Саволнинг ID си: 5098
Поликлиникада бухгалтер бўлиб ишлайман. Ҳозирги кунда бизда шундай ҳолат юзага келаяптики, юқори турувчи ташкилот ва Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрдаги 297-сон қарори ижросини таъминлаш юзасидан бош бухгалтер, бухгалтерия ходимлари, ходимлар бўлими ва бошқа ходимларни (тиббиёт ходимларидан ташқари) умумий иш ставкасини 1,25 дан оширмаслик, 1,0 ставкани кўпи билан 30%га ошириш масаласи кўриб чиқилаётир.
Давлат поликлиникасининг бош бухгалтери ёки бухгалтерия ходимлари, ходимлар бўлими бошлиғи ва бошқа ходимлар (тиббиёт ходимларидан ташқари) доимий 1,5 ставка бўйича ишлашлари мумкинми?
Экспертларнинг жавоблари:

Фикримизча, мумкин эмас.

Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида низомга (Вазирлар Маҳкамасининг 18.10.2012 йилдаги 297-сон қарори билан тасдиқланган) асосан ходим томонидан меҳнат шартномасида келишилган ўзининг асосий иши билан биргаликда бошқа касб ва лавозим бўйича қўшимча иш бажарилиши ва ички тартиб-қоидалар билан белгиланган ўзининг асосий ишидан озод бўлмаган ҳолда, вақтинча бўлмаган ходимнинг вазифаларини бажариши бир неча касб ва лавозимда ишлаш деб эътироф этилади.

Бир неча касб ва лавозимда ишлашга, қоидага кўра, ушбу ходим тегишли бўлган ходимлар тоифаси доирасида рухсат берилади. Бюджет ташкилотлари ходимларининг бир неча касб ва лавозимда ишлаши иш берувчилар томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан келишган ҳолда белгиланади.

Ташкилотнинг ходими қўшимча ишни бажарадиган муддат, унинг мазмуни ва ҳажми иш берувчи томонидан, ходимнинг ёзма розилиги бўйича белгиланади.

Бир неча касб ва лавозимда ишлаш, ўзининг асосий иши билан биргаликда вақтинча бўлмаган ходимларнинг вазифаларини бажарганлик учун қўшимча ҳақ тўланади. Ходимларга бир неча касб ва лавозимда ишлаганлиги, хизмат кўрсатиш доираси кенгайганлиги, бажариладиган ишлар ҳажми ортганлиги, ўзининг асосий иши билан биргаликда вақтинча бўлмаган ходимнинг вазифаларини бажарганлиги учун қўшимча ҳақ миқдори, агар ички меҳнат тартибида ўзгача қоида назарда тутилмаган бўлса, томонларнинг келишувига кўра белгиланади.

Бюджет ташкилотларида қўшимча ҳақ миқдори бир неча касб ва лавозимда ишлагандаги лавозим маошининг 30 фоизидан юқори бўлиши мумкин эмас.

Бир неча касб ва лавозимда ишлаш тартиби ва шартлари хизмат кўрсатиш доираси кенгайганда ёки бажариладиган ишлар ҳажми ортганда ҳам қўлланилади.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.