Саволнинг ID си: 8575
Ташкилотда штат жадвали қисқариши сабабли ходимлар 2017 йил 31 мартда Меҳнат кодексининг 102-моддаси 1 бандига асосан огоҳлантирилди. 102-моддага кўра ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан огоҳлантириш унинг муддатига мувофиқ келадиган пуллик компенсация билан алмаштирилиши мумкин. Ходим билан келишувга асосан 2017 йил 26 апрелда меҳнат шартнома бекор қилиниб, огоҳлантириш муддати пуллик компенсация билан алмаштирилди.
1. Ходим билан иш берувчи ўртасида келишувга келинганлиги бирон ҳужжат орқали расмийлаштириладими? 2. Бу ҳолатда меҳнат шартномасини кодекснинг қайси моддасига асосан бекор қилиш керак ва буйруқда нималар акс эттирилиши керак бўлади? 3. Меҳнат шартномаси бекор қилингандан сўнг ходимда кодекснинг 67-моддасида белгиланган имтиёзлар сақланадими? 4. 67-моддадаги меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳолларда иш қидириш даврида икки ойдан ортиқ бўлмаган давр мобайнида ходимларнинг ўртача ойлик иш ҳақи сақланиб қолиши, бунда ходимга тўланган бир ойлик ишдан бўшатиш нафақаси ҳам қўшиб ҳисобга олиниши бўйича нормани қўллашда келишувга биноан меҳнат шартномаси бекор қилинган кун (2017 йил 26 апрель) эътиборга олинадими ёки огоҳлантириш берилиб, икки ойдан сўнг меҳнат шартнома бекор қилиниши бўйича белгиланган муддатми (2017 йил 1 июнь)?
Экспертларнинг жавоблари:

1. Ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан дегани, ходим ва иш берувчи ўртасида эришилган келишувга кўра икки томонлама розилигидир.

Томонларнинг келишуви ҳам ёзма, ҳам оғзаки равишда ифодаланиши мумкин. Амалдаги қонун ҳужжати ходим (МКнинг 74-моддаси) ва иш берувчи ўртасидаги меҳнат шартномаси ёзма шаклда тузилишини талаб қилади. Айнан шундай шакл томонлар келишувига эришган барча меҳнат шартлари мазмунини акс эттириш имконини беради.      

Яна бир мисол, агар иш берувчи ўз розилигини билдириб, ҳодимнинг аризасига тегишли резолюция қўйса, ва бу ҳолат буйруқ билан расмийлаштирилса, ходим таништирилса - томонлар келишувга эришган деб ҳисоланади.    

2. Ходимлар сони ёки штатининг қисқариши муносабати билан ходимлар билан меҳнат шартномаларини бекор қилиш қуйидаги шартлар мавжуд бўлгандагина қонунийдир:

ходимлар сони ёки штати ҳақиқатда қисқартирилаётган бўлса, бу ҳолат ходимлар сони ёки штатини қисқартириш ҳақидаги буйруқ ва ташкилот ходимлари сони ёки штатни қисқартириш юзасидан чора-тадбирлар бошланишидан олдин тасдиқланиши керак бўлган янги штат жадвали билан тасдиқланиши шарт;

янги штат жадвали тасдиқланганидан кейин иш берувчи ходимлар сони (штати)нинг қисқариши муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақида ходимларни камида 2 ой олдин шахсан ва имзо чектириб огоҳлантириши шарт (МК 102-моддаси биринчи қисмининг 1-банди);

огоҳлантириш муддати давомида, ходимга бошқа иш қидириш учун ҳафтада камида 1 кун, шу вақт учун иш ҳақи сақланган ҳолда ишга чиқмаслик ҳуқуқи берилади. Ходимни огоҳлантириш муддатига вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даври, шунингдек унинг давлат ёки жамоат вазифаларини бажарган вақти қўшилмайди (МК 102-моддасининг олтинчи қисми);

иш берувчи ходимга ихтисослиги ва малакасига мувофиқ келадиган бошқа ишни, бундай иш йўқ бўлса - корхонада мавжуд бўлган бошқа ишни таклиф қилиши шарт. Ходим бошқа ишга ўтишни рад этганда ёки корхонада тегишли иш бўлмаса, ходим ишда қолдиришда афзаллик ҳуқуқига эга бўлмаса (МКнинг 103-моддаси), меҳнат шартномаси умумий асосларда бекор қилиниши мумкин (МК 92-моддасининг иккинчи қисми).

3. Меҳнат шартномаси МК 100-моддаси иккинчи қисмининг 1-банди бўйича бекор қилинганда қуйидагилар тўланади (Буларнинг ҳаммасини ходимнинг сўнгги иш кунида қилиш керак):

огоҳлантириш муддати алмаштирилган тақдирда - меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги огоҳлантириш муддати тугашигача қолган вақтга мутаносиб равишда пуллик компенсация (МК 102-моддасининг иккинчи қисми);

ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ишдан бўшатиш нафақаси (МКнинг 109-моддаси);

меҳнат шартномасини бекор қилиш кунига тегишли иш ҳақи (ҳисоб-китоб қилинади) (МКнинг 110-моддаси);

фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация (МКнинг 151-моддаси).

Иш қидириш даврида (меҳнат шартномаси бекор қилингандан кейин) ишдан  қисқартирилаётган ходимнинг ойлик ишдан бўшатиш нафақасини ҳисобга олган ҳолда ўртача ойлик иш ҳақи сақланади, бироқ у 2 ойдан ошмаслиги керак (МКнинг 67-моддаси).

Демак, меҳнат шартномаси МКнинг 100-моддаси 2 – қисмининг 1-банди билан ёки МКнинг:

89; 100-модда 2-қисмининг 2-банди; 106 – модданинг 2-банди; 100-модда 2-қисмининг 6-бандлари билан  бекор қилинганда ходимнинг моддий мадад бериш учун белгиланган қўшимча кафолатлари (МКнинг 67-моддаси) кафолатланади, яъни иш қидириш даврида 2 ойдан ортиқ бўлмаган давр мобайнида  ходимларнинг ўртача ойлик иш хаки сақланиб қолади, бунда ходимга тўланган 1 ойлик ишдан бўшатиш нафақаси (МКнинг 109-м) ҳам қўшиб хисобга олинади.

Эслатма: Агар ходим меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан бошлаб 10 календар кун мобайнида Марказда иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтса, Марказ берган маълумотномага биноан 3-ой учун ҳам олдинги иш жойидан ўртача иш ҳақи олиш ҳуҳуқига эга бўлади (МК 67-моддасининг учинчи қисми).

4. Мурожаатингизда огохлантириш муддати 2017 йил 01 июнгача деб кўрсатгансиз, ўз-ўзидан 2017 йил 27 апрелдан 2017 йил 01 июнгача бўлган муддатга Сизга пуллик компенсация тўланиши (алмаштирилиши) шарт.   

 

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.