Саволнинг ID си: 12463
Корхонамизнинг таъсисчилари юрдик шахс - 99фоиз (ушбу юридик шахснинг устав фондидаги давлат улуши 50 фоиздан ортиқ), жисмоний шахс - 1фоиз. Шунингдек биз хам ўз навбатида корхонамизнинг 100 фоизлик улушлиги асосида бошқа корхоналарни ташкил қилганмиз. Бугунги кунга қадар ушбу корхоналар кичик корхоналар тоифасига кириб келган ва ягона ижтимоий тўловни 15 фоизда тўлаб келган. 2019 йилдан бошлаб давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган хамда ушбу корхоналарнинг таъсисчилигидаги ва ушбу корхона тузилмасига кирадиган корхоналар ЯИТни 25 фоиздан тўлаши белгиланмоқда. Яна бир корхонада давлат улуши 50 фоиздан кам, лекин корхона йирик корхона хисобланади, бугунги кунга қадар ЯИТни 25 фоизда тўлаб келган.
1.Бизнинг таъсисчилигимизда очилган корхоналар юқори ташкилотимизнинг тузилмаси хисобланадими, ЯИТни 2019 йилдан неча фоизда тўлайди? 2. Давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган йирик корхона 2019 йилдан ЯИТни 12 фоизда тўлаши мумкинми?
Экспертларнинг жавоблари:

Ягона ижтимоий тўловнинг (ЯИТ) ставкаси 2019 йил 1 январдан эътиборан юридик шахснинг қайси тадбиркорлик субъекти тоифасига (йирик ёки кичик бизнесга) киришига боғлиқ эмас.  ЯИТ ставкаларини қўллаш мезонлари СКнинг 308-1 – моддасида белгиланган. Унга асосан қуйидагилар ЯИТни 25 фоизли ставкада тўлайди:

1) Бюджет ташкилотлари ва давлат корхоналари;

2) Устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган корхоналар;

3) Устав фондининг 50 фоизи ва ундан ортиғи устав фондидаги давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўп бўлган юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахслар ва уларнинг таркибий бўлинмалари.

Юқорида кўрсатилмаган бошқа тўловчилар ЯИТни 12 фоизли ставкада тўлайдилар.

Биринчи ҳолат бўйича.

Сизнинг ҳолатингизда, корхонангиз устав фондининг 50 фоизидан ортиғи давлатга тегишли. Сиз таъсис этган корхоналар устав фондининг 100 фоизи сизга тегишли. Демак, уларнинг ҳам 50 фоиздан ортиқ қисми давлатга тегишли бўлади. Сизнинг корхонангиз ва сизга 100 фоиз тегишли бўлган корхоналар юқорида кўрсатилган солиқ тўловчиларнинг 3-бандидаги корхоналар тоифасига киради ЯИТни 25 фоизли ставкада тўлайди.

Иккинчи ҳолат бўйича.

Устав фондида давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган корхона бўйича маълумот етарли эмас. Ундаги давлат улушининг аниқ миқдорини, унинг бошқа таъсисчилари устав фондининг таркиби тўғрисидаги маълумотларни ўрганиб чиқиш керак. Фикримизча, агар ушбу корхона таъсисчиларнинг устав фондидаги давлат улуши билан бирга қўшиб ҳисоблаганда, 50 фоиз ёки ундан ортиқ қисми давлатга тегишли бўлиб чиқса, корхонада давлат улуши 50 фоиздан ортиқ деб эътироф этилиши мумкин. Бунда корхона 12 фоизли ставкада ЯИТ тўласа, солиқ хизмати органлари ЯИТ ставкаси айни ҳолатда нотўғри қўлланган деган хулосага келишлари эҳтимоли бор. Шунинг учун, корхонанинг бошқа таъсисчилари устав фондлари таркиби тўғрисида маълумот тўплашингизни ва шунга қараб иш тутишингизни маслаҳат қиламиз. Ёки бўлмаса, бу борада солиқ хизмати органларига ёзма мурожаат қилиб, уларнинг фикрини билишингиз мумкин.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.