Саволнинг ID си: 12566
Корхонада мулк, ер участкаси мавжуд эмас. Фаолиятини ижарага олинган жойда юритади.
Корхона умумбелгиланган солиқлар тўлашга ўтса ер солиғи, мол-мулк солиғи, сув солиғи ҳисоботларини топшириши мажбурийми?
Экспертларнинг жавоблари:

Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ солинадиган объект – сув манбаларидан олинган сув ҳажмидир (СКнинг 258-моддаси). Жой ижарага олинганда, икки хил вазият бўлиши мумкин (СКнинг 260-моддаси):

  1. Сув етказиб берувчи корхона билан ижарага берувчи шартнома тузади. Бунда ижарага берувчи ўзи ишлатган сув ҳажми ҳамда ижарага олувчилар томонидан ишлатилган сув ҳажми учун солиқни фаолият тури бўйича белгиланган ставкаларда бюджетга тўлайди.
  2. Сув етказиб берувчи корхона билан ижарага олувчи шартнома тузади.

Биринчи вазиятда ижарага берувчи солиқ тўловчи ҳисобланади.

Иккинчи вазиятда ижарага олувчи солиқ тўловчи ҳисобланади.

Мол-мулк солиғини тўловчилари – Ўзбекистон ҳудудида солиқ солинадиган мол-мулкка эга бўлган юридик шахслардир (СКнинг 265-моддаси). Солиқ солиш объектлари СКнинг 266-моддасида кўрсатилган. Корхона солиқ солинадиган мол-мулкка эга бўлмаса, демак у солиқ тўловчи бўлиб ҳисобланмайди.

Ер солиғини тўловчилари – мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш ҳуқуқи, фойдаланиш ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи асосида (ижара деганда бинода ижарада туришни тушунманг) ер участкаларига эга бўлган юридик шахслар, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг норезидентларидир (СКнинг 279-моддаси). Корхонада ер участкаси бўлмаса, демак у ер солиғи тўловчиси бўлмайди.

СКнинг тегишли моддаларидан (257, 258, 265, 279-модалар) келиб чиқиб хулоса қилишимиз мумкин. Агар сиз юқорида кўрсатилган солиқлар тўловчиси бўлмасангиз, улар бўйича солиқ ҳисоботини топширишингизнинг хожати йўқ.

Бу масала бўйича ўхшаш саволга жавоб билан қуйидаги манба орқали ўтиб, танишиб чиқишингиз мумкин:

https://kadrovik.uz/question/12133?sid=11312&st=227303&us=vrsql793cl728fa1a9407lt9u0

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.