Саволнинг ID си: 5588
Зафаробод туман йўл хўжалиги пудрат таьмирлаш фойдаланиш корхонаси (ХХТУТ 61129) кичик корхоналар жумласига киради. 2015 йил мобайнида корхонамиз ЯИТни 25% ставка бўйича, қолган солиқларни эса умумий тартибга кўра тўлади.
Корхона 2015 йил учун ЯИТни 25%дан 15%га ўзгартириб қайта ҳисоб-китоб қилиши, 2016 йилдан эса ЯСТ тўлашга ўтиши ҳамда ЯИТни 15% ставка бўйича тўлаши мумкинми?
Экспертларнинг жавоблари:

Ҳа, башарти 2015 йил учун корхона кичик корхона мезонига мос келса, АВ томонидан 13.04.2010 йилдаги 2095-сон билан рўйхатдан ўтказилган  Ягона ижтимоий тўловнинг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона ижтимоий тўловни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ сиз ЯИТни 15% ставка бўйича қайта ҳисоб-китоб қилишингиз мумкин. Агар солиқ тўловчи солиқ ҳисоботи тақдим этилган даврга тааллуқли хатоларни ўзи мустақил равишда аниқлаган бўлса, солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддати (5 йил) ичида ўша давр юзасидан аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш ҳуқуқига эга.

Бироқ мазкур норма аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи солиқ инспекцияси томонидан молия-хўжалик фаолияти текшируви доирасида текшириш ўтказилган давр учун солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммасининг камайишини назарда тутувчи ҳолларда қўлланилмайди (ЎзР СКнинг 46-моддаси).

Барча ҳолатда ҳам, 2016 йилдан бошлаб сиз кичик корхона сифатида ЯИТни 15% ставка бўйича тўлашга ҳақлисиз.

СКнинг 350-моддасига биноан микрофирмалар ва кичик корхоналар жумласига ходимларининг сони бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган мезонга мос келадиган юридик шахслар киради. ХХТУТ 61129 кодига эга қурилиш корхонаси учун ходимларнинг чекланган сони 50 нафар киши миқдорида белгиланган (Кичик тадбиркорлик (бизнес) субъектларига тегишли бўлган корхоналар ва ташкилотлар классификацияси, ЎзР ВМнинг 11.10.2003 йилдаги 439-сон қарорига илова).

Бунда ходимларнинг сони ҳисобот йили учун ходимларнинг ўртача йиллик сонидан келиб чиқиб аниқланиши кўзда тутилган.

Микрофирмалар ва кичик корхоналар, бундан савдо ва умумий овқатланиш корхоналари ҳамда оилавий корхона мустасно, ягона солиқ тўловини тўлашни назарда тутадиган солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини ёки умумбелгиланган солиқлар тўлашни танлашга ҳақли (СКнинг 351-моддаси).

ЯСТ тўлашга ўтиш учун сиз кейинги ҳисобот даври бошланишига камида 1 ой қолганда солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органини ягона солиқ тўловини тўлашга ўтишингиз тўғрисида Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган шаклда ёзма равишда хабардор этишингиз лозим. Солиқ тўловчи томонидан ёзма билдириш тақдим этилмаганлиги унинг умумбелгиланган солиқларни тўлашга розилиги ҳисобланади.

Шундай қилиб, соддалаштирилган тартибга ўтиш учун сиз янги чорак бошланишидан бир ой олдин ариза топширишингиз зарур.

ЯСТ бўйича ҳисоб-китобларни тақдим қилиш тартиби ЎзР СКнинг 360-моддасида кўзда тутилган.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.