Саволнинг ID си: 8691
Корхонада ходимлар сони ва маош микдори тез-тез узгариб туради.Бизнинг корхона МЧЖ. Корхонада ишчилар сони ва уларнининг ойлик маоши тез-тез узгариб туради. Илтимос, юкоридаги саволга чукуррок изох берсангиз.
Ходимлар сони ва маошлар тез-тез ўзгарганда, хар узгартириш бўйича буйрук тайерлаш шартми? (буйрук: штат жадвали узгартирилсин деб) еки штат жадвалини узгартирса шуни узи етарлими?
Экспертларнинг жавоблари:

Штат жадвалини тасдиқлаш, унга ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритиш тартиботи Меҳнат кодекси ва меҳнат тўғрисидаги бошқа қонун ҳужжатлари билан тўғридан-тўғри тартибга солинмаган. Лекин ушбу қонун ҳужжатларнинг мазмунига кўра, иш берувчи ташкилотнинг тузилмасини мустақил тарзда шакллантиради, таркиб сонини белгилайди, зарур ҳолларда эса штат жадвалига ўзгартириш/қўшимчалар киратади. Бундай ҳаракатларни у ўз ваколатлари доирасида мустақил қарорлар қабул қилиш (МК 17-моддасининг 2-хатбоши) йўли билан амалга оширади.

Қарор қабул қилиш деганда одатда буйруқ (айрим ҳолларда эса фармойиш*) чиқариш деб тушунилади.Ташкилотлар раҳбарларининг буйруқ чиқариш ҳуқуқи айрим қонун ҳужжатларда назарда тутилган. Масалан «Акциядорлик жамиятлар ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуни 79-моддасининг 6-қисмида«Хусусий корхона тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддасида, Давлат корхоналари тўғрисида Низомнинг(ВМнинг 2006.16.10.даги 215-сон қарорига 1-илова) 18-бандида.

Штат жадвали корхонанинг штатлар таркиби ва штатлар сонини расмийлаштириш учун қўлланилади.

Штат жадвалини тасдиқлаш ёки унга ўзгартириш/қўшимчалар киритиш тўғрисидаги буйруқнинг унификацияланган (бирхиллаштирилган) шаклли йўқлиги сабабли иш берувчи уни ўзи мустақил равишда эркин шаклида ишлаб чиқаради.

Жадвал таркибий бўлинмалари, лавозимлар, штат сонлари тўғрисида маълумотлар, лавозим маошлари, қўшимча ҳақ, иш ҳақининг бир ойлик фонди тўғрисидаги рўйхатдан иборат.

Жадвалга ўзгартириш/қўшимчалар қуйидаги тусда бўлиши мумки:

- корхонанинг фаолиятида ташкилий ўзгаришлар муносабити билан бўш лавозимларни ёки бутун бўлинмаларни чиқариб ташлаш;

- ишлаб чиқаришни кенгатириш ёхуд бажарилаётган ишлар ёки кўрсатилаётган хизматларҳажмини ошириш заруриятида янги штат бирликларини киритиш;

- ташкилотнинг ходимлар сони (штати) қисқартириш;

- мансаб маошларини (окладларини) ўзгартириш;

- таркибий тармоқларининг номларини ва лавозимларни ўзгартириш ва ҳ.к.

Штат жадвалига ўзгартириш/қўшимчалар икки усул билан расмийлаштирса бўлади:

- тегишли ўзгартириш/қўшимчалар тўғрисидаги буйруқ чиқариб;

- янги штат жадвалини тасдиқлаш тўғрисидаги буйруқ чиқариб.

Штат жадвалига ўзгартириш/қўшимчаларни киритиш усули иш берувчи ўзи танлайди. Штатни ёки ходимлар сонини қисқартириш ва бошқа масалалар бўйича тадбирларни ўтказишда қонун иш берувчини айнан янги штат жадвалини тасдиқлашини мажбурламайди, яъни у амалдаги жадвалга ўзгартириш(лар)ни буйруғи билан киритишга ҳақлидир (яъни бу билан кифоялиниши мумкин). Шундай экан иш берувчи корхонанинг бутун фаолияти давомида битта штат жадвалига эга бўлиши ва ундаги таркибий бўлинмаларнинг, лавозимларниг сонини ҳамда мансаб маошларнинг миқдорини буйруқлари билан тартибга солиши мумкин. Буларни қуйидаги мисолларда келтирсак бўлади.

1-МИСОЛ.

«1. Корхонанинг штат жадвалига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, унинг янги таҳрири тасдиқлансин (илова қилинади)».

2-МИСОЛ.

«1. Корхонанниг штат жадвали қуйдаги таркибда дебиторлар билан иш олиб бориш бўлими билан тўлдирилсин:

бўлим бошлиги – 1 штат бирлиги, мансаб лавозими – 2 500 000 сўм;

 етакчи бухгалтер – 1 штат бирлиги, мансаб маоши – 2 200 000 сўм;

бухгалтер – 2 штат бирлиги, мансаб маоши – 1 900 000 сўм».

3-МИСОЛ.

«1. Корхонанниг штат жадвалидан «Экспедитор» лавозими чиқариб ташлансин».

4-МИСОЛ.

«1. Корхонанниг штат жадвалида «Мутахассис» лавозими тўрта штат бирлиги иккитагача қисқартирилсин».

Фикримизча, келтирилган вариантлардан энг қулайлиги 1-мисолда кўрсатилган.

Шуни ҳам назарда тутиш керакки, жадвалга янги лавозимни киритиш (қўшиш), ундан бўш (вакант) лавозимларни чиқариб ташлаш, ходимлар сонини (штат бирлигини) қисқартириш ёки меҳнат ҳақи миқдорини ўзгартириш саналари буйруқ чиқариш санасига тўғри келиб колмаслиги мумкин (масалан, буйруқ 2017.19.05.да чиқарилиб, лавозим эса 2017.01.06.дан эътиборан киритилган бўлиши мумкин.

Хулоса ўринда шуни айтиш керакки, штат жадвалига ўзгартириш/қўшимчалар киритилиши конкрет ҳолатларга МК тегишли талабларига бажарилиши шарт. Масалан, ходимлар сони (штати) қисқартирилганда ва бу ҳолат уларни бошқа доимий ишга ўтказиш ёки улар билан меҳнат шарномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш билан боғлиқ оқибатларига олиб келса, МК 89, 102 ва бошқа моддалардаги нормалари риоя қилиниши талаб этилади.

 


* Масалан, филиал раҳбарлари томонидан. 

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.