Саволнинг ID си: 6329
Ягона солиқ тўловчиси бўлган хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи кичик корхона ҳисоб рақамига 2016 йил 2 чоракда 15 000 000 сўм келиб тушган. 2016 йил 2 чоракда кўрсатилган хизматлар 12 000 000 сўмни ташкил қилади, яьни 12 000 000 сўмга ҳисоб-фактура расмийлаштирилган. Ушбу 15 000 000 суммадан - 2 000 000 сўм 1 чоракдаги дебиторлик қарзи, 3 000 000 сўм эса аванс тўлови ҳисобланади.
Ягона солиқ тўлови ҳисоб китоби 10 сатри (товар,иш,хизматлар реализациясидан соф тушум) да қайси сумма акс эттирилади: агар ҳисобот даврида ҳисоб рақамга 15 000 000 сўм пул маблағлари келиб тушган, ҳисоб-фактура - 12 000 000 сўмга расмийлаштирилган ва бўнак тўловлари – 3 000 000 сўмга тенг бўлса? Ушбу операциялар бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттирилади?
Экспертларнинг жавоблари:

Ягона солиқ тўлови ҳисоб китоби 10 сатрида товарлар (ишлар, хизматлар) реализациясидан соф тушум кўрсатилади. Реализациядан тушум пул маблағлари олинган пайтда эмас, корхона ўз харидори олдидаги мажбуриятини бажарганда ёки унга товар юклаб жўнатганда ёки хизмат кўрсатган пайтда юзага келади. Бу хулоса бухгалтерия ҳисобини юритишнинг ва молиявий ҳисоботларни тузишнинг энг асосий тамойилларидан бири бўлган - ҳисоблаб ёзиш тамойилидан келиб чиқади (1-сон БҲМС "Ҳисоб сиёсати ва молиявий ҳисобот" (АВ томонидан 14.08.1998 й. 474-сон билан рўйхатга олинган)нинг 16-банди).

Солиқ кодекси реализациядан олинган тушумни реализация қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) учун олинган (олиниши лозим бўлган) маблағлар суммаси, шу жумладан реализация қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) учун ҳақ тўлаш, шу жумладан қарзни узиш ҳисобига тушадиган мол-мулк қиймати сифатида белгилайди (Солиқ кодексининг 22-моддаси).  Реализация деганда сотиш, алмаштириш, беғараз (текинга) бериш мақсадида товарларни юклаб жўнатиш, ишларни бажариш ва хизматларни кўрсатиш тушунилади.  Ҳисобварақ-фактуралар, ишлар бажарилганлиги ёки хизматлар кўрсатилганлиги тўғрисидаги далолатномалар, квитанциялар, чеклар ва реализацияни тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар реализация қилганликни тасдиқловчи ҳужжатлардир.

Шу тариқа, сизнинг корхонангиз учун кўрсатилган хизматлар қиймати солиққа тортилувчи тушум бўлиб, ундан ягона солиқ тўлови тўланади.

Аҳамият қилинг – реализациядан тушум харидор товар (иш, хизмат) ҳаққини тўлиқ ёки қисман тўлаганидан қатъий назар юзага келади. Реализацияни тан олишнинг асосий меъзони тўлов эмас, айнан товарни юклаб жўнатиш (ишни бажариш, хизматни кўрсатиш) факти ҳисобланади.шунинг учун харидор хизмат кўрсатишларидан олдин тўлаган бўнак тўлови реализациядан тушум сифатида қаралмайди. Чунки хизмат кўрсатиш шартномаси бўйича сиз ўз мажбуриятингизни ҳали бажарганингиз йўқ (яъни хизмат кўрсатмадингиз). Дебитор қарздорлик хизмат кўрсатилиб, унинг учун ҳали тўлов амалга оширилмаган ҳолатда юзага келади. Масалан, 1-чоракда кўрсатилган хизматлар учун қарздор 2-чоракда тўловни амалга ошириши мумкин, аммо реализация факти 1-чоракда бўлган, шунинг учун 1-чорак учун у ягона солиқ тўлови базасига реализациянинг умумий тушуми (тўланмаган қисмини ҳам қўшган ҳолда) киритилади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, агар 2-чоракда ҳисоб-фактура асосида 12 000 000 сўмга хизмат кўрсатилган бўлса, у ҳолда ушбу сумма 2-чорак учун соф тушум ҳисобланади. Айни вақтда ҳисобга олиш керакки, Ягона солиқ тўловининг ҳисоб-китоби солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органларига ортиб борувчи якун билан йилнинг ҳар чорагида тақдим этилади (Солиқ кодексининг 360-моддаси 4-қисми). Бу шуни англатадики, 2016 йилнинг 2-чораги учун Ягона солиқ тўлови ҳисоб китобининг 10 сатрига 2-чоракдаги соф тушумдан ташқари яна 1-чоракдаги соф тушумни ҳам киритиш керак. Яъни, ушбу сатрда 2016 йилнинг январь-июнь давридаги умумий соф тушум кўрсатилади.

Бухгалтерия ҳисобида сиз келтирган операциялар қуйидагича акс эттирилади:

Хўжалик операциясининг мазмуни

Счетлар корреспонденцияси

Дебет

Кредит

Буюртмачиларга хизматларни(кўрсатиш)   реализация қилиш (ҳисоб-фактурага асосланиб) –

12 000 000 сўм

4010 «Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар»

 

9030 «Ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишдан даромадлар»

Пул маблағлари тушуми, яъни дебитор қарзининг тўлови 12 000 000 сўм

5110 «Ҳисоб-китоб счёти»

4010 «Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар»

Бўнак тўловларинг келиб тушиши –

3 000 000 сўм

5110 «Ҳисоб-китоб счёти»

6310 «Харидорлар ва буюртмачилардан олинган бўнаклар»

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.