Саволнинг ID си: 11631
Ташкилотнинг харажатлар сметасига ходимлар фаолиятини индивидуал баҳолаш асосида хизмат вазифаларини виждонан ва ташаббускорлик билан бажарганлиги ҳамда ишдаги юксак ютуқлари учун уларни йилда икки ойлик меҳнатга ҳақ тўлаш фонди миқдорида мукофотлаш учун маблағ назарда тутилган бўлса, ушбу мукофот пулларини ҳисоблашда интизомий жазо амал қилиб турган ходимларга мукофот пули ҳисобланадими? Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 180-моддаси (Меҳнат учун рағбатлантириш) 3-хатбошида “Иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар ва меҳнат ҳақи тизимида назарда тутилган бошқа тўловлар рағбатлантириш турларига кирмайди” деб белгилаб қуйилган. Шунингдек, 4-хатбошида “Интизомий жазо амал қилиб турган муддат мобайнида (183-модда) ходимга нисбатан рағбатлантириш чоралари қўлланилмайди” деб белгилаб қуйилган.
Экспертларнинг жавоблари:

Ҳозирги вақтда фақат меҳнат шартномаси бўйича ишловчи барча ходимларга тааллуқли бўлган иш ҳақининг энг кам миқдори, шунингдек, бюджет ҳисобидан молиявий таъминланадиган муассаса ва ташкилотларнинг ҳамда давлат корҳоналарининг ҳодимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг энг кам даражасини қонун ҳужжатлари  билан белгиланади (МКнинг 153-м. 3-қ.). Бошқа барча корхоналарда меҳнат ҳақи шакли ва тизимлари, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар, рағбатлантириш тарзидаги тўловлар жамоа шартномаларида, шунингдек, иш берувчи томоиндан ходимларнинг вакиллик органи билан келишиб қабул қилинадиган бошқа локал ҳужжатларда белгиланади (МКнинг 153-м. 2-қ.). Шу боис корхонада белгиланган тариф ставкалари (окладлар) ва бошқа пул тўловларининг миқдорига қизиққан ходимлар уларни корхонада амалда бўлган тегишли локал ҳужжатлардан билиб олишлари мумкин. Уларда белгиланган миқдор доирасида конкрет меҳнат ҳақи иш берувчи ва ходим ўртасидаги келишув бўйича меҳнат шартномасида белгиланади.

МКнинг 180-моддаси 4-қисмида иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар ва меҳнат ҳақи тизимида назарда тутилган бошқа тўловлар рағбатлантириш турларига кирмаслиги таъкидланган.

Шу билан биргаликда, интизомий жазо амал қилиб турган муддат мобайнида (МКнинг 183-м.) ходимга нисбатан рағбатлантириш чоралари қўлланилмайди. 

Ушбу тўловларни ажратиб олишингиз учун корхонангизнинг локал ҳужжатларини яна бир бор ўрганиб чиқишингиз мақсадга мувофиқдир.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.