Саволнинг ID си: 6175
Солиқ кодекси 89-моддасининг учинчи ва тўртинчи қисмларига биноан қисқа муддатли текширув ўтказиш муддати бир иш кунидан ошмаслиги керак ва бу муддатни узайтиришга йўл қўйилмайди. Масалан, чакана савдо билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркор ўзининг иш кунини соат 09.00 дан 18.00 гача (орасида бир соатлик тушлик танаффус билан) ўрнатган. Бу ҳолда қисқа муддатли текширув ўтказиш муддатини ҳисобланиши қайси пайтдан (солиқ тўловчининг иш куни бошланиш пайтиданми, солиқ ходимлари томонидан текширувни ўтказишни ҳақида эълон қилинганлиги пайтиданми ёки умуман бошқа пайтиданми) бошланади?
Қисқа муддатли текширув ўтказиш муддатини ҳисобланиши қайси пайтдан бошланади?
Экспертларнинг жавоблари:

– Ҳақиқатан ҳам, Солиқ кодекси (кейинги ўринларда – Кодекс) 89-моддасининг учинчи ва тўртинчи қисмларига биноан қисқа муддатли текширув ўтказиш муддати бир иш кунидан ошмаслиги керак ва бу муддатни узайтиришга йўл қўйилмайди.

Солиқ текширувини ўтказишнинг бошланиши Кодекснинг 92‑моддасида кўрсатилган. Унинг маъносига кўра, солиқ органининг мансабдор шахси солиқ текширувини ўтказишни бошлашдан олдин назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи махсус ваколатли органнинг режадан ташқари солиқ текшируви, яъни қисқа муддатли текширув (Кодекс 88-моддасининг учинчи қисмида кўрсатилган асосга кўра режадан ташқари ўтказиладиган текширув бундан мустасно*) ўтказиш тўғрисидаги қароридан, солиқ хизмати органининг тегишли солиқ текшируви тайинланганлиги тўғрисидаги буйруғидан ҳамда солиқ текширувини ўтказиш дастуридан кўчирма нусхаларни тилхат билан бирга топширган пайт текширувни ўтказиш бошланган пайт деб ҳисобланади. Солиқ тўловчи мазкур ҳужжатларни олишдан бош тортган тақдирда, текширувчи томонидан унинг ўзи ва солиқ тўловчи имзолайдиган далолатнома тузилади. Солиқ тўловчи ушбу далолатномани имзолашдан бош тортган тақдирда эса бу ҳақда далолатномага тегишли ёзув киритилади. Бундай ҳолда далолатнома имзоланган пайт текширувни ўтказишнинг бошланиши ҳисобланади.

Солиқ текширувини (шу жумладан қисқа муддатли текширувни) ўтказиш доирасида айрим ҳаракатлар (масалан, ҳудудлар ва жойларни кўздан кечириш, мол-мулкни инвентаризациядан ўтказиш, ҳужжатларни талаб қилиб олиш, ҳужжатларни ва предметларни олиб қўйиш) амалга оширилиши мумкин. Лекин шуни билиш керакки, ҳужжатлар ва предметларни тунги вақтда – соат 23.00 дан 06.00 гача олиб қўйиш ман этилади (Кодекс 95-моддасининг учинчи қисми). Бир қарашда ушбу нормага асосан солиқ ходимларининг қисқа муддатли текширувни якка тартибдаги тадбиркорнинг иш вақти режимидан келиб чиқиб соат 09.00 дан эмас, балки 10.00, 11.00 ёки 14.00 дан бошлаш ва текширув тугалланмай қолса, уни ўша куннинг тунги соат 23.00 гача давом эттириш мумкиндек туюлади. Аслида бу нотўғри. Чунки сиз кўрсатган иш вақти режимига кўра соат 18.00 дан кейинги вақт якка тартибдаги тадбиркорнинг шахсий вақти ҳисобланади ва у бу вақтни ўз ихтиёрига кўра тасарруф эта олади – хоҳласа театрга боради, хоҳласа футболга тушади, истаса оиласи билан уйда ўтиради.

Конституциямизга биноан:

ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга (25-модданинг биринчи қисми);

Ўзбекистонда демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади (13-модда);

фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас (19-модда).

Бундан хулоса қилиш мумкинки, якка тартибдаги тадбиркор ўзи учун белгилаган иш куни (вақти) тугагандан кейинги унинг шахсий вақти мобайнида текширувни давом эттириш юқорида келтирилган конституциявий эркинлигини бузиш ҳисобланади.

Шуни эслатиб қўймоқчимизки, Кодекснинг 11-моддасида ҳам солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар солиқ тўловчининг фойдасига талқин қилиниши белгиланган. Ушбу нормага кўра, юқорида айтиб ўтилган бир иш куни масаласи билан боғлиқ вужудга келган ноаниқликлар фақатгина солиқ тўловчининг фойдасига ҳал этилмоғи лозим.

 


* Яъни бозорлар, савдо комплекслари ҳудудларида ва уларга туташ бўлган автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларида бир марталик йиғимлар, ижара ҳақи тўлиқ тушиши ва уларнинг топширилиши ҳисобга олинишига, фискал хотирали назорат-касса машиналаридан, тўловларни пластик карточкалар асосида қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминалларидан фойдаланилишига, шунингдек савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя этилишига оид қисқа муддатли  текширувлар ўтказиш учун солиқ органларининг қонун ҳужжатларида ваколат берилган бўлинмаси бошлиғининг текширув ўтказиш мақсадлари, муддатлари ва текширувчи мансабдор шахсларнинг таркиби кўрсатилган буйруғи асос бўлади. Солиқ органларининг қонун ҳужжатларида ваколат берилган бўлинмаси назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли органни ёки унинг тегишли ҳудудий бўлинмасини ўтказилган қисқа муддатли  текширувлар тўғрисида текширув ўтказилган кундан эътиборан бир иш куни ичида хабардор қилади.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.