Ходим корхона (иш берувчи) олдида моддий зарар етказганлиги учун, олинган қарзлар бўйича ёки бошқа сабабларга кўра қарздор бўлиши мумкин.
Ходимнинг юридик шахс олдидаги қарзининг юридик шахс қарори билан ҳисобдан чиқарилган суммалари ходимнинг моддий наф тарзидаги даромади ҳисобланиб (Солиқ кодексининг 177-моддаси 5-банди), у тўлов манбаида солиққа тортилади (Солиқ кодексининг 184-моддаси 2-қисмининг 2-банди). Ушбу даромад меҳнатга ҳақ тўлаш билан боғлиқ бўлмаганлиги сабабли у ягона ижтимоий тўлов ва фуқароларнинг суғурта бадалларига тортилмайди.
Ягона солиқ тўловчиси бўлган корхона учун ходим қарзининг харажатларга ҳисобдан чиқарилиши ЯСТ базасига таъсир кўрсатмайди.
Умумбелгиланган солиқ тўловчиси бўлган корхоналар учун Солиқ кодексининг 177-моддасида назарда тутилган ходимларнинг моддий наф тарзидаги даромадлари солиққа тортилувчи даромад таркибига киритилади (Солиқ кодексининг 147-моддаси 9-банди).
Шуни инобатга олиш керакки, агар савдо корхонасининг ходими иш берувчисидан товар олган бўлса, ва кейинчалик ходимнинг бу қарзи корхонанинг давр харажатларига ҳисобдан чиқариладиган бўлса, солиққа тортиш мақсадида ушбу операция товарларни текинга бериш деб ҳисобланади ҳамда товарларнинг таннархи ёки харид нархида ягона солиқ тўловига тортилади(Солиқ кодексининг 355-моддаси).
"Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Қонунининг 29-моддасига мувофиқ жамиятнинг жорий фаолиятига раҳбарлик қилиш жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органи томонидан ёки жамиятнинг коллегиал ижро этувчи органи томонидан амалга оширилади.
Қарзни ҳисобдан чиқариш устав билан белгиланган ижро этувчи орган қарорига асосан, ёки корхона раҳбарининг буйруғига асосан, ёки бошқарув йиғилиши баённомасига асосан амалга оширилади.
Ходимнинг моддий зарар етказишдан ҳосил бўлган қарзини ҳисобдан чиқаришга мисол келтирамиз:
N | Хўжалик операциясининг мазмуни
| Қиймати минг сўмда | Счетлар корреспонденцияси | Ёзувларни тасдиқловчи ҳужжатлар | |
Дебет | Кредит | ||||
1. | Моддий зарарни қоплаш бўйича ходимнинг қарзи акс эттирилмоқда | 800 | 4730 | 5910 | Бухгалтериянинг маълумотнома-ҳисоб-китоби |
2. | Айбдор шахсдан қарзнинг бир қисми ундирилди | 400 | 6710 | 4730 | Ойликни ҳисоблаш қайдномаси (Ведомости) |
3. | Буйруққа асосан ходим қарзининг қолган қисми ҳисобдан чиқарилди (кечилди) (ёки бошқарув йиғилиши баённомасига асосан) ва ходимнинг ялпи даромадига киритилмоқда | 400 | 9430 6740 | 6740 4730 | Раҳбар буйруғи, бухгалтерия ҳисоб-китоби |
4. | Жисмоний шахснинг ялпи даромадидан солиқ ушлаб қолинди |
| 6710 | 6410 | Ойлик ҳисоблаш қайдномаси |
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.