So'ngi yangiliklar
Bosh sahifa / Maqolalar / Муддатли меҳнат шартномаси нима?
srochnyi-dogovor-300x242

Муддатли меҳнат шартномаси нима?

Меҳнат қонунчилигига кўра, меҳнат шартномалари амалда бўлиши давом этишига қараб қуйидаги уч турга бўлинади:

  • номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномаси;
  • беш йилдан ортиқ бўлмаган муайян муддатга тузилган меҳнат шартномаси;
  • муайян ишни бажариш вақтига мўлжаллаб тузилган тузилган меҳнат шартномаси.

Мазкур тасниф Меҳнат кодексининг 75-моддасига асосланади.

Меҳнат шартномаси амал қилиши давом этишига кўра, асосан икки турга бўлинади: муддатли ва муддатсиз турларга бўлинади. Муддатсиз меҳнат шартномалари номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномалари деб аталиб, улар тузилган пайтдан бошлаб амал қилишни бошлайди. Бундай шартномаларда шартноманинг амал қилиш муддати кўрсатилмайди ва шартнома муддатининг тугаши билан уларни бекор қилиш мумкин эмас. Умумий қоидага кўра, иш берувчилар меҳнат шартномаларини номуайян муддатга тузишлари керак. Фақатгина қонун ҳужжатларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлгандагина, муддатли меҳнат шартномаси тузилиши мумкин.

Муддатли меҳнат шартномаси тузиш асослари қандай?

Муддатли меҳнат шартномасини тузиш учун асослар Меҳнат кодексининг 76-моддасида белгиланган бўлиб, унга кўра, қуйидаги ҳолларда иш берувчи ходим билан муддатли меҳнат шартномаси тузиши мумкин:

¨   бажарилажак ишнинг хусусияти, уни бажариш шартлари ёки ходимнинг манфаатларини ҳисобга олган тарзда, номуайян муддатга мўлжалланган меҳнат шартномаларини тузиш мумкин бўлмаган ҳолларда;

¨   корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини бажарувчи ходим билан;

¨   қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда тузилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сонли қарори билан тасдиқланган “Ёзма ҳолдаги меҳнат шартномаси (контракт) тузиш юзасидан тавсиялари”нинг И бўлимининг (“Умумий қисм”) иккинчи хатбошисида Муддатли меҳнат шартномаси меҳнат муносабатлари номуайян муддатга белгиланиши мумкин бўлмаган қуйидаги ҳолларда муддатли тузилиши мумкинлиги келтирилган:

¨   бўлажак ишнинг хусусиятини;

¨   уни бажариш шартларини;

¨   ходимнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда;

¨   қонунда бевосита назарда тутилган ҳолларда тузилади.

Ушбу асосларнинг ҳар бирини мисоллар билан очиб беришга ҳаракат қиламан.

  1. Бўлажак ишнинг хусусияти. Бундай ҳолларда ходим бажариши керак бўлган иш шундай хусусиятга эгаки, унинг бажарилиши натижасида иш берувчи ходимга бошқа иш топиб беролмайди. Бундай иш бир марталик ёки вақтинчалик хусусиятга эга бўлади. Масалан, корхона ўзининг интернет сайтини яратмоқчи. Бунда корхона тегишли ташкилотлар билан фуқаролик-ҳуқуқий шартнома тузиб, буюртма асосида сайт тайёрлатиши мумкин. Ёки сайт ярата оладиган малакали мутахассисни ходим сифатида ишга қабул қилиб, у билан фақат корхонанинг сайтини яратиш бўйича меҳнат шартномаси тузиб, уни корхона ходими қилиб олиши ҳам мумккин. Бундай ҳолларда меҳнат шартномаси унда белгиланган иш бажарилиб, топширилиши билан бекор қилинади. Чунки ходим бажарадиган иш вақтинчалик хусусиятга эга.
  2. Ишни бажариш шартлари. Бунда иш доимий хусусиятга эга бўлса-да, уни бажаришнинг шартлари мазкур ходим билан номуайян муддатга меҳнат шартномаси тузишга тўсқинлик қилади. Масалан, иш жойи ва лавозими сақланиши кафолатига эга бўлган шахсларнинг (депутатлар, судьялар, ҳомиладорлик ва туғиш таътилидаги, бола парвариши бўйича таътилдаги аёллар)нинг ўрнига ишга қабул қилинадиган ходимлар билан номуайян муддатга меҳнат шартномаси тузишга ишни бажариш шартлари йўл қўймайди. Чунки мазкур иш ўрнида бошқа ходим доимий асосда ишлайди ва унинг иш жойи ва лавозими сақланиши керак. Шу боис ушбу ходимларнинг иш ўрнига қабул қилинган ходимлар билан муддатли меҳнат шартномалари тузилади.
  3. Ходимнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда. Мазкур асосга ходим манфаати юзасидан муддатли меҳнат шартномасини тузилганлигини асословчи ҳолатлар бўлганда тузилган муддатли меҳнат шартномаларини келтириш мумкин. Масалан, ходимнинг ўзи меҳнат шартномасини муайян муддатга тузишни талаб қилиши мумкин ва бу талаб (хоҳиш) аниқ ифодаланган ариза бўлиши керак. Умуман олганда, мазкур асос ўзининг аниқ ифодасига эга эмас. Шу боис вужудга келган вазиятга қараб, ходимнинг манфаатлари юзасидан муддатли меҳнат шартномаси тузилганлигини асослаш мумкин бўлган тақдирда тузилади.
  4. Қонунда бевосита назарда тутилган ҳолларда. Бунда бирор норматив-ҳуқуқий ҳужжатда муайян иш, касб, лавозимга ёки муайян иш берувчилар билан муддатли меҳнат шартномаси тузилиши кўрсатилган бўлади. Масалан,Маҳкамасининг 2015 йил 31 июлдаги 219-сонли қарори билан тасдиқланган “Хусусий тадбиркорлар томонидан ходимларни ёллаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида Низом”нинг 9-бандига кўра, ЯТТ ва ходим ўртасида тузиладиган меҳнат шартномаси муддатли эканлиги ва унинг муддати хусусий тадбиркорни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддатидан ошмаслиги кераклиги белгиланган.Демак, ЯТТлар тузадиган меҳнат шартномалари мазкур асос билан муддатли тузилиши мумкин экан.

Муддатли меҳнат шартномаси тузишга юқоридаги каби қонуний асослар мавжуд бўлмаган ҳолда бундай шартномалар тузилиши қонунга зид ҳисобланади ва низо келиб чиққан тақдирда, низо ходимнинг фойдасига ҳал этилади.

Муддатли меҳнат шартномаларида шартноманинг амал қилиш муддати қандай белгиланади?

Муддатли меҳнат шартномаларида шартнома муддатини белгилашнинг 3 хил усули мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири тегишлигига кўра муҳим ҳисобланади. Муддатли меҳнат шартномасида шартноманинг зарурий шарти сифатида нафақат ишниинг бошланиш муддати, балки ишнинг тугаш муддати ҳам ҳисобланади. Меҳнат кодекси 75-моддаси мазмунига кўра, ҳар қандай ҳолда ҳам муддатли меҳнат шартномаси 5 йилдан ортиқ муддатга тузилиши мумкин эмас. Акс ҳолда номуайян муддатга меҳнат шартномаси тузиш зарур.

  1. Муддатли меҳнат шартномасида шартноманинг амал қилишининг тугаши аниқ вақт билан белгилаб қўйилади. Масалан, “шартнома 2017 йил 29 августгача ама қилади” деган ёзув билан шартноманинг муддати белгиланади. Ёки “Мазкур меҳнат шартномаси тузилган пайтидан бошлаб 2 йил амал қилади” деган ёзув киритилади. Аммо бундай аниқ санани белгилаш учун асос бўлиши керак. Одатда бундай аниқ вақт билан шартнома муддатини белгилаш корхона раҳбари, бош бухгалтери билан тузилган меҳнат шартномаларида белгиланади. Ёки ходимнинг манфаати юзасидан тузилган меҳнат шартномаларида ҳам кўрсатилиши мумкин. Масалан, ходим ишга жойлашаётган ҳудудида доимий рўйхатда турмаса, у билан муддатли меҳнат шартномаси унинг манфаати йўлида вақтинчалик рўйхатда туриш муддати тугашига боғлиқ тарзда тузилади.
  2. Муддатли меҳнат шартномасида шартнома амал қилиш муддатини кўрсатишнинг 2-усули – бу ишнинг бажарилиши тугаши билан боғлиқ ҳолда белгилаш. Бундай ҳолларда шартноманинг амал қилиши муддатига “Мазкур шартнома ….иш бажалириб, топширилганидан сўнг амал қилишдан тўхтайди” деган ёзув киритилади. Шартномани амал қилиши муддатини бундай белгилаш муайян ишни бажариш муддатига тузилган меҳнат шартномаларига нисбатан қўлланилади. Масалан, корхона ўзининг интернет сайтини яратмоқчи. Бунда корхона тегишли ташкилотлар билан фуқаролик-ҳуқуқий шартнома тузиб, буюртма асосида сайт тайётиши мумкин. Ёки сайт ярата оладиган ходимни ишга қабул қилиб, у билан фақат корхонанинг сайтини яратиш бўйича меҳнат шартномаси тузиб, уни корхона ходими қилиб олиши ҳам мумккин. Бундай ҳолларда меҳнат шартномаси унда белгиланган иш бажарилиб, топширилиши билан бекор қилинади. Чунки ходим бажарадиган иш вақтинчалик хусусиятга эга. Шу боис меҳнат шартномасининг муддатига ишнинг тамом бўлиши билан боғлиқ ёзув киритилади.
  3. Муддатли меҳнат шартномаларида шартнома амал қилиш муддатини белгилашнинг 3-усули – бу шартнома амал қилишини муайян юридик факт билан боғлаш. Бунда ушбу юридик фактнинг вужудга келиши шартномани бекор бўлишига олиб келади. Масалан, бола тарбияси бўйича таътилда бўлган ходимнинг ўрнига корхона бошқа ходимни ишга қабул қилишда у билан муддатли меҳнат шартномаси тузиши керак. Бундай меҳнат шартномасида шартномани амал қилиш муддатини аниқ вақт ёки давр билан белгилаш имконсиз. Сабаби, таътилдаги аёл истаган пайтида ишга чиқиши мумкин иш берувчи унга иш жойини қайтариб бериш керак. Шунинг учун бундай ҳолларда шартноманинг амал қилиш муддатига “Мазкур меҳнат шартномаси бола парвариши бўйича таътилда бўлган ходим ишга қайтиши билан бекор қилинади” деган ёзув киритиб, аёлнинг ишга қайтиши юридик фактига боғлаб қўйиши керак. Худди шундай мазмундаги қоида судьялар, депутатларнинг ўрнига ишга қабул қилинган ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаларида ҳам кўрсатилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Муддатли меҳнат шартномаларини бекор қилиш ҳақида ушбу мақоладан маълумот олишингиз мумкин.

Ушбу мавзуга доир саволларингиз бўлса, шарҳларга ёки юридик маслаҳатхона бўлимига ёзишингиз мумкин.

8
0

Muallif: G'ayrat Bozorov

Bu qiziq!

vazirlar_mahkamasi

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 133-сон қарори “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини амалга ошириш учун зарур бўлган норматив ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ МЕҲНАТ КОДЕКСИНИ АМАЛГА ОШИРИШ УЧУН ЗАРУР БЎЛГАН НОРМАТИВ …