Саволнинг ID си: 8244
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг 16.01.1998 йилдаги “Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 118-моддасини қўлланишнинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги иш бўйича” қарорига асосан Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси 1997 йил 11 мартда тасдиқлаган "Алоҳида тусга эга бўлган ишлардаги ходимлар рўйхати"да кўрсатиб ўтилмаган тиббиёт ходимларининг иш вақти нормаси бир ҳафтада ўттиз олти соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас деб ҳисобланишлиги белгиланган. Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 276-сон Қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси давлат муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ва шартлари тўғрисида низом”нинг 8-бандида кичик тиббиёт ходимлари тоифасига кирувчи қуйидаги лавозимлар келтирилган ва уларга Ўзбекистон Республикаси давлат муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг тариф сеткаси асосида разрядлар белгиланади: барча номлардаги санитарка ва бошқа кичик тиббиёт ходимлари, беморларни парвариш қилувчи кичик ҳамшира ва хўжалик бекаси. Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 19 июндаги 164-сон Қарори билан тасдиқланган "Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификатори"нинг 2-иловасига кўра тиббиёт ташкилотларидаги санитаркаларда маълумотининг энг паст даражасига талаб қўйилмаган. Беморларни парвариш қилувчи кичик ҳамшира ва хўжалик бекасида маълумотнинг энг паст даражаси эса ўрта-махсус касб ҳунарга оид бўлиши кераклиги белгиланган.
1. Тиббиёт ходимлари деб қандай ходимлар тоифаси ёки қандай параметрларга жавоб берадиган шахслар тан олинади? Тиббиёт ходими сифатида қараш учун маълумот даражаси аҳамиятга эгами? 2. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг юқоридаги қарорида келтирилган тиббиёт ходимлари тоифасига кичик тиббиёт ходимлари (барча номлардаги санитарка ва бошқа кичик тиббиёт ходимлари, беморларни парвариш қилувчи кичик ҳамшира ва хўжалик бекаси) ҳам кирадими ва улар учун иш вақти нормасини белгилашда ҳафтада ўттиз олти соатдан ортиқ бўлмаслик бўйича қоидага амал қилинадими ёки Меҳнат кодексининг 115-моддаси билан тартибга солиниб, ҳафтасига 40 соатни ташкил этадими?
Экспертларнинг жавоблари:

1. Амалдаги қонунчиликда тиббиёт ходимларининг аниқ тавсифи кўрсатилмаган. Лекин тиббиёт ходимлари тоифасига қандай шахслар киритилганлигини бир қатор норматив – ҳуқуқий ҳужжатлар мазмунидан кўрса бўлади. Жумладан, 21.12.2005й. 276-сон ВМҚга 2-иловада тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш мақсадида кичик тиббиёт ходимлари, ўрта тиббиёт ходимлари ва врачлар тоифаларига ажратилган.

Кичик тиббиёт ходимлари таркибига қуйидагилар киритилган:

- барча номлардаги санитарка ва бошқа кичик тиббиёт ходимлари;

- беморларни парвариш қилувчи кичик ҳамшира;

- хўжалик бекаси.

Кичик тиббиёт ходимлари учун кичик тиббиёт лавозимларидаги иш вақти мутаххасислик буйича иш стажига киритилиши белгиланган (21.12.2005й. 276-сон ВМҚга 3-илованинг 1-б.).

18.12.2009й. 319-сонли ВМҚга 1-илованинг 2-бандида врачлар ва ўрта тиббиёт кадрлари ўз малакаси ва касбий даражасини мунтазам равишда ошириб боришлари шартлиги белгиланган. Кичик тиббиёт ходимларига нисбатан бундай талаб қўйилмаган.

Демак, тиббиёт ходимлари кичик тиббиёт ходимлари, ўрта тиббиёт ходимлари ва врачлар тоифаларидан иборат. Шахс қайси бўғиндаги тиббиёт ходими лавозимида ишламоқчи эканлигига қараб, маълумот даражаси буйича талаблар 19.06.2015й. 164-сонли ВМҚга иловада[1] кўрсатилган.

2. ЎзР Конституциявий судининг “Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 118-моддасини қўлланишнинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги иш бўйича” 16.01.1998 йилги қарори буйича тушунтириш олиш учун ЎзР Конституциявий судига мурожаат қилишингизни тавсия қиламиз.

 


[1] ЎзР Президенти ва ВМнинг қарорлари билан ташкил этилган давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларида, хўжалик бошқаруви органларида, шунингдек устав капиталида давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган ташкилотларда қўлланилиши мажбурий ҳисобланади.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.