Саволнинг ID си: 4008
Уч томонлама таълим шартномаси буйича корхона 2006-09 йилларида талабага таълим муассасини битиргандан сунг 3 йил ишлаб бериш шарти билан укиш учун пул тулаб берган. Лекин талаба институтни битиргандан сунг бошка корхонада ишлаб келмаокда. Таълим муассаси талабага тегишли булган дипломни асл нухсасини почта оркали ушбу туловларни амалга оширган корхонага юборган. Корхона Дипломни кайтаришни уни укишига туланган пулларни бугунги кун холатидаги нарх билан тулансагина кайтарилиш шартини куймокда.
Агар мутахассис шартнома шартларига асосан корхонада ишлаб бермаса туланган шартнома пулларини кай тарзида ва кайси нархларда туланади.
Экспертларнинг жавоблари:

Талаба – жисмоний шахс томонидан уч томонлама шартноманинг муҳим шартлари бузилган.  Фуқаролик кодексининг (кейинчалик матнда ФК деб юритилади) 353-моддасига мувофиқ икки ёки бир неча шахснинг фуқаролик ҳуқуқлари ва бурчларини вужудга келтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги келишуви шартнома дейилади. ФКнинг 355-моддасига биноан шартнома бўйича тараф ўз бурчларини бажарганлиги учун ҳақ олиши ёки унга бошқа муқобил тўлов тўланиши лозим бўлса, бундай шартнома ҳақ эвазига тузилган шартнома бўлади. Сизнинг уч томонлама тузилган шартномангизга кўра корхонангиз  талаба – жисмоний шахсга ўқиш тугагандан кейин Сизнинг корхонангизда камида 3 йил ишлаб бериш шарти билан ўқиш учун тўловни амалга ошириши шарт бўлган. Сизнинг ўртангизда тузилган шартнома ҳақ эвазига тузилган шартнома тусига эгалигини ҳисобга олиб, тарафларнинг ҳар бирида бажарилиши лозим бўлган ўз мажбуриятлари кўзда тутилган.

 ФКнинг 236-моддасига мувофиқ мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак. Шунингдек ФКнинг 237-моддасида мажбуриятни бажаришдан бир томонлама бош тортиш ва шартнома шартларини бир томонлама ўзгартиришга йўл қўйилмаслиги белгиланган, қонун ҳужжатларида ёки шартномада назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Корхонангизда камида уч йил ишлаб бериш мажбуриятини ўзига олган талаба – жисмоний шахс ўз мажбуриятларидан бир томонлама бош тортишга ҳақли эмасди, тегишинча у шартнома шартларини бузган.

Шартнома шартлари жиддий равишда бузилганда тарафлардан бири шартномани бекор қилишни талаб қилишга ҳақли (ФКнинг 382-моддаси).  ФКнинг 385-моддаси бешинчи қисмига биноан агар шартномани ўзгартириш ёки бекор қилишга тарафлардан бирининг шартномани жиддий бузиши асос бўлган бўлса, иккинчи тараф шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш туфайли етказилган зарарни тўлашни талаб қилишга ҳақли.

       Фуқаролик қонунчилигининг юқорида келтирилган нормаларини эътиборга олган ҳолда Сизга талаба – жисмоний шахсдан унинг ўқиши учун тўланган суммани жарима санкциялари қўлланган ҳолда мажбурий тарзда ундириш учун судга мурожаат қилишни тавсия қиламан.

       Олий ўқув юртида ўқиш учун шартномалар қиймати давлат органлари қарори билан белгиланади. Шунинг учун, 3 йиллик ўқиш мобайнида тўланган шартномаларнинг умумий суммасини қайтариш тўғрисида даъво беришда қарздордан маблағларни ундириш тўлов пайтида амал қилган шартномалар суммалари доирасида амалга оширилади, деб ҳисоблайман.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.