Саволнинг ID си: 3649
Бизнинг корхонамизнинг асосий фаолият тури бўлиб халкаро почта, куръерлик жўнатмаларини етказиб бериш, почта алоқа хизматлари кўрсатиш ҳисобланади. Корхонамиз Нью-Йорк (АҚШ) –Тошкент (Ўзбекистон) йўналиши бўйича почта жўнатмаларини етказиб беради. Шу мақсадда хорижий компания (АҚШ) билан 01.08.2013 йилда 01-сон экспорт шартномаси имзоланган. Почта жўнатмаларини олувчиларга етказиб бериш экспорт шартномасининг предмети бўлиб ҳисобланади. 31.08.2000 йилдаги Ўзбекистон Республикасининг “Почта алоқаси тўғрисида”ги 118-II-сон Қонунига мувофиқ ”Ўзбекистон почтаси” АЖнинг “Халкаро Почтамт” филиали билан бино худудига кириш, юкларни божхона назоратидан ўтказиш билан боғлиқ зарур расмий ишларни бажариш учун 04.09.2013 йилда 22-сон шартнома тузилди. Шунингдек “Тошкент халкаро аэропорти” ДУК билан юк ва почталарни тайёрлаш билан боғлиқ зарур расмий ишларни бажариш мақсадида 26.09.2013 йилда 2115-сон шартнома имзоланган. Корхонамиз почта жўнатмаларини ижарага олинган автомобилда етказиб беради. ХХТУТ 52100 “почта алоқаси”.
Бизнинг корхонамиз Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотиш Тартибининг 3-банди “е” кичик бандида (ВМнинг 29.06.2000 йилдаги 245-сон қарори) кўрсатилган имтиёзни қўллаши мумкинми. Корхонамиз кўрсатаётган хизматлар ўз кучи билан кўрсатилаётган хизматлар тоифасига мансубми?
Экспертларнинг жавоблари:

Эркин алмаштириладиган валютага экспорт қилишда имтиёзлар ва преференцияларни қўллаш мақсадида ўзи ишлаб чиқарган товарларни (ишларни, хизматларни) аниқлаш Қоидалари билан  (АВ томонидан 16.02.2011 йилда 2195-сон билан рўйхатга олинган, кейинги ўринларда - Қоидалар) белгиланишича, ўзи ишлаб чиқарган иш (хизмат) деганда корхона томонидан ўз кучи билан бажарилган (кўрсатилган) иш (хизмат) тушунилади. Ишлар ва хизматлар экспорт қилинганлиги факти ҳисобварақ-фактура ёхуд белгиланган тартибда расмийлаштирилган бажарилган ишлар далолатномаси билан тасдиқланади.

СКнинг 22-моддаси ҳамда “Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида”ги Қонуннинг 11-моддасига (26.05.2000 йилдаги 77-II-сон Қонун билан тасдиқланган янги таҳрири) асосан хизматлар кўрсатиш жойидан қатъи назар Ўзбекистоннинг юридик шахси томонидан чет давлатнинг юридик шахси учун хизматлар кўрсатиш хизматлар экспорти ҳисобланади.

Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотиш Тартибининг 3-банди “е” кичик бандига (29.06.2000 йилдаги 245-сон, кейинги ўринларда - Тартиб) мувофиқ кичик корхоналар ўзлари ишлаб чиқарган хизматларни экспорт қилишдан тушадиган валюта тушуми хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотишдан озод қилинади.

Тартиб ҳам, Қоидалар ҳам ўз кучи билан кўрсатилган хизматлар ҳажмини ҳамда унга тўғри келадиган тушум қисмини ҳисоблаш қоидаларини аниқлаш учун шартноманинг ягона предмети доирасида бажарилаётган алоҳида ҳаракатларни ажратишга талабларни тартибга солмайди.

Шартнома шартларига кўра корхонангиз халқаро почта жўнатмаларини олувчиларга етказиб беришни амалга оширади.

“Почта алоқаси тўғрисида”ги Қонун (31.08.2000 йилдаги 118-II-сон, кейинги ўринларда - Қонун) қуйидаги тушунчаларни беради:

почта алоқаси хизматлари - почта алоқаси оператори ёки провайдерининг почта ва курьерлик хизматлари кўрсатиш бўйича фаолияти.

Курьерлик хизматлари - почта алоқаси оператори ёки провайдерининг курьерлик жўнатмаларини жўнатиш ва етказиб бериш (топшириш) бўйича фаолияти.

Қонунчиликка мувофиқ оператор ва провайдерларга почта, курьерлик жўнатмаларини назорат қилиш юклатилган, шу муносабат билан “Тошкент халқаро аэропорти” ДУК билан юк ва почтани тайёрлаш бўйича зарур расмий ишларни бажариш учун шартнома тузиш зарурияти вужудга келади. Шунингдек почта жўнатмаларини текшириш ҳамда божхона тартиб-таомилини расмийлаштириш учун зарур ускуналар билан жиҳозланган “Халқаро Почтамт” филиали билан ҳам шартнома тузиш зарурияти мавжуд.

Шунинг учун юридик шахс томонидан кўрсатилаётган хизматларни “почта” тоифасига тааллуқли деб топиш билан тавсифлашни улар таркибига қўшилган ҳар бир хизмат бўйича алоҳида эмас, балки фақат комплекс тарзда кўриб чиқишни амалга ошириш қонуний бўлади.

Шу муносабат  билан сизнинг корхонангиз кўрсатилган имтиёзни қўллашга талабгор бўлишга ҳақли.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.