдан кучга кирган

Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Бош конференцияси Халқаро Меҳнат Бюросининг Маъмурий кенгаши томонидан Сан-Францискода чақирилиб ва 1948 йилнинг 17 июнида ўзининг ўттиз биринчи Сессиясига тўпланиб,

бирлашиш эркинлиги ва бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги бир қанча таклифларни конвенция шаклида қабул қилишга қарор чиқариб ва бу Сессия кун тартибининг еттинчи банди ҳисобланиб,

Халқаро Меҳнат Ташкилоти Уставининг муқаддимаси «бирлашиш эркинлиги принципининг тан олиниши» меҳнат шароитларларини яхшилашга ва тинчликни таъминлаш воситалари сифатида эълон қилаётганини эътиборга олиб,

Филадельфия декларациясида «сўз ва бирлашиш эркинлиги тараққиётини қўллаб-қувватлаш учун зарур шартлар» деб таъкидланганини эътиборга олиб,

Халқаро Меҳнат Конференцияси, ўзининг ўттизинчи сессиясида халқаро миқёсда тартибга солувчи асосни шакллантирувчи принципларни якдиллик билан қабул қилганини эътиборга олиб,

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси ўзининг иккинчи сессиясида мазкур принципларни маъқуллаганини ва Халқаро Меҳнат Ташкилотидан, халқаро конвенцияларнинг бир нечтасини қабул қилиш имкониятини вужудга келтириш учун ҳар қандай фаолиятни давом эттириш таклифини эътиборга олиб,

бир минг тўққиз юз қирқ саккизинчи йил июль ойининг тўққизинчи кунида қуйидаги «Бирлашиш эркинлиги ва бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги 1948 йилги Конвенция» деб номланиши мумкин бўлган Конвенцияни қабул қилди:

I БЎЛИМ. БИРЛАШИШ ЭРКИНЛИГИ

1-модда

Халқаро Меҳнат Ташкилотининг ҳар бир аъзоси, ушбу Конвенция унга нисбатан кучга кирган бўлса, қуйида келтирилган қоидаларни амалга ошириш мажбуриятини ўз зиммасига олади.

2-модда

Меҳнаткашлар ва иш берувчилар, ҳеч бир чеклашларсиз, ташкилот таъсис этиш ва фақат ушбу ташкилотнинг қоидаларига бўйсунган ҳолда, ўзлари танлаган ташкилотга олдиндан рухсат олмасдан кўшилиш ҳуқуқига эгадир.

3-модда

  1. Меҳнаткашлар ва иш берувчиларнинг ташкилотлари ўзларининг низомлари ва қоидаларини тузиш, ўзларининг вакилларини мутлақ эркин сайлаш, ўзларининг маъмуриятини ва фаолиятини ташкил қилиш, ўзларининг дастурларини баён этиш ҳуқуқига эгадир.
  2. Давлат органлари мазкур ҳуқуқни чекловчи ёки унинг қонуний амалга оширилишига қаршилик қилувчи ҳар қандай аралашувдан тийилиши керак.

4-модда

Меҳнаткашлар ва иш берувчиларнинг ташкилотлари маъмурий орган томонидан асоссиз тарқатиб юборилиши ёки вақтинчалик тақиқланишига йўл қўйилмайди.

5-модда

Меҳнаткашлар ва иш берувчиларнинг ташкилотлари федерациялар ва конфедерациялар тузиш ҳуқуқига, шунингдек уларга қўшилиш ҳуқуқига эгадир ва ҳар бир шундай ташкилот, федерация ёки конфедерация меҳнаткашлар ва иш берувчиларнинг халқаро ташкилотларига қўшилиш ҳуқуқига эгадир.

6-модда

2, 3 ва 4-моддалар қоидалари меҳнаткашлар ва иш берувчилар бирлашмаларининг федерациялари ва конфедерацияларига нисбатан ҳам қўлланилади.

7-модда

Меҳнаткашлар ва иш берувчиларнинг ташкилотлари, федерациялари ва конфедерациялари томонидан юридик шахс мақоми олиниши, 2, 3 ва 4-моддаларнинг қоидалари қўлланилишини чекловчи характердаги шартларга бўйсундирилиши мумкин эмас.

8-модда

  1. Ушбу Конвенцияда кўзда тутилган ҳуқуқларини амалга оширишда меҳнаткашлар, иш берувчилар ва уларнинг тегишли ташкилотлари, бошқа шахслар ёки бирлашган жамоалар сингари, миллий қонунчиликни ҳурмат қиладилар.
  2. Миллий қонунчилик ушбу Конвенцияда кўзда тутилган кафолатларга путур етказувчи шаклда бўлмаслиги керак ҳамда ушбу кафолатларнинг қўлланилишини чекламаслиги лозим.

9-модда

  1. Ушбу Конвенцияда кўзда тутилган кафолатлар қуролли кучларга ва полицияга нисбатан қай даражада қўлланилишини миллий қонун ҳужжатлари томонидан белгиланади.
  2. Халқаро Меҳнат Ташкилоти Уставининг 19-модда 8-бандида баён этилган қоидаларга мувофиқ Халқаро Меҳнат Ташкилотининг ҳар қандай аъзоси томонидан ушбу Конвенциянинг ратификация қилиниши, мавжуд қонунларга, суд қарорларига, анъаналарга ёки шартномаларга салбий таъсир қилиши мумкин деб ва бунинг оқибатида ушбу Конвенцияда кафолатланган ҳар қандай ҳуқуқдан қуролли кучлар ёки полиция шахсий таркиби фойдаланиши мумкин деб қаралмайди.

10-модда

Ушбу Конвенцияда «ташкилот» атамаси меҳнаткашлар ёки иш берувчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва олға суришни мақсад қилиб қўйган ҳар қандай меҳнаткашлар ёки иш берувчиларнинг ташкилотларини англатади.

II БЎЛИМ. БИРЛАШИШ ҲУҚУҚИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ

11-модда

Халқаро Меҳнат Ташкилотининг ҳар бир аъзоси, ушбу Конвенция унга нисбатан кучга кирган бўлса, меҳнаткашлар ва иш берувчилар бирлашиш ҳуқуқини эркин амалга оширишини кафолатлаш мақсадида барча зарур ва керакли чора-тадбирлар кўриш мажбуриятини ўз зиммасига олади.

III БЎЛИМ. ТУРЛИ ҚОИДАЛАР

12-модда

  1. Ушбу Конвенцияни ратификация қиладиган Ташкилотнинг ҳар бир аъзоси Халқаро Меҳнат Бюросининг Бош директорига, ратификация ҳужжатлари билан бирга ёки ратификациядан кейин имкони борича қисқа муддатда, Халқаро Меҳнат Ташкилоти Уставининг Ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги 1946 йилги акти билан ўзгартиришлар киритилган Халқаро Меҳнат Ташкилоти Уставининг 35-моддасида кўзда тутилган ҳудудларга нисбатан (ушбу Уставнинг 35-моддаси 4 ва 5-бандларида кўзда тутилган ҳудудлардан ташқари) қуйидагиларни билдирадиган декларацияни юборади:

а) қайси ҳудудларга нисбатан Ташкилотнинг тегишли аъзоси Конвенция қоидаларининг ўзгартиришларсиз қўлланилишини зиммасига олиши;

  1. b) қайси ҳудудларга нисбатан Ташкилотнинг тегишли аъзоси Конвенция қоидаларининг ўзгартиришлар билан қўлланилишини зиммасига олиши ва шу ўзгартиришларнинг тафсилоти;

с) қайси ҳудудларга нисбатан Конвенция қўлланилмаслиги ва бу ҳолда унинг қўлланилмаслик сабаблари;

  1. d) қайси ҳудудларга нисбатан Ташкилотнинг тегишли аъзоси ўз қарорини сақлаб туриши.
  2. Ушбу модда 1-бандининг «а» ва «b» кичик бандларида ифодаланган мажбуриятлар ратификациянинг ажралмас қисми деб ҳисобланади ва ратификация кучига эга.
  3. Ташкилотнинг ҳар қандай аъзоси навбатдаги декларация орқали ушбу модда 1-бандининг «b», «с» ёки «d» кичик бандлари асосида аввалги декларацияда айтиб ўтилган ҳар қандай шартлардан ёки уларнинг бир қисмидан воз кечиши мумкин.
  4. Ташкилотнинг ҳар қандай аъзоси, ушбу Конвенция денонсация қилиниши мумкин бўлган давр мобайнида, 16-модда қоидаларига мувофиқ, Бош директорга исталган аввалги декларациянинг ҳар қандай шартига ўзгартиришлар киритувчи ҳамда белгиланган ҳудудларидаги ҳозирги аҳволни ифода этувчи навбатдаги декларацияни юбориши мумкин.

13-модда

  1. Ушбу Конвенцияда назарда тутилган масалалар ҳар қандай метрополиядан ташқаридаги автоном ҳокимиятларга тегишли бўлганда, шундай ҳудуднинг халқаро муносабатлари учун жавобгар бўлган Ташкилот аъзоси, шу ҳудуднинг ҳукумати билан келишиб, Халқаро Меҳнат Бюросининг Бош директорига шу ҳудуд номидан мазкур Конвенция мажбуриятларини қабул қилиш тўғрисидаги декларацияни юбориши мумкин.
  2. Ушбу Конвенция мажбуриятларини қабул қилиш тўғрисидаги декларация Халқаро Меҳнат Бюросининг Бош директорига юборилиши мумкин:

а) Ташкилотнинг икки ёки ундан кўп аъзоси томонидан уларнинг биргаликдаги бошқаруви остида бўлган ҳар қандай ҳудудлар бўйича;

  1. b) Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Уставига мувофиқ ҳар қандай ҳудудни бошқаришга ёки бошқа шунга ўхшаш ҳудудни бошқаришга жавобгар бўлган ҳар қандай халқаро даражадаги масъул томонидан.
  2. Ушбу модданинг айтиб ўтилган бандларига мувофиқ, Халқаро Меҳнат Бюросининг Бош директорига юбориладиган декларацияларда Конвенция қоидалари тегишли ҳудудга нисбатан қандай қўлланилиши, яъни ўзгартиришлар билан ёки ўзгартиришларсиз қўлланилиши кўрсатилади; агар декларацияда Конвенция қоидалари ўзгартиришлар билан қўлланилиши кўрсатилса, унда ўзгартиришларнинг тафсилоти ҳам берилади.
  3. Ташкилотнинг тегишли аъзоси, аъзолари ёки тегишли халқаро даражадаги масъул исталган пайтда, кейинги декларацияси орқали, тегишли ҳуқуқидан фойдаланиб, ҳар қандай аввалги декларациясида кўзда тутилган ҳар қайси ўзгартиришлардан тўлиқ ёки қисман воз кечиши мумкин.
  4. Ташкилотнинг тегишли аъзоси, аъзолари ёки тегишли халқаро даражадаги масъул, ушбу Конвенция денонсация қилиниши мумкин бўлган муддат мобайнида, 16-модда қоидаларига мувофиқ, Бош директорга ҳар қандай аввалги декларациянинг ҳар қандай шартига ўзгартиришлар киритувчи ҳамда ушбу Конвенциянинг қўлланилишига нисбатан ҳозирги аҳволни ифода этувчи декларация юбориши мумкин.

IV БЎЛИМ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

14-модда

Ушбу Конвенцияни ратификация қилиш тўғрисидаги расмий ҳужжатлар рўйхатга олиниши учун Халқаро Меҳнат Бюроси Бош директорига юборилади.

15-модда

  1. Ушбу Конвенция фақатгина ратификация қилиш тўғрисидаги ҳужжатлари Бош директор томонидан рўйхатга олинган Халқаро Меҳнат Ташкилотининг аъзоларинигина бирлаштиради.
  2. Ушбу Конвенция Ташкилот икки аъзосининг ратификация қилиш тўғрисидаги ҳужжатлари Бош директор томонидан рўйхатга олинган санадан кейин ўн икки ой ўтгач кучга киради.
  3. Кейинчалик ушбу Конвенция Ташкилотнинг ҳар бир аъзоси учун унинг ратификация қилиш тўғрисидаги ҳужжати рўйхатга олинган санадан кейин ўн икки ой ўтгач кучга киради.

16-модда

  1. Ушбу Конвенцияни ратификация қилган Ташкилотнинг аъзоси Конвенция дастлаб кучга кирган санадан ўн йил ўтганидан кейин Халқаро Меҳнат Бюросининг Бош директорига рўйхатга олиш учун юборилган акт орқали Конвенцияни денонсация қилиши мумкин. Бундай денонсация денонсация акти рўйхатга олинганидан кейин бир йил ўтгач кучга киради.
  2. Ушбу Конвенцияни ратификация қилган Ташкилотнинг ҳар бир аъзоси, юқоридаги бандда қайд этилган ўн йиллик муддат ўтганидан кейин, бир йил ичида мазкур моддада кўзда тутилган денонсация ҳуқуқидан фойдаланмаган бўлса, навбатдаги ўн йиллик муддатни кутишга мажбур бўлади ва шунга мувофиқ, у мазкур модда шартларига биноан ушбу Конвенцияни ҳар ўн йиллик муддат тугаши билан денонсация қилиши мумкин бўлади.

17-модда

  1. Халқаро Меҳнат Бюроси Бош директори Ташкилот аъзолари томонидан юборилган ратификация қилиш тўғрисидаги ҳужжатлар, декларациялар ва денонсация актларининг барчасини рўйхатга олганлиги ҳақида Халқаро Меҳнат Ташкилотининг барча аъзоларига хабар беради.
  2. Бош директор унга юборилган иккинчи ратификация қилиш тўғрисидаги ҳужжатни рўйхатга олганлиги ҳақида Ташкилот аъзоларига хабар берганда, Ташкилот аъзоларининг эътиборини Конвенциянинг кучга кириш санасига қаратади.

18-модда

Халқаро Меҳнат Бюроси Бош директори, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Уставининг 102-моддасига мувофиқ, юқоридаги моддалар қоидаларига биноан ўзи рўйхатга олган ратификация қилиш тўғрисидаги ҳужжатлар, декларациялар ва денонсация актларининг барчасига оид тўла маълумотларни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котибига рўйхатга олиш учун юборади.

19-модда

Ҳар гал, Халқаро Меҳнат Бюроси Маъмурий кенгаши зарур деб топганда, Бош конференцияга ушбу Конвенциянинг қўлланилиши тўғрисидаги маърузани тақдим этади ва уни тўла ёки қисман қайта кўриб чиқиш ҳақидаги масалани Конференция кун тартибига киритиш кераклигини ёки керак эмаслигини кўриб чиқади.

20-модда

  1. Агар Конференция мазкур Конвенцияни тўла ёки қисман қайта кўриб чиқадиган янги конвенция қабул қилса ва янги конвенцияда зид келувчи қоидалар мавжуд бўлмаса, у ҳолда:

а) Ташкилотнинг бирор аъзоси томонидан қайта кўриб чиқилган янги конвенциянинг ратификация қилиниши, қонуннинг ўз кучи билан, 16-модда қоидаларидан қатъи назар, мазкур Конвенциянинг зудлик билан денонсация қилинишига олиб келади, бунда қайта кўриб чиқилган янги конвенция кучга кирган бўлиши керак;

  1. b) қайта кўриб чиқилган янги конвенция кучга кирган санадан эътиборан, мазкур Конвенциянинг Ташкилот аъзолари томонидан ратификация қилиниши тўхтатилади.
  2. Мазкур Конвенция, ҳар қандай ҳолатда, уни ратификация қилган, аммо қайта кўриб чиқилган янги конвенцияни ратификация қилмаган Ташкилот аъзолари учун амалдаги шакли ва мазмуни ўз кучида қолаверади.

21-модда

Мазкур Конвенциянинг инглизча ва французча матнлари бир хил кучга эга.

*) Ҳужжатнинг номи мазкур нашрга мувофиқ берилган.

Халқаро Меҳнат Ташкилотининг асосий конвенциялари ва тавсиялари, 2008 йил, 32-бет.

0
0

Muallif: G'ayrat Bozorov

Bu qiziq!

kasaba-logo-1

“Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга ШАРҲ

“Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. 1992 йил 2 …