So'ngi yangiliklar
Bosh sahifa / Qonunchilik / Pensiya qonunchiligi / Nafaqalar / Пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган қарияларга ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида Низом

Пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган қарияларга ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида Низом

Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 апрелдаги

107-сон қарорига 2-ИЛОВА

Пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган қарияларга ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

юклаб олинг!

*.doc(ўзб)     *.pdf      *.doc(рус)

I. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ давлат пенсияси тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган қарияларга ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга ҳар ойлик нафақалар (кейинги ўринларда нафақа деб аталади) тайинлаш ва тўлаш тартибини белгилайди.

Нафақа Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, шунингдек Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган хорижий фуқароларга ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга берилади.

2. Мазкур Низом бўйича:

ёшга доир нафақа;

ногиронлик нафақаси (болаликдан ногиронлардан ташқари);

боқувчисини йўқотганлик нафақаси тайинланади.

3. Нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар нафақа олиш ҳуқуқи пайдо бўлгандан сўнг бирор-бир муддат билан чеклашсиз, исталган вақтда унинг тайинланиши учун мурожаат қилишлари мумкин.

4. Нафақа қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда тайинланади. Нафақаларни тайинлаш ва тўлаш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари (кейинги ўринларда Пенсия жамғармаси бўлими деб аталади) томонидан амалга оширилади.

II. Ёшга доир нафақалар

5. Ёшга доир нафақа:

иш стажига эга бўлмаган;

«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 37-моддаси биринчи қисмининг «а», «б», «в» ва «г» бандларида назарда тутилган 7 йилдан кам иш стажи мавжуд бўлиб, ёшга доир пенсия тайинлаш учун етарли иш стажига эга бўлмаган шахсларга тайинланади.

6. Ёшга доир нафақа:

эркакларга — 65 ёшга етганларида;

аёлларга — 60 ёшга етганларида тайинланади.

7. Ҳақ тўланадиган иш бажараётган ёки бошқа даромад манбаига эга бўлган (алиментлар ёки стипендиялар олиш бундан мустасно) шахсларга ёшга доир нафақа тайинланмайди.

8. Иш стажига эга бўлмаган шахсга ёшга доир нафақа меҳнатга лаёқатли вояга етган фарзандлари, қариндошлари ёки Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига мувофиқ уларни таъминлашга мажбур бўлган бошқа шахслар бўлмаган тақдирда тайинланади.

Пенсия жамғармаси бўлими томонидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда ўтказилган текширишда иш стажига эга бўлмаган ва ёшга доир нафақа сўраб мурожаат этган шахсни таъминлашга мажбур бўлган қариндошларининг ёки бошқа шахсларнинг моддий ночорлиги аниқланган ҳолларда ёшга доир нафақа ёшга доир нафақа сўраб мурожаат қилган шахсга моддий ёрдам бера олмайдиган қариндошлар ёки бошқа шахслар бор бўлган тақдирда ҳам ёшга доир нафақа тайинланиши мумкин.

III. Ногиронлик нафақалари

9. Ногиронлик нафақаси ногиронлик содир бўлган ҳолларда, ёшидан қатъи назар, иш стажига эга бўлмаган I ва II гуруҳ ногиронларга фақат меҳнат қобилияти доимий ёки узоқ муддатга йўқотилганда тайинланади ва тўланади.

10. Меҳнат фаолиятига лаёқати чекланганлиги даражасини аниқлаш учун тиббий текшириш (меҳнатга лаёқати доимий ёки узоқ муддат йўқотилганда) Пенсия жамғармаси бўлимлари йўлланмалари бўйича тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари (кейинги ўринларда ТМЭК деб аталади) томонидан амалга оширилади.

11. Фуқаро меҳнат фаолиятига лаёқатли эмас ёки унга меҳнат фаолияти билан шуғулланиш мумкин эмаслиги (ёки зид эканлиги) белгиланган тақдирда ТМЭК меҳнат қобилиятининг доимий ёки узоқ муддатга йўқотилганлиги тўғрисида тегишли хулоса чиқаради.

Қабул қилинган хулоса асосида ТМЭК етти кун муддатда тиббий текшириш далолатномасидан кўчирмани фуқарони текширишга юборган Пенсия жамғармаси бўлимига жўнатади.

12. Ишлаётган ёки ҳаёт кечиришнинг бошқа манбаларига (алиментлар ёки стипендиялар олиш бундан мустасно) эга бўлган I гуруҳ ногиронларга ва II гуруҳ ногиронларга нафақа тайинланмайди.

13. Ногиронлик нафақаси меҳнатга лаёқат йўқотилишининг бутун даври учун тайинланади.

IV. Боқувчисини йўқотганлик нафақаси

14. «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни бўйича давлат пенсияси олиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахснинг қарамоғида бўлган оиланинг меҳнатга лаёқатли бўлмаган аъзолари боқувчисини йўқотганлик нафақаси олиш ҳуқуқига эгадирлар.

«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддасида айтиб ўтилган шахслар оиланинг меҳнатга лаёқатсиз аъзолари жумласига киритиладилар.

15. Боқувчисини йўқотганлик нафақаси вафот этганнинг оила аъзоларига вафот этган фуқаро олган ёки олиш ҳуқуқига эга бўлган нафақага фоиз нисбатида қуйидаги миқдорларда белгиланади:

а) оиланинг уч ва ундан ортиқ меҳнатга лаёқатсиз аъзосига — нафақанинг 100 фоизи;

б) оиланинг меҳнатга лаёқатсиз икки аъзосига — нафақанинг 75 фоизи;

в) оиланинг меҳнатга лаёқатсиз бир аъзосига — нафақанинг 50 фоизи.

16. Нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс вафот этган тақдирда вафот этганнинг оила аъзоларига нафақа ушбу Низомнинг 15-бандида назарда тутилган тартибда белгиланади. Бунда боқувчисини йўқотганлик нафақаси миқдори пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган қариялар ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларнинг нафақаси миқдоридан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

161. Боқувчисини йўқотганлик нафақасини олиш ҳуқуқига эга бўлган оила аъзоларининг барчасига ушбу Низомда белгиланган миқдорда битта умумий нафақа тайинланади. Оила аъзосининг талабига кўра унинг нафақадаги улуши ажратилади ва унга алоҳида тўланади. Бунда тайинланган нафақанинг умумий миқдори олувчиларнинг умумий сонига бўлинади.

Бошқа туманда (шаҳарда) яшайдиган оила аъзоси ўзига нафақа улушини тайинлаш ёки ажратиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилганда, мурожаат қилганнинг яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармаси бўлими оиланинг барча аъзоларига ҳужжатларни расмийлаштирадиган ёки ушбу оиланинг амалдаги ҳужжатлар йиғмажилди турган Пенсия жамғармаси бўлимига тегишли хабарномани юборади. Хабарномага ариза ва янгидан мурожаат қилган оила аъзосининг нафақа олиш ҳуқуқини тасдиқлайдиган ҳужжатлар илова қилинади. Ушбу ҳолатда нафақа боқувчисини йўқотганлик нафақасидан улуш ажратиб бериш тўғрисида мурожаат қилинган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб тайинланади.

Йиғмажилдни расмийлаштиришда барча ҳолларда унга оила ҳар бир аъзосининг нафақага бўлган ҳуқуқини тасдиқлайдиган барча ҳужжатлар тикиб қўйилади.

Оила аъзосига нафақадан улуш ажратилишида ушбу Низомнинг 15-бандида белгиланган талабларга риоя этилади.

V. Нафақаларни тайинлаш

17. Нафақа тайинлаш тўғрисидаги ариза (кейинги ўринларда ариза деб аталади) ариза берувчининг яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармаси бўлимига берилади.

18. Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинган бўлиши керак:

а) ариза берувчининг ёшини тасдиқлайдиган ҳужжат (паспорт ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси);

б) иш стажига эга бўлмаган шахсга ёшга доир нафақа тайинлашда — ариза берувчининг яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органидан берилган маълумотнома, унда ариза берувчининг барча оила аъзоларининг, шу жумладан алоҳида яшайдиган вояга етган меҳнатга лаёқатли аъзолари (ёки уларнинг йўқлиги), уларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган йиллари, қариндошлик даражаси, ариза берувчи оиласи ҳар бир аъзосининг турмуш кечириш манбалари кўрсатилган бўлиши керак;

в) ёшга доир нафақа тайинлаш учун етарли иш стажига эга бўлмаган шахслар учун ёшга доир нафақа тайинлашда, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 37-моддаси биринчи қисмининг «а», «б», «в» ва «г» бандларида назарда тутилган 7 йилдан кам иш стажига эга бўлганда — меҳнат дафтарчаси;

г) боқувчисини йўқотганлик нафақаси тайинлашда — боқувчининг вафот этганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ва боқувчисини йўқотган тақдирда нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлган оила аъзоларининг туғилганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар (паспорт ва/ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома) нусхалари.

Пенсия жамғармаси бўлими аризага:

ногиронлик нафақаси тайинлашда — ушбу Низомнинг 9-бандида кўрсатилган шахсларни;

боқувчисини йўқотганлик нафақаси тайинлашда — ушбу Низомнинг 9-бандида кўрсатилган вафот этган шахсни Пенсия жамғармаси бўлими томонидан тиббий-меҳнат эксперт комиссиясидан олинган тиббий текшириш далолатномасидан кўчирмани илова қилади.

Иш стажига эга бўлмаган шахсга ёшга доир нафақа тайинлаш тўғрисидаги аризада меҳнатга лаёқатли фарзандларининг, қариндошларининг ёки Ўзбекистон Республикасининг Оилакодексига мувофиқ уларни таъминлаши шарт бўлган бошқа шахсларнинг борлиги ва ариза берувчининг жами даромади тўғрисидаги маълумотлар мажбурий тартибда кўрсатилиши зарур.

19. Аризани қабул қилган Пенсия жамғармаси бўлими томонидан ариза берувчига ариза қабул қилинган сана кўрсатилган ҳолда ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар қабул қилинганлиги тўғрисида тилхат берилади.

20. Ариза барча зарур ҳужжатлар билан тушган кундан бошлаб ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилади.

Пенсия жамғармаси бўлими томонидан ушбу Низомнинг 18-бандига мувофиқ ариза барча зарур ҳужжатлар билан бирга қабул қилинган кун нафақа тайинлаш учун мурожаат қилинган кун ҳисобланади.

Агар ариза почта орқали жўнатилса ва бунда барча зарур ҳужжатлар тақдим этилган бўлса, у ҳолда ариза жўнатилган жойдаги почта штемпелида кўрсатилган сана нафақа тайинлаш учун мурожаат қилинган кун ҳисобланади.

Аризага зарур бўлган ҳужжатларнинг айримлари илова қилинмаган ҳолларда ариза берувчига уч кун муддатда қўшимча равишда қандай ҳужжатлар тақдим этилиши кераклиги маълум қилинади. Агар ушбу ҳужжатлар қўшимча ҳужжатлар тақдим этилиши зарурлиги тўғрисидаги билдиришнома олинган кундан бошлаб уч ойдан кечикмай тақдим этилса ариза қабул қилинган кун нафақа тайинлаш учун мурожаат қилинган кун ҳисобланади.

21. Нафақа барча зарур ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда мурожаат қилинган кундан бошлаб тайинланади.

22. Нафақа тайинлаш рад этилган тақдирда Пенсия жамғармаси бўлими ушбу Низомнинг 20-бандида кўрсатилган муддат мобайнида рад этиш сабаби(сабаблари) ва қабул қилинган қарор юзасидан шикоят қилиш тартибини кўрсатиб, ариза берувчи томонидан тақдим этилган барча ҳужжатларнинг асл нусхаларини илова қилган ҳолда билдиришномани ариза берувчининг қўлига беради ёки почта орқали жўнатади.

23. Нафақа тайинлаш ёки нафақа тайинлашни рад этиш тўғрисидаги қарор юзасидан ариза берувчи томонидан бевосита судга ёки Пенсия жамғармаси бўлимининг юқори органига шикоят қилиниши мумкин.

24. Ариза тақдим этилган барча ҳужжатлар билан бирга ва нафақа тайинлаш тўғрисидаги қарор нафақа олувчининг алоҳида шахсий ҳужжатлар йиғмажилдида сақланади.

VI. Нафақаларни тўлаш

25. Нафақаларни тўлаш ҳар ойда, Пенсия жамғармаси бўлимлари томонидан белгиланган муддатларда, бироқ жорий тўлов ойидан кечикмай амалга оширилади.

Нафақалар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишончнома бўйича тўланиши мумкин.

Нафақа олувчининг доимий пропискаси бўлмаса ва у фақат вақтинча прописка қилинган бўлса (Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида келган жойи бўйича ҳисобга олинган бўлса), нафақа вақтинчалик прописка (Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида келган жойи бўйича ҳисобга олиш)нинг амал қиладиган муддати мобайнида тўланади. Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган хорижий фуқарога ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга нафақа яшаш ҳужжати амал қиладиган муддат давомида тўланади.

26. Қайта тиббий текширишдан ўтказиш муддати ўтказиб юборилганда нафақаларни тўлаш «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 55-моддасида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Нафақа олувчи Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасида доимий яшаш учун бошқа туман (шаҳар)га кўчганда нафақани тўлаш янги яшаш жойи бўйича тегишли Пенсия жамғармаси бўлими томонидан нафақа олувчининг шахсий ҳужжатлар йиғмажилди олингандан кейин шу туман (шаҳар)да давом эттирилади. Бундай ҳолда нафақа тўлаш илгариги яшаш жойи бўйича нафақа тўлаш тўхтатилган вақтдан бошлаб давом эттирилади. Нафақа олувчиларни ҳисобдан чиқариш ва янги яшаш жойида ҳисобга олиш тартиби, шунингдек уларнинг йиғма жилдларини жўнатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланади.

Нафақа олувчи доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикаси ташқарисига чиқиб кетганда нафақа тўлаш тўхтатилади.

Нафақа тўлашнинг тўхтатилиши ёки қайта тикланишига олиб келадиган бошқа ҳолатлар (нафақа тайинланган шахслар тўлиқ давлат таъминотига ўтказилганда ёки «Меҳрибонлик», «Саховат», «Мурувват» уйларига ва шу кабиларга юборилганлиги ёки ундан қайтиб келганлиги сабабли тўлиқ давлат таъминотидан чиқарилганда) пайдо бўлганда нафақа тўлаш тегишли ҳолатлар пайдо бўлган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб тўхтатилади ёки тикланади.

27. Нафақа олувчи озодликдан маҳрум этишга ҳукм этилган тақдирда тайинланган нафақани тўлаш тўхтатилади ва жазодан озод этилгандан кейин тикланади.

28. Олувчи томонидан ўз вақтида талаб қилинмаган ҳисобланган нафақа суммаси уни олиш учун мурожаат қилишдан олдинги ўн икки ойдан ортиқ бўлмаган муддат учун бир йўла тўланади.

Пенсия жамғармаси бўлимининг айби билан ўз вақтида олинмаган нафақа суммаси бирор-бир муддат билан чеклашсиз бир йўла тўланади.

29. Пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган, нафақаларнинг ҳар хил турларини олиш ҳуқуқига эга бўлган қарияларга ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга уларнинг танлови бўйича нафақаларнинг бир тури тайинланади.

30. Тўланаётган нафақалар миқдорини ўзгартиришга ёки нафақа тўлаш тўхтатилишига сабаб бўлувчи ҳолатлар пайдо бўлган тақдирда, нафақа олувчи бу ҳақда ўн кун муддатда унга нафақа тўлайдиган Пенсия жамғармаси бўлимига хабар қилиши шарт.

I гуруҳ ногиронларга ва II гуруҳ ногиронларга, ёшга доир ёки боқувчисини йўқотганлик нафақаси тайинланган нафақа олувчиларга, агар улар ҳақ тўланадиган ишни бажариши ёки даромаднинг бошқа манбаига эга эканликлари (алиментлар ёки стипендиялар олиш бундан мустасно) аниқланса, нафақа тўлаш тўхтатилади.

Нафақадан чегирмалар «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 65-моддасида белгиланган тартибда амалга оширилиши мумкин

31. Нафақа олувчига тегишли бўлган ва унинг вафоти муносабати билан тўлиқ олинмай қолган нафақа суммаси меросга киритилмайди ва унинг ота-онасига, эрига (хотинига), шунингдек нафақа олувчи вафот этган кунда у билан бирга яшаётган оила аъзоларига тўланади.

Нафақа олувчи вафот этган ой учун тўлиқ олинмай қолган сумма юқорида кўрсатиб ўтилган шахсларга мазкур ойнинг нафақа олувчи вафотигача бўлган кунлари учун тўланади.

Бир неча шахс мурожаат қилишганда уларга тегишли сумма улар ўртасида тенг тақсимланади.

Кўрсатиб ўтилган сумма унинг учун нафақа олувчи вафотидан кейин 6 ойдан кечикмай мурожаат қилинган тақдирда тўланади.

VII. Нафақаларни қайта ҳисоблаб чиқиш

32. Нафақалар:

оиланинг боқувчисини йўқотганлик нафақаси тайинлашда ҳисобга олинадиган сон таркиби ўзгарганда;

қонун ҳужжатларига мувофиқ нафақа миқдори ўзгарганда қайта ҳисоблаб чиқилади.

33. Боқувчисини йўқотганлик нафақасини тайинлашда оиланинг ҳисобга олинадиган сон таркиби ўзгарганда, тайинланган нафақани қайта ҳисоблаб чиқиш ушбу ҳолатлар бошланган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб амалга оширилади.

VIII. Якунловчи қоидалар

34. Нафақа олувчига «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ давлат пенсияси турларидан бири тайинланганда нафақа тўлаш тўхтатилади, пенсия эса нафақа охирги марта тўланган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб тўланади.

35. Нафақаларни тўлаш, етказиб бериш ва қайта юбориш бўйича харажатлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

1
0

Muallif: G'ayrat Bozorov

Bu qiziq!

Pensiya tayinlash

Пенсияларни тайинлаш, хисоблаш, қайта хисоблаш ва тўлаш. Презентация

Презентацияни  33