So'ngi yangiliklar
Bosh sahifa / Adabiyotlar / Referatlar / Ишсиз шахс ва унинг ҳуқуқий мақоми

Ишсиз шахс ва унинг ҳуқуқий мақоми

Кириш

Асосий қисм

  1. Аҳоли бандлиги ва ишсизликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат ташкилий ва ҳуқуқий тадбирлари
  2. Ишсизлик ва ишсиз шахсларни ҳимоялаш шакллари

III. Ишсизликдан ҳимоялашга доир давлат фаолиятини ва амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш

Хулоса

Фойдаланилган адабиётлар

Кириш

Мустақиллигимиз қўлга киритилганидан буён ўтган сал кам 16 йил давомида амалга ошириб келаётган туб ислоҳотларимиздан кўзланган асосий мақсадлардан бири – жамиятимизда бозор муносабатларини авж олдириш асосида шахс ҳуқуқ ва эркинликларини янада кенгайтириш, бу ҳуқуқ ҳамда эркинликлар кафолатларини кучайтиришдан иборатдир.

Ижтимоий – иқтисодий ислоҳотларимиз эволюцион тарзда, босқичма-босқич мамлакатимиз, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида, фуқароларимиз моддий, маънавий – руҳий аҳволида салмоқли ижобий ўзгаришлар ясар экан, буларнинг барчасида инсон ва унинг манфаатларини таъминлаш устувор вазифалардан бўлиб қолаверади.

Зероки, Республикамиз Президенти И.А. Каримов ўзининг Конституциямиз қабул қилинганлигининг 14 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидлаганларидек: “Биз мамлакатимизда ҳуқуқий давлат, демократик жамият барпо этиш, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини энг олий ва устувор қадрият сифатида қарор топтириш борасида ўтган давр мобайнида қонунчилик соҳасида ва амалий сиёсатимизда қандай натижа ва ютуқларни қўлга киритилган бўлсак, уларнинг барчаси Конституциямизда муҳрлаб қўйилган талаб ва тамойиллар билан узвий боғлиқдир[1]”.

Фуқаролик жамияти ҳамда ҳуқуқий давлат барпо этиш вазифасини тараққиётимизнинг бош йўналиши сифатида илгари сурар эканмиз, унинг асосий кўрсаткичи – фуқароларимиз ҳуқуқ ва эркинликларининг амалда таъминланганлиги, бу ҳуқуқлар қонунда ёки қоғоздагина акс этмасдан ҳар бир инсон тақдирида, унинг эмин-эркин ва фаровон турмуш тарзида, бошқалардан ҳеч бир кам бўлмаган юксак ҳаёт шароитида ўз ифодасини топмоғи лозимлигини чуқур англаб етмоғимиз лозим.

Ўзбекистон Республикаси мустақил миллат, мустақил  давлат сифатида ўз тараққиёт йўлини бошлаган дастлабки кунлардан бошлабоқ умуминсоний қадриятлар, инсон ва унинг ҳуқуқларига оид халқаро қоидалар устувор эканлигини тан олди. Бу ҳол республикамиз томонидан мустақиллигимизнинг илк даврларидаёқ Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқларига тааллуқли энг муҳим халқаро ҳужжатлари – “Инсон ҳуқуқлари умумжахон Декларацияси”, “Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлари тўғрисида”ги Халқаро Пакт, “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида”ги Халқаро Пакт, “Аёллар, болалар ҳуқуқлари”га оид конвенцияларни ратификация қилинишида[2], ушбу оламшумул халқаро стандартларнинг асосий принциплари ҳамда нормалари Ўзбекистон Республикасининг миллий қонунчилигига, энг аввало, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига имплементация(халқаро нормаларнинг миллий қонунчиликда акс этиши) қилинди ҳамда муваффақият билан қўлланиб келинмоқда.

Бугунги кунда шахс ва давлат муносабатларида шахс ҳуқуқларининг устунлиги эътироф этилиб, ижтимоий ҳимоя давлатимиз сиёсатида етакчи ўрин тутиши таъкидланар экан, инсон ҳақ-ҳуқуқларини янада кенгайтириш, бу ҳуқуқлар рўёбга чиқарилиши учун қулай иқтисодий ҳамда ҳуқуқий шароит, кенг макон яратилиши, инсон ҳуқуқлари кафолатларининг кучайтирилиши ва бу кафолатлар натижасини таъминловчи зарур механизмлар яратилиши, уларни зудлик билан ишга туширилиши билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш, улар ечимини ахтариб топиш – давлат ва жамият учун ҳам, унинг ҳар бир аъзоси учун ҳам ҳаётий аҳамият касб этувчи долзарб вазифага айланмоқда. Ушбу, мамлакатимиз ҳаёти ва тараққиёти учун глобал аҳамиятга эга бўлган вазифани ҳал этишнинг энг мақбул йўлларидан бири бўлиб, бу соҳадаги илмий тадқиқотларни авж олдириш, шахснинг бозор муносабатларига ўтиш давридаги ҳуқуқий статусини янада мустаҳкамлаш йўлларини ахтариб топишдан иборатдир.

Халқаро ҳуқуқий тамойилларга, инсон ҳуқуқи борасидаги халқаро стандартларга мувофиқ равишда қабул қилинган Конституциямизда, унинг асосида қабул қилинган бошқа қонунларимизда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликлар қай даражада таъминланмоқда, бу соҳада қандай муаммолар бор, улар қандай ҳал этилиши керак деган саволларга жавоб топилиши лозим. Зероки, камчиликларимизни аниқламасак, уларни бартараф этиш йўлларини топмасак тараққиётга эришиб бўлмайди.

Инсоннинг энг муҳим табиий ҳуқуқларидан бўлган меҳнат қилиш ҳуқуқи ва бу ҳуқуқни амалга оширилиши муаммолари – жамиятимиз бугунги ва келажакдаги қиёфасини белгиловчи, мамлакатимиз халқаро обрў-эътиборини таъминлайдиган, инсоннинг бевосита манфаатларига тааллуқлидир. Шу сабабли бу йўналишда илмий тадқиқотлар олиб борилиши бугунги ва эртанги кунимиз учун энг катта амалий аҳамиятга эга бўлган масалалардандир.

Шу нуқтаи назардан ишсизлик ва уни ҳал қилиш меҳнат қилиш ҳуқуқларини амалда таъминлаш ҳисобига бартараф этилиши зарурий қонуниятдир. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатнинг 2006 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2007 йилда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида таъкидлаганларидек: “2006 йилда аҳоли бандлигини ошириш, халқимиз турмуш даражасини босқичма-босқич юксалтириш йўлида сезиларли қадамлар қўйилди. Ўтган йили иқтисодиётимизда амалга оширилган таркибий ўзгариш ва ўсиш суръатлари, кичик бизнес ва тадбиркорликни рағбатлантириш, хизмат кўрсатиш соҳасини жадал ривожлантириш, одамларимизги касаначиликни турли шакллари билан шуғулланишлари учун шарт-шароит яратиб бериш, муҳтож оилаларни чорва моллари билан таъминлаш борасида қилинган кўпгина ишлар туфайли мамлакатимизда қарийб 570 мингта иш ўрни яратилди. Йилнинг ҳар чорагида ўтказиладиган ижтимоий ҳисоботлар натижаларига кўра, ўтган йили аҳоли бандлиги 2,7 фоиз, шу жумлада, саноатда 9 фоиз ўсган, қишллоқ хўжалигида банд бўлганларнинг сони эса 4 фоизга камайган. Аммо бу йўналишда амалга оширилган ишларга қарамасдан, бугунги кунда мамлакатимизда вақтинчалик ишларда банд бўлганлар сони салкам 300 минг нафарни ташкил этаётганига, 560 мингдан зиёд киши ёки меҳнатга лаёқатли аҳолининг қарийб 5 фоизи ишга жойлашишга муҳтож эканига эътибор қаратишимиз зарур[3]”.

Аҳоли бандлиги ва ишсизликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат ташкилий ва ҳуқуқий тадбирлари

Аҳолини иш билан таъминлаш ва бандлик масалалари давлат ҳамда жамият учун ижтимоий-иқтисодий, сиёсий аҳамиятга эга бўлиб, мамлакатнинг тараққиёт даражаси, барқарорлик, фуқаролар энг муҳим ҳуқуқларининг амалга оширилиши ушбу муаммо амалда қандай ҳал этилганлигига боғлиқдир.

   Ишга жойлаштириш аҳолини иш билан таъминлашга қаратилган ташкилий, иқтисодий ва ҳуқуқий чора-тадбирлар тизимидан иборатдир. Иш билан таъминлашнинг шартлари ҳамда меҳнат қилиш ҳуқуқини амалга оширишнинг кафолатлари амалдаги меҳнат қонунчилиги ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланади[4].

  Иш билан таъминланиш — фуқароларнинг қонун ҳужжатларига зид келмайдиган, ўз шахсий ва ижтимоий эҳтиёжларини қондириш билан боғлиқ бўлган, уларга иш ҳақи(меҳнат даромади) келтирадиган фаолиятдир.

   Маълумки, Ўзбекистон Республикаси меҳнат қонунчилигида фуқароларни ишга жойлаштириш масалалари муҳим ўринни эгаллайди. Ишга жойлаштириш билан боғлиқ муносабатлар Меҳнат кодексининг 5-боби, Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида” (янги таҳрирда) 1998 йил 1 майдаги қонуни1 ва бир қатор бошқа норматив ҳужжатлар билан тартибга солинади. Бу ҳужжатлар орасида юқорида зикр этилган қонун аҳамияти жиҳатидан муҳим ҳужжат бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 20 август қонун билан унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган2 .

    Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги қонунчилик мазкур қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги муносабатлар Қорақалпоғистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солиб борилади. Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида мазкур қонунлардагидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

    Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаб келаётган чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга тадбиқ этилади.

  Унумли ва ижодий меҳнат қилишга бўлган ўз қобилиятларини тасарруф этиш ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган ҳар қандай фаолият, шу жумладан ҳақ тўланадиган ишни бажаришга алоқаси бўлмаган фаолият билан шуғулланиш мутлоқ ҳуқуқи фуқароларга тегишлидир.

    Мажбурий меҳнат, яъни бирон-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали иш бажаришга мажбурлаш, шу жумладан меҳнат интизомини сақлаш воситаси тариқасида мажбурий меҳнатга йўл қўйилмайди. қонунда белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

    Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 8-моддасида таъкидланишича, қуйидаги ишлар:

-ҳарбий ёки мутлоқ хизмат тўғрисидаги қонунлар асосида;

-фавқулодда ҳолат юз берган шароитларда;

-суднинг қонуний кучга кирган ҳукмига биноан;

-қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда бажарилиши лозим бўлган ишлар мажбурий меҳнат деб ҳисобланмайди.

    Кишиларнинг ихтиёрий равишда иш билан банд бўлмаслиги уларни жавобгарлиика тортиш учун асос бўлмайди.

    Мазкур қонуннинг 2-моддасига мувофиқ қуйидагилар иш билан таъминланган деб ҳисобланади:

— ёлланиб ишлаётган, шу жумладан ишни тўлиқсиз иш вақтида ҳақ эвазига бажараётган, шунингдек ҳақ тўланадиган бошқа ишга, шу жумладан, вақтинчалик ишга эга бўлган фуқаролар;

— бетоблиги, меҳнат таътилида, касбга қайта тайёрлашда, малака оширишда эканлиги, ишлаб чиқаришнинг тўхтатиб қўйилганлиги муносабати билан, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ вақтинча иш жойида бўлмаганда ходимнинг иш жойи сақланиб турадиган бошқа ҳолларда вақтинча иш жойида бўлмаган фуқаролар;

— ўзини иш билан мустақил таъминлаётган фуқаролар, шу жумладан юридик шахс ташкил қилмаган ҳолда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган фуқаролар, кооперативларнинг аъзолари, фермерлар ва уларнинг ишлаб чиқаришда қатнашаётган оила аъзолари;

— Қуролли Кучларда, Миллий хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ва қўшинларида хизматни ўтаётган, шунингдек муқобил хизматни ўтаётган фуқаролар;

— таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таълим олаётган фуқаролар;

— қонун ҳужжатларига мувофиқ, фаолият олиб бораётган жамоат бирлашмалари ва диний муассасаларда ишлаётган фуқаролар.

  Юқоридагилардан ташқари Меҳнат кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сонли қарорига кўра давлат  ёки жамоат вазифаларини бажаришга жалб этилган ходимлар(сайлов ҳуқуқлари, одил судловни амалга оширилиши, депутатлик вазифасини бажариш, ҳарбий  бурчни бажариш ва ҳ.к.); иш берувчи ва меҳнат жамоаси манфаатларига доир ишларни бажаришга (малака ошириш, хизмат сафари, тиббий кўрик, меҳнат жамоаси ёки касаба уюшмаси анжуманларида қатнашиш ва бошқалар) жалб этилган; жамият манфаатларига доир ишларга жалб этилган (табиий офатлар, инсон ҳаётини сақлаб қолиш ва бошқалар) ҳолларда ҳам улар банд аҳоли деб ҳисобаланадилар.

   Ёши, ногиронлиги ёки бошқа сабаблар билан пенсияда бўлган, давлат таъминотига олинган шахслар, муддатли ҳарбий хизмат ёки муқобил хизматни ўтаётганлар, суд томонидан тайинланган жиноий жазони ўтаётган маҳкумлар ҳам банд аҳоли таркибига киритилади.

   Ўзбекистон Республикаси бандлик ва аҳолини иш билан таъминлаш юзасидан мақсадли, изчил сиёсат юритади ҳамда унинг асосий мақсади – фуқароларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқарилишига кўмаклашиш, меҳнат ресурсларидан унумли ва самарали фойдаланиш, демографик аҳволни ҳисобга олган ҳолда зарур иш билан таъминлаш чора-тадбирларини амалга ошириш саналади.

    Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддасига биноан, фуқароларнинг ишга жойлашиш ҳуқуқи таъминланади. Бунга кўра, ҳар ким иш берувчига бевосита мурожаат қилиш ёки меҳнат органларининг бепул воситачилиги орқали иш жойини эркин танлаш ҳуқуқига эга. Иш қидираётган ва меҳнат органларига мурожаат қилган фуқаролар иш турини, иш жойини ва меҳнат режимини эркин танлаш мақсадида касбга доир бепул маслаҳатлар олиш ҳамда тегишли ахборот олиш ҳуқуқига эга. Меҳнат бўлимларининг маслаҳатларига мухтож бўлган фуқаролар уларнинг яшаш жойлари қаерда бўлишидан қатъий назар, исталган меҳнат бўлимига мурожаат қилишлари мумкин. Уларни рўйхатга олишда ёши ва бошқа жиҳатлари бўйича чеклашлар белгиланмайди. Айни вақтда фуқаролар маҳаллий меҳнат органларининг йўлланмалари асосида касбга тайёрлаш, қайта тайёргарликдан ўтиш, малакасини ошириш ҳуқуқига ҳам эгадирлар. Мазкур қонунда илк бор Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг мамлакат ташқарисидаги ҳамда чет эл фуқароларининг Ўзбекистон Республикасида меҳнат соҳасида фаолият кўрсатиш тартиби жорий қилинди. Бунга кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари республика ҳудудидан ташқарида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш, мустақил иш қидириш ва ишга жойлашиш ҳуқуқига эгадирлар.

    Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг мамлакат ташқарисидаги ҳамда чет эл фуқароларининг Ўзбекистон Республикасидаги меҳнат фаолияти тегишли қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 19 октябрдаги 408-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида хорижий ишчи кучларини жалб қилиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги Низом1 мавжуддир.

    Ўзбекистон Республикаси фуқаролари амалдаги қонунчиликка мувофиқ идоралараро шартномалар, ишга жойлаштириш тўғрисидаги битимлар, шунингдек хусусий меҳнат контрактлари асосида ўз касб фаолиятини амалга ошириш мақсадида чет элга фақат ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги кўмагида чиқиш ҳуқуқига эгадирлар.Юқорида эслатилган мазкур қарор билан Ўзбекистон Республикасида хорижий кучларини жалб қилиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланган. Мазкур низомга мувофиқ руҳсанома бериш Ташқи Меҳнат Миграцияси масалалари агентлиги томонидан амалга оширилади.1

    Ушбу Низомга мувофиқ, хорижий шахсларга Ўзбекистон Республикасида иш соҳасида фаолият кўрсатиш учун мазкур Агентлик томонидан руҳсат берилади.

    Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқароларига чет элда меҳнат қилиш учун рухсат бериш масалалари билан шуғулланади.

    Таъкидлаш жоизки, фуқароларни иш билан таъминланиш ҳуқуқларидан яна бири уларнинг маҳаллий меҳнат органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан шикоят қилиш ҳуқуқидир. Бундай ҳуқуқ фуқаролар томонидан меҳнат органлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари устидан (масалан, фуқарони иш қидирувчи шахс сифатида рўйхатга олиш ёки ишсиз деб эътироф этиш рад этилганда, фуқаро ишсизлик нафақаси миқдоридан норози блганда ва ҳ.к.) бўйсиниш бўйича юқори органга ёки мансабдор шахсга ёхуд бевосита судга шикоят қилиш орқали амалга оширилади. Улар шу масала бўйича исталган вақтда шикоят қилишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси бандлик ва аҳолини иш билан таъминлаш юзасидан мақсадли, изчил сиёсат юритади ҳамда унинг асосий мақсади – фуқароларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқарилишига кўмаклашиш, меҳнат ресурсларидан унумли ва самарали фойдаланиш, демографик аҳволни ҳисобга олган ҳолда зарур иш билан таъминлаш чора-тадбирларини амалга ошириш саналади.

   Маълумки, аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсати принциплари, аввало, 1948 йил 10 декабрда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси (23-моддаси) принциплари, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қоидаларига, шунингдек Халқаро Меҳнат Ташкилотининг ҳуқуқий нормаларига асосланади. Бу борада ХМТ томонидан 1964 йилда қабул қилинган “Иш билан таъминлаш соҳасидаги сиёсат тўғрисида” 122-Конвенция муҳим аҳамиятга эгадир. Шу ўринда Бирлашган Миллатлар Ташкилотнинг Бош Ассамблеясияда 1966 йил 16 декабрда қабул қилинган “Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар” тўғрисидаги Пактнинг айрим қоидаларини эслатиш жоиздир. Мазкур Пактда меҳнат қилиш ва машғулотларни эркин танлаб олиш ҳуқуқи, адолатли иш ҳақи олиш, касаба уюшмалари тузиш ва уларга кириш ҳуқуқи, ижтимоий таъминот, етарли турмуш даражаси ҳуқуқи, очликдан ҳоли бўлиш, сиҳат-саломат бўлиш ва билим олиш ҳуқуқи тан олинган1.

    Аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принциплари юқорида баён этилган ва халқаро миқёсда тан олинган қоидалар асосига қурилган бўлиб, бу соҳадаги давлат сиёсати қуйидаги принципларга асосланади:

-меҳнат қилиш ва ишни эркин танлаш ҳуқуқини амалга оширишда барча фуқароларга жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ҳолати ва мансаб мавқеи, динга муносабати, эътиқоди, жамоат бирлашмаларига мансублигидан, шунингдек ходимларнинг ишчанлик жиҳатларига ҳамда улар меҳнатининг натижаларига боғлиқ бўлмаган бошқа ҳолатлардан қатъий назар, кенг имкониятларни таъминлаш;

-кишиларни меҳнат ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, уларга меҳнат қилиш ва ҳаёт кечиришда муносиб шароитларни таъминлайдиган унумли ва ижодий меҳнат қобилиятини ривожлантиришга кўмаклашиш;

-меҳнат қилишнинг ихтиёрийлиги;

-иш билан таъминлаш соҳасида ижтимоий кафолатлар бериш ва аҳолини ишсизликдан ҳимоя қилишни таъминлаш;

-ижтмоий ҳимояга ўта муҳтож ва иш топишд қийланаётган фуқаролар учун мавжуд иш жойларини сақлаб қолаётган ва янги иш жойларини яратаётган иш берувчиларни рағбатлантириш;

-иш билан таъминлаш соҳасидаги тадбирларни иқтисодий ва ижтимоий сиёсатнинг бошқа йўналишлари билан мувофиқлаштириш;

-аҳолини иш билан таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва уларнинг бажарилишини назорат қилишда давлат органлари, касаба уюшмалари, ходимларнинг вакиллик органлари ва иш берувчиларнинг ўзаро ҳамкорлиги;

-аҳолини иш билан таъминлаш муаммоларини ҳал қилишда давлатлараро ҳамкорлик (Мазкур қонуннинг 5-моддаси).

    Зотан, шу принципларга мувофиқ, фуқароларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқи кафолатлари қонунчиликда ўз ифодасини топгандир ва ниҳоят, давлат:

— иш билан таъминлаш турини, шу жумладан турли меҳнат режимидаги ишни танлаш эркинлиги;

— мақбул келадиган иш танлаш ва ишга жойлашишга бепул ёрдам бериш;

— ҳар кимга касб ва ишга эга бўлишда, меҳнат қилиш ва иш билан таъминланиш шарт-шароитларида, меҳнатга ҳақ тўлашда, хизмат поғонасидан юқорилаб боришда кенг имкониятлар яратиш ва бошқалар кафолатланади.

Ишсизлик ва ишсиз шахсларни ҳимоялаш шакллари

   Фуқароларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқлари кафолатларидан бири – улар ишлашга муҳтож бўлиб қолганлари тақдирда реал ёрдам бериш, иш билан таъминланишларига амалда кўмаклашишдир. Ушбу кафолатни таъминлашга қаратилган аниқ чора-тадбирлар Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 1 май “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуни ҳамда унинг асосида қабул қилинган бошқа қонуности норматив ҳужжатларида белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасига кўра: “ўн олти ёшдан бошлаб то пенсия билан таъминланиш ҳуқуқини олишгача бўлган ёшдаги, ишга ва иш ҳақига (меҳнат даромадига) эга бўлмаган, иш қидирувчи шахс сифатида маҳаллий меҳнат органида рўйхатга олинган, меҳнат қилишга, касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлашдан ўтишга, малакасини оширишга тайёр меҳнатга қобилиятли шахслар ишсиз деб эътироф этилади”.

Шахсни ишсиз деб эътироф этишдан аввал ишсиз деб топилишга муҳтож бўлган “банд бўлмаган аҳоли” ҳамда ана шундай эҳтиёжи бўлмаган “банд аҳоли” тушунчалари мазмун-моҳияти яхши англаб олинмоғи, ишга жойлаштиришга муҳтож бўлган шахслар доираси аниқ белгиланиши лозим.

Юқорида қайд қилиб ўтилганидек, “иш билан банд бўлган аҳоли” атамасидаги айрим ноаниқликлар ҳамда кенгайтириб талқин этилиши мумкин бўлган ҳолатлар мавжудлиги туфайли расмий ишсизлик ва норасмий(яширин) ишсизлик кўрсаткичлари ўртасида муайян тафовутлар юзага келмоқда. Ана шундай тафовутни бартараф этишнинг энг маъқул йўли аввало “истеъмол дастурхони”, “тумуш кечиришнинг энг кам кўрсаткичи” тушунчаларини ҳамда улар билан боғлиқ аниқ иқтисодий кўрсаткичларни ишлаб чиқилиши, ишсиз шахс деганда ушбу кўрсаткичлардан паст даромадга эга бўлган шахслар эътиборга олиниши керак.

Шунингдек, бозор муносабатлари шароитида унинг талабларига жавоб бера олмай банкорт бўлиб қолган, юридик жиҳатдан мавжуд бўлсада, аммо амалда хўжалик фаолияти юритмаётган, ўз ходимларини иш ҳақи билан барқарор таъминлай олмаётган корхоналар билан меҳнат шартномаси тузган ходимлар манфаатлари ҳимоя этилиши, иш билан банд бўлган аҳоли таркибидан бундай шахслар чиқарилиши лозим.

  Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонунида вақтинча ишга эга бўлган фуқаролар банд аҳоли таркибига киришлари кўрсатилган. Бироқ бир марталик ишга эга эканлигини асос қилиб иш топишга муҳтож шахслар жумласига киритилмаслиги адолатсизлик бўлиб, унинг ҳуқуқлари камситилишига сабаб бўлиши мумкин ва шу сабабли “вақтинчалик иш”, “вақтинчалик ишга эга бўлмаган шахслар” тушунчалари аниқ муддатлари чегаралари кўрсатилгани ҳолда ҳуқуқий жиҳатдан таърифланиши лозим.

  Ҳақ тўланадиган бошқа иш билан таъминланган фуқаролар деганда, фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар асосида ишлаётган фуқаролар тушунилади. Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномаларга қуйидагилар киради:

—      пудрат шартномаси;

—      топшириқ шартномаси;

—      муаллифлик шартномаси;

—      меҳнат топшириғи шартномаси[5].

   Банд бўлган аҳоли таркибига кирмайдиган фуқароларга ишсизлик  мақоми берилиш тартиблари ҳамда шу орқали уларга ижтимоий–иқтисодий кафолатларни таъминланиши масалалари қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилгандир.

      Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасига кўра шахсларни ишсиз деб эътироф этиш тўғрисидаги қарор маҳаллий меҳнат органи томонидан улар иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган кундан эътиборан ўн биринчи кундан кечиктирмай қабул қилинади. Фуқароларни иш ахтарувчи шахс сифатида рўйхатга олиш тартиби Адлия вазирлигида 1999 йил 13 октябрда 131-сон билан давлат рўйхатига олинган “Меҳнат органларида фуқароларни рўйхатга олиш, уларни ишга жойлаштириш, ишсизлик нафақасини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомда белгилаб қўйилган. Мазкур Низомнинг 17-бандига кўра “иш қидирувчи шахслар сифатида яшаш жойи бўйича бевосита меҳнат органларига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳудудларига бириктирилган туман(шаҳар) меҳнат бўлими ходимларига иш қидириб мурожаат қилган меҳнат қилишга, касбий тайёргарлик ва малакасини оширишдан ўтишга тайёр бўлган 16 ёшга тўлган фуқаролар, шу жумладан:

А) ишга ва иш ҳақига эга бўлмаган фуқаролар;

Б) Меҳнат кодексининг  98- ва 100-моддаларида кўрсатилган асослар бўйича меҳнат шартномаси  бекор қилинган шахслар(бекор қилиниши ҳақида огоҳлантирилган ходимлар ҳам);

В) тиббий меҳнат экспертиза комиссияси хулосасига кўра ишни давом эттириш мумкин бўлган ногирон фуқаролар;

Г) ёшидан қатъий назар меҳнат фаолиятни қайтадан бошлашни истайдиган пенсионерлар;

Д) ш жойини, касбини ўзгартириш истагида бўлган меҳнатга лаёқатли шахслар;

Е) ишга жойлаштирилишга муҳтож бўлган фуқароларнинг бошқа тоифалари.

  Иш қидирувчи фуқаро меҳнат бўлимига шахсан қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари лозим бўлади:

1) паспорт ёки унинг ўрнини босадиган шахсини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат;

2) меҳнат стажини тасдиқлайдиган меҳнат дафтарчаси ёки бошқа ҳужжат(илгари ишламаганлар бундан мустасно);

3) маълумоти тўғрисидаги ҳужжатнинг асл нусхаси ёки нотариал тасдиқланган нусхаси;

4) касби ёки касбий малакасини тасдиқловчи ҳужжатларнинг асли ёки нусхаси;

5) иш ҳақи тўғрисида маълумотнома(охирги ишлаган 12 ойлик даври учун);

6) ногиронлар юқоридагилардан ташқари тавсия этилган иш характери ва шароитлари кўрсатилган ТМЭК хулосасини ҳам кўрсатишлари лозим бўлади.

Булардан ташқари, соғлиғи бўйича меҳнат фаолияти чекланган шахслар тиббий муассасаларнинг хулосаларини, суд ҳукми билан тайин этилган жазо чораларини жазони ўташ жойларида  ўтаб чиққан шахслар озод этилганлик тўғрисидаги маълумотномани, иш қидирувчи қарамоғида меҳнатга яроқсиз шахслар бўлса – улар ҳақидаги маълумотномани, меҳнат бўлими ходими заруратга кўра бошқа ҳужжатларни ҳам талаб қилиб олиши мумкин.

  Меҳнат бўлимига иш қидириб мурожаат қилган ҳар бир фуқарога “Иш қидираётган фуқарони шахсий ҳисобга олиш варақаси” очилади.

    Иш қидирувчи шахснинг меҳнат дафтарчаси унинг ўзида сақланади ва меҳнат бўлими ходимининг талаби билан унга берилиши лозим.

  Иш қидирувчи шахс сифатида рўйхатга олинган фуқарога у рўйхатга олинган кундан бошлаб ўн кун ичида мақбул келадиган иш таклиф қилиниши лозим бўлади.

Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддасига биноан биринчи марта иш қидираётган, касби (мутахассислиги) бўлмаган шахслар учун дастлабки касб тайёргарлигини талаб қилмайдиган иш, бундай ишни топиб бериш имконияти бўлмаган тақдирда эса, уларнинг ёши ва бошқа хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ҳақ тўланадиган бошқа иш, шу жумладан вақтинчалик иш мақбул келадиган иш деб ҳисобланади.

Ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган шахслар учун эса уларнинг касб тайёргарлигига мос бўлган, ёшини, соғлиғи ҳолатини, меҳнат стажини ва аввалги мутахассислиги бўйича тажрибасини, янги иш жойининг транспортда қатнаш жиҳатидан қулайлигини инобатга олувчи иш мақбул келадиган иш деб ҳисобланади.

Шунингдек, ишсизликнинг дастлабки даври тугаганидан сўнг касбига (мутахассислигига) мос иш топиб бериш мумкин бўлмаган тақдирда, унинг қобилиятини, кучини, олдинги тажрибасини ва унга қулай бўлган ўқитиш воситаларини инобатга олган ҳолда касбини (мутахассислигини) ўзгартиришни талаб қиладиган иш мақбул келадиган иш деб ҳисобланиши мумкин.

Юқоридаги модданинг иккинчи қисмида қуйидаги ҳолларда иш мақбул келадиган иш деб ҳисобланиши мумкин эмаслиги баён қилинган, агар у:

—      иш яшаш жойини ўзгартириш билан боғлиқ бўлса;

—    таклиф этилган иш доимий яшаш жойидан анча узоқ бўлса ва транспортда қатнаш жиҳатидан қулай бўлмаса. Иш жойининг транспортда қатнаш жиҳатидан қулайлигини (йўл қўйилиши мумкин бўлган узоқликни) мазкур жойда жамоат транспорти тармоғининг ривожланганлигини ҳисобга олган ҳолда маҳаллий давлат ҳокимияти органи аниқлайди;

—    таклиф этилган ишда иш ҳақи шу мутахассислик ва малака учун белгиланган тартибда аниқланадиган энг кам миқдордан оз бўлса;

—      ишни рад этиш узрли сабаблар билан асосланган бўлса.

Шахсларни ишсиз деб эътироф этиш тўғрисидаги қарор маҳаллий меҳнат органи томонидан улар иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган кундан эътиборан ўн биринчи кундан кечиктирмай қабул қилинади.

  Қуйидагилар ишсиз деб эътироф этилмайди:

— меҳнат органларида рўйхатга олинган кундан бошлаб ўн кун ичида таклиф этилган мақбул келадиган ишни икки марта рад этган шахслар;

— рўйхатга олинган кундан бошлаб ўн кун ичида мақбул келадиган ишни қидириш мақсадида узрсиз сабабларга кўра меҳнат органига келмаган шахслар.

Таклиф этилган ишдан бош тортган кундан ёки мақбул келадиган ишни қидириш мақсадида узрсиз сабабларга кўра меҳнат органига келмаган кундан бошлаб ўттиз календарь кун ўтганидан кейингина шахс иш қидираётган сифатида қайта рўйхатдан ўтишга ҳақли бўлади.

   Иш қидираётган шахсни ишсиз деб эътироф этиш тўғрисидаги қарор меҳнат бўлими комиссияси мазкур шахсни ишсиз деб эътироф этиш тўғрисидаги маслани кўриб чиқиб, мазкур комиссия томонидан тегишли хулоса чиқарилганидан кейин меҳнат бўлими бошлиғи томонидан қабул қилинади.

  Меҳнат бўлими комиссияси беш кишидан(ходимлари сони 10 кишидан кам бўлган меҳнат бўлимларида – 3 кишидан) иборат бўлади. Комиссия ишига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи раҳбари, солиқ инспекцияси, ҳуқуқни муҳофза қилиш органлари ходимлари жалб этилиши мумкин.

  Иш қидираётган шахсни ишсиз деб эътироф этиш тўғрисидаги қарор меҳнат бўлимининг буйруғи билан расмийлаштирилади ва бу ҳақда иш қидираётган шахс беш кун ичида ёзма хабардор қилинади. Иш қидирувчи шахс ишсиз деб эътироф этилганда, бу ҳақда унинг меҳнат дафтарчасига ёзув киритилмайди.

Ишсиз шахс сифатида рўйхатга олинган ва расмий жиҳатдан ишсиз мақоми берилган шахслар қонун ҳужатлари билан кафолатлаб қўйилган бир қатор ҳуқуқлардан фойдаланадилар.

Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуннинг 24-моддасига асосан давлат ишсиз шахсларга қуйидагиларни кафолатлайди:

—      ишсизлик нафақаси тўлаш;

—     меҳнат органларининг йўлланмаси бўйича касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ёки малака ошириш даврида стипендия тўланиши ҳамда шу даврни умумий меҳнат стажига қўшиш;

—      ишсиз шахсга қарамоғидагиларини ҳисобга олган ҳолда моддий ёрдам бериш;

—    ҳақ тўланадиган жамоат ишларида қатнашиш имконияти; меҳнат органларининг таклифига биноан ишлаш учун ихтиёрий равишда бошқа ерга кўчиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш.

Ишсизлик нафақасини тўлаш. “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуннинг 12-моддасида “белгиланган тартибда ишсиз деб эътироф этилган шахслар ишсизлик нафақаси олиш ҳуқуқига эга” деб кўрсатилган. Ишсизлик нафақаси миқдори бир қатор омилларга боғилқ бўлиб, бунда ишсиз деб эътироф этилган фуқаролар аввал ишлаганлиги ёки биринчи марта иш сўраб мурожаат қилаётганлиги каби ҳолатлар эътиборга олинади. “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуннинг 28-моддасида кўрсатилишича, ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган шахслар учун ишсизлик нафақаси олдинги иш жойидаги охирги бир йилги ўртача иш ҳақига фоиз нисбатида белгиланади. Бошқа ҳолларда ишсизлик нафақаси қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақи миқдорига фоиз нисбатида белгиланади.

Қарамоғида ўн олти ёшга тўлмаган болалари ва бошқа кишилар бўлган ишсиз шахсларга нафақа миқдори ўн фоизга оширилади.

Иш ҳақига коэффициентлар белгиланган жойларда яшовчи шахсларга тайинланадиган ишсизлик нафақаси миқдорлари уларнинг шу жойларда яшаган даври учун мазкур жойда ноишлаб чиқариш тармоқларининг ходимларига белгиланган коэффициентни қўллаган ҳолда аниқланади. Ишсизлик нафақаси миқдорини ҳисоблаб чиқишда район коэффициентларини қўллаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан белгиланади.

Мазкур модданинг иккинчи қисмида баён этилишдаги конструктив нуқсон киши эътиборини жалб қилади. Унда нафақа миқдори оширилиши асоси сифатида ишсиз шахс қарамоғида 16 ёшга етмаган шахслар ва бошқа шахслар мавжудлиги кўрсатилган. Аммо бу ерда ҳар қандай бошқа шахсларнинг бирлиги эмас, балки ногиронлиги, кексалиги ёки бошқа сабабларга кўра меҳнатга яроқсиз бўлган, ишсиз шахс қарамоғидаги шахслар назарда тутилмоқда ва бизнинг назаримизда Қонуннинг 28-моддаси, 2-қисми ўзгартирилиши ҳамда янги таҳририда баён этилиши лозим.

Ишдан ва иш ҳақидан маҳрум бўлган тақдирда, ишсизлик нафақасини олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга олдинги иш жойидаги ўртача иш ҳақининг эллик фоизи миқдорида, аммо қонун ҳужжатларида белигланган энг кам ойлик иш ҳақидан оз бўлмаган ва нафақани ҳисоблаш чиқиш пайтида Ўзбекистон Республикасида таркиб топган ўртача иш ҳақидан ортиқ бўлмаган миқдорда ишсизлик нафақаси тўлаш кафолатланади.

А.Акбаров ва А.Турдиевларнинг фикрича ҳарбий хизматдан бўшатилганидан сўнг ишсиз деб эътироф этилган шахслар икки тоифалага бўлинади. Уларнинг қайд этишларича: “биринчи тоифа – ҳарбий хизматдан бўшатилиши муносабати билан иш ҳақидан маҳрум бўлганлар. Булар қаторига қуйидагилар киради:

— битимга биноан аскар, денгизчи, сержант ва старшина лавозимида хизмат қилганлар;

— битимга биноан прапоршик, мичман, аскар, сержант лавозимида ҳарбий хизматни ўтаган хотин-қизлар;

— Ўзбекистон Республикаси Мудофаа, ички ишлар вазирлиги, миллий хавфсизлик хизмати, божхона, солиқ ва бошқа ҳарбийлаштирилган ўқув юртлари тингловчилари;

— офицер лавозимида хизмат қилганлар”.

Иккинчи тоифани муддатли ҳарбий хизматни ўтагандан кейин заҳираг бўшатилган шахслар ташкил этади[6].

Илгари ишламаган, биринчи марта иш қидираётган ва ишсизлик нафақаси олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга маҳаллий меҳнат органи томонидан касбга тайёрлаш ёки ишга жойлашиш имконияти берилмаган тақдирда, уларга қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақининг камида 75 фоизи миқдорида нафақа тўлаш кафолатланади.

Бунда бизнинг фикримизча, муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилгандан кейин ёки биринчи марта иш ахтарувчи шахс сифатида ишсиз деб топилган фуқароларга тайинланиши назарда тутилган ишсизлик нафақасининг миқдори жуда ҳам камлиги кўрсатилиши лозим. Ушбу тоифадаги фуқароларга тайинланиши кўзда тутилган ишсизлик нафақаси миқдорининг жуда ҳам паст эканлиги(бугунги кунда 12420 ёки 8800 сўмни ташкил қилади) уларни меҳнат  бўлимларига ишга жойлашишда ёрдам беришликни сўраб мурожаат қилишга рағбатлантирмайди ва аксинча турли ғайриқонуний вақтинчалик ишларни бажаришга ундайди ҳамда бу билан норасмий(ҳисобга олинмаган) ишсизликни кўпайишига, бу орқали эса жамиятда ижтимоий кескинликни кучайишига имкон беради. Шу сабабли биз мамлакатимизда турмуш кечиришнинг энг кам кўрсаткичлари ва истеъмол дастурхони таркиби ва миқдори ишлаб чиқилиши, ишсизлик нафақаси миқдорини белгилаш пайтида ушбу кўрсаткичларга таяниш лозимлиги энг долзарб вазифалардан деб ҳисоблаймиз. Ушбу қоидалар, шунингдек узоқ танаффусдан сўнг (бир йилдан ортиқ) меҳнат фаоиятни қайта бошлашга ҳаракат қилаётган ишсиз шахсларга ишсизлик нафақаси тайинлаш пайтида ҳам татбиқ этилиши лозим.

Ишсизлик нафақаси тўлаб турилиши мумкин бўлган энг кўп муддатлар ҳам қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган. Хусусан, Меҳнат кодексининг 65-моддаси, 2-қисмига кўра ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган ёки узоқ (бир йилдан ортиқ) танаффусдан кейин меҳнат фаолиятини қайта бошлашга ҳаракат қилаётган шахсга ўн икки ойлик давр мобайнида йигирма олти календарь ҳафта; илгари ишламаган ва биринчи марта иш қидираётган шахсга эса ўн уч календарь ҳафта мобайнида тўланади.

   Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 66-моддасида ишсизлик нафақси тўланиши бекор қилиниш асослари берилган бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:

—      ишсиз шахс ишга жойлашганда;

—      ишсиз шахс таклиф қилинган мақбул келадиган ишни икки марта рад этган тақдирда;

—      ишсизлик нафақасини олувчи шахс пенсия ёшига етган тақдирда;

—      қарамогида учтагача киши бўлган, ўттиз беш ёшга тўлмаган ишсиз эркак ҳақ тўланадиган жамоат ишларида иштирок этишни рад этган тақдирда;

—      ишсиз шахс қонун ҳужжатларига мувофиқ пенсия таъминоти ҳуқуқини олган тақдирда;

—      ишсиз шахс суднинг ҳукми билан қамоқ ёки озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги жазога ҳукм қилинган бўлса;

—      ишсизлик нафақасини алдов йўли билан олаётган бўлса;

—      ишсиз шахс вафот этган тақдирда.

       Ишсиз шахсларни маҳаллий меҳнат органларидан рўйхатдан чиқариш қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда амалга оширилади. Бундай ҳолатлар жумласига қуйидагилар киради(ишсизлик нафақалари тўлаш тугатилиши асослари билан арлаштириб юбормаслик лозим):

—      иш қидираётган шахс ишга жойлашганда;

—      пенсия, шу жумладан муддатидан олдин пенсияга чиққанда;

—      бошқа жойга доимий яшаш учун кўчиб кетганда;

—      ишсиз шахс мақбул келадиган ишни рўйхатга олинган кундан кейин ўн кун ичида камида икки марта рад қилса;

—      ишсиз шахс ишга юбориш учун йўлланма олиш учун келишдан бош тортса;

—      шахс ноқонуний тарзда ишсиз шахс сифатида рўйхатга олинган бўлса;

—      ишсиз шахс содир этилган жинояти учун ҳукм этилса(озодликдан маҳрум этиш, ахлоқ тузатиш ишлари);

—      ишсиз шахснинг вафоти.

   Ишсиз шахсни меҳнат органидан рўйхатдан чиқариш комиссия хулосаси асосида меҳнат бўлими бошлғи чиқарган буйруғи билан расмийлаштирилади.

  Фуқароларнинг иш қидирувчи шахс сифатида рўйхатга олиш, ишсиз деб эътироф этиш юзасидан меҳнат бўлимлари, уларнинг мансабдор шахслари хатти-ҳаракатлари устидан шикоят қилиш ҳуқуқи берилган. Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуннинг 14-моддасига асосан меҳнат органларининг ҳамда улар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан бўйсуниш бўйича юқори органга ёки мансабдор шахсга ёхуд бевосита судга шикоят қилиш мумкин.

    Меҳнат бўлими йўлланмаси билан касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ёки малака ошириш даврида стипендия тўланиши – ишсиз шахсларга бериладиган кафолатлардан биридир.

   Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддасида ишсиз шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш асослари санаб кўрсатилган.

  Ишсиз шахсларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ўқув юртларида меҳнат бўлимларининг йўлланмалари бўйича Иш билан таъминлашга кўмаклашувчи давлат жамғармаси[7]нинг ана шу мақсадлар учун назарда тутилган маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

  Ишсиз шахсларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш уларнинг малакасини оширишни ташкил қилиш тартиблари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1999 йил 2 июлда 762-сон билан давлат рўйхатига олинган шу ҳақдаги Низомда белгилаб қўйилган.

   Ишсиз шахсларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш шакллари турли-туман бўлиши мумкин (ўқув юртлари, махсус курсларга ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ўқиш учун юбориш, якка тартибда тайёрлаш ва бошқалар).

  Ишсиз шахсларни касбга тайёрлаш  ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш даврида уларга тўланадиган стипендия миқдори ҳар бир ўқувчи учун индивидуал белгиланади ва бунда ишсиз шахслар тоифасига (аввал ишлаган ёки биринчи марта иш ахтараётган) мутаносиб равишда табақаланган ҳолда ёндошишини назарда тутган[8].

  Касбий тайёргарликдан ва қайта тайёргарликдан, малака оширишдан ўтган ишсиз шахслар ўқишни тамомлаганларидан кейин ўзаро тузилган шартномаларга мувофиқ иш билан таъминланадилар.

  Ишсиз шахсларга моддий ёрдам бериш – уларга бериладиган ҳуқуқий кафолатлардан бири сифатида “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуннинг 35-моддасида назарда тутилган ва бундай моддий ёрдамни унинг қарамоғида бўлган меҳнатга яроқсиз оила аъзолари, вояга етмаган болалари сонини ҳисобга олган ҳолда кўрсатилган тартиб-қоидалари ҳамда шартлари Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги томонидан Молия вазирлиги билан келишган ҳолда 1998 йил 30 сентябрда тасдиқланган ва Адлия вазирлигида 1998 йил 23 ноябрда 548-сон билан давлат рўйхатига олинган “Ишсиз фуқароларга Иш билан таъминлашга кўмаклашувчи давлат жамғармаси маблағларидан ажратиладиган моддий ёрдам кўрсатиш тартиби, миқдори ва шартлари тўғрисида”ги Низомда белгиланган. Моддий ёрдам пул шаклида ҳам, шунингдек натурал ёрдам( тарнспортда юриш харажатлари, овқат пули ва бошқалар) тарзида ҳам берилиши мумкин. Бунда моддий ёрдам пул тарзида кўрсатилаётганида унинг миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг икки баробаридан ошмаслиги лозим.

  Ҳақ тўланадиган жамоат ишларида қатнашиш имкониятини яратиб берилиши ишсиз шахслар учун махсус тарзда вақтинчалик ишлар ташкил этиш, шу даврда уларга иш ҳақи тўлаш тарзида амалга ошириладиган кафолатлардан бўлиб ҳисобланади.

  Ишсиз шахслар учун ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил қилиш қоидалари “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида ва шу асосда тайёрланиб, Адлия вазирлиги томонидан 1999 йил 19 июлда 353-сон билан давлат рўйхатига олинган шу ҳақдаги Низом билан белгиланади.

  Ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилган ишсиз шахс бундай ишда қатнашиш-қатнашмаслигидан қатъий назар ўзи ҳал қилади. Жамоат ишларида банд бўлган даврда иш ҳақи тўланади ва унинг миқдори қонуда белгиланганидан кам бўлмаслиги лозим.

   Ишсиз шахсларни белгиланган тартибда меҳнат бўлими таклифига кўра бошқа ерга кўчиш билан боғлиқ харажатларни қоплаб берилиши ҳам ишсизларга бериладиган кафолатлардан бири саналади.

  Ишсиз шахсларга юқоридагилардан ташқари бошқа бир қатор кафолатлар ҳам берилади. Муддатидан аввал ёшга доир пенсия тайинлаш[9], алоҳида асосларга кўра меҳнат шартномаси бекор қилинганда қўшимча моддий кафолатлар бериш[10], фуқароларнинг айрим тоифаларига(ногиронлар, ўсмирлар, болали оналар ва бошқалар) ишга жойлашиш пайтида қўшимча имтиёзлар бериш[11]   кабилар ана шундай кафолатлардан саналади.

Бозор муносабатлар чуқурлашиб боргани сари демократик ҳуқуқий давлат барпо этилиши соҳасида олға силжиш билан фуқароларни ижтимоий ҳимоялаш, уларга ҳуқуқий кафолатлар бериш ҳам тобора кенгайиб боради, чунки улар фуқаролик жамиятининг асосий хусусиятларидан бўлиб саналади.

Ишсизликдан ҳимоялашга доир давлат фаолиятини ва амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш

  Меҳнат қилиш ҳуқуқларни амалга оширилиши билан боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солиш, республикада мустақил давлат меҳнат қонунчилигини шакллантирилиши ва ривожлантирилиши амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотларимиз жараёнида етакчи ўринни эгаллайди.      Аҳолини иш билан таъминлаш ва у билан боғлиқ муаммоларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳал этиш мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки кунлариданоқ давлатимиз раҳбариятнинг, халқимизнинг диққат марказида бўлиб келмоқда, чунки аҳоли таркибида болалар ва ўсмирлар кўплиги демографик вазиятнинг ўзига хос хусусиятидир. Маълумки, болалар ва ўсмирлар давлат томонидан айниқса ҳимояга муҳтождир. Россия ва Белоруссияда 15 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирлар 24 фоизни, Қозоғистонда 33,2 фоизни ташкил қилса, Ўзбекистонда бу кўрсаткич 43,1 фоизни ташкил қилади. Республикада жами аҳолининг ярмидан кўпроғи —  болалар, ўқувчи ёшлар, пенсионерлар, яъни ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслардир.

  Мустақилликнинг дастлабки вақтларида аҳолини иш билан таъминлашга оид собиқ иттифоқ қонунлари ва Ўзбекистон ССР қонунлари қўлланилган бўлса, орадан қисқа вақт ўтгач бу соҳада ўз миллий қонунчилик тизимларимизни барпо этишга киришдик ва бунда халқаро ҳуқуқий нормалар ва стандартлар талабларини, Халқаро Меҳнат Ташкилотининг иш билан таъминлаш ва аҳоли бандлигига оид Конвенциялари ҳамда Тавсиялари қоидаларини имкон қадар ҳисобга олишга ҳаракат қилинди. Ана шундай дастлабки қонунлардан бири 1992 йил 13 январда қабул қилинган “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси  Қонуни ҳисобланади. Мазкур Қонун билан мамлакатимизда аҳолини иш билан таъминлаш қонунчилиги тизимига асос солинди, ишга жойлаштириш органларининг миллий тизимлари юзага келтирила бошланди, фуқароларга ишга жойлашиш соҳасида бериладиган ҳуқуқлар ва кафолатлар даражаси ҳамда доираси аниқ белиглаб қўйилди. Ушбу қонун мамлакатимизда бандлик ва иш билан таъминлаш муаммоларини ҳуқуқий тартибга солинишида ўз вақтида муҳим аҳамиятга эга бўлди.

 Мамлакатимизда миллий ҳуқуқий тизимларни, шу жумладан меҳнат қонунчилиги ҳамда унинг муҳим таркибий қисми бўлган аҳолини иш билан таъминлашга оид қонунчилик тизимини шаклланиши ва ривожлантирилиши жараёни аслида 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши, унда меҳнат қилиш ҳуқуқини, ишга жойлаштириш кафолатларини белгилаб қўйилиши билан боғлиқ бўлди. Чунки Конституциямизнинг қабул қилиниши билан қонунчилигимиз тизими зарур юридик заминга эга бўлди.

   Фуқаролар меҳнат қилиш ҳуқуқларини рўёбга чиқарилиши ва иш билан таъминлаш соҳасидаги қонунчилик тизимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан 1995 йил 21 декабрда қабул қилинган ва 1996 йил 1 апрелдан амалга киритилган Меҳнат кодекси етакчи ўринни эгаллайди. Чунки ишга жойлашиш ҳуқуқи ва унинг кафолатлари, ишсиз деб эътироф этиш ва ишсиз шахсларга бериладиган ижтимоий ҳамда моддий кафолатлар илк бора Меҳнат кодексида баён этилди. Меҳнат кодексида аҳолини ишга жойлашиш ҳуқуқлари, уларни кафолатланиши Ўзбекистон Республикаси Конституцияси талабларига тўла мос равишда мустаҳкамланди.

   Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қабул қилиниши, унинг асосида Меҳнат кодексининг ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши бошқа қонунлар ҳамда қонун асосидаги ҳуқуқий ҳужжатларни уларга мослаштиришликни тақазо қилар эди. Шу муносабат билан бошқа меҳнат қонун ҳужжатлари қатори аҳолини ишга жойлаштириш соҳасидаги қонунчилик ҳам янгилана бошлади. “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонунни 1998 йил 1 майда янги таҳрирда қабул қилиниши ҳам шу жараён билан боғлиқдир. Ушбу қонун аҳолини иш билан таъминлашга оид қонунчилик тизимида марказий ўринни тутади, чунки у ушбу муаммога бағишланган махсус қонунчилик акти саналади. Қонун тўрт бўлим, 35 моддадан иборат.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонун бошқа қонуности ҳужжатлари тизими шаклланиши учун асос бўлиб хизмат қилди. Аҳолини иш билан таъминлашга оид қонунчилик тизимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари катта аҳамиятга эга. Чунки фуқароларни ишга жойлаштириш ҳуқуқларини амалга оширилишига оид янги, принципиал қоидалар мазкур Фамонлар билан ҳаётга жорий этилади. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2001 йил 13 февралдаги “Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони ва бошқа фармонлар диққатга сазовордир.

  Аҳолини иш билан таъминлаш қонунчилиги тизимида идоравий нрматив ҳужжатлар, айниқса Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан қабул қилинадиган актлар салмоқли ўрин тутади. Меҳнат ва аҳолини ижтиомий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан чиқариладиган ҳужжатлар ижро қилишга оид ҳужжатлар бўлиб, қонунлар ва қонун ҳужжатларини ижро этилиш масалаларни назарда тутади. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Молия, Макроиқтисодиёт ва статистика ҳамда ижтимоий таъминот вазирликлари билан келишган ҳолда Меҳнат вазирлиги томонидан 1999 йил 30 августда тасдиқланган ва Адлия вазирлигида 1999 йил 13 октябрда давлат рўйхатига олинган “Меҳнат органларида фуқароларни рўйхатга олиш, уларни ишга жойлаштириш, ишсизлик нафақасини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низом” ана шундай ҳужжатлардан саналади.

  Аҳолини иш билан таъминлашга оид қонунчилик тизимида давлат ҳокимияти маҳаллий органлари қарорлари ҳам алоҳида аҳамиятга эга бўлади.

Иш билан таъминлашга оид қонунчилик тизимида корхоналар, ташкилотлар, юқори касаба уюшмалари органлари томонидан ушбу масалада қабул қиладиган локал хусусиятга эга бўлган актлар ҳам муайян салмоққа эга

Мамлакатимизда бугунги кунда қарор топган демографик вазият ва унинг натижасида юзага чиқаётган ижтимоий муаммолардан бири сифатида меҳнат ресурслари ортиқчалиги, аҳолини самарали равишда иш билан таъминлаш юзасидан мураккабликлар тўғрисида олдинги ўринларда сўз юритилди. Ушбу долзарб муаммоларни ҳал этишнинг объектив иқтисодий, ижтимоий, ташкилий ечимлари ахтариб топилиши устида ишлаш лозимлигини қайд этган ҳолда мазкур мауаммолар ечимини топиш, уни бироз бўлсада юмшатишга эришиш юзасидан қонунчилигимиз соҳасида амалга оширилиши мумкин бўлган ишларнинг айрим жиҳатлари хусусида фикр-мулоҳаза билдириш асосий мақсадимиз ҳисобланади.

Хулоса

Маълумки, фуқароларимизнинг меҳнат қилиш юзасидан конституциявий ҳуқуқларини амалга оширилишини, аҳолини иш билан таъминлаш органлари тизими самарали иш фаолияти, мамлакатимиздаги меҳнат ресурсларини омилкорлик билан бошқарилиши шу соҳалардаги қонунчилигимиз аҳволи билан боғлиқдир. Шу муносабат билан аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш қуйидаги йўналишларда амалга оширилиши лозим:

  1. Фуқароларга берилган меҳнат қилиш ҳуқуқларидан фойдаланиш кафолатларини янада кенгайтириш, хусусан бу ҳуқуқлардан амалда фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш;
  2. Меҳнат кодекси ва “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуннинг замон талабларига тўлиқроқ мос бўлишини таъминлаш;
  3. Аҳолини ишга жойлаштириш давлат органлари тизимини такомиллаштириш ва бу фаолиятга жамоат органларини ҳам кенг жалб этилишига эришиш;
  4. Аҳолининг ижтимоий заиф, меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлаша олмайдиган қатламларига меҳнат қилиш соҳасидаги қўшимча кафолатларни қайта кўриб чиқиш ва уларни бугунги кун талабларига мувофиқлаштириш;
  5. Аҳолини иш билан таъминлаш ишларида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар ўрнини қайта баҳолаш ва замон талабларидан келиб чиққан ҳолда уларнинг вазифаларини белгилаш;
  6. Аҳолини иш билан таъминлаш масалаларида табиий миграция жараёнлари аҳамиятини ҳисобга олиш ва баҳолаш.

  Мазкур йўналишларнинг ҳар бири юзасидан мавжуд муаммолар ва  уларни ҳал этилиш йўллари ҳақида қарашларимизни баён этиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

  Фуқароларга берилган меҳнат қилиш ҳуқуқларини кафолатлаш соҳасидаги ишларни яхшилаш, бу ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида хусусий ва кичик корхоналар тизимида меҳнат қонунларига амал қилишни назорат ишларини яхши йўлга қўйиш, у ерда ходимлар вакиллик органлари бўлган касаба уюшмалари фаолият юритишига, бу соҳада банд бўлган ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилинишига эришиш, кичик ва хусусий бизнес соҳасида ишга қабул қилиш, ишдан бўшатиш, иш вақти ва дам олиш вақтига оид, иш ҳақларини ўз вақтида берилишига тааллуқли қонун талаблари бажарилишини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Бугунги кунда кичик ва хусусий корхоналарнинг бор-йўғи ўн фоизга яқинида касаба уюшмалари фаолият юритаётганлиги, уларнинг кўпчилигида жамоа шартномалари тузилмаганлиги бу соҳада амалга ошириладиган ишлар ва ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар кўплигини кўрсатади. Шу сабабли кичик ва хусусий корхоналарда меҳнат қонучилигига амал қилиниши аҳволини республика миқёсида мониторинг қилиниши ва унинг натижалари асосида ушбу корхоналарда қонунлар бажарилишини таъминлаш механизмини такомиллаштириш лозим.

  Иккинчи йўналиш – Меҳнат кодекси ва “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонунни такомиллаштирилиши юзасидан ишлар йўлга қўйилиши керак ва бунда ушбу қонунлар айрим ҳолларда хақиқий аҳволни тўлиқ акс эттира олмаётганлиги ҳисобга олиниши талаб қилинмоқда. Хусусан, фуқароларни иш ахтарувчи сифатида рўйхатга олиш ва ишсиз деб эътироф этиш тартиблари етарлича такомиллашмаганлиги оқибатида расман рўйхатга олинган ишсизлик кўрсаткичлари билан норсамий (яширин) ишсизлик кўрсаткичлари ўртасида бир мунча катта тафовут кузатилмоқда(расмий ишсизлик меҳнатга яроқли аҳолининг 0,5 фоизини ташкил этгани ҳолда норасмий ишсизлик бир неча ўн баробар кўпроқ кўрсаткичга эга[12]).

   Ушбу номувофиқликни бартараф этиш мақсадида “Иш билан таъминланган аҳоли”, “иш топишга муҳтож аҳоли”, тушунчалари юридик таърифини ўзгартирилиши лозимлигини ва бунда “банд аҳоли” тушунчаси торайтирилиб, “иш топишга муҳтож аҳоли” тушунчаси кенгайтирилиши лозимлигини, иш ахтарувчи сифатида рўйхатга олиш тартиби соддалаштирилиши кераклигини, бу масалаларда аҳоли юридик саводхонлигини ошириш чоралари кўрилиши лозимлигини таклиф қилган бўлар эдик.

   Фуқароларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқларидан реал фойдалана олишларида ва қонунларда белгилаб қўйилган меҳнат ҳуқуқий ҳамда бу ҳуқуқ билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий кафолатларни юзага чиқишида аҳолини ишга жойлаштириш, ишсизликдан муҳофаза қилиш бўйича давлат органлари фаолияти муҳим аҳамиятга эга бўлади. Чунки улар самарали ишласаларгина меҳнат бозори нормал фаолият юритиши мумкин бўлади.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

  1. Каримов И.А. Конституция — юртимизда янги ҳаёт, янги жамият барпо этишнинг ҳуқуқий асоси. Т., Ўзбекистон, 2003 йил
  2. Каримов И.А. Эл-юрт ташвиши билан яшаш ва ишлаш асосий мезон. Т., Ўзбекистон, 2004 й.
  3. Каримов И.А. Бизнинг бош мақсадимиз — жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация ва ислоҳ этишдир. Т., Ўзбекистон, 2005.
  4. Каримов И.А. Инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари – энг олий қадрият. Т., Ўзбекистон, 2005.
  5. Каримов И.А. Инсон манфаатларини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш – устувор вазифамиздир. Халқ сўзи, 2006 йил 8 декабрь сони.
  6. Каримов И.А. Янгиланиш ва барқарор тарққиёт йўлидан янада изчил ҳаракат қилиш, халқимиз учун фаровон турмуш шароити яратиш – асосий вазифамиздир. Халқ сўзи, 2007 йил 13 февраль сони.
  7. Иноятов А.А. Ўзбекистон Республикасининг меҳнат ҳуқуқи. Дарслик.- Т.: Иқтисодиёт ва ҳуқуқ дунёси нашриёт уйи, 2002.- 383 б.
  8. 9. Турсунов Й. Меҳнат ҳуқуқи. Дарслик.- Т.: Молия, 2002.- 279 б.
  9. 10. Турсунов Й. Трудовое право Республики Узбекистан. Учебник. -Т.: ТДЮИ, 2005.- 251с.
  10. 11. Турсунов Й. Меҳнат ҳуқуқи. Ўқув қўлланма.- Т.: Молия, 1999.- 187 б.
  11. 12. Турсунов Й.,Усманова М. Меҳнат ҳуқуқи.Ўқув қўлланма.-Т.: Молия, 2001.- 227 б.
  12. 13. Гасанов М.Ю., Соколов Е.А. Ўзбекистон Республикасида меҳнат шартномалари (контракт). Ўқув-услубий қўлланма.-Т.: Ўқитувчи, 1-2-томлар. 1996.-224,253 б.
  13. 14. Гасанов М.Ю., Соколов Е.А. Ўзбекистоннинг  меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари. Меҳнат шартномаси (контракт). Ўқув-услубий қўлланма.-Т.: 1999.-528 б.
  14. 15. Гасанов М.Ю., Соколов Е.А. Ўзбекистонннинг меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари. Иш вақти ва дам олиш вақти.Ўқув-услубий қўлланма.-Т.: Ўқитувчи, 2000.-511 б.
  15. 16. Турсунов Й., Усманова М., Нуриддинова А. Меҳнат ҳуқуқи. Ўқув-услубий қўлланма.- Т.: ТДЮИ, 2003.-51 б.
  16. Мамасиддиқов М.М. Меҳнатга оид низоли ишларни судда кўришнинг процессуал хусусиятлари.Ўқув қўлланма. Т: ТДЮИ, 2004 й. -150 б.

[1] Каримов И.А. Инсон манфаатларини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш – устувор вазифамиздир. Халқ сўзи. 2006 йил 8 декабр.

[2] Жумладан, БМТнинг 1948 йил 10 декабрдаги “Инсон хуқуқлари Умумжаҳон деклорацияси” 1991 йил 30 сентябрда, “Иқтисодий, ижтимоий ва маданий хуқуқлар тўғрисида”ги, “Фуқаролик ва сиёсий хуқуқлар тўғрисида”ги Халқаро Пактлар эса Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган. Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси. 1995 йил, №8, 117-модда.

[3] Каримов И.А. Янгиланиш ва барқарор тарққиёт йўлидан янада изчил ҳаракат қилиш, халқимиз учун фаровон турмуш шароити яратиш – асосий вазифамиздир. Халқ сўзи, 2007 йил 13 февраль сони.

[4] Иноятов А.А. Ўзбекистон Республикасининг меҳнат ҳууқуқи. Т: Иқтисодиёт ва ҳуқуқ дунёси наўриёт уйи, 2002 й.

1 Ўзбекистоннинг янги қонунлари. 19-сон, 198-бет.

2 Ўзбекистоннинг янги қонунлари. 22-сон, 191-бет.

1 қарорлар тўплами. 1995 йил, 10-сон, 41-сон.

1 қТ. 1995 йил, 10-сон, 41-модда.

1 Инсон ҳуқуқлари тўғрисида халқаро билл. Тошкент., “Адолат”, 1992 йил, 8-бет.

[5] Қаранг: Акбаров А., Турдиев А. Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини иш билан тахъминлаш тўғрисида”ги қонунига шарҳлар. Т: “Шарқ нашриёт матбаа концерни, 2000 й., 13-14 бетлар.

[6] Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуни. Т: “Шарқ”, 2000 й., 350-бет.

[7] Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 31 декабрдаги 606-сонли “Иш билан таъминлашга кўмаклашувчи давлат жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори.

[8] Қаралсин: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1999 йил 3 июлда 763-сон билан рўйхатга олинган Низомнинг 5-6 бандлари.

[9] Адлия вазирлигида 1999 йил 7 январда 588-сон билан рўйхатга олинган “алоҳида асосларга кўра меҳнат шартномаси бекор қилинганда муддатидан олдин пенсия тайинлаш тартиби тўғрисида”ги Йўриқнома.

[10] Қаранг: Меҳнат кодексининг 67-моддаси.

[11] Адлия вазирлиги томонидан 1998 йил 1 декабрда 504-сон билан давлат рўйхатига олинган “Ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишдп қийналадиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш жойларининг энг кам миқдорини белгилаш тартиби  тўғрисида”ги Низом.

[12] Ганиева С. Проблемы занятости населения в Узбекистане. Банковские ведомости, 1997 г. №51.

0
0

Muallif: G'ayrat Bozorov

Bu qiziq!

ishsizlik nafaqasi

Ишсизлик нафақасининг миқдори қанча?

Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 1 майда янги таҳрирда қабул қилинган “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги …