Саволнинг ID си: 4297
Корхона маиший пудрат ишларини бажариш билан шуғулланади. Корхона маиший пудрат ишларини штатдаги ходимлар кучи билан ёки субпудрат шартномаларига мувофиқ амалга оширади. Cубпудрат шартномасида пудратчи вазифасида юридик шахс, субпудратчи вазифасида эса жисмоний шахслар иштирок этади. Корхонани 2016 йилдан бошлаб умумбелгиланган солиқларни тўлаш тизимига ўтказишни режалаштираётирмиз. Корхона маиший пудрат ишларини бажаргандан сўнг буюртмачи ва корхона ўртасида бажарилган ишлар далолатномаси расмийлаштирилади. Буюртмачиларнинг асосий қисмини жисмоний шахслар ташкил этади.
Умумбелгиланган солиқларни тўловчи корхона маиший пудрат ишларини бажаришдан олинган тушумдан ҚҚС ҳисоблаб ёзиши ва тўлаши шартми? Агар шундай қилиш лозим бўлса, бунда бажарилган ишлар далолатномасини расмийлаштириш етарли бўладими?
Экспертларнинг жавоблари:

Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган пудратчи маиший пудрат шартномаси бўйича буюртмачи-фуқаронинг топшириғи билан унинг маиший ёхуд бошқа шахсий эҳтиёжларини қондиришга қаратилган маълум ишларни бажариш мажбуриятини, буюртмачи эса ишни қабул қилиш ва ҳақини тўлаш мажбуриятини олади (ЎзР ФК 656-моддаси).

Умумбелгиланган солиқларни тўлаш  тизимига ўтилган вақтдан бошлаб, агарда солиқдан озод этиладиган товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш оборотига эга бўлмасангиз, Сизнинг ташкилотингиз ЎзР Солиқ кодексининг 23-моддасига мувофиқ солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаши шарт бўлади. Ушбу мажбурий солиқлардан бири қўшилган қиймат солиғидир. ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш қоидалари Солиқ кодексининг VII бўлими, 197-228 моддаларида кўрсатилган.

Солиқ кодексининг 222-моддасига асосан ишлар (хизматлар) ҳисобварақ-фактурада мавжуд барча маълумотлар, яъни Солиқ кодексининг мазкур моддаси биринчи қисмида кўрсатилган барча маълумотлар бўлган тақдирда ҳақиқатда мазкур ишлар бажарилганлигини (хизматлар кўрсатилганлигини) тасдиқловчи ҳужжатлар билан  расмийлаштирилганда, улар ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар деб ҳисобланади.

Бинобарин, Сиз буюртмачига бажарилган маиший пудрат ишлари бўйича ҳисобварақ-фактура тақдим этишингиз ёхуд ҳисобварақ-фактурада мавжуд  барча маълумотлар билан бажарилган ишлар далолатномасини тузишингиз шарт.  Бунда қўшилган қиймат солиғи солинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берилганда, бажарилган ишлар далолатномасида қўшилган қиймат солиғи суммаси мажбурий тартибда ажратиб кўрсатилиши керак.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.