Саволнинг ID си: 7060
Штатлар жадвалини тўлдиришда қўйиладиган минимум талабларни келтирсангиз: Штатлар жадвали қайси меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида тузилади? Штатлар жадвалида кўрсатилган лавозимлар ҳақиқатда корхонада бўлиши керакми? Штатлар жадвалида кўрсатилган лавозим бўйича ходим топилмаса, қайси лавозим вакили қандай асосларга кўра уни бажариши мумкин? Перевод: Каков порядок составления штатного расписания? Приведите минимальные требования к заполнению штатного расписания: На основание каких нормативно-правовых актов составляется штатное расписание? Обязательно ли наличия на предприятии должностей, указанных в штатном расписании? В случае отсутствия работника по должности, указанной в штатном расписании, представитель какой должности и по каким основаниям может работать на этой должности?
Штатлар жадвалини тузиш тартиби қандай?
Экспертларнинг жавоблари:

a) Штат жадвали ташкилотнинг ички расмий ҳужжати бўлиб, унда ташкилотнинг ички тузилмаси, штат таркиби ва штат сони қайд этилган бўлади. Унда тузилмавий бўлимлар, лавозимлар, штатдаги ўринлар сони рўйҳати ҳамда лавозимлар окладлари, устама ҳақлар ҳамда ойлик иш ҳақи фонди ҳақидаги қўшимча мажбурий бўлмаган маълумотлар акс этади.

Биринчи навбатда шуни таъкидлаш керакки,  меҳнат қонунчилиги ҳар бир ташкилотга штат жадвали бўлиши талабини қўймайди. Аммо унинг  фойдадан ҳоли эмаслигини исботловчи далиллар мавжуд.

Биринчидан, қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда штат жадвали бўлишининг зарурий экани кўрсатилган далиллар мавжуд.

Иккинчидан, штат жадвалини тузиш корхонага керакли бўлган ишчилар сони, уларга тўланадиган пул маблағларининг ҳажми ҳамда ташкилотнинг тузилишини аниқлаб олишга имкон яратади.

Штат жадвали — шахсга эга бўлмаган ҳужжат, яъни унда аниқ ишчилар шахси эмас, балки ташкилотдаги ишчилар сони ҳамда уларнинг иш ҳақлари кўрсатилади. Ходимлар эса жадвал тасдиқланганидан кейин раҳбарнинг буйруқлари асосида лавозимларга тайинланади. Шунингдек, муайян ташкилотда мавжуд лавозимларга нисбатан қўшимча ва устама ҳақлар штат жадвалида акс этиши мумкин.

Ташкилотнинг штат жадвали одатда битта бўлади. Аммо юридик шахснинг филиал ва ваколатхоналари бўлса, жадвалнинг ягона бўлиши ёки бўлинмаларнинг ўз штат жадваллари бўлиши масаласини ташкилотнинг ўзи ҳал этади. Филиал ва ваколатхоналар ўз навбатида юқори ташкилот томонидан улар учун тасдиқланган штат жадвалига амал қилишлари шарт.

Ташкилотнинг мулкчилик шаклини билиш ҳам муҳим саналади.

Штат жадвалини тузишга киришишдан олдин ташкилотнинг ташкилий тузилмасига аниқлик киритиб олиш даркор.

Ташкилий тузилма — бу тузилмавий бўлимларнинг схематик кўринишда акс эттирилишидир. Мазкур ҳужжатда ташкилотнинг барча бўлимлари акс этади, уларнинг бўйсуниш тартиби схематик равишда чизиб берилади. Ташкилий тузилмада, шунингдек, бўлинмалар орасидаги алоқаларни ҳам горизонтал, ҳам вертикал ҳолатда акс эттириш мумкин.

б)  Штат жадвали ташкилотнинг ички ҳужжати бўлгани боис у муайян ташкилотнинг ўзи учунгина тасдиқланади, штат жадвалида кўрсатиб ўтилган лавозимларнинг ташкилотда ҳақиқатан ҳам фаолият юритиши мажбурий қилиб белгиланган.

в) Штат жадвалида кўрсатилган ишчи ҳақиқатда лавозимда фаолият юритмаган тақдирда иш берувчи вакат иш ўрнини тўлдириш учун Иш билан таъминлаш марказига мурожаат этиши, ОАВда ишчи изланаётгани ҳақида эълон жойлаштириши ёки ўз заҳирасидаги ходимлардан бирининг номзодини кўриб чиқиши мумкин. Имкониятлар жуда кўп.

Ходимларни турли вазифаларга ишга қабул қилиш уларнинг маълумоти, малакаси ва ўрганиш имкониятларига қўйиладиган талаблар асосида индивидуал равишда амалга оширилади. Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари Классификаторига таяниб иш кўриш мажбурийдир. Унда вазифанинг аниқ номланиши, ишчининг маълумоти даражаси аниқлаб берилган.

Бўш иш ўрни келиб чиққан тақдирда иш берувчи амалдаги ходимларини қўшимча вазифалар ёки ички ўриндошлик шартлари асосида жалб этиши мумкин. Шу билан бирга бошқа вазифадаги ходим (қўшимча вазифалар) зиммасига бўш иш ўрни учун мўлжалланган ишларни бажариш вазифаси юкланади. Бунда ходим ва иш берувчи ўртасида тузилган шартномага биноан штат ходимининг ўз вазифаси бўйича маошига қўшимча иш ҳақи тўланади. Ички ўриндошликда ходим янги меҳнат шартномасига (эскиси тугатилмайди) биноан янги вазифаларини ишдан бўш вақтида бажариш шарти билан қабул қилинади. Шу билан бирга ходимнинг қўшимча ишни эплай олиш бўйича малака ва қобилиятлари, маълумоти инобатга олинади.

Иш берувчи бир вақтнинг ўзида бўш иш ўрнига штат ходимини излаш ишлари билан шуғулланиши ҳам мумкин. Чунки у ўриндошлик асосида ишга қабул қилинган ишчи билан меҳнат шартномасини тўхтатиш ҳуқуқига эга (ЎзМК 100 м. 5-б). Шунингдек, унда ички ўриндошлик асосида ишлаётган ходимни қўшимча вазифалардан озод этиш ва қўшимча иш ҳақини бекор қилиш ҳуқуқи ҳам бор.

Агар ташкилотдаги бўш иш ўринлари узоқ вақт мобайнида бўш қолаверса, унинг вазифаларини ҳеч ким бажармаса, янги штат жадвали тасдиқланаётганда ушбу лавозимларни штат жадвалидан олиб ташлаш масаласини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.