Саволнинг ID си: 8185
1. Корхонада кўп йиллар давомида самарали меҳнат қилиб, бугунги кунда жамоа орасида муҳитнинг оғирлаштирувчи ғийбат, фисқу- фасод, раҳбарлар шаънига туҳмат сўзларни гапириб юрган ходимга нисбатан қандай чора кўриш мумкин? 2. Уни шулар сабабли ишдан бўшатиш мумкинми?
Экспертларнинг жавоблари:

1. Юридик шахслар ва фуқаролар ўз шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини пастга урувчи маълумотлар тарқатилганда ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эгалар.

Била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш, шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш МЖТКнинг 40, 41-моддаларига биноан маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади. Шахс маъмурий жавобгарликка тортилгандан сўнг, бир йил мобайнида шундай қилмишни такроран содир этганлиги учун ЖКнинг 139, 140-моддаларига кўра жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Юридик ёки жисмоний шахсларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини пастга урувчи маълумотларни оммавий ахборот воситаларида, хизмат таърифномаларида, кўпчилик олдида сўзлаганда, мансабдор шахслар номига ёзилган аризаларда ёки бошқа, шу жумладан, оғзаки бўлса ҳам бир неча шахсга ёхуд бир кишига хабар қилиш тушунилади (ОС Пленумининг 1992 йил 19 июндаги 5-ПЛ-92-сон “Суд амалиётида фуқаро ва ташкилотларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш ҳақидаги қонунларни қўллаш тўғрисида”ги Қарорининг 8-банди биринчи хатбошиси).

Бундай маълумотларни фақатгина ўша шахснинг ўзига айтиш, бу маълумотларни тарқатиш деб қаралмайди (юқоридаги Қарорнинг 8-банди иккинчи хатбошиси).

Юқоридаги ҳолатлар бўйича сиз, ички ишлар органлари ёки бевосита судга мурожаат қилишингиз мумкин.

2. Меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш асосли бўлиши шарт (МКнинг 100-моддаси 1-қисми).

Ходим иш берувчининг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини пастга урувчи маълумотларни тарқатганлиги сабабли у билан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун шундай хатти-ҳаракатлар ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келиши мумкин бўлган меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузишларнинг рўйхатига киритилган бўлиши керак. Меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузишларнинг рўйхати корхонанинг ички меҳнат тартиби қоидалари билан белгиланади.

Шу тариқа, ходим томонидан содир этилган юқоридаги хатти-ҳаракатлар меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузишларнинг рўйхатига киритилган ҳамда шундай хатти-ҳаракатларни содир этганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (тушунтириш хати, далолатнома ва суднинг ҳал қилув қарори ёки ҳукми) бўлган тақдирда ходим билан МКнинг 100-моддаси 2-қисми 4-бандига асосан меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкин.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.