Саволнинг ID си: 7831
1-масала. Мен туман тиббиёт бирлашмасида 1 ставка асосида ультрадиагностика текшируви шифокори вазифасида соат 900дан 1600гача (6 соат) ишлайман. Туғруқ бўлимида 0,5 ставка врач неонатолог вазифасида тунги навбатчиликда хам тураман. Навбатчилик кунлари асосий ишимдан ажралган ҳолда соат 900дан эртаси куни соат 0900гача (24 соат) навбатчиликда бўламан (ҳафтада бир сутка, бир ой давомида тўрт сутка тунги навбатчиликда ишлайман). Навбатчиликдан чиққандан кейин бир сутка дам олгандан сўнг ўзимнинг асосий ишимга тушаман. Масалан, 2016 йил октябрь ойи давомида асосий ишимда 126 соат, навбатчилик асосида 96 соат, жами 222 соат ишлаганман. Маъмурият томонидан тунги навбатчилигим бўйича 30 фоиз миқдорида ҳақ тўлаш ҳақида буйруқ чиқарилиб, шу асосда ҳақ тўланаётган экан. Кадрлар бўлимига мурожат қилсам, улардан тайинли жавоб ололмадим. 2-масала. Вазирлар Маҳкамасининг 21.12.2005 йилдаги 276-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси давлат муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ва шартлари тўғрисида НИЗОМ»га 2-илова «Соғлиқ учун хавфли ва меҳнат шароитлари ўта хавфли бўлганлиги муносабати билан уларда ишлаш ходимлар тариф ставкаларига қўшимча тўлов белгилаш ҳуқуқини берадиган муассасалар ва уларнинг бўлинмалари, шунингдек лавозимлар РЎЙХАТИ»нинг III бўлимида Туғруққа ёрдам кўрсатиш муассасалари: Врач-неонатологлар тариф ставкасига (лавозим маошига) устамаларни 25 фоизга ошириш ҳуқуқини берадиган, соғлиқ учун ўта хавфли ва меҳнат шароитлари ўта оғир бўлган муассасалар, бўлинмалар ва лавозимлар рўйхатига киритилган. 2012 йил бошидан менга устама тўлаш бекор қилинди. Сабабини сўраганимда, лавозим маошига 25 фоиз устама туғруққа ёрдам кўрсатиш муассасалари врач-неонатологларга белгиланиши, мен эса туғруқ бўлимида врач-неонатолог вазифасида ишлаётганлигим сабабли рўйхатга тўғри келмаслиги натижасида назорат-тафтиш бошқармаси томонидан ўтказилган текшириш натижалари якунига кўра бекор қилинганлиги билдирилди.
1-савол: Менинг тунги навбатчиликда туришим ҳамда тунги навбатчиликдан кейинги куни асосий ишимда бўлмаслигим тўғрими? Асосий иш вақтимда ва тунги навбатчиликда жами ишлаган иш соатларим Меҳнат вазирлиги томонидан тасдиқланган 2016 йил учун иш вақтининг меъёридан ошиб кетишига йўл қўйиладими? Кадрлар бўлими томонидан навбатчилик ҳақидаги буйруқ қай мазмунда расмийлаштирилиши лозим эди? Шу ўринда иш берувчининг ҳатти-харакатлари қанчалик қонуний? Масаланинг қонуний ечими қандай бўлади? 2-савол: мен врач-неонатологга тўлананиши керак бўлган 25 фоизлик устама бекор қилиниши тўғрими?
Экспертларнинг жавоблари:

Амалдаги қонун ҳужжатларида “навбатчи”лик деган тушунча берилмаган, бинобарин бирон бир тоифадаги ходимларни унга жалб этиш хусусида тўғридан тўғри тақиқ ҳам йўқ.

Илгари ходимларни бундай навбатчиликка жалб этиш тартиби собиқ Иттифоқ касаба уюшмалари (ВЦСПС) қарори билан бошқариб туриларди. Бу масала бўйича Ўзбекистонда бошқа бирон бир норматив ҳужжат қабул қилинган эмас. Шу муносабат билан амалиётда кўпинча мазкур қарор ҳозирги кунда ҳам ўз кучини сақлаб турибдими деган савол чиқиб қолади.

Собиқ ВЦСПС қарорининг ходимларни дам олиш кунларидаги навбатчиликка жалб этишга тааллуқли қисми талаблари Меҳнат кодексининг 7-м, 177 м(2-қисми), 130-м(1-қисми) талабларига зиддир.     

         “Навбатчи”лик пайтида ходим меҳнат шартномасида шартлашилган ўз вазифаларини бажариши ёки зарурат бўлганда бажаришга тайёр туриши шарт. Шифокорнинг, тиббиёт хамширасининг, шофёрнинг, электрчи ва шу кабиларнинг навбатчилигини бунга мисол қилиб кўрсатиш мумкин.       

Шунга эътибор бериш зарурки, “тезкор навбатчи”ликдан бўлак барча турдаги “навбатчи”ликка иш вақти сифатида қаралади ва бундай навбатчиликлар билан боғлиқ барча масалалар тегишинча, ўша тартибда иш вақтига тааллуқли масалалар каби ҳал этилади.

1-масала юзасидан:

Сизнинг хисоблашингиз бўйича - 2016 йил октябрь ойи давомида асосий ишда 126 соат, навбатчилик асосида 96 соат, жами 222 соат ишлаганлигингизни, Иш берувчи томонидан тунги навбатчилигингиз бўйича 30 фоиз миқдорида ҳақ тўлаш ҳақида буйруқ чиқарилиб, шу асосда ҳақ тўланаётганлигини билдиргансиз.

Иш вақтининг муддати ҳафтасига 36 соатдан хисоблаган ҳолда, 2016 йил октябрь ойи учун, тасдиқланган иш вақти календари 150 соат деб белгиланган. 

Амалдаги қонунчилик талабларидан келиб чиқиб, Иш берувчи ходимларга қуйидаги қўшимча тўловларни:

тунги вақтдаги иш учун (соат 22.00 дан то соат 6.00 гача). Ишнинг ҳар бир соати учун (МКнинг 122-моддаси) камида бир ярим баравар миқдорда (МКнинг 158-моддаси);

иш вақтидан ташқари (ходим учун белгиланган кундалик иш вақтидан (сменасидан) ташқари) иш учун - камида икки ҳисса миқдорида (МКнинг 157-моддаси);

дам олиш ва байрам кунларидаги иш учун - камида икки ҳисса миқдорида тўлаши шарт(МКнинг 157-моддаси).

Бундан ташқари:

- ҳафталик иш вақтининг қисқартирилган муддати чегараси (36 соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас, МКнинг 115, 116-моддалари);  

- кундалик ишнинг энг кўп муддати (6 кунлик иш ҳафтасида 6 соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас, МКнинг 115, 116 - моддалари);

- байрам (ишланмайдиган) кунлари арафасида барча ходимлар учун кундалик ишнинг 1 соатга қисқартирилган муддати(МКнинг 121-моддаси);   

- тунги вақтдаги ишнинг 1 соатга қисқартирилган муддати(МКнинг 122-моддаси);

- иш вақтидан ташқари ишларнинг энг кўп муддати (МКнинг 124-моддаси);

- ишнинг тугаши билан кейинги куни иш бошланиши ўртасидаги кундалик дам олиш вақтининг муддати ўн икки соатдан кам бўлиши мумкин эмаслиги таъкидланган (МКнинг 128-моддаси) Меҳнат кодексининг нормаларини ижросини таъминлаш зарур.  

Муҳнат кодексининг 123-моддасини биринчи қисмига мувофиқ иш вақти жамлаб ҳисобга олинганда кундалик иш вақти(смена)нинг энг кўп муддати 12 соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмаслигини эътиборга олиб, ҳар қандай ҳолатда ҳам ходимлар кўпи билан 12 соат ишлаганидан кейин алмашиниши, яъни навбатчилик олдидан ва у тугагандан кейин ходимнинг камида 12 соат дам олишини назарда тутиши  керак. Бунда навбатчилик иш вақтининг ойлик меъёри доирасида амалга оширилиши зарур.

Шу тариқа, муассасангиз раҳбарияти иш вақтингизни жамлаб хисоблаганда меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг талабларини бузмоқда. Бундай ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда (49-модда) назарда тутилган жавобгарликка - мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг 2 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга олиб келишини эслатиб ўтамиз.

2-масала юзасидан.

Ҳақиқатда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида” 2005 йил 21 декабрдаги 276-сон Қарорининг иловасида “Ўзбекистон Республикаси давлат муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ва шартлари тўғрисида НИЗОМ” тасдиқланган.

  Низомнинг 2-Иловаси III бўлимида соғлиқ учун ўта хавфли ва меҳнат шароитлари ўта оғир бўлган муассасалар, бўлинмалар ва лавозимларда, яъни  Туғруққа ёрдам кўрсатиш муассасасида: Врач-неонатолог  лавозимида ишлаш врач тариф ставкаси (лавозим маошига) устамани 25 фоизга ошириш мумкинлигини билдиради. Хозирда Сиз туғруқ бўлимида врач-неонатолог лавозимида ишлаётганлигингиз ва 2012 йилдан бери устама ҳақ тўланмаётганлигини билдиргансиз. Бу холат Низомнинг 2-Иловаси III бўлимида соғлиқ учун ўта хавфли ва меҳнат шароитлари ўта оғир бўлган муассасалар, бўлинмалар ва лавозимларда деб кўрсатилиши ва масалага ойдинлик киритиш учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилишингизни тавсия қиламиз.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.