Саволнинг ID си: 7976
Ходим мукобил харбий хизмат учун пул тулаб куйган. 2017 йилнинг март ойида бир ойлик хизмат муддатини утаб кайтиш нияти бор. Ходим учун мехнат таътилига ариза ёзиб, таътил даврида харбий хизматни утагани маъкулми ёки мехнат таътилига чикмасдан мудофаа булимининг сафарбарлик чакируви когозини асос килган холда хизматга кетгани яхшими.
Бир ойлик мукобил харбий хизматни уташ пайтида ходимнинг иш хаки сакланадими, йукми?
Экспертларнинг жавоблари:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Муқобил хизматни ташкил этиш ва Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг уни ўташи тартиби тўғрисида 2003 йил 11 мартдаги 128-сон  қарори билан тасдиқланган НИЗОМга мувофиқ:

Муқобил хизмат фуқароларнинг умумий ҳарбий мажбуриятни бажаришининг чақирув бўйича ҳарбий хизмат ўрнига иқтисодиёт, ижтимоий соҳанинг турли тармоқларида кам малака талаб этиладиган (ёрдамчи) ишларни, шунингдек фалокатлар, ҳалокатлар, табиий офатлар ва бошқа фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш ишларини бажариш билан боғлиқ бўлган алоҳида туридир (Низомнинг 2-банди).

Муқобил хизматнинг муддати йигирма тўрт ойни, олий маълумотли фуқаролар учун эса ўн саккиз ойни ташкил этади (Низомнинг 8-банди).

Мурожаатингизда эса “бир ойлик мукобил харбий хизматни уташ пайтида ходимнинг иш хаки сакланадими, йукми”, деган саволни бергансиз.

Балким Сиз бир ойлик харбий йиғинларга жалб этилган муддат билан адаштираётгандирсиз.

Эслатиб ўтамизки, Муқобил хизматга чақирилган фуқароларни ўзларининг яшаш жойларидаги, шунингдек мамлакатнинг бошқа минтақаларидаги корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларга юбориш етиб бориш муддати белгиланган ҳолда якка тартибда амалга оширилади.

Ишга қабул қилинганлик тўғрисида буйруқ чиқарилган кун муқобил хизмат бошланган кун ҳисобланади (Низомнинг 11-банди).

Муқобил хизматни ўтаётган фуқароларга меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари татбиқ этилади. Муқобил хизмат муддати меҳнат стажига қўшилади (Низомнинг 12-банди).

Мабодо, бошқа корхонага муқобил хизматни ўташ учун юборилган бўлсангиз, олдинги ишҳонангиз Сиз билан меҳнат шартномасини Меҳнат кодексининг (бундан буён - МК деб деб юритилади) 106-моддаси 1-бандига мувофиқ бекор қилиши, бўшаётган кунингизга хисоб-китоб (МКнинг 110-м), фойдаланмаган таътиллар учун пуллик компенсация (МКнинг 151-м.) ва бир ойлик ишдан бўшатиш нафақасини тўлаши шарт (МКнинг 109-м).

Аксинча, агар Сиз 1 ойлик харбий йиғинга юборилган бўлсангиз, Сиз билан меҳнат шартномаси бекор қилинмайди, балким, Сизнинг ўртача иш ҳақингиз сақланиб қолиниши шарти билан харбий йиғинга юборилишингиз (чақириқ хати асосида), тўғрисида буйруқ қабул қилинади.

Харбий йиғин тамом бўлганидан кейин ўз ишингизга қайтишингиз мумкин.

 

 

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.