So'ngi yangiliklar
Bosh sahifa / Qonunchilik / Vazirlar Mahkamasining qarorlari / Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 62-сонли қарори “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”
vazirlar_mahkamasi

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 62-сонли қарори “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида

*.doc юклаб олинг

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 9-сон, 94-модда)

Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимлари одоб-ахлоқининг ягона принциплари ва қоидаларини белгилаш, уларнинг ўз хизмат вазифаларини виждонан ва самарали бажаришлари учун шарт-шароитлар яратиш, давлат хизматида суиистеъмолликларнинг олдини олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

  1. Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари (кейинги ўринларда Одоб-ахлоқ қоидалари деб аталади) иловага мувофиқ тасдиқлансин.
  2. Республика давлат бошқаруви органлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари икки ой муддатда:

ўз фаолияти хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, Одоб-ахлоқ қоидалари асосида марказий аппарат, ҳудудий ва таркибий бўлинмалар ходимлари учун мажбурий бўлган ходимларнинг идоравий одоб-ахлоқ қоидаларини ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар;

Одоб-ахлоқ комиссияси тўғрисидаги низомни ва унинг шахсий таркибини тасдиқласинлар;

ички меҳнат тартиб-қоидаларини ва бошқа идоравий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

Белгилаб қўйилсинки, ходимларнинг тасдиқланадиган идоравий одоб-ахлоқ қоидалари Одоб-ахлоқ қоидалари талабларига зид бўлиши ёки улардан паст даражадаги талабларни назарда тутиши мумкин эмас.

  1. Хўжалик бошқаруви органларига Одоб-ахлоқ қоидалари асосида ходимларнинг одоб-ахлоқ қоидаларини қабул қилиш тавсия этилсин.
  2. Белгилаб қўйилсинки, Одоб-ахлоқ қоидалари нормаларининг бузилиши қонун ҳужжатларига мувофиқ интизомий ёки бошқача жавобгарликка тортиш учун асос бўлиб ҳисобланиши мумкин.
  3. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига Адлия вазирлиги, Меҳнат вазирлиги билан биргаликда 2016 йил мобайнида ушбу қарорнинг қўлланиши мониторингини олиб бориш ва таҳлил қилиш ҳамда, зарурият бўлганда, уларнинг якунлари бўйича Одоб-ахлоқ қоидаларини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш тавсия этилсин.
  4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси Р.В.Абдуқодиров 10 кун муддатда, ушбу қарор талабларига қатъий амал қилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппарати ходимларининг одоб-ахлоқ қоидаларини Вазирлар Маҳкамаси Раёсатига тасдиқлаш учун киритсин.
  5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари ва Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2016 йил 2 март.

62-сон

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги 62-сон қарорига
ИЛОВА

Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари

  1. Умумий қоидалар
  2. Ушбу Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари (кейинги ўринларда Одоб-ахлоқ қоидалари деб аталади) эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг (кейинги ўринларда давлат хизматчилари деб аталади) касбий одоб-ахлоқининг умумий принциплари ва хизматдаги хулқ-атворининг асосий қоидалари йиғиндисидан иборат.
  3. Одоб-ахлоқи қоидалари ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга, улар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этишга, давлат хизматчиларини юксак ҳуқуқий онг, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига қатъий риоя қилиш руҳида тарбиялашга йўналтирилган.
  4. Давлат бошқаруви органи ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органига (кейинги ўринларда давлат органи деб аталади) ишга кираётган шахслар Одоб-ахлоқ қоидалари билан имзо қўйдирган ҳолда таништириладилар.
  5. Давлат хизматчилари қонун ҳужжатлари ва Одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этишлари шарт.

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш давлат хизматчисининг касбий фаолиятини ва хизматдаги хулқ-атворини баҳолаш мезонларидан бири ҳисобланади.

  1. Давлат хизматчиларининг хизматдаги хулқ-атворининг асосий принциплари ва қоидалари
  2. Давлат хизматчилари ўз касбий фаолиятини қуйидаги принциплар асосида амалга оширишлари керак:

қонунийлик;

фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;

ватанпарварлик ва хизмат бурчига фидоийлик;

давлат ва жамият манфаатларига содиқлик;

адолатлилик, ҳалоллик ва холислик;

манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик.

  1. Давлат хизматчилари қуйидагиларга мажбур:

хизмат вазифаларини бажаришда давлат принциплари ва талабларига қатъий риоя этиш;

ўз хизмат вазифаларини виждонан, юксак касбий даражада бажариш;

юқори давлат органлари ва мансабдор шахсларининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган (берган) қарорларини (топшириқларини) ўз вақтида ва сифатли бажариш;

ўз фаолиятини қонун ҳужжатларида ва ички ҳужжатларида белгиланган лавозим ваколатлари доирасида амалга ошириш;

ўз хизмат вазифаларини бажаришда бирор-бир шахслар, гуруҳлар ёки ташкилотларга ён босмаслик ва устунлик бермаслик, уларнинг таъсиридан мустақил бўлиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва қонуний манфаатларини ҳисобга олиш, камситиш ҳолатларига йўл қўймаслик;

ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилувчи бирор-бир шахсий, мулкий ва бошқа манфаатларнинг таъсири билан боғлиқ бўлган хатти-ҳаракатларга барҳам бериш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжат ва идоравий ҳужжатларда белгиланган чеклашлар ва тақиқларга риоя қилиш, ўз хизмат вазифаларини оғишмай бажариш;

ўз хизмат фаолиятига бирор-бир таъсир кўрсатиш имкониятига барҳам бериш;

Ўзбекистон Республикаси ва бошқа давлатлар халқларининг урф-одатлари ва анъаналарини ҳурмат қилиш, турли этник, ижтимоий гуруҳлар ва конфессияларнинг маданий ҳамда бошқа хусусиятларини ҳисобга олиш, ижтимоий барқарорликка, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликка кўмаклашиш;

ўзларининг хизмат вазифаларини виждонан бажаришда шубҳа пайдо қилиши мумкин бўлган хулқ-атвордан ўзини тийиш, шунингдек ўз обрўсига ёки давлат органининг нуфузига зарар етказишга қодир бўлган вазиятларга йўл қўймаслик;

хизмат мавқеидан давлат органлари, бошқа ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек фуқаролар фаолиятига ноқонуний таъсир кўрсатиш учун фойдаланмаслик;

давлат органида хабарларни ва хизмат ахборотларини тақдим қилишнинг белгиланган қоидаларига риоя этиш.

  1. Сиёсий, иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлик, шунингдек шахсий важлар ва бошқа субъектив сабаблар давлат хизматчиларининг қонун ҳужжатлари талабларини ва Одоб-ахлоқ қоидаларини бузиши учун асос бўла олмайди.
  2. Агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, давлат хизматчиларига ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан бирор-бир моддий бойликларни олиш ёхуд жисмоний ёки юридик шахслардан бошқача наф кўриш тақиқланади.
  3. Давлат хизматчилари коррупция ҳолатларига қарши курашиши ва уларнинг профилактикасига фаол кўмаклашиши шарт.

Давлат хизматчилари ўз раҳбарини ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини уларни ҳуқуқбузарликлар содир этишга оғдириш мақсадида бирор-бир шахсларнинг қилган мурожаатларининг барча ҳолатлари тўғрисида, шунингдек бошқа давлат хизматчилари томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликларнинг ўзларига маълум бўлган ҳар қандай ҳолатлари ҳақида хабардор қилиши шарт.

Давлат органлари раҳбарлари шахслар қонунчиликнинг бузилиши фактлари тўғрисида мурожаат қилганлиги муносабати билан ёхуд билдирилган фикр ва мурожаатдаги танқиди учун, худди шунингдек бошқача шаклда танқид қилганлиги учун ишдан бўшатилишига ёки бошқача шаклда таъқиб қилинишига йўл қўймаслигини таъминлаши керак.

  1. Давлат хизматчилари касбий фаолияти давомида ўзларига маълум бўлган ахборотнинг сақланишини ва махфийлигини таъминлаш юзасидан барча чораларни кўришлари шарт, уларнинг ошкор этилганлиги учун улар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
  2. Раҳбар ўзига бўйсунувчи ходимларга нисбатан юқори профессионализм, софлик ва адолатда ўрнак бўлиши, давлат органида ёхуд унинг таркибий ёки ҳудудий бўлинмасида маънавий-психологик муҳит шаклланишига кўмаклашиши лозим, у бўйсунувчи ходимлардан уларнинг хизмат вазифалари доирасидан чиқиб кетадиган топшириқларни бажаришини талаб қилмаслиги, шунингдек қонунга хилоф хатти-ҳаракатларни содир этишга ундамаслиги керак.

Раҳбар кадрларни қариндошлик, ҳамшаҳарлик ёки шахсий садоқат белгилари бўйича танлаш ва жой-жойига қўйиш ҳолатларига йўл қўймаслиги керак. У гуруҳбозлик, маҳаллийчилик, фаворитизм кўринишларининг, шунингдек ўз хизмат вазифаларини бажариш жараёнида бошқа салбий омилларнинг қатъий равишда олдини олиши лозим.

Раҳбар:

манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уларни тартибга солиш юзасидан ўз вақтида чора-тадбирлар кўриши;

коррупциянинг олдини олиш чораларини кўриши;

ходимларни самарали бошқариши, ўзига ишониб топширилган мулкка ва молиявий маблағларга эҳтиёткорлик ва тежамкорлик билан муносабатда бўлиши шарт. Раҳбар ўзига бўйсунувчи, хизматдаги хулқ-атвори принциплари ва қоидаларини бузаётган ходимларнинг хатти-ҳаракатларига (ҳаракатсизлигига) йўл қўйилмаслиги чораларини кўрмаганлиги учун жавоб беради.

  1. Давлат хизматчилари ўзларининг хизматдаги хулқ-атвори билан жамоада бошқа давлат хизматчилари билан ўзаро ишчанлик ва амалий ҳамкорлик қарор топишига даъват этилган.

Давлат хизматчилари хушмуомала, илтифотли, одобли, эътиборли, фуқаролар ва ҳамкасблари билан муносабатда сабр-тоқатли бўлиши, уларни ҳурмат қилиши шарт. Давлат хизматчилари ўзига бўйсунувчиларга ва фуқароларга нисбатан қўполлик қилмаслиги, одамларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмаслиги, уларга асоссиз психологик ва жисмоний таъсир кўрсатиш ҳолатларига йўл қўймаслиги керак.

Хизмат вазифаларини бажариш чоғида иш шароитлари ва хизмат тадбирларининг шаклига боғлиқ ҳолда давлат хизматчиларининг ташқи кўриниши фуқароларнинг давлат органига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишига ёрдам бериши, умумий қабул қилинган иш услубига мувофиқ бўлиши, улар расмийлилиги, вазминлиги ва тартиблилиги билан бошқалардан ажралиб туриши керак.

  1. Давлат хизматчилари хизматдан ташқари вақтда умумий қабул қилинган одоб-ахлоқ нормаларига риоя этишлари, ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслиги керак.

III. Манфаатлар тўқнашуви

  1. Давлат хизматчилари ўз хизмат вазифаларини бажаришда манфаатлар тўқнашувига сабаб бўладиган шахсий манфаатдорлик ҳолатларига йўл қўймасликлари керак.

Манфаатлар тўқнашуви давлат хизматчиларининг шахсий манфаатлари уларнинг ўз хизмат вазифаларини холисона ва беғараз бажаришига таъсир кўрсатадиган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатларда пайдо бўлади.

Давлат хизматчиларининг шахсий манфаатдорлиги уларнинг шахсан ўзи ёки яқин қариндошлари, шунингдек улар яқин ёки ишбилармонлик муносабатларида бўладиган бошқа шахслар учун ҳар қандай наф кўриш ёки афзалликларга эга бўлишни ўз ичига олади.

Манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда давлат хизматчилари ўз раҳбарини дарҳол хабардор қилиши керак.

Манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги тўғрисидаги маълумотни олган раҳбар уни тартибга келтириш бўйича ўз вақтида чоралар кўриши шарт.

  1. Давлат хизматчиларининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланади.

Давлат хизматчилари ўзларининг ўз хизмат вазифаларини зарур даражада бажаришига ёки уларга зарар етказиши мумкин бўлган фаолиятни амалга оширмаслиги, шунингдек лавозимни эгалламаслиги керак.

Давлат хизматчиси ҳар қандай ҳолатларда ҳам ўз хизмат мавқеидан мумкин бўлмаган шахсий фойдани олиши мумкин эмас.

Давлат хизматчилари ўз раҳбарини манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик бўйича чоралар кўриш мақсадида тижорат ташкилотларининг устав капиталида иштирок этиши тўғрисида хабардор қилиши шарт.

  1. Давлат хизматчиси лавозимга тайинланаётганда ва хизмат вазифаларини бажараётганда ўзининг хизмат вазифаларини зарур даражада бажаришига таъсир кўрсатадиган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорлигининг мавжудлиги ёки мавжуд бўлиши имконияти тўғрисида маълум қилиши шарт.
  2. Одоб-ахлоқ қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик
  3. Давлат хизматчиси томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилиши уни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос бўлиши мумкин.
  4. Давлат хизматчиси томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши аттестациялар ўтказишда, юқори ва бошқа лавозимларга тайинлаш учун кадрлар захирасини шакллантиришда ҳисобга олинади.
  5. Ушбу Одоб-ахлоқ қоидалари нормаларининг бузилишлари махсус таркибий бўлинма ёки Одоб-ахлоқ комиссияси томонидан кўриб чиқилади.

Одоб-ахлоқ комиссияси, махсус таркибий бўлинма мавжуд бўлмаган тақдирда, давлат органи ходимларидан камида 5 кишидан иборат таркибда тузилади. Одоб-ахлоқ комиссиясининг мақсади, вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлиги ва унинг фаолиятини ташкил этишнинг бошқа масалалари давлат органи томонидан тасдиқланган Одоб-ахлоқ комиссияси тўғрисидаги Низомда белгиланади.

Одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилиши ҳолатларини махсус таркибий бўлинма ёки Одоб-ахлоқ комиссияси томонидан кўриб чиқиш натижалари бўйича интизомий ёки бошқача тарздаги қоида бузилишларининг мавжудлиги (мавжуд эмаслиги) тўғрисида хулоса чиқарилади. Айни вақтда давлат органи раҳбарининг кўриб чиқишига қоидалар бузилишини содир этган давлат хизматчисини жавобгарликка тортиш тўғрисида таклиф киритилади. Йўл қўйилган қоида бузилишининг характерини ҳисобга олган ҳолда, Одоб-ахлоқ комиссияси давлат хизматчисига нисбатан Одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилишига йўл қўймаслик тўғрисидаги огоҳлантириш билан чекланиши мумкин.

Давлат хизматчилари ўзлари йўл қўйган қоида бузилиши, қоида бузилишининг кўриб чиқилиши жараёни ҳақида ахборотни олиш ва ўзини ҳимоя қилиш учун далилларни тақдим этиш, шунингдек давлат органининг қарорлари юзасидан белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

2
0

Muallif: G'ayrat Bozorov

Bu qiziq!

mehnat intizom

Меҳнат интизоми. Презентация

Презентацияни  20