Саволнинг ID си: 3268
1-савол. Олий таълим муассасасида пенсионерга 1,5 ставка иш ва яна 30 ёки 50 фоиз устама бериш мумкинми? 2-савол. Олий таълим муассасасида 1,5 ставкада ишловчи ходимга 50 фоиз устама бериш мумкинми?
Экспертларнинг жавоблари:

I. Умумий қоидага кўра, меҳнатга оид муносабатларнинг субъектлари – Иш берувчи ва ходим хисобланиб (Меҳнат кодексининг 14-, 15-моддалари, кейинги ўринларда – “МК” деб юритилади), “пенсионер” бўлишидан қатъий назар у ходим бўлиб қолади.

Бу муносабатлар меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, жамоа келишувлари, шунингдек жамоа шартномалари ва бошқа локал норматив ҳужжатлар билан тартибга солинади (МКнинг 1-моддаси 1-қисми).

Умумий қоидага кўра, бир неча касб ва лавозимда ишлаганлик, ўзининг асосий иши билан биргаликда (бир вақтда) вақтинча бўлмаган ходимларнинг вазифаларини бажарганлик учун қўшимча ҳақ тўланади.

Бюджет ташкилотларида қўшимча ҳақ миқдори бир неча касб ва лавозимда ишлагандаги лавозим маошининг 30 фоизидан юқори бўлиши мумкин эмас (ВМ 2012 йил 18 октябрдаги 297-сон Қарори билан тасдиқланган "Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида"ги Низомнинг IV бўлими, 25-банди, кейинги ўринларда – “Низом” деб юритилади).

Бир неча касб ва лавозимда ишлаш тартиби ва шартлари хизмат кўрсатиш доираси кенгайганда ёки бажариладиган ишлар ҳажми ортганда ҳам бу (30 фоизлик) тартиб – қўлланилади (Низомнинг 26-банди).

Бу қўшимча тўловлар (ўрнатилган чекловлардан ўтмаган ҳолда)  тарафлар ўртасидаги келишувга кўра белгиланади.

II. 1,5 ставка масаласи (бюджет ташкилоти)да.

Бир неча касбда (лавозимда) - асосий иши билан биргаликда қўшимча ишни бажарганлиги учун қўшимча тўловлар – 0,3 ст., жами асосий иши билан қўшиб хисоблаганда - 1,30 ставка миқдорида тўланади.

Аксинча, ходимнинг ўзининг асосий ишини бажаришидан ташқари асосий ишидан бўш вақтида (ишдан кейин)  меҳнат шартномаси асосида бошқа ҳақ тўланадиган ишни ўриндошлик асосида бажаришига - меҳнатга ҳақ тўлашнинг вақтбай шаклида - ишланган вақтга мутаносиб тарзда амалга оширилганда - 0,5 ставка қўшимча тўлов, жами асосий иши билан қўшиб хисоблаганда - 1,5 ставка тарзида амалга оширилиши мумкин.

III. 1,5 ставкада ишловчи ходимга 50 фоиз устама бериш масаласи.

Қўшимча равишда маълум филамизки, хизмат вазифаларини ташаббускорлик ва виждон билан бажарганликни рағбатлантириш мақсадида бюджет муассасалари ва ташкилотларининг юқори малакали ходимларига меҳнатда юқори натижаларга эришганлик учун лавозим маошининг (тариф ставкасининг) 50 фоизидан ошмаган миқдорда шахсий устамалар белгиланади. Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган давлат бошқаруви органларида кўрсатилган устамалар максимал миқдорлар билан чегараланмайди  

Кўрсатилган устамалар раҳбар ходимлар учун юқори турувчи ташкилот томонидан, бошқалар учун эса – муассаса ёки ташкилотнинг раҳбари томонидан белгиланади(Бюджет муассасалари ва ташкилотларининг ходимларини моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси тўғрисида Низомнинг 3.2. банди, Адлия вазирлиги томонидан 1995 йил 20.09.даги 177-сон билан рўйхатдан ўтказилган).

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.