Сменада ишлайдиган ходимларга бошқалар каби иш ҳақи тўланади. Агар ишлаб чиқариш (иш) шароитларига кўра иш берувчида ушбу тоифадаги ходимлар учун белгиланган иш вақтининг кунлик ёки ҳафталик давомийлигига (40 соат) риоя этиш имкони бўлмаса, иш вақтини жамлаб ҳисобга олишни жорий этишга йўл қўйилади. Иш вақтини жамлаб ҳисобга олиш жорий этилганда бундай ходимларга ҳисобга олиш даври ўрнатилади. Ҳисобга олиш даври учун иш вақтининг давомийлиги иш соатлари нормасидан ошмаса, иш вақтини жамлаб ҳисобга олиш жорий этилиши мумкин. Бунда ҳисобга олиш даври 12 ойдан, кунлик ишнинг (сменанинг) давомийлиги эса 12 соатдан ошмаслиги керак (МК 199-м.). Иш вақти жамлаб ҳисобга олинганда ҳисобга олиш даври учун ходимга белгиланган иш вақтининг давомийлигидан ташқари иш иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади (МК 189-м.). Иш вақтидан ташқари иш учун камида 2 ҳисса миқдорида ҳақ тўланади (МК 262-м.). Шунингдек тунги вақтдаги меҳнат учун ҳақ тўлаш камида 1,5 баравар миқдорида амалга оширилади (МК 264-м.). Соат 22-00 дан 6-00 гача бўлган вақт тунги вақт ҳисобланади (МК 188-м.).
Сменали ишда ишлаётган ходимнинг иш ҳақини қуйидаги мисолда ҳисоблаймиз:
Ходимнинг иш ҳақи - 2 000 000 сўм. Ноябрь ойида иш вақти меъёри (нормаси) 176 соат этиб белгиланган (Меҳнат вазирлиги 23.12.2022 й. N 01/00-05/12-11700). Ноябрь ойида график бўйича 15 смена, ҳар бири 12 соатдан, жами 180 соат ишлаб берган. Бундан 56 соати тунги вақтга тўғри келган. Шунингдек ходим 4 соат иш вақтидан ташқари ишлаб берган. Ходимнинг ҳар бир ишлаб берган соати учун иш ҳақи 11 363 сўмга (2 000 000 : 176) тўғри келади. Ҳар бир тунги соати учун 17 044,5 сўм (11 363 х 1,5) тўланади. Ҳар бир иш вақтидан ташқари ишлаб берган соати учун 22 726 сўм (11 363 х 2) тўланади. Шунда ноябрь учун иш ҳақи 2 454 408 сўмни ташкил этади:
1 409 012 сўм (124 х 11 363) иш вақтидаги соатлар учун;
954 492 сўм (56 х 17 044,5) тунги соатлар учун;
90 904 сўм (4 х 22 726) иш вақтидан ташқари соатлар учун.
Ответы актуальны на дату публикации.