Саволнинг ID си: 12587
Ўзтўқимачиликсаноат уюшмаси аъзоси ҳисобланган ягона солиқ тўловчи корхона 2019 йилдан бошлаб умумбелгиланган тартибда солиқ тўлашга ўтди. Божхонада ҚҚС бўйича имтиёзга эга, аммо Реализация оборотидан ҚҚС тўловчи.
1.Корхона 2019 йилдан бошлаб умумбелгиланган тартибда солиқ тўлашга ўтса, ўтган 2018 йилда ҚҚС ҳисоблаш бўйича қандай ишларни амалга ошириши керак? 2.Бу ҳолда ҚҚС божхонага тўланмасдан, солиқ органига тўлик ҳажмда тўланадими (зачёт йўқлиги сабабли). 3.2019 йилдан бошлаб қайси солиқ турларидан солиқ имтиёзларига эга бўлади?
Экспертларнинг жавоблари:

Биринчи савол бўйича.

2019 йил январ ойидан бошлаб умумбелгиланган солиқларга ўтган ва ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатга олинган корхона қуйидаги ишларни амалга ошириши керак:

1. Авваламбор 2019 йил 1 январь ҳолатига ТМЗларнинг қолдиғини аниқлаши ва, агар ТМЗ қолдиғи аввалги йилларда ҚҚС билан сотиб олинган бўлса, улар бўйича ҚҚС суммасини ажратиб олиши ва алоҳида ҳисобга олиши лозим. ТМЗ аввалги йилларда ҚҚС билан сотиб олинган бўлса, ҚҚС суммаси ушбу ТМЗнинг таннархига (ёки харид қийматига) киритилган бўлади. Ёки ТМЗни импорт қилишда, бўшайдиган маблағларни муайян мақсадга йўналтириш шарти билан божхона тўловлари бўйича (хусусан, ҚҚС бўйича) имтиёз қўлланган бўлса, бунда божхона тўловлари (шу ужмладан ҚҚС) давлат бюджетига тўланмайди, лекин импорт қилинган ТМЗ таннархига киритилган бўлади. Имтиёз мақсадли хусусиятга эга бўлмаса, у ҳолда импорт қилинган ТМЗ таннархида ҚҚС суммаси ҳисобга олинган бўлмайди. ТМЗ қолдиғи бўйича ҚҚС суммасини ажратиб олиш уни кейинчалик зачётга олиш учун керак (СКнинг 39-боби).

2. Харидолар ва буюртмачилар билан шартномалар тузишда ҚҚС суммасини ҳисобга олиш керак. Шартномада битимнинг ҚҚС билан бирга жами суммасини кўрсатинг.

3. Реализация қилишда харидорга бериладиган счёт-фактурада ҚҚС суммаси ажратиб кўрсатиш лозим бўлади (аввал, корхона ЯСТ тўловчиси бўлганида “ҚҚСсиз” белгиси қўйиган).

3. Кирувчи ва чиқувчи счёт-фактуралар реестри юритилади.

4. СКнинг 40-бобида белгиланган тартибда бюджетга тўланадиган ҚҚС суммаси ҳисоблаб чиқарилади ва тўланади, шунингдек солиқ ҳисоботи топширилади. ҚҚС бўйича ҳисобот даври – ой ҳисобланади, яъни, ҳисоботлар ҳар ой топширилади (СКнинг 225-моддаси). Ҳисоботлар Молия Вазирлиги томонидан тасдиқланган шаклларда тузилади (АВда 2013 йил 22 мартда 2439-сон билан рўйхатга олинган).

Иккинчи савол бўйича.

Корхона импорт бўйича божхона тўловларидан, хусусан ҚҚСдан озод қилинган бўлса, у ҳолда ушбу имтиёз қандай шарт билан берилганига эътибор беринг, имтиёз берилган қонун ҳужжатни ўқиб чиқинг. Имтиёзларни қўллаш натижасида бўшаган маблағларни муайян мақсадга йўналтириш кўзда тутилган бўлса, у ҳолда импорт бўйича ҚҚС бюджетга тўланмайди, лекин бухгалтерияда ҳисобга олинади. ҚҚС тўловчи корхона импорт бўйича тўланмаган ҚҚС суммасини алоҳида счётда ҳисобга олади ва кейинчалик зачёт қилади. Агар мақсадли сарфлаш кўзда тутилмаган бўлса, у ҳолда ҚҚС тўланмайди ва бухгалтерияда ҳисоблаб ёзилмайди (АВ 2005 йил 2 апрелда 1463-сон билан рўйхатга олинган Низом), тегишинча зачётга ҳам олинмайди. Товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишда  ҚҚС суммасини солиқ солинадиган база ва солиқ ставкасидан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқарасиз (СКнинг 224-моддаси) ва бюджетга (ғазначилик ҳисобрақамига) тўлайсиз. Умуман олганда, СКнинг VII бўлими билан батафсил танишиб чиқишни тавсия этамиз.

Учинчи савол бўйича.

“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси аъзоси бўлган тўқимачилик ва тикув-трикотаж товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарга 2020 йилнинг 1 январига қадар қуйидаги солиқ ҳамда божхона имтиёзлари ва преференциялари берилган (Президентнинг 21.12.2016 йилдаги ПҚ-2687 сонли Қарори):

  • Умумбелгиланган солиқлар тўловчилари - Фойда солиғи ва мол-мулк солиғини, ЯСТ тўловчилари эса ягона солиқ тўловини тўлашдан озод қилиш;
  • ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган, республикада ишлаб чиқарилмайдиган хом ашё ва материаллар, шу жумладан, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатларга мувофиқ, комиссия шартномалари асосида импорт қилинадиган ускуналар, бутловчи буюмлар учун божхона тўловлари тўлашдан озод қилиш (божхонада расмийлаштириш йиғимлари бундан мустасно);
  • ноозиқ-овқат истеъмол товарларини ўзида ишлаб чиқариш учун зарур бўлган, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатга киритилмаган хом ашё, материаллар ва фурнитурани импорт қилишда божхона декларацияси қабул қилинган кундан бошлаб божхона тўловларини 60 кунгача муддатга кечиктириш (божхонада расмийлаштириш йиғимлари бундан мустасно).

Ушбу имтиёзлардан фойдаланиш учун корхона ПҚ-2687 сонли қарорнинг 7-иловасида (илова рус тилида келтирилган) қайд этилган товарларни ишлаб чиқариши ва ҳисобот даврида уларни сотишдан тушум жами сотишдан тушумнинг 60 фоизидан кам бўлмаслиги лозим.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.