Саволнинг ID си: 3274
Корхона балансида бўлмаган, яъни бошка жисмоний шахснинг эгалигида бўлган автобусдан корхона мақсадларида ишчиларни ишга олиб келиш, ишдан уйига олиб бориш учун фойдаланмоқчи. Ушбу ҳаракатларни юридик (кадрлар ишини юритиш бўйича) ва жисмоний шахс ҳамда солиққа тортиш нуқтаи назаридан тушунтириб берсангиз.
Корхона балансида бўлмаган, яъни бошка жисмоний шахснинг эгалигида бўлган автобусдан корхона мақсадларида ишчиларни ишга олиб келиш, ишдан уйига олиб бориш учун фойдаланмоқчи. Ушбу ҳаракатларни юридик (кадрлар ишини юритиш бўйича) ва жисмоний шахс ҳамда солиққа тортиш нуқтаи назаридан тушунтириб берсангиз.
Экспертларнинг жавоблари:

Автомобиль транспортида йуловчилар ва багажни ташиш Қоидаларининг (ЎзР ВМнинг 4.11.2003 йил 482-сон қарори билан тасдиқланган) 2-бобида берилган асосий тушунчаларга кура, автобус деганда йўловчиларни, багажни ташишга мўлжалланган ва ҳайдовчи ўрнини ҳисобламаганда 8 тадан ортиқ ўриндиққа эга бўлган автотранспорт воситаси тушунилади.

Корхона тасарруфида (балансида) бўлмаган, бошқа жисмоний шахс эгалигида бўлган автобусдан корхонанинг ишлаб чиқариш мақсадларида фойдаланиш учун  автотранспорт воситаси ижара шартномаси тузилиши ва нотариал тартибда тасдиқланиши керак (ЎзРес ВМнинг 07.03.2006 йил 38-сон қарори билан тасдиқланган Автомототранспорт воситалари билан боғлик битимларни расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 1-банди).

Жисмоний шахс автомототранспорт воситасининг ижарага берувчиси сифатида тегишли ижара тўловларини олишга ҳақли. Корхонангиз ижара тўловларини ижарага берувчи томонидан кўрсатилган банкдаги шахсий ҳисобга ўтказиш мумкин.

ЎзРес Солиқ Кодексининг 176-моддасининг 1-кисми 3-пунктига мувофиқ мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар жисмоний шахсларнинг мулкий даромадлари таркибига киради ва 184-моддасининг 2-қисми 3-пункти мазмунига кўра улар бўйича тўлов манбаида даромад солиғи олинади. Сизнинг корхонангиз ижарага берувчининг асосий иш жойи  бўлмаганлиги сабабли, Сиз солиқ даври тугаганидан кейин 30 кун мобайнида тегишли давлат солиқ органига тўланган даромадлар ва ушлаб қолинган даромад солиғи тўғрисида маълумотнома тақдим қилишингиз керак.

ЎзР Солиқ Кодексининг 307-моддасига асосан мулкий даромадлар ягона ижтимоий тўловни ва суғурта бадалларини ҳисоблаб чиқариш учун солиқ солинадиган база таркибига киритилмайди.

Автобус ижарага олингандан кейин, ундан ишчиларни ишга олиб бориш ва ишдан уйга олиб келиш, яъни нотижорат мақсадларда фойдаланиш учун корхона ўз штатига ушбу транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлган ҳайдовчини ишга олиши ва тегишли буйруқ билан автобусни унга бириктириб қўйиши керак.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.