Саволнинг ID си: 5997
Корхона қурилиш ҳавозаларини ва уларга тахталарни ижарага бериш билан шуғулланади (ОКОНХ 80300). Корхонанинг ягона таъсисчиси – жисмоний шахс қарз шартномаси асосида корхонага фойдаланиш учун ҳавоза ва тахталарни қарзга беради. Юқорида кўрсатилган шартнома асосида ҳар ойда ТМЗлар қийматидан 1% миқдорида таъсисчига тўловни амалга оширамиз.
Ҳар ойда таъсисчидан қарзга олинган қурилиш ҳавозалари қийматидан 1% миқдорида таъсисчига тўловни амалга оширишда қандай солиқ оқибатлари юзага келади?
Экспертларнинг жавоблари:

Фуқаролик кодексининг 732-моддасига мувофиқ, қарз шартномаси бўйича нафақат  пул, шунингдек бошқа ашёлар (натура шаклидаги қарз) ҳам берилиши мумкин. Бундай ашёларнинг ўзига хос хусусияти шундаки, улар истеъмол қилинувчи (хом ашё ва материаллар, ускуна учун эҳтиёт қисмлар) ашёлар бўлиб, қарзга олинган ашёларнинг айнан ўзини эмас, балки худди шундай сифати, хили ва миқдорига баравар ашёларни қайтариб бериш керак бўлади. Ёзишингизча, таъсисчи билан қурилиш ҳавозалари бўйича қарз шартномаси тузилган. Агар қарз шартномаси тузилган бўлса, корхона у бўйича таъсисчига у қарзга берган  ҳавозаларни эмас, балки худди шундай турдаги ва сифатдаги бошқа ҳавозаларни қайтариш лозим бўлади. ҳақиқатда эса, Сиз таъсисчига айнан унга тегишли, у қарзга берган ҳавозаларни қайтарасиз. Шунинг учун истеъмол қилинмайдиган ашёлар қарз шартномаси предмети бўла олмайди. Истеъмол қилинмайдиган ашёлар ижара шартномаси предмети бўлади.

 Мулк ижараси шартномаси бўйича ижарага берувчи ижарага олувчига ҳақ эвазига мол-мулкни вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш ёки фойдаланиш учун топшириш мажбуриятини олади. Ер участкалари, ер ости бойликлари жойлашган участкалар ва бошқа алоҳида табиий объектлар, корхоналар ва бошқа мулкий комплекслар, бинолар, иншоотлар, ускуналар, транспорт воситалари ва фойдаланиш жараёнида ўзининг табиий хусусиятларини йўқотмайдиган бошқа ашёлар (истеъмол қилинмайдиган ашёлар) мулк ижарасига берилиши мумкин (Фуқаролик кодексининг 537-моддаси).

Агар корхона ва унинг таъсисчиси ўртасида ижара шартномаси тузиладиган бўлса, ижарага берилган мулк қийматининг 1% миқдоридаги тўлов ижара тўлови ҳисобланади. Ижара тўлови жисмоний шахс учун мулкий даромад бўлиб, у ўрнатилган энг паст ставка 7,5% бўйича (Солиқ кодексининг 181-моддаси) Солиқ кодексининг 184-моддасига мувофиқ тўлов манбаи (юридик шахс) да солиққа тортилади. Ижарага олувчи корхонада ҳеч қандай солиқ оқибатлари юзага келмайди.

Истеъмол қилинувчи ашёларга (масалан материалларга) қарз шартномаси тузилган ҳолатда қандай солиқ оқибатлари юзага келишини кўриб чиқайлик. Материаллар қийматидан тўланадиган тўлов қарз бўйича фоиз тўловлари ҳисобланади. Жисмоний шахслар учун олинган фоизлар мулкий даромаддир (Солиқ кодексининг 176-моддаси). Аммо Ўзбекистон Республикаси резидентларининг дивиденд ва фоиз кўринишидаги даромадлари 10%лик ставка (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 22.12.2015 й. ПҚ-2455-сонли Қарори 3-банди) бўйича тўлов манбаи (корхона-юридик шахс) да солиққа тортилади.

Қарз шартномаси асосида ТМЗларни қайтариш чоғида корхона солиққа тортиш мақсадида ушбу операция реализация сифатида баҳоланади (Солиқ кодексининг 22-моддаси). Мос равишда, материаллар чиқиб кетишидан даромад кўрилган бўлса, демак у бошқа даромадлар сифатида ягона солиқ тўлови бўйича солиққа тортилувчи базага киритилиши лозим (Солиқ кодексининг 355-моддаси 2-банди). Бошқа даромадлар корхонанинг асосий фаолият тури учун ўрнатилган ставка бўйича солиққа тортилади (Солиқ кодексининг 353-моддаси).

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.