Саволнинг ID си: 11711
Корхонамизга ишга кириш учун номзод танланди. Кадрлар бўлими томонидан ишга кираётган шахсдан Меҳнат кодексининг 80-моддасида кўрсатилган ҳужжатлар талаб қилинганда, у меҳнат дафтарчасини йўқотиб қўйганлигини, олдин учта хусусий корхонада ишлаганлигини, бугунги кунда ушбу корхоналар тугатилганлигини маълум қилди. "Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида"ги Йўриқноманинг IV-бўлим, 4.1-бандида меҳнат дафтарчаси йўқотиб қўйилган тақдирда, шунингдек фойдаланиш учун яроқсиз бўлиб қолган ҳолларда меҳнат дафтарчасининг дубликати ходимнинг охирги иш жойидан берилиши, 4.2-бандида меҳнат дафтарчасини йўқотган шахс бу тўғрида зудлик билан охирги иш жойига ёзма хабар бериши, хабарномадан сўнг 15 кундан кечиктирмасдан иш берувчи ходимга биринчи бетини юқори кисмининг ўнг томонига "Дубликат" деб ёзилган холда янги меҳнат дафтарчасини бериши кўрсатилган.
1. Ишга кираётган, меҳнат дафтарчасини йўқотиб қўйган шахсга меҳнат дафтарчаси расмийлаштириш тартиби қандай бўлади? 2. Ходимга меҳнат дафтарчаси дубликатини ким бериши керак? 3. Ушбу ҳолатда меҳнат дафтарчасини тақдим қилмаган деган важ билан ходимни ишга қабул қилмаслик қанчалик қонуний ҳисобланади?
Экспертларнинг жавоблари:

Кўтарилган масалалар юзасидан “Норма маслаҳатчи” газетаси 2014 йил 22-сонида ва 47-сонларида “Ходим манфаатларини кўзлаб” ва “Алмаштириш шарт” номли мақолалар берилган.

Берилган жавобларни келтирамиз:

Ходим манфаатларини кўзлаб

Ходим корхонага ишга жойлашяпти. Бироқ меҳнат дафтарчасини йўқотиб қўйган. Аҳолининг бандлигига кўмаклашиш марказида дафтарчани олиш учун ишхонадан хат ва маълумотнома келтиришни айтишган. Бироқ у ҳали бизда қайд этилмаган, уни меҳнат дафтарчасисиз ишга қабул қила олмаймиз.

Мазкур вазиятда нима қилиш керак? Агар у ишлаган фирма тугатилиб кетган бўлса, ким дафтарчани тиклаши, дубликат олиши керак? Янги меҳнат дафтарчасини очса бўладими?

 

- Илгари ходим штатда бўлган фирманинг тугатилиши уни ишга қабул қилишни расмийлаштиришни тўхтатиб туриш учун асос бўла олмайди.

Меҳнат кодекси (МК) 81-моддасининг иккинчи қисми ва Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида йўриқноманинг (АВ да 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган, бундан кейин - Йўриқнома) 1.1-банди қоидаларига кўра иш берувчи корхонада 5 кундан ортиқ ишлаган барча ходимларга меҳнат дафтарчасини тутиши шарт, ўриндошлик асосида ишловчилар бундан мустасно.

Мазкур масала Йўриқноманинг IV бўлими "Меҳнат дафтарчаси дубликати"га мувофиқ ҳал қилиниши керак.

Дубликат меҳнат дафтарчасини тўлдиришнинг умумий қоидаларига кўра расмийлаштирилади. Унга мазкур ташкилотга ишга киргунга қадар ходимнинг умумий ва (ёки) узлуксиз иш стажи тўғрисида ҳужжатлар билан тасдиқланган маълумотлар киритилади.

Аввал жамланган умумий иш стажи ёзилади, яъни ташкилотлар, ходимнинг иш даврлари ва лавозимларини аниқлаштирмасдан иш йиллари, ойлари, кунларининг умумий сони кўрсатилади. Сўнгра эса (тасдиқловчи ҳужжатлар бор бўлса) иш стажи айрим даврлар бўйича расшифровка қилинади. Бунда қуйидагилар кўрсатилиши керак: 2-устунда - ишга қабул қилиш санаси; 3-устунда - ташкилот (иш берувчи)нинг номи, шунингдек таркибий бўлинма ва иш (лавозим), ихтисослик, ходим қабул қилинган малака кўрсатилган ҳолда касб; 4-устунда - тегишли ҳужжатнинг номи, рақами ва санаси.

Меҳнат дафтарчаси дубликатига фақат ҳужжат билан тасдиқланган маълумотлар қайд этилади.

Шу тариқа, меҳнат дафтарчасига бирламчи ёзувни киритиш учун архив маълумотномасини тақдим этиш (агар бу мумкин бўлса) мазкур ходимнинг манфаатларига хизмат қилади.

 

АЛМАШТИРИШ ШАРТ

 

Ишга қабул қилиш пайтида ходимда белгиланган намунадаги меҳнат дафтарчаси йўқлиги маълум бўлди. Аввалги иш тўғрисидаги барча ёзувлар "Колхозчининг меҳнат дафтарчасига қўшимча варақ"қа қайд этилган. Биз ходимнинг ушбу "дафтарча"сини Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида йўриқноманинг IV бўлимига асосан янги дафтарчага алмаштириб, буни мазкур Йўриқноманинг 4.4 ва 4.5-бандларида кўрсатилган тартибга мувофиқ меҳнат дафтарчасини йўқотиш ёки яроқсиз ҳолга келишига тенглаштиришга ҳақлимизми?

 

- Меҳнат дафтарчаси бўлмаганда қўшимча варақ ҳақиқий эмаслиги сабабли (АВда 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида йўриқноманинг 2.23-банди) иш берувчи унга ёзувлар киритишга ҳақли эмас. Шу сабабли кўрилаётган вазиятда меҳнат дафтарчасининг йўқлиги тўғрисида сўз юритиш мумкин.

Йўриқноманинг 4.1 ва 4.2-бандларига кўра меҳнат дафтарчаси йўқотиб қўйилган тақдирда, шунингдек, фойдаланиш учун яроқсиз бўлиб қолган (йиртилган, ёнган, ёзувлари бўялган) ҳолларда меҳнат дафтарчасининг дубликати ходимнинг охирги иш жойидан берилади. Меҳнат дафтарчасини йўқотган шахс бу тўғрида зудлик билан охирги иш жойига ёзма хабар бериши лозим. Хабарномадан сўнг 15 кундан кечиктирмасдан иш берувчи ходимга биринчи бети юқори қисмининг ўнг томонига "Дубликат" деб ёзилган ҳолда янги меҳнат дафтарчасини беради.

Бироқ сиз аввалги иши тўғрисидаги барча ёзувлар "Колхозчининг меҳнат дафтарчасига қўшимча варақ"қа қайд этилган деб ёзгансиз. Бинобарин, аввалги иш берувчилар томонидан расмийлаштирилмаганлиги сабабли йўқлиги муносабати билан ходимнинг меҳнат дафтарчасини расмийлаштириш тўғрисидаги аризасига асосан сизга 5 кундан зиёд ишлаган ходимга "Дубликат" деб ёзилган меҳнат дафтарчасини бериб, уни умумий қоидалар бўйича тўлдиришни тавсия қиламиз. Бунда ходимнинг аризасида меҳнат дафтарчасининг йўқлиги сабаби кўрсатилиши керак.

 

 

 

 

 

 

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.