So'ngi yangiliklar
Bosh sahifa / Adabiyotlar / Referatlar / Иш берувчининг ходимга етказган зарари учун моддий жавобгарлиги

Иш берувчининг ходимга етказган зарари учун моддий жавобгарлиги

КИРИШ

АСОСИЙ ҚИСМ

  1. Меҳнат муносабатларида шартнома тарафларининг моддий жавобгарлиги ҳамда ходимга етказилган зарар учун иш берувчи жавобгарлигининг умумий тавсифи.
  2. Ходимнинг соғлиғига ва ҳаётига етказилган зарар учун иш берувчининг моддий жавобгарлиги.

III. Ходимга меҳнат қилиш имкониятидан ғайриқонуний равишда маҳрум этилганлиги ҳамда  ходимнинг мол-мулкига етказилган зарар учун иш берувчининг жавобгарлиги.

  1. Зарарни қоплаш суммасини тўлаш тартиби ва муддатлари.

ХУЛОСА

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

Кириш

   Ўзбекистон Республикаси 1992 йилда ўз Конституциясини қабул қилди. Бугунги кунда барча ижтимоий муносабатларни тартибга солиб келаётган олий юридик кучга эга бўлган мазкур Асосий қонун ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ҳамда қонунда назарда тутилган ҳолларда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқларини кафолатлаб қўйган.

Конституциямизда ўз ифодасини топган фуқароларнинг мазкур ҳуқуқларини амалга ошириш юзасидан мамлакатимизда кўплаб махсус қонунлар, қонуности норматив ҳужжатлари қабул қилинган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси[1], “Касаба уюшмалари, уларнинг  ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида[2]”ги, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида[3]”ги,  “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида[4]”ги қонунлар фуқароларимизнинг меҳнат қилишга бўлган ҳуқуқларни рўёбга чиқарилишида ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

   Меҳнатга оид муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари ҳар бир ходимнинг адолатли меҳнат шароитларида ишлаш, ҳаёти ва соғлиғи муҳофаза қилинишини таъминлаш, ғайриқонуний равишда ишдан бўшатишдан ҳимоялаш каби муҳим вазифаларни бажаради.

    Ходимга етказилган зарар, хусусан:  ходимнинг соғлиғига меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки у ўз меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши ёки вафот этганлиги сабабли етказилган зарар, шу жумладан маънавий зарар;  ходимга меҳнат қилиш имкониятидан ғайриқонуний равишда маҳрум этилганлиги туфайли етказилган зарар; ходимнинг мол-мулкига етказилган зарарлар иш берувчи томонидан уларга тўлиқ қоплаб берилиши лозим.

Меҳнат вазифаларни бажариши муносабати билан ходимларга етказилган зарар учун иш берувчининг моддий жавобгарлиги юқоридаги  конституциявий тамойиллар  асосига қурилган бўлиб,  ходимларга меҳнат жараёнида етказилган зарарлар иш берувчилар томонидан тўлиқ миқдорда қопланиши лозим.

    Ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш бўйича муносабатлар Ўзбекистон Республикаси қонунлари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек “Ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш ҚОИДАЛАРИ билан тартибга солинади.

Меҳнат муносабатларида шартнома тарафларининг моддий жавобгарлиги ҳамда ходимга етказилган зарар учун иш берувчи жавобгарлигининг умумий тавсифи

   Ўзбекистон Республикаси меҳнат қонунчилигига мувофиқ, меҳнат шартномасининг бир тарафи (иш берувчи ёки ходим) меҳнат соҳасидаги вазифаларни бажариши муносабати билан бошқа тарафга етказилган зарарни меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган қоидаларга асосан қоплаши лозимдир. Етказилган зарарни бундай қоплаш мажбурияти меҳнат ҳуқуқи бўйича моддий жавобгарлик деб аталади.[5]

   Меҳнат шартномаси ёки унга қўшимча равишда тузилган ёзма шаклдаги келишувда, шунингдек жамоа шартномасида меҳнат шартномаси тарафларининг моддий жавобгарлиги аниқлаштириб қўйилиши мумкин. Бунда шартнома бўйича иш берувчининг ходим олдидаги жавобгарлиги қонунда назарда тутилганидан кам, ходимнинг иш берувчи олдидаги жавобгарлиги эса назарда тутилганидан кўп бўлиши мумкин эмас.

   Зарар етказилганидан кейин меҳнатга оид муносабатларнинг бекор қилинганлиги меҳнат шартномаси тарафларини моддий жавобгарликдан озод қилишга сабаб бўлмайди.

   Қонунга биноан, меҳнат шартномасининг бир тарафи ғайриҳуқуқий айбли хулқ-атвори(ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги) натижасида бошқа тарафга етказилган зарар учун моддий жавобгар бўлади. Баъзан иш берувчи айби бўлмаган ҳолларда ҳам моддий жавобгар бўлади. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 189-моддасига мувофиқ, иш берувчи юқори хавф манбаи натижасида ходимнинг соғлиғига етказилган зарар учун моддий жавобгар қилинади.

   Меҳнат муносабатлари давомида моддий зарар ходим томонидан, шунингдек иш берувчи томонидан етказилади. Шу боис зарар ким томонидан етказилганлигига қараб иш берувчи етказилган зарар учун ходимнинг моддий жавобгарлиги ҳамда ишлаб чиқаришда ходимнинг соғлиғига шикаст етказилганлиги учун, шунингдек ходимни меҳнат қилиш имкониятидан маҳрум этганлиги (ғайриқонуний равишда ишдан бўшатганлик) учун иш берувчининг моддий жавобгарлиги каби жавобгарликлар деб фарқ қилинади.

   Бу ҳар икки турдаги жавобгарлик юридик жавобгарликнинг бир тури бўлиб, улар қопланиши лозим бўлган зарарнинг миқдорлари, ундириш тартиблари жиҳатидан бир-биридан фарқ қилади. Айни вақтда бу жавобгарликлар билан боғлиқ муносабатлар бошқа-бошқа турли норматив актлар билан тартибга солинади. Аммо бундай жавобгарликнинг шартлари ҳар икки турдаги, яъни ходимнинг ҳам, иш берувчининг ҳам моддий жавобгарлиги учун бир хилдир.

   Меҳнат қонунчилигида моддий жавобгарликнинг асослари ва шартлари қатъий белгилаб қўйилган.

   Қонунга мувофиқ, бир вақтда қуйидаги шартлар мавжуд бўлса, меҳнат шартномаси тарафларнинг моддий жавобгарлиги келиб чиқиши мумкин:

1)  ҳақиқатда ҳам зарар етказилган бўлса;

2)  зарар қонунга номувофиқ ҳаракат ёки ҳаракатсизлик натижасида етказилган бўлса;

3)  ходимнинг бундай ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги билан етказилган зарар ўртасидаги узвий боғланиш бўлса;

4)  зарар етказишда ходимнинг айби бўлса.

   Агар бу тўртта шартдан бирортаси ҳам мавжуд бўлмаса, моддий жавобгарликни белгилаш мумкин эмас. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1990 йил 14 декабрдаги “Корхона, муассаса, ташкилотга етказилган зарар учун ходимларнинг моддий жавобгарлигини тартибга солувчи қонунларнинг Республика судлари томонидан қўлланиши ҳақида”ги қарорида таъкидланишича судлар ходимларни моддий жавобгар қилиш шартларининг мавжудлигини, шунингдек, тўланиши лозим бўлган зарарнинг миқдорини белгилаш билан боғлиқ бўлган ҳолатларни алоҳида синчиклаб аниқлашлари лозим. Бу шартлардан бирортасининг йўқлиги даъвони рад этиш учун асос бўлади.1

   Меҳнат шартномаси тарафларининг моддий жавобгарлиги билан боғлиқ масалалар Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 11 февралдаги қарори билан тасдиқланган “Ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниш ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни иш берувчилар томонидан тўлаш қоидалари” асосида ҳал қилинади. Бундан ташқари, тарафларнинг моддий жавобгарлиги ҳақидаги ишларни кўришда судлар Ўзбекистон Республикасининг “Ижара тўғрисида” 1991 йил 19 ноябрдаги қонуни, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари” тўғрисидаги 2000 йил 25 майдаги қонуни, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” 1996 йил 26 апрелдаги қонуни, “Почта алоқаси тўғрисида” 2000 йил 30 августдаги каби қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 4 мартдаги “Хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий ночорлиги ва шартнома мажбуриятларининг бажарилиши учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш тўғрисида”ги Фармони ва бошқа тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга амал қиладилар. Шунингдек, судлар бу тоифа низоли ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг корхона, муассаса, ташкилотга етказилган зарар учун ходимларнинг моддий жавобгарлигини тартибга солувчи қонунларнинг Республика судлари томонидан қўлланиши ҳақида 1990 йил 14 декабрдаги 5-ПЛ-90-сонли қарори1,  1998 йил 17 апрелдаги “Судлар томонидан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллаш амалиёти ҳақида”ги 13-сонли қарори,  “Маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 2000 йил 28 апрелдаги 7-сонли қарори,  “Жиноий ҳаракатлар оқибатида етказилган моддий зарарни қоплаш масаласига доир суд амалиёти тўғрисида”ги 1998 йил 21 сентябрдаги 21-сонли қарори, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 4 мартдаги “Хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий ночорлиги ва шартнома мажбуриятларининг бажарилиши учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш тўғрисида”ги Фармонини тадбиқ этиш билан боғлиқ масалалар тўғрисида”ги 1998 йил 9 апрелдаги 72-сонли1 қарорларини қўллайдилар.

Ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш бўйича муносабатлар Ўзбекистон Республикаси қонунлари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек мазкур Қоидалар билан тартибга солинади.

Мазкур Қоидаларнинг амал қилиши, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ёлланма меҳнатдан фойдаланаётган юридик шахсларга, юридик шахс бўлмасдан фаолият юритаётган деҳқон хўжаликларига (кейинги ўринларда матнда иш берувчи деб юритилади), шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат шартномаси бўйича ишлаган ёки ишлаётган ҳамда меҳнат жароҳати олган ходимларга жорий этилади.

Иш берувчи иш берувчининг ҳудудида ва унинг ташқарисида, шунингдек иш берувчи берган транспортда ишга келиш ёки ишдан кетиш вақтида ходимнинг соғлигига меҳнат жароҳати билан етказилган зарар учун моддий жавобгар бўлади.

Иш берувчи, меҳнат жароҳати ёки бошқа меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ равишда ходим соғлигига етказилган зарарни, агар у етказилган зарар учун ўзининг айбдор эмаслигини исбот қила олмаса, ходимга етказилган зарарни тўлаши шарт.

Иш берувчи томонидан ижтимоий-иқтисодий, ташкилий-техник, санитария-гигиена ва даволаш-профилактика чоралари ҳамда соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратиш тадбирлари таъминланмаганлиги (меҳнатни муҳофаза қилиш, техника хавфсизлиги, саноат санитарияси қоидалари ва шу кабиларга риоя қилмаслик) туфайли олинган меҳнат жароҳати унинг айби билан содир этилган деб ҳисобланади.

Қуйидаги ҳужжатлар меҳнат жароҳати учун иш берувчининг айбдорлигини ёки жавобгарлигини исботловчи далил бўлиши мумкин:

— бахтсиз ҳодисани махсус текшириш далолатномаси;

— бахтсиз ҳодиса ва ишлаб чиқаришда соғлиққа етказилган бошқа хил шикастлар тўғрисида далолатнома;

— суд қарори;

— меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини, соғлиққа етказилган зарар сабабларини назорат қилишни амалга оширувчи давлат меҳнат техника инспектори ёхуд бошқа мансабдор шахслар (органлар)нинг хулосаси;

— касб касаллиги тўғрисида тиббий хулоса;

— айбдор шахсларга маъмурий ёки интизомий жазо бериш тўғрисидаги қарор;

— касаба уюшмаси қўмитаси ёки корхона ходимларининг бошқа ваколатли органи қарори.

Келишмовчилик пайдо бўлганда ёки иш берувчи зарарни тўлашни рад этганда, ушбу масала қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда суд томонидан ҳал қилинади.

Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва ходимлар соғлигига етказилган бошқа шикастларни текшириш ва ҳисобга олиш тартиби Ҳукумат томонидан белгиланади.

Жабрланувчининг қўпол эҳтиётсизлиги зарарнинг келиб чиқишига ёки унинг кўпайишига сабаб бўлган тақдирда, зарарнинг тўлов миқдори суммаси жабрланувчининг айбига қараб камайиши мумкин, лекин камайиш эллик фоиздан кўп бўлмаслиги лозим.

Жабрланувчининг қўпол эҳтиётсизлиги туфайли ҳамда иш берувчининг айби бўлмаган ҳолларда, иш берувчининг жавобгарлиги, айбидан қатъи назар (яъни унинг меҳнат вазифаларини бажаришда юқори хавфли манбалар томонидан ходим соғлигига етказилган зарар), зарарни тўлаш суммаси жабрланувчининг айбдорлиги даражасига қараб камайиши ҳам мумкин, лекин камайиш эллик фоиздан кўп бўлмаслиги лозим. Бунда зарарни тўлашдан бош тортишга йўл қўйилмайди.

Жабрланувчининг айбдорлиги даражаси корхона, муассаса, ташкилот касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа ваколатли органи қарори билан, мазкур масала бўйича келишмовчилик пайдо бўлганда эса  суд томонидан белгиланади.

Зарарни тўлашнинг қўшимча турларига, бир йўла нафақа тўлашга, шунингдек боқувчисининг вафоти туфайли етказилган зарар тўловларига нисбатан аралаш жавобгарлик қўлланилмайди.

Жабрланувчининг меҳнат жароҳати туфайли меҳнатга лаёқатсизлик даражаси Тиббий-меҳнат экспертиза комиссияси (ТМЭК) томонидан белгиланади.

Касб бўйича меҳнатга лаёқатсизлик даражасини белгилаш билан бир вақтда, ТМЭК асослари мавжуд бўлганда, ногиронликнинг тегишли гуруҳи белгиланади ҳамда жабрланувчининг қўшимча ёрдам турларига бўлган муҳтожлиги аниқланади.

Белгиланган энг кам ойлик иш ҳақи миқдори оширилганда соғлиқнинг шикастланиши билан боғлиқ зарар ёки боқувчисининг вафоти билан боғлиқ равишда бериладиган йўқотилган иш ҳақи, бошқа тўловларни қоплаш суммаси энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг оширилган суммасига мутаносиб равишда кўпайтирилади.

Меҳнат жароҳати олгандан кейин меҳнат муносабатларини тўхтатиш зарарни тўлашдан озод қилмайди.

Қуйидагилар жабрланувчига етказилган зарарни тўлашда суммани тўлаш манбалари ҳисобланади:

— бюджет ташкилотлари ва муассасалари учун  қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат бюджети маблағлари;

— бошқа иш берувчилар учун  ўз маблағлари.

Ўзбекистон Республикасининг меҳнат қонунчилигида ходимга етказилган зарар учун иш берувчининг моддий жавобгарлиги белгилаб қўйилган. Бундай моддий жавобгарлик иш берувчининг қонунга номувофиқ айбли ҳаракати(ҳаракатсизлиги) туфайли келиб чиқади. Баъзан иш берувчининг айби бўлмаган ҳолларда ҳам тўлиқ моддий жавобгарлик юзага келиши мумкин.

Меҳнат кодексининг 187-моддасига мувофиқ иш берувчи қуйидаги ҳолларда моддий жавобгарликка тортилади:

1)  ходимнинг соғлиғига меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки у ўз меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши ёки вафот этганлиги сабабли етказилган зарар (шу жумладан маънавий зарар) учун (МКнинг 188-моддаси);

2)  ходимга меҳнат қилиш имкониятидан ғайриқонуний равишда маҳрум этилганлиги туфайли етказилган зарар учун (Меҳнат кодексининг 188-моддаси);

3)  ходимнинг мол-мулкига етказилган зарар учун (Меҳнат кодексининг 196-моддаси).

   Шу кўрсатилган ҳолатларда иш берувчи етказилган зарар учун тўлиқ миқдорда моддий жавобгарликка тортилади.

   Ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда меҳнатда майиб бўлиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошқача тарзда шикастланиши туфайли етказилган зарарни иш берувчилар томонидан тўлаш билан боғлиқ муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, бошқа қонун ҳужжатлари ҳамда махсус қоидалар билан тартибга солинади.1 Иш берувчининг меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларнинг талабларини бузганлиги моддий жавобгарлик келиб чиқиши мумкин бўлган ҳолатлардан бири бўлиб ҳисобланади.

   Шуни алоҳида эслатиб ўтиш лозимки, Республикамиз фуқаролик  қонунчилигида ҳам бу масалаларга оид тегишли ҳуқуқ нормалари мавжуддир.3 Аммо Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси билан Фуқаролик кодексидаги моддалар тузилиши ва мазмуни жиҳатидан улар бир-бирига тўла мувофиқ келади, деб айтиб бўлмайди.

Ходимнинг соғлиғига ва ҳаётига етказилган зарар учун иш берувчининг моддий жавобгарлиги

Ходимга жароҳат ёки соғлиғига бошқа шикаст етказилганда жабрланувчининг олган ёхуд олиши мумкин бўлган йўқотган иш ҳақи (даромади) тўланади. Зарар ҳар ойда жабрланувчининг касбий меҳнат фаолиятини йўқотиш даражасига тегишли равишда меҳнат жароҳати олгунга қадар унинг ўртача ойлик иш ҳақига фоизларда, соғлигига шикаст етказилиши сабабли қилинган қўшимча харажатлар компенсацияларда, шунингдек белгиланган ҳолларда бир марталик нафақалар тўлашда қопланади.

Иш ҳақи ёки унинг бир қисми тўланаётганда, жароҳат олиши туфайли тайинланган ногиронлик пенсиялари, шунингдек меҳнат жароҳати олгунга қадар ва ундан кейин тайинланган пенсиялар, нафақалар ва бошқа шунга ўхшаш тўловларнинг бошқа турлари етказилган зарарни тўлашда ҳисобга олинмайди. Шунингдек жабрланувчининг жароҳат олгандан кейинги иш ҳақи ҳам зарарни тўлашда ҳисобга олинмайди. Бунда жабрланувчиларга  меҳнат жароҳати бўйича ногиронларга зарарни тўлаш миқдори белгиланган энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг эллик фоизидан кам бўлиши мумкин эмас.

Жабрланувчининг йўқотган иш ҳақи таркибига: ҳам асосий, ҳам даромад солиғи ундириладиган ўриндошлик иш жойи бўйича меҳнат ва фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар бўйича барча меҳнат ҳақи турлари; тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромади (солиқ инспекцияси маълумотлари асосида); муаллифлик ҳақи; вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлиги ҳамда ҳомиладорлик ва туғруқ таътиллари даври учун тўланган нафақалар киритилади.

Барча иш ҳақи турлари солиқлар ушлаб қолингунга қадар ҳисобланган суммаларда ҳисобга олинади.

Ўқиш даврида тўланадиган стипендия (зарарни қоплаш тўғрисида мурожаат қилувчининг хоҳишига кўра) иш ҳақига тенглаштирилади.

Жабрланувчининг йўқотган иш ҳақи таркибига қуйидагилар киритилади:  — юридик шахсларнинг устав фондларидаги қўйилмалари ёки пайлари бўйича улар томонидан олинадиган дивидендлар ва фоизлар, шунингдек қимматли қоғозлар бўйича даромадлари;

— бир марталик тусдаги тўловлар (фойдаланилмаган таътил учун пул компенсациялари, меҳнат шартномаси тўхтатилганда бериладиган ёрдам нафақалари).

Ўртача ойлик иш ҳақи меҳнат жароҳати олиш ёки меҳнат жароҳати туфайли меҳнатга лаёқатсизликдан ёхуд меҳнатга лаёқат даражаси пасайишидан (фуқаронинг танлови бўйича) олдинги охирги ўн икки ой мобайнидаги иш (хизмат, муддатли ҳарбий хизматдан ташқари) бўйича аниқланади. Касб касаллигига чалинган тақдирда ўртача ойлик иш ҳақи ҳам бундай касалликка сабаб бўлган ишни тўхтатишдан олдинги охирги ўн икки ой бўйича белгиланиши мумкин.

Ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоблаб чиқариладиган ойлар сонидан (фуқаронинг хоҳишига кўра) иш ойнинг биринчи кунидан бошланмаганлиги ёки тўхтатилмаганлиги муносабати билан тўлиқсиз иш ойлари ҳамда уч ёшгача бўлган болани парвариш қилиш муносабати билан бериладиган таътил ойлари (шу жумладан, тўлиқ бўлмаган ойлар), шунингдек ходим ногирон ҳисобланган ёки меҳнат жароҳати туфайли етказилган зарар тўловини олиб келган, I гуруҳ ногирони, 16 ёшгача бўлган ногирон болани ёки даволаш муассасасининг ўзганинг парваришига муҳтожлик ҳақидаги хулосасига кўра қарияларни парвариш қилиш мобайнидаги иш вақти чиқариб ташланади. Бунда чиқариб ташланган ойлар бевосита бошқа олдинги ойлар билан алмаштирилади ёки уларни алмаштириш имкони бўлмаганда ҳисоблашдан чиқариб ташланади. Бундай алмаштириш, жароҳатланишдан ёки касб касаллигига чалинишдан олдинги иш жойидан қатъи назар, охирги икки йил доирасида амалга оширилади.

Ўн икки ойдаги иш учун ўртача ойлик иш ҳақи мазкур Қоидаларнинг 14-бандида кўрсатилган иш ҳақининг умумий суммасини ўн иккига бўлиш йўли билан ҳисоблаб чиқарилади. Жабрланувчи зарар етказилган вақтда ўн икки ойдан кам ишлаган тақдирда, ўртача ойлик иш ҳақи ҳақиқатда ишлаган умумий иш ҳақини ишлаган ойлар сонига бўлиш йўли билан ҳисоблаб чиқарилади.

Иш даври тўлиқ ойдан кам вақтни ташкил қилган тақдирда, зарарни тўлаш миқдори шартли ойлик иш ҳақи(даромад) миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқилади. У қуйидаги тартибда аниқланади: бутун ишланган вақт давомида олинган иш ҳақи(даромад) кунлар сонига бўлинади, ҳосил бўлган сумма бир йил учун ўрта ҳисобда ҳисоблаб чиқилган бир ойдаги иш кунлари сонига кўпайтирилади.

Ҳақиқий иш ҳақи миқдори тўғрисидаги ҳужжатларни олиш имконияти бўлмаган тақдирда зарарни тўлаш миқдори зарарни тўлаш тўғрисида мурожаат қилинган вақтда белгиланган энг кам ойлик иш ҳақи миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқилади. Жабрланувчининг ўртача ойлик иш ҳақи миқдори энг кам ойлик иш ҳақи миқдоридан кўп бўлмаган ҳолларда ҳам етказилган зарарни тўлаш миқдори худди шу тартибда ҳисоблаб чиқилади.

Балоғатга етмаганлар меҳнат жароҳати олган тақдирда, зарар унинг иш ҳақи(даромади) миқдоридан келиб чиққан ҳолда, аммо қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг беш бараваридан кам бўлмаган миқдорда тўланади.

Агар бир иш берувчида ишланган даврда меҳнат жароҳати такроран олинган тақдирда ўртача ойлик иш ҳақи жабрланувчининг хоҳишига кўра биринчи ёки такрорий меҳнат жароҳати олингандан илгариги тегишли даврлар бўйича ҳисоблаб чиқилади. Зарарни тўлаш миқдори касбга доир меҳнатга лаёқатсизликнинг умумий фоизига қараб ҳисоблаб чиқилади.

Агар меҳнат жароҳатлари турли иш берувчиларда ишлаганда олинган бўлса, у ҳолда зарарнинг тўлов миқдорини аниқлаш ҳар бир иш берувчи томонидан, тегишли меҳнат жароҳати бўйича касбга доир меҳнатга лаёқатсизлик фоизига қараб алоҳида амалга оширилади.

Чет элларда ишлаган ходимларнинг ўртача ойлик иш ҳақи (даромади) чет элда ишлаганлик учун тўловларни чиқариб ташлаган ва мазкур Қоидаларнинг 8-бандини ҳисобга олган ҳолда умумий асосларда ҳисоблаб чиқилади.

Ишлаб чиқариш таълимини(амалий машғулотни) ўташ даврида меҳнат жароҳати олган фуқароларнинг ўртача ойлик иш ҳақи(даромади) жабрланувчининг қайси касб (мутахассислик) бўйича ўқиганлигига қараб, шу касб(мутахассислик) ставкаси(маош)дан келиб чиққан ҳолда (аммо 2 разряддан паст эмас) ҳисоблаб чиқилади. Ўқиш (амалий машғулот) давомида иш ҳақи (даромад) олган шахсларга, уларнинг хоҳишига кўра, ўртача ойлик иш ҳақи (даромади) шу давр учун ҳисоблаб чиқилади. Жабрланувчиларнинг хоҳишига кўра, ўртача ойлик иш ҳақи (даромади) ўқиш даврида тўланган стипендия бўйича ҳам ҳисоблаб чиқилиши мумкин.

Меҳнат жароҳати туфайли ўзининг розилиги билан вақтинча енгилроқ, кам ҳақ тўланадиган ишга ўтказилган жабрланувчига иш ҳақи меҳнатга лаёқати тиклангунга қадар меҳнат жароҳати олгандан аввалги ўртача ойлик иш ҳақи(даромади)дан кам бўлмаган миқдорда тўланади.

Бошқа ишга ўтказиш зарурлиги, унинг давом этиш муддати ва тавсия этиладиган иш тури ТМЭК хулосасига мувофиқ белгиланади.

Агар жабрланувчи меҳнат жароҳати туфайли аввалги ишини бажара олмаган тақдирда иш берувчи жабрланувчини унинг хоҳишига кўра ТМЭК хулосасига мувофиқ, ўз ҳисобидан янги касбга ўқитиши шарт.

Янги касбга ўқитиш даврида жабрланувчига меҳнат жароҳати олгунга қадар олган ўртача ойлик иш ҳақи(даромади) тўланади. Мазкур даврда зарарни қоплаш суммасини тўлаш умумий асосларда амалга оширилади.

Меҳнат жароҳатлари туфайли қилинган қўшимча харажатларни жабрланувчига тўлаш-етказилган зарар учун жавобгар бўлган иш берувчи жабрланувчига, ўртача ойлик иш ҳақи(даромади)дан ташқари, меҳнат жароҳати туфайли қилинган қўшимча харажатларни ҳам тўлашга мажбурдир. Тўланадиган бундай харажатларга даволаш, протезлаш, қўшимча овқатланиш, дори-дармонлар сотиб олиш, санатория-курортда даволаниш, шу жумладан жабрланувчининг даволанадиган жойга бориш ва келиш йўл харажатлари, зарур ҳолларда эса шунингдек ўзганинг парваришига муҳтож бўлганда, кузатиб борувчи шахснинг ҳам йўл харажатлари, махсус транспорт воситаларини сотиб олиш ва бошқа турли ёрдам харажатлари, агар у ТМЭК томонидан ёрдамнинг ушбу турларига муҳтож деб топилган бўлса ва уларни тегишли ташкилотлардан бепул олиш ҳуқуқи бўлмаса, шунингдек жабрланувчи билан иш берувчи ўртасида зарарни тўлаш бўйича баҳс пайдо бўлганда ҳамда баҳс жабрланувчи фойдасига ҳал бўлган ҳолларда адвокат ёллаш учун қилинган харажатлар киради.

Дори-дармонлар сотиб олиш учун қилинган харажатлар даволовчи шифокор томонидан ёзиб берилган белгиланган шаклдаги рецепт ҳамда пул тўланганлиги тўғрисидаги чек тақдим этилганда иш берувчи томонидан жабрланувчига тўланади.

I гуруҳ ногиронлари учун ТМЭКнинг уй шароитида парваришга муҳтожлик ҳақидаги хулосаси талаб қилинмайди (улар махсус тиббий парваришга муҳтож бўлган ҳоллар бундан мустасно).

Мазкур бандда кўрсатилган ёрдамнинг бир нечта турларига муҳтож бўлган жабрланувчига ёрдамнинг ҳар бир турини олиш билан боғлиқ харажатлар тўланади.

Махсус тиббий парваришга муҳтож бўлган жабрланувчилар учун қўшимча харажатлар ҳар ойда энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида белгиланади.

Уй шароитида парвариш қилиш билан боғлиқ қўшимча харажатлар ҳар ойда энг кам ойлик иш ҳақининг эллик фоизи миқдорида белгиланади.

Ҳам махсус тиббий парваришга, ҳам уй шароитидаги парваришга муҳтож бўлган жабрланувчига уй шароитидаги парвариш билан боғлиқ харажатлар махсус тиббий парвариш харажатларига қўшимча равишда тўланади.

Жабрланувчини парвариш қилиш учун қўшимча харажатлар, уларнинг ким томонидан амалга оширилишидан қатьи назар, тўланади.

Махсус транспорт воситаларини сотиб олиш харажатлари уларнинг қиймати доирасида тўланади.

Бошқа қўшимча харажатлар миқдори тегишли ташкилотларнинг счётлари ва бошқа ҳужжатлар асосида ёхуд жабрланувчи томонидан ушбу харажатлар қилинган вақтдаги нархларга мувофиқ аниқланади.

Жабрланувчининг санаторий-курортда даволанишга муҳтожлиги ҳақида ТМЭК хулосаси мавжуд бўлган тақдирда, унга ҳар йилги меҳнат таътилидан ташқари даволаниш учун қўшимча таътил берилади. Даволаниш учун берилган таътил вақти учун тўлов ҳар йилги таътил тўлови учун белгиланган қоидаларга мувофиқ амалга оширилади. Даволаниш давридаги зарарни тўлаш умумий асосларда амалга оширилади.

Меҳнат жароҳати олган ходим бошқа ишга ўтганда, даволаниш учун берилган қўшимча таътил учун тўлов зарар етказилгани учун масъул бўлган иш берувчи томонидан амалга оширилади.

Жабрланувчи, шунингдек уни кузатиб борувчи шахснинг йўл кира харажатларини тўлаш миқдори хизмат сафари тўғрисидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ аниқланади.

Йўқотилган иш ҳақи(даромади)ни тўлашдан зарарни тўлашнинг бошқа турларидан ташқари, иш берувчи жабрланувчига бир йўла бериладиган нафақа тўлайди.

Ходим соғлиғига етказилган зарар билан боғлиқ ҳолда иш берувчи томонидан тўланадиган бир йўла бериладиган нафақа миқдори жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса  иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа ваколатли органи ўртасидаги битим бўйича аниқланади. Бир йўла бериладиган нафақа миқдори жабрланувчининг бир йиллик иш ҳақидан кам бўлмаслиги керак.

Йиллик иш ҳақи миқдори Қоидаларнинг 14 ва 15-бандларига мувофиқ ҳисоблаб чиқилган ўртача ойлик иш ҳақини ўн иккига кўпайтириш йўли билан аниқланади.

Боқувчининг вафоти сабабли зарарни тўлаш- Ходим меҳнат жароҳатига боғлиқ ҳолда вафот этган тақдирда, иш берувчи марҳумнинг қарамоғида бўлган меҳнатга лаёқатсиз, шунингдек ўн олти ёшга тўлмаган шахсларга ёки марҳум вафот этган кунгача ундан нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга, марҳумнинг вафотидан сўнг туғилган фарзандига, шунингдек ота-оналаридан бирига, умр йўлдошига ёки оиласининг ишламайдиган ва вафот этганнинг 3 ёшга тўлмаган болалари, укалари, сингиллари ёки набиралари парвариши билан банд бўлган бошқа аъзосига зарарни тўлаши шарт.

Болаларнинг боқимандалиги назарда тутилади ва бунинг учун далиллар талаб қилинмайди.

Қуйидагилар меҳнатга лаёқатсиз ҳисобланади:

— 16 ёшдан ошган шахслар, агар улар шу ёшга етгунга қадар ногирон бўлиб қолган бўлса;

— 60 ёшга тўлган эркаклар ҳамда 55 ёшга тўлган аёллар;

— белгиланган тартибда ногирон деб эътироф этилган шахслар.

Оила аъзосининг меҳнатга лаёқатсизлиги бошланган вақт (боқувчининг вафотигача ёки вафотидан кейин) унинг зарар тўловини олиш ҳуқуқига таъсир этмайди.

16 ва ундан катта ёшдаги ўқувчилар ўқув юртларининг кундузги бўлимларида ўқишни тугатгунларига қадар, аммо кўпи билан 18 ёшгача зарар тўловини олиш ҳуқуқига эгадирлар.

Вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган ва боқувчининг вафоти туфайли зарар тўловини олиш ҳуқуқига эга бўлган меҳнатга лаёқатсиз шахслар учун зарар миқдори вафот этган шахснинг ўртача ойлик иш ҳақи миқдоридан унинг ўзига ва қарамоғидаги меҳнатга лаёқатли, аммо зарар тўловини олиш ҳуқуқига эга бўлмаган фуқароларга тўғри келадиган улушни чегириб ташлаган ҳолда белгиланади.

Зарар тўловини олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг ҳар бирига бериладиган зарар тўловлари миқдорини аниқлаш учун боқувчи иш ҳақининг кўрсатиб ўтилган шахсларнинг ҳаммасига тўғри келадиган улуш уларнинг сонига тақсимланади.

Вафот этган шахснинг қарамоғида бўлмаган, аммо зарар тўловини олиш ҳуқуқига эга бўлган меҳнатга лаёқатсиз шахслар учун зарар тўлови миқдори суд тартибида белгиланади.

Вафот этган шахснинг қарамоғида бўлган ва бўлмаган шахслар айни бир вақтда зарар тўловини олиш ҳуқуқига эга бўлишган тақдирда зарар тўловлари миқдори энг аввало вафот этган шахснинг қарамоғида бўлмаган шахслар учун белгиланади. Улар учун белгиланган зарар тўлови суммаси боқувчининг иш ҳақидан чегириб ташланади, сўнг иш ҳақининг қолган миқдорига қараб вафот этган шахснинг қарамоғида бўлган шахслар учун зарар тўлови миқдори мазкур банднинг биринчи ва иккинчи хатбошида назарда тутилган тартибга мувофиқ белгиланади.

Боқувчисини йўқотганлик туфайли зарар тўловини олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар учун уларга боқувчи вафоти туфайли тайинланган пенсия, шунингдек бошқа пенсиялар, иш ҳақи, стипендиялар ва бошқа даромадлар зарар тўлови ҳисобига киритилмайди. Бунда қарамоғида бўлган ҳар бир шахс ҳисобига зарар тўлови миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг эллик фоизидан кам бўлиши мумкин эмас.

Боқувчисини йўқотганлик туфайли зарар тўлови олишга ҳуқуқи бўлганлардан ҳар бирига белгиланган зарар миқдори кейинчалик ҳисоб-китоб қилинмайди, қуйидаги ҳолатлар бундан мустасно:

— чақалоқ боқувчининг вафотидан кейин туғилганда;

— вафот этган боқувчининг фарзандларида, набиралари, укалари ва сингилларини уч ёшга тўлгунгача парвариш қилиш билан банд бўлган шахсларга зарар тўловлари белгиланганда ёки тўхтатилганда;

— вафот этганнинг қарамоғида бўлган ёки у вафот этган кунгача унинг таъминотида бўлиш ҳуқуқига эга бўлган меҳнатга лаёқатсиз шахслар сони ўзгарганда.

Кўрсатиб ўтилган ҳолларда зарарни тўлаш миқдори, зарарни ундириш ҳуқуқига эга бўлган шахслар сони кўпайиши ёки камайиши ҳисобга олинган ҳолда Қоидаларнинг 27-бандига мувофиқ қайта ҳисоблаб чиқилади.

Боқувчиси вафот этганлиги муносабати билан зарарни ундириш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга иш берувчи вафот этганнинг камида олтита ўртача йиллик иш ҳақининг ушбу шахслар сонига бўлинган суммасида бир йўла бериладиган нафақа тўлайди.

Олтита ўртача йиллик иш ҳақи миқдори Қоидаларнинг 14 ва 15-бандларига мувофиқ ҳисоблаб чиқилган вафот этганнинг ўртача ойлик иш ҳақи (даромади)ни етмиш иккига кўпайтириш йўли билан аниқланади.

Соғлиқ шикастланганлиги туфайли бир йўла бериладиган нафақа олингандан кейин ходим меҳнат билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши муносабати билан вафот этган тақдирда, иш берувчи вафот этганнинг камида бешта ўртача йиллик иш ҳақи миқдорида бир йўла бериладиган нафақа тўлаши шарт.

Ходим меҳнат билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши муносабати билан вафот этган тақдирда иш берувчи қўшимча равишда дафн этиш учун зарур харажатларни ушбу харажатларни сарфлаган шахсга тўлаши шарт.

Дафн этиш учун зарур харажатлар зарарни тўлаш ҳисобига киритилмайди.

Ходимга меҳнат қилиш имкониятидан ғайриқонуний равишда маҳрум этилганлиги ҳамда  ходимнинг мол-мулкига етказилган зарар учун иш берувчининг жавобгарлиги

    Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 187-моддасига мувофиқ ўз меҳнат вазифаларини бажариши муносабати билан ёки меҳнат қилиш имкониятидан ғайриқонуний равишда маҳрум этилганлиги натижасида ходимга, боқувчиси иш билан боғлиқ ҳолда вафот этган тақдирда эса, — унинг оила аъзоларига (192-модданинг биринчи қисми) етказилган ҳар қандай зарарни (шу жумладан, маънавий зарарни) иш берувчи, башарти ушбу Кодексда бошқача ҳолат назарда тутилмаган бўлса, тўлиқ ҳажмда тўлайди. Маънавий зарар (жисмоний ёки руҳий азоблар) пул шаклида ёки бошқа моддий шаклда ҳамда иш берувчи ва ходим ўртасидаги келишувга мувофиқ равишда, ходим меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда вафот этган тақдирда эса, — иш берувчи ва вафот этган ходимнинг оила аъзолари ўртасидаги келишувга мувофиқ равишда белгиланган миқдорда қопланади. Маънавий зарарни қоплаш юзасидан низо келиб чиққан тақдирда, бу масала судда кўриб чиқилади.

    Меҳнат кодексининг 188-моддасига биноан эса иш берувчининг ходимга меҳнат қилиш имкониятидан ғайриқонуний равишда маҳрум этилганлиги натижасида етказилган зарарни тўлаш мажбурияти баён этилган бўлиб, унга кўра ходим меҳнат қилиш имкониятидан ғайриқонуний равишда маҳрум этилган барча ҳолларда ололмай қолган иш ҳақини иш берувчи унга тўлаши шарт. Бундай мажбурият, агар иш ҳақи ишга қабул қилишғайриқонуний равишда рад этилганлиги, меҳнат шартномасиғайриқонуний равишда бекор қилинганлиги ёки ходим ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилганлиги ва меҳнат низоларини кўрувчи органнинг бундай ишлар юзасидан чиқарилган қарори ўз вақтида бажарилмаганлиги, меҳнат дафтарчасини бериш кечиктирилганлиги, ҳарқандай йўллар билан ходимнинг шаънига доғ туширувчи маълумотлар тарқатилганлиги натижасида, башарти бу маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаса, шунингдек бошқа ҳолларда олинмай қолган бўлса, келиб чиқади.

Меҳнат кодексининг 196-моддасида ходимнинг мол-мулкига етказилган зарар учун иш берувчининг моддий жавобгарлиги берилган. Ушбу моддага асосан меҳнат шартномасида белгиланган вазифаларини лозим даражада бажармаганлиги натижасида ходимнинг шахсий буюмлари ёки бошқа мол-мулкига зарар етказган иш берувчи бу зарарни натура ҳолида қопламоғи лозим. Зарарни натура ҳолида қоплашнинг иложи бўлмаган тақдирда ёки ходимнинг розилиги билан мол-мулкнинг қиймати шу жойда амалда бўлган баҳо бўйича тўла ҳажмда қопланади.

Зарарни қоплаш суммасини тўлаш тартиби ва муддатлари

Зарарни қоплаш тўловлари:

а) жабрланувчиларга  улар меҳнат жароҳати оқибатида касб бўйича меҳнатга лаёқатини тўлиқ ёки қисман йўқотган кундан бошлаб;

б) боқувчининг вафоти туфайли зарар тўловини олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга  боқувчининг вафот этган кунидан, аммо фақат зарар тўловини олиш ҳуқуқига эга бўлинган вақтдан бошлаб тўланади.

Зарарни ундириш тўғрисида ариза жабрланувчининг меҳнат жароҳати туфайли касб бўйича меҳнатга лаёқати йўқотилгандан ёки боқувчининг вафотидан 3 йилдан кейин берилган тақдирда зарарни тўлаш бу ҳақда мурожаат қилинган кундан бошлаб амалга оширилади.

Ариза берилган кун зарарни тўлаш тўғрисида мурожаат қилинган кун ҳисобланади.

Зарар тўловларини олиш муддатини узайтириш зарур ҳужжатлар тақдим этилиши бўйича аввалги тўловлар муддати тугаган кундан бошлаб амалга оширилади.

Ўртача ойлик иш ҳақи(даромад) бўйича зарарни тўлаш меҳнат жароҳати туфайли жабрланувчи касб бўйича меҳнат лаёқатини йўқотганлик белгиланган муддат учун, қўшимча харажатларни тўлаш эса уларга муҳтожлик белгиланган муддат давомида амалга оширилади.

Иш берувчи жабрланувчини ёки манфаатдор шахсларни зарарни тўлаш миқдори қайта ҳисобланишига сабаб бўлган маълумотлар билан тилхат бўйича таништириши шарт, жабрланувчи ёки манфаатдор шахслар эса ўз навбатида зарар тўлови миқдори қайта ҳисобланишига сабаб бўлган ўзгаришлар тўғрисида ёзма равишда маълум қилишлари шарт (энг кам ойлик иш ҳақи миқдори ошган ҳоллар бундан мустасно).

Жорий ой учун зарар тўловлари ушбу ой тугашидан кечикмай тўланади.

Бир йўла тўланадиган нафақа зарарни ундириш ҳуқуқи олинган кундан бошлаб бир ой мобайнида тўланади.

Зарар тўловлари суммасини олувчига етказиб бериш ва жўнатиш харажатлари етказилган зарар учун жавобгар бўлган иш берувчи ҳисобидан амалга оширилади.

Ушбу суммалар, олувчиларнинг хоҳишига кўра, уларнинг банкдаги ҳисоб рақамига ўтказилиши мумкин.

Зарарнинг белгиланган тўловлари қуйидаги муддатлардан бошлаб қайта ҳисоблаб чиқилади:

— зарарни қоплаш миқдорини ошириш ҳуқуқи вужудга келганда  тегишли ҳолатлар юзага келган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб;

— қоплаш миқдорининг камайтирилишига сабаб бўлувчи ҳолатлар юзага келганда  тегишли ҳолатлар юзага келган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб.

Зарарни ундирувчи шахс қариялар ёки ногиронлар уйига жойлаштирилган тақдирда, унга зарарни қоплаш миқдори билан у ердаги парвариш қилиш қиймати ўртасидаги фарқ тўланади, аммо бу тайинланган зарар қопланиши суммасининг 25 фоизидан кам бўлмаслиги керак.

Агар кўрсатиб ўтилган шахсларнинг қарамоғида меҳнатга лаёқатсиз кишилар бор бўлса зарар қуйидаги тартибда қопланади: қарамоғидаги меҳнатга лаёқатсиз бир киши ҳисобига  белгиланган қоплаш суммасининг чорак қисми, икки киши ҳисобига  учдан бир қисми, уч ва ундан кўп киши ҳисобига ярми қопланади. Тўловнинг қолган қисми қариялар ва ногиронлар уйида парвариш қилиш қийматини чегириб ташлаган ҳолда, аммо зарар қопланиши миқдорининг 25 фоизидан кам бўлмаган миқдорда, жабрланувчининг ўзига тўланади.

Суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этилиб жазо муддатини ўташ даврида қопланиши керак бўлган зарар суммаси олувчининг махсус ҳисоб рақамига ўтказилади ва унга озодликдан маҳрум этилган жойдан чиққандан кейин тўланади.

Тайинланган, аммо жабрланувчи ёки зарарни ундириш ҳуқуқига эга бўлган шахслар томонидан ўз вақтида олинмаган тўлов уни олиш ҳақида мурожаат қилинган олдинги 3 йилдан кўп бўлмаган вақт учун тўланади.

Зарар учун жавобгар бўлган иш берувчининг айби билан ўз вақтида олинмаган зарарни қоплаш суммаси бирон-бир муддат билан чегараланмаган ҳолда ўтган давр учун тўланади.

Жабрланувчига ёки боқувчининг вафоти туфайли зарарни ундириш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга тегишли бўлган ва вафот этиш туфайли улар томонидан тўлиқ олинмай қолган зарар ундириш суммаси умумий асосларда уларнинг меросхўрларига тўланади.

Жабрланганларга ёки зарарни ундириш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга ортиқча тўланган зарар тўлови суммаси, агар улар томонидан суиистеъмол қилиш оқибатида (қасддан нотўғри маълумотлар мавжуд бўлган ҳужжатлар тақдим этилиши, боқувчисини йўқотган тақдирда зарар суммасини ундириш тайинланган оила таркибидаги ўзгаришлар тўғрисида маълумотлар тақдим этилмаслиги натижасида ва бошқалар) ёхуд саноқдаги хато оқибатида асоссиз тўланган бўлса, қайтариб олиниши мумкин.

Нотўғри олинган зарар тўлови суммасини қайтариб олиш меҳнатга ҳақ тўлаш суммасидан чегириб қолишда қонун ҳужжатларида белгиланган кафолатларга риоя қилинган ҳолда амалга оширилади.

Зарарни қоплаш суммасини тўлаш тўхтатилган тақдирда ортиқча тўланган сумма бўйича қарзнинг қолган қисми суд тартибида ундирилади.

Зарар суммасини тўлаш даврида зарарни қоплаш тайинланиши тўғрисидаги буйруқнинг нусхаси (суднинг қарори), жабрланувчи ва бошқа манфаатдор шахсларнинг зарарни қоплаш тайинланиши тўғрисидаги аризаси барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда иш берувчининг бухгалтериясида ҳар бир олувчининг алоҳида ҳужжатлар йиғмажилдида, иш берувчи тугатилган тақдирда эса  иш берувчи рўйхатдан ўтказилган жойдаги Қорақалпоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаларининг даромадлар ва харажатлар бўлимида сақланади.

Зарар суммасини тўлаш тўхтатилгандан икки йил кейин кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар йиғмажилдлари иш берувчининг архивига ёки бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига доимий сақлаш учун топширилади.

Ўзбекистон Республикаси ташқарисига доимий яшаш учун жўнаб кетган шахсларга зарарни тўлаш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.

Хулоса

   Ходимнинг ўз меҳнат вазифаларни бажариши давомида иш берувчи томонидан етказилган зарарни қоплаш ҳақидаги меҳнат қонунчилигини  ўрганиш асосида шуни хулоса қилиш мумкинки, мана шундай зарарлар келиб чиқиши юз берган кўпчилик ҳолатларда, хусусан ходимлар ҳаёти, соғлиғи ва меҳнат қилиш имкониятларидан ғайриқонуний маҳрум бўлиш оқибатларида етказилган зарарлар қопланган.

   Бироқ мазкур масалалар бўйича чиқарилган ижобий қарорлар бир қатор сабабларга кўра юқори фоизларни ташкил қилмаяпти. Улардан айримлари қуйидагилар: ходимларга тўланадиган иш ҳақлари миқдорларини сунъий равишда камайтириб ҳисоблаш; ҳам иш берувчилар ҳам ходимларнинг ўз ҳуқуқларни яхши билмаслиги ҳамда билишни истамасликлари ёки амалиётда қўллай олмасликлари; фуқаролик тартибида иш юритишга доир процессуал қоидаларни билмасликлари; иш берувчилар томонидан меҳнат қонунчилиги ва зарарни тўлашга алоқадор бошқа ҳужжатлар талабларини билмасликлари ва ҳ.к.лар.

   Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 11 февралдаги қарори билан тасдиқланган “Ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш Қоидалари»даги айрим нормаларни қўллашда тегишли аниқликлар киритилиши мақсадга мувофиқ бўлар эди. Хусусан, ходимларнинг меҳнат вазифаларни бажариши муносабати билан ҳаётига, соғлиғига, меҳнат қилиш ҳуқуқлари поймол қилинишига сабаб бўлувчи ҳолатлар бўйича Олий суд Пленуми қарори қабул қилиниши масалани ижобий ҳал қилиш имконини беради.

  Бундан ташқари,  келиб чиққан зарар ҳажмини аниқлаш, зарарнинг келиб чиқишида ходимнинг айби ва иш берувчи айбининг нисбатини аниқлаш мезонларини ишлаб чиқилиши етказилган зарарларни қоплашда адолатлилик ҳамда оқилоналикни таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

  1. Каримов И.А. Конституция — юртимизда янги ҳаёт, янги жамият барпо этишнинг ҳуқуқий асоси. Т., Ўзбекистон, 2003 йил
  2. Каримов И.А. Эл-юрт ташвиши билан яшаш ва ишлаш асосий мезон. Т., Ўзбекистон, 2004 й.
  3. Каримов И.А. Бизнинг бош мақсадимиз-жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация ва ислоҳ этишдир. Т., Ўзбекистон, 2005.
  4. Каримов И.А. Инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари – энг олий қадрият. Т., Ўзбекистон, 2005.
  5. Каримов И.А. Инсон манфаатларини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш – устувор вазифамиздир. Халқ сўзи, 2006 йил 8 декабрь сони.
  6. Каримов И.А. Янгиланиш ва барқарор тарққиёт йўлидан янада изчил ҳаракат қилиш, халқимиз учун фаровон турмуш шароити яратиш – асосий вазифамиздир. Халқ сўзи, 2007 йил 13 февраль сони.
  7. Иноятов А.А. Ўзбекистон Республикасининг меҳнат ҳуқуқи. Дарслик.- Т.: Иқтисодиёт ва ҳуқуқ дунёси нашриёт уйи, 2002.- 383 б.
  8. Турсунов Й. Меҳнат ҳуқуқи. Дарслик.- Т.: Молия, 2002.- 279 б.
  9. Турсунов Й. Трудовое право Республики Узбекистан. Учебник. -Т.: ТДЮИ, 2005.- 251с.
  10. Турсунов Й. Меҳнат ҳуқуқи. Ўқув қўлланма.- Т.: Молия, 1999.- 187 б.
  11. Турсунов Й.,Усманова М. Меҳнат ҳуқуқи.Ўқув қўлланма.-Т.: Молия, 2001.- 227 б.
  12. Гасанов М.Ю., Соколов Е.А. Ўзбекистон Республикасида меҳнат шартномалари (контракт). Ўқув-услубий қўлланма.-Т.: Ўқитувчи, 1-2-томлар. 1996.-224,253 б.
  13. Гасанов М.Ю., Соколов Е.А. Ўзбекистоннинг  меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари. Меҳнат шартномаси (контракт). Ўқув-услубий қўлланма.-Т.: 1999.-528 б.
  14. Гасанов М.Ю., Соколов Е.А. Ўзбекистонннинг меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари. Иш вақти ва дам олиш вақти.Ўқув-услубий қўлланма.-Т.: Ўқитувчи, 2000.-511 б.
  15. Турсунов Й., Усманова М., Нуриддинова А. Меҳнат ҳуқуқи. Ўқув-услубий қўлланма.- Т.: ТДЮИ, 2003.-51 б.
  16. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 11 февралдаги қарори билан тасдиқланган “Ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш Қоидалари». Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами», 2005 йил, 5-6-сон.

[1] Ўзбекистон Республикаси меҳнат қонунчилиги бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. Т: Ўзбекистон, 2006 й.

[2] Ўзбекистоннинг янги қонунлари. Т: Адолат, 1992 й. 6-сон, 72-бет.

[3] Ўзбекистоннинг янги қонунлари. Т: Адолат, 1993 й. 8-сон, 103-бет.

[4] Ўзбекистоннинг янги қонунлари.Т: Адолат, 1998 й. 19-сон, 191-бет.

[5] Иноятов А.А. Ўзбекистон Республикасининг меҳнат ҳуқуқи. Т: Иқтисодиёт ва ҳуқуқ дунёси нашриёт уйи. 2002 й. 263-бет.

1 Ўзбекистон Республикаси Олий судининг бюллетени. 1991 йил, 3-сон, 3-бет; 1994 йил, 3-сон, 3-бет.

1 Ўзбекистон Республикаси Олий судининг бюллетени. 1991 йил, 3-сон, 3-бет; 1994 йил, 3-сон, 3-бет.

1 Мазкур қарорга Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2000 йил 28 июлдаги 86-қарори асосида ўзгартириш ва қўшимча киритилган.

1 Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 6 майдаги “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуни (Ўзбекистоннинг янги қонунлари, 4-сон, “Адолат” нашриёти. Тошкент., 1994 йил, 103-бет); “Ногиронликни белгилаш қоидалари: Ишлаб чиқаршдаги бахтсизлик ҳодисаларни текшириш ва ҳисобга олиш тартиби ҳақида”ги низом (қТ: 1994 йил, 2-сон, 7-модда). Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 105-106-моддалари.

3 Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 105-116-моддалари.

0
0

Muallif: G'ayrat Bozorov

Bu qiziq!

zarar ish ber

Иш берувчига етказилган зарар учун ходимнинг моддий жавобгарлиги. Презентация

Презентацияни  00