Саволнинг ID си: 12567
Корхона томонидан ёшларни касбга йуналтириш, касбий билимларини ошириш, ёшларни тадбиркорлик фаолиятига ўргатиш мақсадида мактаб(коллеж) маъмурияти билан келишган ҳолда иш олиб бориши мумкинми. Бунда, корхона ўкувчиларни касбга ўргатиш мақсадида тузилган шартномага асосан дурадгорлик маҳсулотлари ясатиб (барча материал харажатлар корхона ҳисобидан) қабул қилиб олинади ва улугржи ва чакана нархларда сотилади. Сотилган тушум ҳисобидан ўкувчи ёшларга иш хақи берилади.
1.Корхона томонидан ёшларни касбга йуналтириш, касбий билимларини ошириш, ёшларни тадбиркорлик фаолиятига ўргатиш мақсадида мактаб(коллеж) маъмурияти билан келишган ҳолда иш олиб бориши мумкинми? 2.Ушбу ҳолатда ўкувчи ёшлар меҳнатига ҳақ тўланиш тартиби қандай? 3.Уларнинг иш хакидан ушланадиган солиқларга нисбатан қонунчиликда имтиёзлар кўзда тутилганми? 4.Улар томонидан ясалга махсулотлар сотувидан тушган тушумга ҳам имтиёзлар кўзда тутилганми? 5.Корхона йиллик товар айланмаси 1,0 млрд. сўмгача, 1,0 млрд сўмдан кўп бўлса солиқ солиш қандай бўлади?
Экспертларнинг жавоблари:

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат қонунчилигига кўра, 16 ёшга тўлмаган шахсларни ишга қабул қилиш мумкин эмас. Бироқ, ёшларни меҳнатга тайёрлаш учун умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчиларини уларнинг соғлиғига ҳамда маънавий ва ахлоқий камол топишига зиён етказмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун - улар 15 ёшга тўлганидан кейин ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга йўл қўйилади(МКнинг 77-м.).

Мактаб ўқувчиларининг меҳнатидан (меҳнат шартномаси асосида) фойдаланганда улар учун белгиланган иш вақти нормасига амал қилиш талаб қилинади. Ўқишдан бўш вақтларида ишлаётган ўқувчиларнинг ўқув йили давомидаги иш вақти муддати тегишли ёшдаги шахслар учун назарда тутилган иш вақти (16дан18 ёшгача бўлганларга ҳафтасига – 36 соат; 15дан16 ёшгача бўлганларга ҳафтасига – 24 соат) энг кўп муддатининг ярмидан ортиб кетиши мумкин эмас(МКнинг 242-м.). Шунингдек, 18 ёшга тўлмаган шахсларни тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга ва дам олиш кунларидаги ишларга жалб этиш тақиқланади (МКнинг 245-м.).

Корхоналарда ўқишдан бўш вақтида ишлаётган ўқувчиларнинг меҳнатига ишлаган вақтига мутаносиб равишда ёки ишлаб чиқарган маҳсулотига қараб ҳақ тўланади(МКнинг 243-м. 2-қ.).

Шуни эътиборга олиш ҳам керакки, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар меҳнатидан шу тоифа ходимларининг соғлиғи, хавфсизлиги ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган меҳнат шароити ноқулай ишларда, ер ости ишларида ва бошқа ишларда фойдаланиш тақиқланади. Шунингдек улар учун белгилаб қўйилган нормадан ортиқ оғир юк кўтаришлари ва ташишларига йўл қўйилмайди(МКнинг 241-м).

Агаркорхонада иш вақтида тез-тез оғир юкларни ташиш ёки кўтаришга тўғри келадиган бўлса, корхонадан қўшимчасига Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар кўтаришлари ва ташишлари мумкин бўлган оғир юк нормаларининг чегарасини белгилаш тўғрисидаги низом талабларига риоя этиш талаб этилади.

Солиққа оид қонун ҳужжатларида ишлайдиган ўқувчиларнинг оладиган даромадларига солинадиган солиқ (ЖШДС) бўйича алоҳида имтиёзлар белгиланмаган. Улар бошқа жисмоний шахслар учун белгиланган имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқига эгалар (СКнинг 279-моддаси).

Шунингдек, савол мазмунида кўрсатилган вазиятда ишлаб чиқарилган маҳсулотни сотишда, улар айнан ўқувчилар томонидан ишлаб чиқарилгани муносабати билан қўлланадиган имтиёз ҳам мавжуд эмас.

Агар солиқ даврида (йил) корхонанинг ялпи тушуми 1 млрд.сўмдам кўп бўлмаса, у ягона солиқ тўловчиси бўлиши мумкин. Акс ҳолда умумбелгиланган солиқлар тўлашга ўтади (СКнинг 350, 351-моддалари).

Сизнинг ҳолатингизда, умумбелгиланган солиқларга қуйидагилар киради:

  • Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи;
  • Қўшимча қиймат солиғи;
  • Мол-мулк солиғи (солиқ солинадиган объект мавжуд бўлса);
  • Ер солиғи (солиқ солинадиган ер участкаси бўлса);
  • Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ.

Ялпи тушум 1 млрд.сўмдан 3 млрд.сўмгача бўлса, корхона ҚҚСни соддалаштирилган тартибда тўлаши мумкин (СКнинг 40-1 боби).

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.