So'ngi yangiliklar
Bosh sahifa / Adabiyotlar / Referatlar / Дам олиш ва байрам кунлари ишлаганда иш ҳақи тўлаш

Дам олиш ва байрам кунлари ишлаганда иш ҳақи тўлаш

РЕФЕРАТ

КИРИШ

АСОСИЙ ҚИСМ

  1. Меҳнат муносабатларида ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ва уларнинг амалга оширилиши.
  2. Дам олиш ва байрам кунлари.

III.   Дам олиш ва байрам кунлари учун  бажарилган ишлар учун ҳақ тўлаш тартиби.

ХУЛОСА

КИРИШ

Давлатимиз ва миллатимиз ўз мустақиллигига эришганидан кейин ўтган йилларда мамлакатимизда туб ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда. Бу ислоҳотларнинг бош мақсади — инсон учун қулай ва фаровон турмуш шароитини барпо этиш, унинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини самарали ҳимоялаш, тўла кафолатлашдан иборатдир.

Республикамиз Президенти И.А. Каримов таъкидлаганидек: «Бозор иқтисодиётини барпо этиш шунчаки бир мақсад эмас. Барча иқтисодий, демократик, сиёсий ислоҳотларнинг пировард мақсадларининг ўзи, бу энг аввало инсон учун муносиб турмуш ва фаолият шароитларини яратишдир».[1]

Инсон учун ана шундай муҳим аҳамиятга эга бўлган ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларидан бири — меҳнат қилиш соҳасидаги ҳуқуқлардир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасида ҳар бир шахс меҳнат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги, бу ҳуқуқни рўёбга чиқарилиши давлат томонидан кафолатланиши мустаҳкамлаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида шахсларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқи мазмуни атрофлича ёритилган ва ундаги қоидалар инсон ҳуқуқларига оид бўлган энг нуфузли халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар: БМТ нинг «Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси», «Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисида»ги, «Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида»ги Пактлар, Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Конвенциялари ҳамда тавсияларига тўла мос келади.

«Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси»нинг 23-моддаси, 2-бандига кўра: «Ҳар бир инсон ҳеч бир камситишсиз тенг меҳнат учун тенг ҳақ олиш ҳуқуқига эга».[2] Яъни иш ҳақи олиш меҳнат қилиш ҳуқуқининг таркибий қисми ва асосий мақсадларидан бири сифатида инсон ҳуқуқларининг энг муҳимларидан бири сифатида қаралади.

Бозор муносабатларининг жорий этилиши ва собиқ социализм тузуми давридаги меҳнат ҳақи соҳасидаги сунъий тенглик, боқимандачилик кайфиятлари ҳамда бу соҳада амал қилган маъмурий чеклашларга барҳам берилиши меҳнатга ҳақ тўлаш соҳасида янги тамойиллар ва қоидаларни жорий этилишига олиб келди. Меҳнатга ҳақ тўлаш чоғида сунъий баробарлаштириш, иш ҳақи миқдорини норматив йўл билан чеклаш барҳам топди ва унинг ўрнига энг кам иш ҳақи давлат томонидан белгилаб қўйилгани ҳолда унинг энг кўп миқдорининг чекланмаслиги, иш ҳақи тўлашда корхоналарнинг ўзига (иш берувчилар ва ходимлар вакиллик органлари ўзаро келишувлари орқали) кенг ваколатлар берилиши, иш ҳақи миқдори ва унинг тизимларини белгилашда меҳнатнинг рағбатлантирувчи кучини тўла ишга солиниши, иш ҳақи тўлашда қонунийлик ҳамда ижтимоий адолатни тўла таъминлашга ҳаракат қилиниши каби янги тамойилларни жорий этилиши иш ҳақини ижтимоий ҳодиса сифатида чуқур ва атрофлича илмий талқин қилишликни, бозор шароитида унинг инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги ўрни ва аҳамиятини янгича мушоҳада қилишликни тақазо қилади. Мамлакат ишга яроқли аҳолисининг жуда кўпчилиги ёлланма меҳнат асосида корхона ва ташкилотларда меҳнат қилишлари уларнинг ҳамда оила аъзоларининг асосий тирикчилик манбаи корхоналардан олинадиган иш ҳақидан иборат эканлиги ушбу ҳодисани чуқур ўрганиш заруратини янада оширади. Зеро, иш ҳақи тўлаш чоғида қонунийлик ва ижтимоий адолатни тўла таъминланиши демократик, ҳуқуқий давлатнинг асосий хоссаларидан саналади.

Дам олиш ва байрам кунлари

Маълумки, дам олиш ҳуқуқи фуқароларнинг энг муҳим ҳуқуқларидан бири бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 38-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган. Бу ҳуқуқ ходимлар учун 40 соатдан ошмайдиган иш ҳафтаси, бир қатор касблар ва ишлаб чиқаришлар учун қисқартирилган иш куни, тунги пайтларда қисқартирилган иш вақти белгиланиши, ҳар йили ҳақ тўланадиган таътиллар бериш, ҳар ҳафтада дам олиш кунлари бериб туриш ва дам олиш учун бошқ маданий-маиший шароитларни яратиб бериш билан таъминланади.

         Дам олиш вақти мавзуси Меҳнат кодексининг XIII бобида баён этилган. Дам олиш вақтига оидҳуқуқий нормалар Меҳнат кодекси ва корхонанинг жамоа шартномасида (37-модда) аниқ белгилаб қўйилган.

         Меҳнат қонунчилигига кўра, дам олиш вақти ходим меҳнат вазифаларини бажаришдан ҳоли бўлган ва бундан ўз ихтиёрига кўра фойдаланиши мумкин бўлган вақтдир. Дам олиш вақти иш куни давомидаги танаффуслар, иш куни (смена) орасидаги дам олиш вақти, ҳафталик узлуксиз дам олиш, байрам кунлари, таътиллар каби турларга бўлинади.

         Меҳнат кодексининг 127-моддасига мувофиқ, ходимларга дам олиш ва овқатланиш учун иш куни (смена) давомида танаффус берилади, бу танаффус иш вақтига кирмайди.

         Танаффус, одатда, иш бошлангандан кейин узоғи билан тўрт соатдан кейин берилади. Танаффус муддати ва уни бериш вақти ички меҳнат тартиби қоидаларида, сменалар графикларида ёки ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан белгиланади.

         Ишлаб чиқариш шароитига кўра, танаффус бериш мумкин бўлмаган ишларда иш берувчи томонидан ходимларга овқатланиб олиш учун иш вақти давомида 30 дақиқа муддат билан белгиланади.1 Бундай ишлар рўйҳати, овқатланиш тартиби ва жойи, ички меҳнат тартиби қоидаларида белгилаб қўйилади. Меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар билан иш куни (смена) давомида бошқа танаффуслар ҳам белгилаб қўйилиши мумкин.

         Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва ҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан 1999 йил 7 майда тегишли органлар билан келишиб, Идоравий мансублиги, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъий назар корхона, муассаса ва ташкилотнинг намунавий ички меҳнат тартиби қоидалари тасдиқланиб, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги 1999 йил 14 июнда 746-сон билан рўйҳатга олинган.2Ушбу Намунавий ички меҳнат тартиби қоидаларида кўрсатилишича, ҳар кунги ишнинг бошланиш ҳамда дам олиш ва овқатланиш учун берладиган танаффус вақти аниқ белгилаб қўйилади.

         Барча ходимларга дам олиш кунлари (ҳар ҳафталик узлуксиз дам олиш) берилади.

         Беш кунлик иш ҳафтаси шароитида ходимларга ҳафтада икки кун дам олиш куни, олти кунлик иш ҳафтасида эса бир дам олиш куни берилади.

         Умумий дам олиш куни якшанбадир. Беш кунлик иш ҳафтасида иккинчи дам олиш куни, муассаса, ташкилотнинг ички меҳнат тартиби қоидалари билан белгиланади. Одатда, ҳар икки дам олиш куни кетма-кет берилади. Сменалар бўйича ишлайдиган бўлинмаларда (чсасткаларда) дам олиш кунларини бериш сменалар графигига мувофиқ белгиланади (Намунавий ички меҳнат тартиби қоидаларининг 4.8-банди).

         Айрим ходимларни дам олиш кунлари ишга жалб қилишга иш берувчининг фармойиши бўйича алоҳида ҳолларда жамоа шартномасида белгиланган асослар ва тартибда йўл қўйилади. Агар корхонада жамоа шартномаси тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қумитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб тегишли асослар ва тартиб белгиланган бўлиши керак.

         Ходимларни дам олиш кунлари ишга жалб қилиш айрим тоифа ходимлар (ногиронлар, аёллар, вояга етмаган шахслар) учун қонунчиликда белгиланган чеклашларга риоя этган ҳолда амалга оширилади.

         Дам олиш кунлари бажарилган ишлар учун камида икки хисса миқдорда ҳақ тўланади (МКнинг 157-моддаси).

         Амалдаги қонунчиликка биноан байра кунлари шонли воқеалар ёки анъанавий кунларга бағишланадиган кунлар бўлиб, умумий қоидага биноан, шу кунлари корхона, муассаса, ташкилотлрда иш бажарилмайди.

         Қуйидагилар кунлар байрам (ишламайдиган) кунлардир:

         1 январ                —        Янги йил;

         8 март                 —        Хотин-қизлар куни;

         21 март               —        Наврўз байрами;

         9 май                   —        Хотира ва қадрлаш куни;

         1 сентябр            —        Мустақиллик куни;

         8 декабр              —        Конституция куни;

         Рўза хайит                   —        (Ийд ал-фитр) диний байрамининг биринчи куни;

         Қурбон хайит     —        (Ийд ал-Адҳа) диний байрамининг биринчи куни.

         Юқорида айтилганидек, байрам (ишланмайдиган) кунлар ишлаш ман этилади. Ходимларни иш берувчининг фармойиши билан ана шу кунлари ишга жалб этишга алоҳида ҳолларда қонунда назарда тутилган асослар бўйича ва тартибда йўл қўйилади.

         Ишлаб чиқариш-техника шароитлари ва бошқа шароитларга (узлуксиз ишлайдиган корхоналар, объектларни қўриқлаш, уларнн хавфсизлигини таъминлаш кабилар)га кўри ишни тўхтатиб туриш мумкин бўлмаган жойларда, алоҳига хизмат кўрсатиш зарурати бўлган ишларда, шунингдек кечиктириб бўлмайдиган таъмирлаш ва юк ортиш-тушириш ишларида байрам (ишланмайдиган) кунлари ишлашга йўл қўйилади.

         Байрам (ишланмайдиган) кунлари бажарилган ишлар учун компенсация ва ҳақ тўлаш Кодекснинг 157-моддасига мувофиқ амалга оширилади.

Меҳнат муносабатларида ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ва уларнинг амалга оширилиши

Инсон ва унинг ҳуқуқи, эркинлиги ҳозирги замоннинг энг долзарб масалаларидан биридир. Инсон ҳуқуқлари масаласи демократик ҳуқуқий давлатнинг муҳим белгиларидан бири бўлиб, у давлатнинг қай даражада ривожланганлигини кўрсатувчи мезон сифатида намоён бўлади. Ўзбекистоннинг демократик ҳуқуқий давлат қуриш йўлига ўтиши ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларга янгича ёндашиш, эски андозалардан воз кечиш ҳамда жаҳон тажрибасини ҳисобга олишни объектив асосда талаб қилмоқда.1

Мамлакатимиз бозор иқтисодиёти шароитига ўтгандан кейин амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг асосий ва пировард мақсади бу энг аввало инсон учун муносиб турмуш ва фаолият шароитларини яратишдир. Фуқароларимиз асосий тирикчилик манбаи ва турмуш фаровонлигини оширишнинг етакчи воситаси бўлиб бугунги кунда меҳнат шартномаси асосида (ёлланиб) ишловчи фуқаролар-ходимларга тўланадиган иш ҳақи ҳисобланади. Даромад олишнинг таркибий қисми ҳисобланган меҳнатнинг миқдори ва сифатига муносиб иш ҳақи олиш кишиларнинг энг муҳим иқтисодий ҳуқуқи ҳисобланади.

Республикамизда иш ҳақи олишга доир бўлган эркин меҳнат муносабатларини қарор топишида халқаро ҳуқуқ меъёрларига таяниш бу соҳада демократиявийликни таъминлашга муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

Меҳнат муносабатларида ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларидан бири бўлган иш ҳақи олиш ҳуқуқи ва унда ижтимоий адолат тамойилларига риоя қилишга бўлган талаб БМТ нинг «Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси» да (1948 йил 10 декабрь), «Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисида Халқаро Пакт» (1966 йил 19 декабрь), «Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида Халқаро Пакт» (1966 йил 19 декабрь) ва ушбу Пактнинг фаькултатив Протоколида, Халқаро Меҳнат Ташкилотининг бир қанча, жумладан «Иш ҳақи ҳимояси тўғрисида» ги, «Бир хил қийматдаги меҳнат учун  эркаклар ва аёлларни тенг тақдирлаш тўғрисида» ги, «Меҳнат ва бандлик соҳасида дискриминация тўғрисида» ги Конвенцияларида ифодаланган. Масалан, «Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси» нинг 23-моддаси 2-бандида фуқароларнинг иш ҳақи олишга бўлган ҳуқуқи шундай ифодаланган: «Ҳар бир инсон ҳеч бир камситишсиз тенг меҳнат учун тенг ҳақ олиш ҳуқуқига эга». Декларация 23-моддасининг 3-банди юқоридаги қоидани яна мантиқан шундай тўлдиради: «Ҳар бир ишловчи киши ўзи ва оиласи учун инсонга муносиб яшашни таъминлайдиган адолатли ва қониқарли даромад олишга, зарур бўлганда ижтимоий таъминотнинг бошқа воситалари билан тўлдирилувчи даромад олиш ҳуқуқига эга.»1 Ушбу масалага оид муносабат «Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисида Халқаро Пакт»да қуйидагича ифодаланган:

«Ушбу Пактда иштирок этувчи давлатлар ҳар бир инсоннинг ишлаб маблағ топиш имкониятини қамраб оладиган меҳнат қилиш ҳуқуқини тан олади. Пактда иштирок этувчи давлатлар ҳар бир кишининг адолатли ва қулай шароитга эга бўлган меҳнат қилиш ҳуқуқини, жумладан қуйидагиларни тан олади:

а) барча меҳнаткашларга камида қуйидагиларни таъминлайдиган ҳақ-

  1. i) тенг қийматга эга меҳнат учун ҳеч бир тафовутсиз адолатли иш ҳақи ва тенг даромад, айни пайтда жумладан, аёлларга эркакларникидан кам бўлмаган меҳнат шароитига кафолат бериши ҳамда тенг меҳнат учун тенг ҳақ тўланиши керак.»2

Ўзбекистон Республикаси халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси ва халқаро ҳуқуқий нормалар устуворлигини сўзсиз эътироф этувчи демократик давлат сифатида юқорида санаб ўтилган («Иш ҳақи ҳимояси тўғрисида»ги Конвенциядан ташқари) халқаро ҳуқуқий ҳужжатларни ратификация қилган. Бу стандартларнинг кўпчилигига жаҳоннинг барча давлатлари учун мажбурий ҳисобланган ва умум эътироф этилган халқаро ҳуқуқ тамойиллари ва меъёрлари сифатида қаралади. Улар мамлакат Конституцияси ҳамда миллий қонунчилик орқали кафолатланиши керак. Давлат инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқ меъёрларини эътироф этиш билан бирга, фақат халқаро ҳамжамият олдида эмас, балки ўз фуқаролари олдида ҳам муайян мажбуриятлар олади.[3]

Ўзбекистон Республикаси ҳам юқоридаги халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар қоидаларини ўзининг миллий қонунчилига имилементациялаган бўлиб, ҳозир амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Меҳнат кодекси ва бошқа меҳнат тўғрисидаги қонунчилик нормаларида у ўз аксини топган.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 37-моддасига мувофиқ ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга. Модда матнига назар ташлайдиган бўлсак, ходимлар-фуқароларнинг адолатли иш ҳақи олишга бўлган ҳуқуқ тўғридан-тўғри кўрсатилмаган. Бу дегани Асосий қонунда бу масала очиқ қолган деган хулоса чиқариш учун асос бўлмайди. Фуқароларнинг тенг меҳнатга тенг ҳақ олиш ва муносиб турмуш кечириш учун зарурий даромадга эга бўла олиш ҳуқуқи Конституция 37-моддасининг адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ҳуқуқи таркибига киритилган. Иш ҳақи ва унинг ҳажми ҳам адолатли меҳнат шароитининг таркибий қисми эканлиги бу ҳолатни аниқ тушунтиради.

Авваллари амалда бўлган  Меҳнат қонунлари кодекси меҳнат муносабатларини маъмурий буйруқбозлик тизими ва давлат мулки монополиясига асосланган бўлиб, барча масалаларни марказлаштирилган ҳолда ҳал қилишга интилиб келинган. Оқибатда ишчилар ва иш берувчиларнинг меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиб туриш соҳасидаги имкониятлари чекланган эди.1

Эндиликда вазият тубдан ўзгарди. Бозор иқтисодиётига ўтган, мулкчилик шаклларининг хилма-хиллиги, меҳнат муносабатларининг шартнома асосида тартибга солиниши корхоналарда меҳнат шартномаларининг тубдан фарқ қилишга олиб келди. Хусусан, ходимларнинг муҳим иқтисодий ҳуқуқи — иш ҳақини олишга бўлган ҳуқуқлар соҳасида ҳам шартномавийликнинг роли ошди. Айни пайтда меҳнат ҳақининг миқдори иш берувчи билан ходим ўртасидаги келишувга биноан белгиланади, меҳнат ҳақи қонун ҳужжатлари билан белгиланган энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмас ва унинг энг кўп миқдори бирон бир тарзда чекланмайди.2

Фуқароларнинг меҳнат муносабатларидаги ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларидан бири бўлган меҳнатга ҳақ олиш ҳуқуқининг норматив ҳужжатларда белгиланиб қўйилишининг ўзи бир кафолат ҳисобланса-да, бу ҳуқуқнинг аниқ тамойиллар асосида амалга оширилиши тўлиқ кафолатни ташкил қилади. Шу жиҳатдан қараганимизда, меҳнатга ҳақ тўлашни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишда фуқароларнинг моддий аҳволини яхшилашни назарда тутсак меҳнатга ҳақ тўлашнинг ижтимоий адолат тамойили муҳим аҳамият касб этади.

Маълумки, умумий ҳуқуқий тамойиллар меҳнат ҳуқуқига ҳам тааллуқлидир. Айни вақтда, меҳнат ҳуқуқининг ўз соҳасига оид тамойиллари ҳам мавжуд. Меҳнат ҳуқуқининг тамойиллари деганда, амалдаги қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйилган ҳамда ўзида ёлланма меҳнатни ташкил қилиш ва қўллаш, меҳнат бозорини амал қилиши билан боғлиқ ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишини ва меҳнат ҳуқуқи нормаси моҳиятини ифодалайдиган асос бўлувчи раҳбарий ғоялар тушунилади.1

Ижтимоий адолат тамойили меҳнат ҳуқуқи тармоғининг тамойили ҳисобланиб инсонпарварлик ғояларига асослангандир. Эътиборли жиҳати шундаки, меҳнат ҳуқуқи тармоғининг тамойиллари ушбу ҳуқуқ соҳасининг нормалари моҳиятининг умумий хусусиятларини ифодалайди. Бу каби тамойиллар алоҳида-алоҳида ҳуқуқий институтлар ҳуқуқ нормаларида мазмуни ва қандай мақсадга йўналтирилганига боғлиқ ҳолда намоён бўлади. Юқорида айтилганидек, меҳнат ҳуқуқининг тамойиллари умумий ҳуқуқ тамойиллари каби алоҳида-алоҳида нормаларда мустаҳкамлаб қўйилмагани сабабли яққол намоён бўлмайди. Аксинча улар ҳуқуқий нормалар замирида яширингани боис, унинг мазмуни ҳуқуқий норма моҳиятидан келиб чиқади.2

Меҳнат ҳуқуқидаги ижтимоий адолат тамойили меҳнат ҳуқуқининг алоҳида институти — меҳнат ҳақ тўлашда энди алоҳида институтга оид тамойилларни ўзида жамлаган тамойилга айланади. Масалан, ушбу институтнинг ҳеч қандай камситишларсиз қонунда белгиланган минимал миқдордан кам ҳақ тўламаслик, бажарилган ишнинг миқдори ва сифатига яраша чекланмаган ҳақ тўлаш, тенг меҳнатга тенг ҳақ тўлаш каби муҳим ғояларни ижтимоий адолат тамойили ўзига бириктиради.

Ижтимоий адолат тамойилида тўлиқ инсонпарварлик ва демократик ғоялар ўз аксини топган бўлиб, меҳнатга ҳақ тўлаш соҳасида вужудга келиши мумкин бўлган ҳар қандай дискриминацияни олдини олади. Объектив иқтисодий қонунлар шароитида айни пайтда мазкур тамойил давлат сиёсатининг асосий йўналишини билдиради ҳамда ўзининг тартибга солувчилик жиҳатидан қараганда катта аҳамиятга эгадир.

Дам олиш ва байрам кунлари учун  бажарилган ишлар учун ҳақ тўлаш тартиби

         Меҳнат кодексининг 157-моддасида кўрсатилганидек, иш вақтидан ташқари ишлар, дам олиш кунлари ва байрам кунларидаги ишлар учун камида икки ҳисса миқдорда ҳақ тўланади. Тўланадиган ҳақнинг аниқ миқдори жамоа шартномасида белгилаб қўйилади. Шу кунлар бажарилган иш учун ходимнинг хоҳишига қараб бошқа дам олиш куни (отгул) бериш мумкин. Ходимнинг илтимосига биноан, иш вақтидан ташқари иш учун белгиланган иш вақтидан ташқари бажарилган иш соатларига тенг келадиган миқдорда отгул бериш ҳам мумкин. Байрам ёки дам олиш кунидаги ишлар ёхуд иш вақтидан ташқари бажарилган ишлар учун бошқа дам олиш куни берилса, бундай ишлар учун камида бир ҳисса миқдорида ҳақ тўланади.

         Жамоа шартномасида кечки сменадаги иш учун оширилган миқдорда ҳақ тўлаш назарда тутилиши мумкин. Бевосита тунги сменадан олдингиси кечки смена деб ҳисобланади. Ходимниг айбисиз яроқсиз маҳсулот тайёрланганда ва бекор туриб қолинган вақтда унинг ўртача иш ҳақи сақланади. Ходимнинг айби билан тайёрланган қисман яроқсиз махсулот учун камайтирилган ишбай баҳолар бўйича ҳақ тўланади, бундай бҳолар жамоа шартномасида белгилаб қўйилади.

         Ходимнинг айби билан тайёрланган тўлиқ яроқсиз маҳсулот ва бекор туриб қолинган вақт учун ҳақ тўланмайди.

         Кодекснинг 160-моддасида кўрсатилганидек, бир неча касаба (лавозимида) ишлаганлик, хизмат кўрсатиш доираси кенгайганлиги, бажариладиган ишлар ҳажми ортганлиги, ўзининг асосий иш билан бир қаторда ишда вақтинча бўлмаган ходимларнинг вазифаларини бажарганлиги учун, шунингдек, ўриндошлик асосида иш бажарилганида, ходимларнинг меҳнат ҳақи миқдори меҳнат шартномасининг тарафлари ўртасидаги келишувга биноан амалда бажарилган иш юзасидан белгиланади. Меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномасида ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгилаб қўйилади. Жамоа шартномасида иш берувчининг айби билан ходимга ҳақ тўлаш белгиланган муддатларга нисбатан кечикканлиги учун жавобгарлик назарда тутилиши мумкин. Ходимларга иш ҳақи, одатда, улар ишлаётган жойда тўланади.

         Меҳнат кодексининг 164-моддасида меҳнат ҳақидан ушлаб қолиш мумкин бўлган ҳолатлар кўрсатилган. Умумий қоидага кўра, ходимнинг ёзма ролиги билан, розилик бўлмаса суднинг қарорига асосан, меҳнат ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин. Ушбу моддада ходимнинг розилигидан қатъий назар, меҳнат ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин бўлган ҳолатлар санаб кўрсатилган. Иш ҳақини ҳар гал тўлаш вақтида ушлаб қолинадиган ҳақнинг умумий миқдори ходимга тегишли бўлган меҳнат ҳақининг эллик фоизидан ортиб кетмаслиги лозим.

         қоидага кўра, ўртача ойлик иш ҳақи кейинги икки календарь ойдаги ўртача ойлик иш ҳақидан келиб чиқиб белгиланади.

         Ходим меҳнат таътилида бўлганда давлат ёки жамоат вазифаларини бажариш, икки ойгача бўлган муддатда иш қидириш (маҳаллий меҳнат органи томонидан берилган маълумотномага мувофиқ уч ой), шунингдек касаллик даврида тариф ставкалари, лавозим маошлари миқдорлари ошган ҳолларда, меҳнатга ҳақ тўлашнинг янги шартларидаги корхоналар, ташкилотлар, муассасаларнинг ишлаган кунларига тўғри келган иш кунларининг амалдаги сони учун тўловлар қайта ҳисобланади.1

         Умумий қоидага кўра, ходимнинг ёзма розилиги билан, бундай розилик бўлмаган тақдирда эса, суднинг қарорига асосан меҳнат ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин.

         Қуйидаги ҳолларда ходимнинг розилигидан қатъий назар меҳнат ҳақидан ушлаб қолинади:

1)  Ўзбекистон Республикасида белгиланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш учун;

2)  суднинг қарорлари ва бошқа ижро этиш учун;

3)  иш ҳақи ҳисобига берилган авансни ушлаб қолиш учун хўжалик эҳтиёжларига берилган бўлиб, сарф қилинмай қолган ва ўз вақтида қайтарилмаган авансни ушлаб қолиш учун ҳамда ҳисоб-китобдаги хатолар натижасида ортиқча тўланган суммани қайтариб олиш учун. Бундай ҳолларда иш берувчи авансни қайтариш ёки қарзни тўлаш учун белгиланган муддат тамом бўлган кундан ёхуд ҳақ тўлаш нотўғри ҳисоблаб чиқарилган кундан бошлаб бир ойдан кечиктирмасдан аванс ёки қарзни ушлаб қолиш ҳақида фармойиш беришга ҳақлидир. Агар бу муддат ўтиб кетган бўлса ёки ходим хўжалик эҳтиёжларига хизмат сафарларига ёхуд бошқа жойдаги ишга ўтганлиги муносабати билан берилган аванснинг ушлаб қолинишини асоссиз ёки миқдорини нотўғри деб ҳисобласа, у ҳолда қарз суд тартибида ундирилади;

4)  ҳисобидан ходим таътил олиб бўлган иш йили тугамасдан туриб меҳнат шартномаси бекор қилинганда, таътилнинг ишланмаган даврига тегишли кунлари учун. Ана шу кунлар учун ҳақ меҳнат шартномаси ушбу Кодекснинг 89-моддаси 4-қисмида, 100-модданинг 2-қисми 1 ва 2-бандларида, 106-модданинг 1 ва 2-бандларига кўрсатилган асосларга кўра, шунингдек ўқишга кирганлиги ёки пенсияга чиққанлиги муносабати билан бекор қилинганда ушлаб қолинмайди;

5)  ходим томонидан иш берувчига етказилган зарарни қоплаш учун, агар етказилган зарарнинг миқдори ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақидан ортиқ бўлмаса;

6)  ушбу Кодекснинг 181-моддаси 1-қисмининг 2-бандида назарда тутилган жарима ундириш учун.

         Иш ҳақини тўлаш вақтида ушлаб қолинадиган ҳақнинг умумий миқдори ходимга тегишли бўлган меҳнат ҳақининг 50%идан ортиб кетмаслиги лозим.

         Меҳнатга ҳақ, қоида тариқасида пул шаклида тўланади. Меҳнатга ҳақни алкоголли муҳсулотлар ва тамаки маҳсулотлари, шунингдек рўйҳати Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан белгилаб қўйиладиган бошқа товарлар тарзида тўлаш таъқиқланади (МКнинг 153-моддаси).

         Фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, мулкчилик шаклларидан қатъий назар корхоналар ва ташкилотлар ходимларига иш ҳақи ўз вақтида ва тўлиқ тўланиши учун хўжалик юритувчи субъектларнинг жавобгарлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2002 йил 19 мартда “Иш ҳақи ўз вақтида тўланишига доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилинган.1 Мазкур қарорда таъкидланишича, 2002 йил апрелдан бошлаб мулкчилик шаклларидан қатъий назар, корхоналар ва ташкилотларнинг иш ҳақини товарлар билан натура шаклида тўлаши таъқиқланади. Бунда қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари томонидан етиштирилган ва қайта ишланган, ходимларнинг ёзма аризасига кўра шартномавий нархларда бериладиган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари бундан мустаснодир. Қарорда белгиланганидек, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, мулкчилик шаклларидан қатъий назар, корхоналар ва ташкилотлар раҳбарлари ходимларга иш ҳақи ўз вақтида ва тўлиқ тўланиши учун шахсан жавоб берадилар.

         Мазкур қарорда Ўзбекистон Касаба Уюшмалари Федерацияси Кенгашига, касаба уюшмаларининг тармоқ кенгашларига, вазирликлар ва идоралар билан биргаликда меҳнатга ҳақ тўашни тартибга солишда ва у ўз вақтида тўланишини таъминлашда жамоа шартномаларининг, хўжалик юритувчи субъектларнингnbsp; бошқа норматив ҳужжатларининг ролини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар кўриш тавсия этилган. Шунингдек бу чора-тадбирларда иш ҳақи ўз вақтида тўланмаганлиги учун иш берувчиларнинг моддий жавобгарлиги чоралари назарда тутилсин, деб таъкидланган.

ХУЛОСА

Жамиятда қонунийлик, ижтимоий адолат, демократия каби конституциявий тамойилларни қарор топтириш, халқ учун фаровон турмуш шароитини яратиш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсадидир. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримов таъкидлаганларидек: “Биз амалга ошираётган ўзгаришлар, янгиланиш ва ислоҳотларнинг асосий мазмуни – шу азиз диёрда яшаётган инсонларнинг оғирини енгил қилиш, уларнинг фаровон ва тўкис яшаши ва меҳнат қилиши учун муносиб шарт-шароит яратиб беришдан иборат”.1

Юртбошимиз Ўзбекистон Республикаси Олий мажлисининг иккинчи чақириқ 14-сессиясидаги нутқида ҳам хавфсизлик ва бошқа масалаларни долзарб вазифалигини айтиб ўтган ҳолда, бу вазифаларнинг негизида «халқимизнинг ҳаёт даражасини юксалтириш; нафақат давлатнинг, балки ҳар қайси оила, ҳар қайси одамнинг даромадини кўтариш, турмуш даражасини яхшилаш каби кўп ишлар мавжудлиги ва уларни амалга оширишимиз даркорлигини» алоҳида эътироф этди.2

Кишиларимизнинг турмуш фаровонликларини оширишда, шубҳасиз уларнинг иқтисодий ҳуқуқлари таъминланиши лозим. Меҳнат соҳасидаги муҳим иқтисодий ҳуқуқлардан бири — бу ходимларнинг бажарган ишлари учун муносиб иш ҳақи олиш ҳуқуқидир. Мазкур ҳуқуқ таъминланишида ижтимоий адолат тамойили ва унга амал қилишликни таъминлаш ушбу ҳуқуқни тўла-тўкис рўёбга чиқаришда муҳим вазифа ҳисобланади.

    Дам олиш ва байрам кунлари ишга жалб этиш ҳамда бундай ишга жалб қилганлик учун ходимларга қўшимча тўловлар амалга оширилиши – бу уларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоялашдан иборат бўлиб ҳисобланади.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

  1. Каримов И.А. Конституция-юртимизда янги ҳаёт, янги жамият барпо этишнинг ҳуқуқий асоси. Т., Ўзбекистон, 2003 йил
  2. Каримов И.А. Эл-юрт ташвиши билан яшаш ва ишлаш асосий мезон. Т.,Ўзбекистон, 2004 й.
  3. Каримов И.А. Бизнинг бош мақсадимиз-жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация ва ислоҳ этишдир. Т., Ўзбекистон, 2005.
  4. Каримов И.А. Инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари – энг олий қадрият. Т., Ўзбекистон, 2005.
  5. Каримов И.А.
  6. Иноятов А.А. Ўзбекистон Республикасининг меҳнат ҳуқуқи. Дарслик.- Т.: Иқтисодиёт ва ҳуқуқ дунёси нашриёт уйи, 2002.- 383 б.
  7. Турсунов Й. Меҳнат ҳуқуқи. Дарслик.- Т.: Молия, 2002.- 279 б.
  8. Турсунов Й. Трудовое право Республики Узбекистан. Учебник. -Т.: ТДЮИ, 2005.- 251с.
  9. Турсунов Й. Меҳнат ҳуқуқи. Ўқув қўлланма.- Т.: Молия, 1999.- 187 б.
  10. Турсунов Й.,Усманова М. Меҳнат ҳуқуқи.Ўқув қўлланма.-Т.: Молия, 2001.- 227 б.
  11. Гасанов М.Ю., Соколов Е.А. Ўзбекистон Республикасида меҳнат шартномалари (контракт). Ўқув-услубий қўлланма.-Т.: Ўқитувчи, 1-2-томлар. 1996.-224,253 б.
  12. Гасанов М.Ю., Соколов Е.А. Ўзбекистоннинг меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари. Меҳнат шартномаси (контракт). Ўқув-услубий қўлланма.-Т.: 1999.-528 б.
  13. Гасанов М.Ю., Соколов Е.А. Ўзбекистонннинг меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари. Иш вақти ва дам олиш вақти.Ўқув-услубий қўлланма.-Т.: Ўқитувчи, 2000.-511 б.
  14. Корхоналарда иш ҳақи. Т: Иқтисодиёт ва ҳуқуқ дунёси нашриёт уйи, 2004 й.
  15. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлар тўплами. Тошкент, 2000 йил, 8-сон.
  16. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлар тўплами. Тошкент, 2002 йил, 3-сон.
  17. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2000 йил 28 апрелдаги қарорлари. У.қ. Мингбоев таҳрири остида, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Тошкент, 2000 йил.
  18. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ахборотномаси. Тошкент, 1993 йил, 1-сон.

[1] Каримов И.А. Биздан озод ва обод Ватан қолсин. Т., «Ўзбекистон», 1994й., 105-бет.

[2] Инсон ҳуқуқлари. Ўқув қўлланма. Т., «Ўзбекистон», 1997й., 188-бет.

1 Намунавий ички меҳнат тартиби қоидаларининг 4.7-банди.

2 Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қумиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари Ахборотномаси. 1999 йил, 2-сон, 51-бет.

1 Инсон ҳуқуқлари. Ўқув қўллланма. Т., Ўзбекистон, 1997й., 3,124-бетлар.

1 Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясига шарҳлар. Т. «Адолат» 1999й., 56-бет.

2 Инсон ҳуқуқлари. Ўқув қўлланма. Т. «Ўзбекистон», 1997 йил, 6-7 бетлар.

[3] Қаранг: ўша адабиёт. 101-бет.

1 Инсон ҳуқуқлари. Ўқув қўлланма. Т. «Ўзбекитон», 1997 йил, 129 бет.

2 Ўзбекитон Республикаси Меҳнат кодекси. Т., «Адолат», 1999й., 69-бет.

1 Трудовое право. Учебник. «Проспект», Москва, 2001г. 22 с.

2 А.А. Иноятов. Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат ҳуқуқи. «Иқтисодиёт ва ҳуқуқ дунёси», Т., 2002й., 19-бет.

1 Қонунлар тўплами. 1992 йил, 4-сон, 14-модда.

1 “Халқ сўзи”, 2002 йил, 20 мартдаги 59-60-сони.

1 И.А. Каримов. Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз. Т., «Ўзбекистон», 1999й.,  131-бет.

2 И.А. Каримов. Ватанимизнинг тинчлиги ва хавфсизлиги ўз куч-қудратимизга, халқимизнинг ҳамжиҳатлиги ва букилмас иродасига боғлиқ. Т., «Ўзбекистон», 2004 й., 29-бет.

1
0

Muallif: G'ayrat Bozorov

Bu qiziq!

dam olish vaqti

Дам олиш вақти. Презентация

Презентацияни  00