Саволнинг ID си: 8126
ЖИБ Термиз шаҳар судининг 09.06.2014 йилдаги ҳукми билан М.Жабборов жиноий жавобгарликка тортилиб, Қумқўрғон туман ИИБ ХООБ ЖИЭИ катта инспектори А.Қосимовнинг 04.07.2014 йилда вилоят пенсия жамғармасига юборган хабарномасида Жабборов ЖКнинг 45-моддаси билан мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинганлиги ва 3 кун муддатда уни ишдан бўшатиш ва ёзма маълумот бериш сўралган. Лекин вилоят жамғарма раҳбарияти МКнинг 106-моддаси 3-бандига асосан меҳнат шартномасини бекор қилмасдан, 14.07.2014 йилда ундан ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаш ҳақидаги ариза ёздириб, МКнинг 99-моддаси билан шу кунни ўзида 2 хафталик муддатсиз бўшатишган.
Фуқарони суд ҳукми билан ЎзР ЖКнинг 45-моддаси билан мансабдорлик лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинганидан кейин ҳам ЎзР МКнинг 99-моддаси билан бўшатиш қонунийми?
Экспертларнинг жавоблари:

Иш берувчи ва ходим ўртасидаги меҳнат муносабатлари қоида тариқасида томонларнинг ўзаро эркин ташаббуслари билан пайдо бўлади. Чунки ишни эркин танлаш ҳар бир фуқаронинг конституциявий ҳуқуқидир (Конституциянинг 37-моддаси). Бу тамойил МКнинг 16, 57, 58-моддаларида ҳам ўз ифодасини топган. Бунга кўра ходимга нисбатан мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги суд ҳуқми кучга кирган бўлса ҳам, фикримизча, ходим у билан МКнинг 106-моддаси 3-бандига кўра меҳнат шартномаси бекор қилингунга қадар ўз хоҳиши билан ишдан ҳақиқатдан ҳам бўшамоқчи бўлса иш берувчи ушбу ташаббусни қабул қилмасликка ваколати йўқ.

Бу ҳолатда икки ҳафталик огоҳлантириш муддати томонларнинг ўзаро келишувига асосан қисқартирилиши ҳам мумкин (МКнинг 99-моддаси иккинчи қисми).

Аммо шундай ҳолатда иш берувчи ходимни “ўз хоҳишига кўра” ишдан бўшаш тўғрисидаги аризасини ёзишга мажбурлаган бўлса ва меҳнат шартномани МКнинг 106-моддаси 3-бандига асосан меҳнат шартномасини бекор қилмасдан МКнинг 99-моддаси билан тугатган бўлса, бунда фуқаронинг ҳуқуқлари бузилганлиги аниқ. Чунки, суд ҳуқми кейинчалик кассация ёки назорат тартибида бекор қилинса ходим ЖПКнинг 7-бўлимига мувофиқ реабилитация қилинишига тўсқинлик яратади. Лекин ушбу холатни исботлаш учун ваколатли органларга аниқ далилларни тақдим этиш зарур.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, амнистия акти бўйича жазодан озод қилинган шахслар реабилитация қилинмайдилар.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.