Саволнинг ID си: 5508
Мен бир корхонада шартномга асосан 3 ойдан буён ишлайман. Бошқа ерда ишламайман. Ушбу ишлаган жойимда ойлик иш хақимдан ҳар ой солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаб боряпман. Меҳнат дафтарчамга ушбу иш жойимдаги ишлаган давримни қайд эта оламанми? Ахир бошқа ерда ишламайман! Меҳнат дафтарим бўш қолишини истамайман.
Меҳнат дафтарчамга ушбу иш жойимдаги ишлаган давримни қайд эта оламанми? Ахир бошқа ерда ишламайман! Шу саволимга асосли аниқ жавоб берсангиз илтимос!
Экспертларнинг жавоблари:

Ҳа, сизнинг меҳнат дафтарчангизга корхонада 3 ой мобайнида ишлаганингиз тўғрисидаги маълумотларни  киритишлари юзасидан ҳуқуққа эгасиз. Бундан ташқари бу Сизнинг иш берувчингизнинг  мажбуриятидир.

      Меҳнат кодексининг (кейинги ўринларда – МК) 81-моддаси иккинчи қисмига ва Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида йўриқноманинг (АВ томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 1.1-бандига мувофиқ иш берувчи мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклидан қатъи назар корхонада 5 кундан ортиқ ишлаган барча ходимларга меҳнат дафтарчасини тутиши шарт, ўриндошлик асосида ишловчилар бундан мустасно. Меҳнат дафтарчасига ишга қабул қилиш, бошқа доимий ишга ўтказиш ва меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги маълумотлар ёзилади, бунда меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари (сабаблари) меҳнат дафтарчасига ёзилмайди (МКнинг 81-моддаси учинчи қисми).

    Бироқ Сиз иш берувчи томонидан Сизнинг ишингиз тўғрисидаги маълумотлар ёзилмаганлиги сабабларини билиб олишингиз лозим. Эҳтимол Сизни фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномага (меҳнат келишуви) асосан ишга қабул қилишгандир. Меҳнат келишувига асосан иш Фуқаролик кодекси (37, 38 боблар) билан тартибга солинади. Меҳнат келишуви бўйича муносабатлар фақат фуқаролик-ҳуқуқий тусга эгалигини ва ўзида қандайдир меҳнат муносабатлари вужудга келишини кўзда тутмаслигини инобатга олиб,  мазкур ҳолатда ходимнинг меҳнат дафтарчасига ташкилотда ишланган давр тўғрисидаги маълумотларни ёзиш мажбурияти иш берувчида вужудга келмайди.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.