Саволнинг ID си: 6144
"Ўзстандарт" агентлиги "Метрология хизматлари кўрсатиш маркази" давлат корхонаси ходимларига иш ҳақи Республика меҳнат вазирлиги томонидан тасдиқланган тариф разряди бўйича қатъий белгиланган суммада тўланади. "Метрология хизматлари кўрсатиш маркази" давлат корхонаси ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлдантириш тўғрисида" ги Низом асосида ходимларга моддий рағбатлантириш бериб келади.Моддий рағбатлантириш ҳар ой, чорак ва йил якуни бўйича берилган режаларни бажариш ҳолати асосида ҳисобланади.Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 180-моддаси 3-4-қисмларида Иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар ва меҳнат ҳақи тизимида назарда тутилган бошқа тўловлар рағбатлантириш турларига кирмайди. Интизомий жазо амал қилиб турган муддат мобайнида ходимга нисбатан рағбатлантириш чоралари қўлланилмайди."деб белгилаб қўйилган. Яқинда корхонамизда 2 нафар ходимга интизомий жазо берилди. Шундай ҳолда рағбатлантириш чораси сифатида берилаётган моддий рағбатлантиришни тўхтатиш мумкинми?
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 180-моддаси 3-4-қисмларида Иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар ва меҳнат ҳақи тизимида назарда тутилган бошқа тўловлар рағбатлантириш турларига кирмайди. Интизомий жазо амал қилиб турган муддат мобайнида ходимга нисбатан рағбатлантириш чоралари қўлланилмайди."деб белгилаб қўйилган. Интизомий жазо берилган ходимларга корхонанинг моддий рағбатлантириш ҳақидаги Низом асосида берилаётган мукофот пуллари берилиши мумкинми?
Экспертларнинг жавоблари:

 

Мазкур саволга Меҳнат кодексининг 180-моддасида (бундан буён – МК деб юритилади) жавоб берилган.

МКнинг 180-модда 3-қисмида:

“Иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар ва меҳнат ҳақи тизимида назарда тутилган бошқа тўловлар рағбатлантириш турларига кирмайди”, деб таъкидланган.

 Демак, тўловлар (иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар ва бошқа тўловлар) меҳнат ҳақи тизимига киритилган бўлса – бу тўловлар рағбатлантириш турларига кирмайди ва интизомий жазо чоралари қўлланилган ходимларга нисбатан - қайд этилган тўловлар қўлланилади. Аксинча, меҳнат ҳақи тизимига киритилмаган бўлса, интизомий жазо амал қилиб турган муддат мобайнида (183-модда) ходимга нисбатан рағбатлантириш чоралари қўлланилмайди.

Бу масалага ойдинлик киритиш, яъни, амалга оширилаётган тўловлар қайси тизимдан тўланаётганлигини билиш учун  корхонангиздаги ходимларнинг вакиллик органига хамда молия-иқтисод бўлимларига мурожаат қилишингиз мақсадга мувофиқдир.

 

 

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.