Саволнинг ID си: 11445
6.11.2017й. Ф-5107-сонли Президент фармойишига асосан "Узбекгидроэнерго" акциядорлик жамияти (кейинги ўринларда – АЖ деб юритилади) ҳамда унинг таркибига кирувчи корхоналар фаолияти текширилган. Натижалари бўйича тузилган маълумотномада АЖ марказий аппаратида ишлаган 31 та ходим билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинганда, фойдаланилмай қолган қўшимча таътил кунларини нотўғри ҳисобланиши оқибатида ортиқча тўлов амалга оширилганлиги, ушбу суммани ундириб олиш лозимлиги ёзиб қўйилган. Меҳнат шартномаларида 15 иш кунидан иборат асосий ва 9 иш кунидан иборат қўшимча, жами 24 иш куни йиллик меҳнат таътили беогиланган. Жамоа шартномасида эса асосий таътил 15 иш куни, қўшимча таътил 3 иш куни, жами 18 иш куни қилиб белгиланган. Жамоа шартномаси ва меҳнат шартномалари ўртасида таътил кунлари бўйича тафовут пайдо бўлган.
Фойдаланилмай қолган таътил кунлари учун ходимларга пуллик компенсация ҳисоблаш учун қайси шартномавий йўсиндаги ҳужжат (жамоа шартномаси ёки меҳнат шартномаси) устунлик қилиши юзасидан фикр беришингизни сўраймиз.
Экспертларнинг жавоблари:

1996 йилнинг апрелида амалга киритилган Меҳнат кодекси илгари қатъий марказлаштирилган тарзда тартибга солиб келинган масалаларни мустақил, ўзоро манфаатларни инобатга олган ҳолда ҳал этишда анча кенг имкониятларни белгилаб берди.

Масалан: Меҳнат кодексининг 4-моддасида:

Ходимлар учун меҳнат ҳуқуқларининг ва кафолатларининг энг паст даражаси қонунлар билан белгилаб қўйилиши ўрнатилди.

Қонунлардагига нисбатан қўшимча меҳнат ҳуқуқлари ва кафолатлари бошқа норматив ҳужжатлар, шу жумладан шартнома йўсинидаги ҳужжатлар (жамоа келишувлари, жамоа шартномалари, бошқа локал ҳужжатлар), шунингдек ходим ва иш берувчи ўртасида тузилган меҳнат шартномалари билан белгиланиши мумкинлиги таъкидланди.

Меҳнат ҳақидаги келишувлар ва шартномаларнинг шартлари, агар қонунда бошқа ҳолат кўрсатилмаган бўлса, бир тарафлама ўзгартирилиши мумкин эмаслиги белгиланди. Меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар билан тартибга солинмаган масалалар меҳнат тўғрисидаги шартнома тарафларининг келишуви асосида, ўзаро келишилмаган тақдирда эса, - меҳнат низоларини кўриб чиқиш учун белгиланган тартибда ҳал қилиниши таъкидлаб ўтилди.

Шуни эътиборга олиш зарурки, таътилларнинг аниқ муддатини белгилашда қонун хужжатлари ҳеч қандай чеклашларни назарда тутмайди.

Заруратга қараб ва маблағи бўлган тақдирда корхона Меҳнат кодексига асосланган ҳолда қонун хужжатларида назарда тутилганидан кўпроқ муддатли узайтирилган асосий таътил тайинлай олади. Бундан ташқари эндиликда муддати 15 иш кунидан ортиқроқ узайтирилган асосий таътиллар корхонанинг бошқа ходимларига ҳам белгиланиши мумкин (МКнинг 135-м. 3-қ.).  

Бу эса иш берувчи билан ҳодим якка тартибдаги шартномавий асосда меҳнат шартномасини тузиш пайтида ҳам, кейинчалик ҳам ходимга узайтирилган таътил бериштўғрисидаги шартни шартлашиб олишлари мумкин эканлигини англатади. Шуниси ҳам борки, тарафлар меҳнат таътилини иш ёки календар кунларининг исталган муддатида (18, 21, 24, 30, 36, 48 ва ҳ.к.) бериш тўғрисида келишиб олишлари мумкин. 

Агар ҳуқуқий норма у ёки бу кафолатни истисносиз барча ходимлар учун назарда тутса, шартномавий ҳужжатларда айни ўша кафолатларни, аммо анча юқорироқ даражада белгилаб қўйиш мумкин.

Масалан, 1. корхонанинг барча ходимлари учун маҳнат таътилининг энг кам муддатини 18 (қонунда назарда тутилган 15 ўрнига) иш кунидан иборат этиб белгилаш мумкин.

2. Агар ҳуқуқий норма у ёки бу кафолатни ходимларнинг фақат айрим тоифалари учун назарда тутса, шартномавий ҳужжатларда айни ўша кафолатни белгилаш, аммо уни корхонада ишловчи шахсларнинг анча кенгроқ доирасига татбиқ этиш ёки бу кафолатни даражасини ошириш, лекин бунда қонун ҳужжатларида белгиланган шахслар доирасини қолдириш ёки, бўлмаса, кафолатни ошириш ва бир пайтда, шахслар доирасини кенгайтириш мумкин.            

Масалан,

Меҳнат кодексида, 18 ёшга тўлмаган шахслар ҳамда I ва  II гуруҳ ногиронларига 30 календарь кундан иборат узайтирилган таътил белгиланган. Корхонанинг шартномавий ҳужжатлари билан:

биринчидан, ана шу шахслар учун бу таътилнинг анча узайтирилган муддатини (масалан, 36 календар кун) назарда тутиш мумкин;

иккинчидан, 30 календар кундан иборат узайтирилган таътил. Кодексда кўрсатилганлардан ташқари, корхонанинг бошқа ходимларига ҳам (масалан, корхонада 15 йилдан ортиқ ишлаганларга) белгиланишини назарда тутиш мумкин;

учинчидан, муддати 36 календар кундан иборат узайтирилган таътил 18 ёшга тўлмаган шахсларга, I ва  II гуруҳ ногиронларига, шунингдек корхонада 15 йилдан ортиқ ишлаган ходимларга белгиланишини назарда тутиш мумкин.

3. Шартномавий ҳужжатларда ходимлар учун қонун ҳужжатларида назарда татилмаган ҳуқуқлар ва кафолатлар белгилаб қўйилиши мумкин.

Масалан, корхона ходимларига қонун хужжатларида назарда тутилмаган қўшимча таътиллар (айтайлик, узлуксиз иш стажи учун ва ҳ.к.) белгилаб қўйилиши мумкин.  

Юқоридагиларга асосланиб, хулоса қилиш мумкинки, МКда ходимлар меҳнат ҳуқуқлари ва кафолатларининг энг кам даражасигина мустаъкамлаб қўйилган. Меҳнат шартномасида ходимларнинг қонун ҳужжатларидагига нисбатан қўшимча меҳнат ҳуқуқлари ва кафолатлари белгилаб қўйилиши имкониятини бевосита назарда тутувчи Меҳнат кодекси 4-моддасининг 2-қисми меҳнат ҳуқуқлари ва кафолатларининг қонун ҳужжатларида кафолатланган минимал даражасини ошириш учун умумий ҳуқуқий  асосдир.   

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.