So'ngi yangiliklar
Bosh sahifa / Maqolalar / “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга ШАРҲ
kasaba-logo-1

“Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга ШАРҲ

“Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

1992 йил 2 июлда қабул қилинган “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги 638-ХII-сонли Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақидаги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни 2016 йил 28 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш. Мирзиёев томонидан имзоланди. Ушбу қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 6 октябрда қабул қилинган ва Сенат томонидан 2016 йил 12 октябрда маъқулланган эди.

Қонунга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун моҳияти билан қуйида батафсил таништирамиз.

ШАРҲ

  • Ташкилий-ҳуқуқий шакл. Қонуннинг 1-моддасида касаба уюшмасига таъриф берилган эди. Янги таҳрирдаги 1-моддада ушбу таъриф қулай гап кўринишига келтирилиб, моддага 2-қисм қўшилди ва унда касаба уюшмасининг ташкилий-ҳуқуқий шакли кўрсатиб ўтилди. Унга кўра, касаба уюшмалари ўз фаолиятини қонун ҳужжатларига мувофиқ юридик шахс ташкил этган ёки ташкил этмаган ҳолда амалга ошириши мумкин. Аввал қонунда касаба уюшмасининг ташкилий-ҳуқуқий шакли юридик шахс эканлиги Қонуннинг 21-моддасида белгиланган эди. Аммо корхонадаги касаба уюшмалари юридик шахс бўла олмас эди. Шу боис, корхоналардаги касаба уюшмаларининг мақоми хусусида турлича қарашлар мавжуд эди. Касаба уюшмалари бирлашмалари эса, юридик шахс ҳисобланишар эди. Энди ҳар икки шакл ҳам қонунда белгилаб қўйилди. Қонуннинг 21-моддасидаги юқоридаги қоида чиқариб ташланди.
  • Шахслар доираси. Кимлар касаба уюшмалари тузиши ёки унга бирлашиши мумкинлигини аниқлаштириб берган қонуннинг 2-моддаси ҳам янги таҳрирда баён этилиб, унда ходимлар ва талабалардан ташқари бошқа иш билан банд бўлган шахсларнинг ҳам касаба уюшмалари тузиши ва уларга бирлашиши эътироф этилди. Шу ўринда иш билан банд бўлган бошқа шахслар тушунчасига ойдинлик киритиш талаб этилади. Бу билан батафсил танишиш учун бу ерни босинг. Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлик ва ўзга меҳнат фаолияти амалга оширилаётган бошқа иш жойларида ҳам касаба уюшмалари тузиш мумкинлиги эътироф этилди.
  • Касаба уюшмаси тузиш ҳуқуқини амалга ошириш. Касаба уюшмаси тузиш учун нечта ходим бўлиши керак, деган савол аввалги қонунда очиқ эди ва бу ҳолатга Жамоат бирлашмалари тўғрисидаги Қонун нормалари тадбиқ этилиб келинар эди. Қонуннинг янги таҳрирдаги 2-моддасига кўра, камида уч нафар ходимнинг ташаббуси билан касаба уюшмаларини тузишга ҳақли. Илгари касаба уюшмаси тузиш учун нечта ходим ташаббус билан чиқиш керак, деган саволга “Ўзбекистонда жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддасидан қиёс қилиниб, 10 нафар, деб жавоб берилса, бу энг тўғри жавоб бўлар эди. Сабаби, Касаба уюшмаларининг махсус қонунида бундай норма йўқ эди. Касаба уюшмаси эса, жамоат бирлашмасининг бир кўриниши эканлиги Конституциямизнинг 56-моддасида белгилаб қўйилган.
  • Касаба уюшмаларининг даражаланиши. Касаба уюшмалари ҳудуд бўйича (Республика миқёсида, вилоят ёки туман, шаҳар миқёсида) ёки тармоқ (ишлар ва касблар тармоқлари: соғлиқни сақлаш, саноат, транспорт каби) йўналишларида даражаланади. Қонуннинг 2-моддасида бу нарса мустаҳкамлаб қўйилди. Унга кўра, касаба уюшмалари ишлаб чиқариш-тармоқ принципига кўра тармоқлар ва ҳудудлар даражасида тузилиши мумкин. Бу норма ҳам аввал мавжуд эмас эди.
  • Фаолиятни тугатиш. Касаба уюшмаларининг фаолияти 2 ҳолатда тугатилиши Қонуннинг 5-моддасида назарда тутилган: 1) ўз уставида белгиланган тартибда, аъзолари (янги таҳрирда ваколатли органи томонидан) томонидан; 2) қонунга зид фаолият олиб борганда. 5-модданинг эски таҳририда қонунга зид фаолият олиб броган касаба уюшмаларининг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг, тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг қарори билан тақиқланиши мумкин эди. Ҳатто туман ёки битта корхонадаги қонунга зид фаолият олиб бораётган касаба уюшмаси фаолиятини тақиқлаш учун ҳам шу тартиб жорий этилган эди. 5-модданинг янги таҳририга кўра эса, бу фаолият суднинг қарори билан тақиқланиши мумкинлиги белгиланди. Бу ерда тегишлилигига кўра тегишли фуқаролик ишлари бўйича туманлараро (туман, шаҳар) судлари бу ваколатга эга.
  • Халқаро ҳуқуқнинг устуворлиги. Деярли барча қонунларимизда бўлгани каби касаба уюшмаларига оид қонунчиликка нисбатан ҳам халқаро ҳуқуқий ҳужжатларнинг устуворлигини белгилаб берувчи норма Қонуннинг 6-моддаси янги таҳририга киритилди. Унга кўра, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади. Ўзбекистон Республикаси Халқаро Меҳнат Ташкилотининг бирлашиш ҳуқуқи ва касаба уюшмаларига оид бир нечта Конвенсияларини ратификация қилганлигини эътиборга олганда, бу норма ҳам жуда аҳамиятли ҳисобланади. Ушбу Конвенсиялар билан бу ердан танишишингиз мумкин.
  • Ҳуқуқ ижодкорлигида иштироки. Қонуннинг 7-моддасининг эски таҳририда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг қонунлар ва меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқишда қатнашиш ҳуқуқлари назарда тутилган модданинг янги таҳририда Федерациянинг ўзи назарда тутилган. Федерация номидан унинг қайси органи иш кўришини Федерациянинг ўзи белгилайди. Бундан ташқари, ушбу модданинг эски таҳририда Давлат бошқаруви ва хўжалик идоралари меҳнаткашларнинг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ҳамда манфаатларига дахлдор меъёрий ҳужжатларни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашини камида бир ҳафта олдин хабардор этган ҳолда қабул қилиши белгиланган эди. Янги таҳрирда ушбу муддат кўра, бундай норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси олдиндан хабардор этилган ҳолда давлат органлари томонидан қабул қилиниши белгиланди. Хабардор қилишнининг энг кам муддати нега олиб ташланганлиги хусусида аниқ бир нарса дейиш қийин.
  • Огоҳлантириш муддатлари ўзгарди. Қонуннинг 8-моддаси эски таҳририда Касаба уюшмаларининг меҳнат қилиш ҳуқуқини ҳимоя этиш соҳасидаги ҳуқуқлари белгиланган бўлиб, унда иш берувчининг ташаббуси билан штатлар қисқариши, таркибий бўлинмаларнинг тугатилиши ишларнинг қисқартирилишига касаба уюшмасини камида 3 ой олдин хабардор қилиб қўйилган ва улар билан меҳнаткашларнинг ҳуқуқлари ҳамда манфаатларига риоя этиш юзасидан музокара ўтказилган тақдирдагина амалга оширилиши мумкин эди. Модданинг янги таҳририда бу муддат 2 ойга қисқартирилди. Бунинг сабаби тадбиркорлик субектларининг эркинлиги ва уларга берилаётган кафолатлар билан боғлиқ нормаларнинг такомиллашуви билан боғлиқ бўлиши мумкин. Шу билан бирга, ушбу моддага касаба уюшмаларининг аҳолини иш билан таъминлашнинг ҳолати ва аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан жамоатчилик назоратини амалга ошириши; агар жамоа шартномасида, келишувида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитасининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, бундай розиликни олмай туриб шартномани бекор қилишга йўл қўйилмаслиги ҳам белгилаб қўйилди.
  • Мурожаатни кўриб чиқиш муддати. Қонуннинг 11-моддасида Касаба уюшмаларининг қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишга доир ҳуқуқлари белгиланган бўлиб, ушбу модданинг эдки таҳририда Иш берувчи қонун ҳужжатлари бузилишларини бартараф этиш тўғрисидаги тақдимномаларни кўриб чиқиши ва кўриб чиқиш натижалари ҳақида касаба уюшмасига бир ойлик муддат ичида хабар бериши шартлиги белгиланган бўлса, янги таҳрирда бу муддат 15 кун қилиб белгиланди. Муддатнинг бундай ўзгартирилиши 2014 йил 3 декабрда қабул қилинган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни нормаларига мослаштирилди.
  • Судга мурожаат қилиш ҳуқуқи. Касаба уюшмалари ходимларнинг манфаатларини кўзлаб судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгалиги Қонуннинг 11-моддасида белгилаб қўйилган эди. Ушбу модданинг янги таҳририда эса, нафақат даъво қўзғатиш, балки суд буйруғини чиқаришни сўраб мурожаат қилиш ҳуқуқи ҳам белгилаб қўйилди. Фуқаролик протсессуал кодексига кўра, суд буйруғи аниқ ҳисоб-китоб ҳужжатлари билан исботланган ишларга нисбатан чиқарилиши белгиланган. Ходимнинг ҳисобланган иш ҳақини иш берувчи томонидан тўланмай келиши устидан даъво тартибида эмас, суд буйруғИ тартибида судга мурожаат қилиш самарали ҳисобланади (чунки аниқ ҳисобланган иш ҳақи). Энди бундай ҳуқуқ касаба уюшмаларига ҳам қонунан берилди.
  • Низоларни кўриб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқи. Қонуннинг 12-моддаси эски таҳририда касаба уюшмасига касаба уюшмаси аъзоси ва маъмурият (иш берувчи) ўртасидаги низони кўриб чиқиб, масала юзасидан тегишли қарор қабул қилиш ҳуқуқи берилган эди. Янги таҳрирда касаба уюшмалари якка тартибдаги меҳнат низоларини кўриб чиқишда қонун ҳужжатларига мувофиқ иштирок этиши белгиланди. Бу норманинг ўзгартирилиши меҳнат низоларини кўрувчи органлар тизимига касаба уюшмаларининг кирмаслиги билан боғлиқ бўлиб, бундай низолар Меҳнат низолари комиссияларида ҳамда судлардагина кўриб чиқилиши мумкин.
  • Сиёсий ҳуқуқлар бўйича. Қонуннинг 16-моддасининг эски таҳририда касаба уюшмаларининг давлатлараро битимлар тузилишида, халқ депутатлигига номзодлар кўрсатилишда, сайлов мавсумида уларни қўллаб-қувватлашда иштирок этишлари мумкинлиги белгиланган эди. Модданинг янги таҳририда бу сиёсий ҳуқуқлар олиб ташланиб, касаба уюшмаларининг миграция, иш билан таъминлаш, меҳнат, нарх белгилаш ва ижтимоий таъминот масалаларига доир Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини тузишда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда иштирок этиши мумкинлиги белгиланди. Бу ўзгартириш касаба уюшмаларини бошқа бир жамоат бирлашмасининг тури – сиёсий партиялардан фарқини ойдинлаштириш, уларнинг ташкил этилиш мақсадига мувофиқ фаолият олиб борилишини таъминлашга қаратилган.
  • Ходимлар вакилларига қўшимча кафолат. Қонуннинг 18-моддаси янги таҳририга кўра, касаба уюшмалари сайлаб қўйиладиган органларининг ишлаб чиқаришдаги ўз ишидан озод қилинмаган аъзоларига жамоа шартномасида, келишувида белгиланадиган шартларга кўра жамоа манфаатларини кўзлаб жамоатчилик вазифаларини бажариши учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан бўш вақт берилади, шунингдек касаба уюшмасининг қисқа муддатли ўқуви вақтида уларнинг ўртача иш ҳақи сақлаб қолинади. Эски таҳрирда бундай норма мавжуд эмас эди.
  • Айрим имтиёзлар умумийлаштирилди. Қонуннинг 19-моддаси эски таҳририда касаба уюшма идораларидаги сайлаб қўйиладиган лавозимларга сайланганлиги туфайли ишдан озод қилинган ходимларга сайлов ваколатлари тугаганидан сўнг тегишли иш (лавозим) бериш имконияти бўлмаган тақдирда олдинги иш жойидаги корхона маъмурияти, корхона тугатилган тақдирда эса касаба уюшмаси ходим учун ишга жойлашиш даврида ўртача иш ҳақини сақлаб қолади, лекин бу муддат олти ойдан ошмаслиги керак, малакасини ўзгартириш учун ўқиш чоғида эса бир йил муддатгача ўртача иш ҳақи сақлаб турилиши белгиланган эди. Модданинг янги таҳририда бундай алоҳида кафолатлар бўйича нормалар алмаштирилиб, касаба уюшмалари органларига сайланган ходимларга тегишли иш (лавозим) бериш имконияти бўлмаган тақдирда улар қонунда, жамоа шартномаларида, келишувларида назарда тутилган имтиёзлардан фойдаланиши белгиланди.
  • Меҳнат кодексига мувофиқлаштирилди. Қонуннинг 20-моддасида касаба уюшмаларига сайланган ходимлар билан иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишдаги қўшимча кафолатлар белгиланган бўлиб, модданинг эски таҳририга кўра, касаба уюшмаси идоралари таркибига сайланган ходимларнинг сайлов ваколатлари тугаганидан сўнг икки йил давомида маъмурият ташаббуси билан корхонанинг бутунлай тугатилиши ёки ходимнинг қонунга мувофиқ ишдан бўшатилишига олиб келадиган хатти-ҳаракатлар содир этиш ҳолларидан ташқари ишдан бўшатилишига йўл қўйилмас эди. Ушбу норма Меҳнат кодексининг 25-моддаси 2-қисми билан ўзаро мувофиқ эмас эди. Модданинг янги таҳририда ушбу норма Меҳнат кодексининг 25-моддасига мувофиқлаштирилиб, касаба уюшмалари органлари таркибига сайланган ва ишлаб чиқаришдаги ишидан озод этилмаган ходимларга маҳаллий меҳнат органининг олдиндан розилигини олмасдан туриб интизомий жазо беришга, улар билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга, шунингдек касаба уюшмалари органлари таркибига сайланган ходимлар билан меҳнатга оид муносабатларни уларнинг сайлаб қўйиладиган лавозимдаги ваколатлари тугаганидан кейин икки йил ичида иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилди.
  • Мулкчилик бўйича. Касаба уюшмалари ўз мулкига эгалик қилиш ҳуқуқи асосида мулкдан фойдаланиши Қонуннинг 21-моддаси эски таҳририда белгилаб қўйилган эди. Модданинг янги таҳририда касаба уюшмалари мулк ҳуқуқи асосида ўзига қарашли бўлган мол-мулк ва пул маблағларига эгалик қилиши, улардан фойдаланиши ҳамда уларни тасарруф этиши белгилаб қўйилди.
  • Фаолият доираси бўйича. Қонуннинг 20-моддаси эски таҳририда касаба уюшмаларининг ўз уставларида қайд этилган мақсад ва вазифаларга мувофиқ тижоратчи ташкилотларнинг алоҳида турлари – банкларини, суғурта ва акционерлик жамиятларини, қўшма тижорат корхоналарини барпо этиши мумкинлиги белгиланган эди. Модданинг янги таҳририда булар умумлаштирилиб, “тижорат ташкилотларини ташкил этиш” ҳуқуқи эътироф этилди.

Булардан ташқари, қонга Қонунчилик техникаси нуқтаи назаридан айрим ўзгартиришлар киритилган. Масалан, “маъмурият” сўзи “иш берувчи” сўзига алмаштирилган.

Қонунни бу ердан ўқишингиз мумкин.

Қонуннинг янги таҳририни юклаб олинг:

*.doc(ўзб)        *.doc(рус)

Ушбу ўзгартиришлар матни билан қуйида танишишингиз ва Қонунни юклаб олишингиз мумкин.

3
0

Muallif: G'ayrat Bozorov

Bu qiziq!

87

Халқаро меҳнат ташкилотининг 87-сонли Конвенцияси ратификация қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш. Мирзиёев 2016 йил 25 октябрда “Халқаро меҳнат ташкилотларининг бирлашмалар эркинлиги …