Саволнинг ID си: 8180
Масалан: корхонада 3 ой давомида модернизация ишлари олиб борилиб ушбу вақтда ишга жалб қилинмаган ходимлар ўз ҳисобларидан маошсиз таътилга кетганлар (мажбурий таътил). Ушбу ходимларга меҳнат таътили бериш вақтида ҳақиқатда ишлаган даврларини ҳисоблаб чиқиш учун 2 ҳафтадан кўп (01.06.2016дан 23.06.2016гача) маошсиз таътилда бўлган ходимларга қуйидагича ҳисоб қилинди: Таътил даври: 01.02.2015-01.02.2016 (28 календар куни маошсиз таътил олган), Шунда: 01.02.2016-28.02.2017 * 24 иш куни * Кейинги йиллар: 28.02.2017-28.02.2018 * Яъни: 28-24=4 кун Шунда: 01.02.2016-05.02.2016 шу тўғрими?
Маошсиз таътил (28 кун) асосий таътил даврини ҳисоблашда календарь кунда ҳисобланадими? МКда руҳсат берилган 2 хафта, таътил даврини ҳисоблашда олиб ташланадими ёки қўшиб ҳисобланадими?
Экспертларнинг жавоблари:

Меҳнат кодексида мажбурий таътил деган тушунча мавжуд эмас.

Саволингизга қараганда, юқоридаги ҳолатда Меҳнат кодексининг 150-моддаси талаблари бузилган. Унга кўра, иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътиллар иш берувчининг ташаббуси билан эмас, балки ходимнинг аризасига кўра берилади. Шунинг учун, иш берувчи юқоридаги ҳолат сабабли ходимдан мажбурий тартибда иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил олиш учун ариза беришини талаб қилишга ҳақли эмас.

Корхонада модернизация ишлари олиб борилган давр бекор туриб қолинган вақт ҳисобланиб, бу даврда ходимларнинг ўртача иш ҳақи сақланиб қолади (МКнинг 159-моддаси 1-қисми). Ходим ҳақиқатда ишламаган бўлса ҳам, лекин унинг иш жойи (лавозими) сақланган вақт (яъни, бекор туриб қолинган вақт) йиллик асосий таътилни олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига киритилади (МКнинг 142-моддаси 1-қисми 2-банди).

Шунингдек, МКда ишлаб чиқариш зарурияти ёки бекор туриб қолиниши муносабати билан ходимни унинг розилигисиз ҳам вақтинча бошқа ишга ўтказишга йўл қўйилиши белгиланган. Бироқ, бундай ҳолда ходим соғлиғига тўғри келмайдиган бошқа ишга ўтказилиши мумкин эмас (МКнинг 95-моддаси).

Саволнинг асосий қисмига келсак, МКнинг 142-моддаси 1-қисми 2-бандида иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган муддати икки ҳафтадан кўп бўлган таътиллар йиллик асосий таътилни олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига киритилмаслиги назарда тутилган. Фикримизча, узлуксиз давом этган муддати 28 кундан иборат (яъни 14 календарь кундан ортиқ бўлган) иш ҳақи сақланмаган ҳолда берилган таътил даври йиллик асосий таътил даврини ҳисоблашда ҳисобга олинмайди.

Бироқ, жамоа шартномасида, корхонанинг бошқа локал ҳужжатида, меҳнат шартномасида хусусан иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган муддати икки ҳафтадан кўп бўлган таътил вақтини ҳам йиллик асосий таътилни олиш ҳуқуқини берадиган меҳнат стажига қўшиш назарда тутилиши мумкин (МКнинг 142-моддаси 2-қисми).

Меҳнатга оид қонун ҳужжатларида иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътилларни ҳисоблашнинг умумий тартибини тартибга солувчи қоида мавжуд эмас. Бунда Меҳнат кодексининг 150-моддаси иккинчи қисмида алоҳида тоифадаги ходимларга бериладиган мазкур тоифадаги таътилларга нисбатан календарь кунлар назарда тутилган. Мазкур ҳолатда қонун аналогиясидан келиб чиқиш ва МКнинг 150-моддаси биринчи қисмига асосан ходимга иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътил муддатини календарь кунлардан келиб чиқиб ҳисоблаш мақсадга мувофиқ.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.