Саволнинг ID си: 3132
Жисмоний шахс 26 ёшга тўлмаган ўз фарзандининг таълим олиши учун тўловни 2013 йилда пластик карта орқали амалга оширган. Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олиш учун йўналтириладиган маблағларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзни қўллаш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 16-бандида (АВ 27.05.2010 й. 2107-сон билан рўйхатга олинган) олий ўқув юртларида ўқиш учун тўлов жисмоний шахс томонидан мустақил равишда амалга оширилганда, солиқ чегирмаси Солиқ кодексининг 191-193 моддаларида назарда тутилган тартибда давлат солиқ хизмати органларига жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни топшириш йўли орқали берилиши мумкинлиги белгиланган. Лекин ушбу шахс имтиёздан ўз вақтида фойдаланмаган. Асосий иш жойидан бошқа манбалардан қўшимча даромад олмаган.
2013 йилда таълим олиш учун тўланган сумма бўйича имтиёздан қайси давргача фойдаланиш мумкин? Декларация ўз вақтида тақдим қилинмагани учун жарима қўлланиладими?
Экспертларнинг жавоблари:

“Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олиш учун йўналтириладиган маблағларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзни қўллаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 9-бандига асосан  (АВ 27.05.2010 й. 2107-сон билан рўйхатга олинган) солиқ чегирмаси давлат солиқ хизмати органлари орқали жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш йўли билан берилиши мумкин.

СКнинг 192-моддасига мувофиқ  солиқ тўловчилар жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияни доимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай тақдим этади.

Бироқ, давлат солиқ хизмати органи солиқ даври тугаганидан кейин беш йил ичида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаши ёки уларнинг ҳисобланган суммасини қайта кўриб чиқиши мумкин (СКнинг 38-моддаси).

Солиқ тўловчи солиқ даври тугаганидан кейин беш йил ичида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ортиқча тўланган суммаларини ҳисобга олишни ёки қайтаришни талаб қилишга ҳақли.

Юқорида баён этилганларга асосан, сиз қуйидаги зарур ҳужжатларни тақдим этган ҳолда яшаш жойингиздаги давлат солиқ хизмати органига мурожаат қилишингиз мумкин:

  • талаба ва Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юрти  ўртасида тузилган тўлов-контракт асосида таълим тўғрисидаги шартнома нусхаси;   
  • тижорат банки билан тузилган таълим кредити олиш учун шартнома;
  • ЎзР олий ўқув юрти ҳисобварағига (таълим кредитини сўндиришда тижорат банки ҳисобварағига) пул маблағлари мустақил равишда тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси;
  • ота-онасининг паспортлари нусхаси ва таълим олаётганнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси нусхалари;
  • ота-онасининг ва таълим олаётганнинг СТИР нусхалари.

Бунда шуни эътиборга олиш керакки, агар сиз  ҳар ҳолда даромадларингиз тўғрисидаги декларацияни тақдим этишингиз лозим бўлган бўлса, у ҳолда даромадлар тўғрисида декларация тақдим этишдан бўйин товлаш, декларацияни ўз вақтида тақдим этмаслик энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 174-моддаси).

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.