Саволнинг ID си: 5669
Корхона бош директори бир неча бор корхона таъсисчисига ўз хохишига кўра ишдан бўшатиш аризасини ёзган. Шунга карамасдан корхона таъсисчиси лавозимидан бўшатмаган. Хозирги кунда корхона иш фаолияти тўхтаб турибти. Қандай қилиб бўшатиш тўғрисида буйруқ чиқарса бўлади? Бош директор ўзини ўзи ишдан бўшатса бўладими?
Корхона бош директори ўз хохиши биноан ишдан бўшаш тўғрисидаги аризасига кўра таъсисчининг имзосисиз хам ишдан бўшаса бўладими?
Экспертларнинг жавоблари:

Қоидага кўра, корхона раҳбарини ишга қабул қилиш корхона мулки эгасининг ҳуқуқи бўлиб, бу ҳуқуқни у бевосита, шунингдек ўзи вакил қилган органлар орқали ёки корхонани бошқариш ҳуқуқи берилган корхона кенгаши, бошқаруви ёхуд бошқа органлар орқали амалга оширади (МК 82 моддасининг 2-қисми).

Меҳнат шартномасини бекор қилишга келсак, ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам, икки ҳафта олдин иш берувчи (корхона мулки эгаси)ни ёзма равишда огоҳлантириб, бекор қилишга ҳақлидир. Огоҳлантириш муддати тугашидан олдин, охирги иш куни ходим ўз-ўзига буйруқ чиқариб, рахбарлик ваколати тугашини ва меҳнат шартномаси бекор қилинишини билдиради. Огоҳлантириш муддати тугагандан сўнг ходим ишни тўхтатишга ҳақли, иш берувчи эса, ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шарт(МК 99, 108 - моддалари).

Иш берувчи айби билан меҳнат дафтарчасини бериш кечиктирилса, у холда бутун кечиктирилган давр учун ходимга ўртача ойлик иш хақи тўланади (масалан: моддий жавобгар ходимни бириктирилган анжомларни вақтида топширмаганлиги учун бахона қилиб меҳнат дафтарчасини бериш кечиктирилса). Бундай холда ишдан бўшаш куни, меҳнат дафтарчаси берилган кун ҳисобланади. Ишдан бўшаган кунининг янги санаси тўғрисида буйрук берилиб, ходимнинг меҳнат дафтарчасига ёзиб қўйилади. Бўшаган куни тўғрисида илгари киритилган ёзув, Йўриқноманннг 2.18 бандида белгиланган тартибда бекор қилинади (АВ томонидан 1998 йилнинг 29 январида 402-сон билан рўйхатга олинган, МҳВ ва ИТВ томонидан тасдиқланган "Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида"ги Йўриқнома).

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.