Саволнинг ID си: 6451
“Альфа” МЧЖнинг таъсисчилари учта жисмоний шахсдан иборат (Акбар, Али, Комил). “Альфа” МЧЖ “Дельта” МЧЖнинг ягона таъсисчиси сифатида рўйхатдан ўтган. “Альфа” МЧЖ юридик шахс-ягона таъсисчи сифатида Дельта” МЧЖдаги ўзининг улушини учта жисмоний шахслар (Акбар, Али, Комил) фойдасига воз кечмоқчи ва қайтадан давлат рўйхатидан ўтмоқчи.
Юридик шахсдан устав капиталидаги улушни текинга олган жисмоний шахсларда қандай солиқ оқибатлари юзага келади?
Экспертларнинг жавоблари:

Масъулияти чекланган жамиятнинг (МЧЖ) ягона иштирокчиси учинчи шахсга ўз улушини сотишга ёки ҳадя шартномаси асосида текинга беришга ҳақли (Ўзбекистон Республикасининг 06.12.2001 й. 310-II-сон "Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Қонунининг 20-моддаси, кейинги ўринларда 310-II-сонли  Қонун деб юритилади). Бундай битимни тузиш учун, агар жамият уставида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, жамиятнинг ёки жамият бошқа иштирокчиларининг розилиги талаб қилинмайди.

  310-II-сонли  Қонуннинг 20-моддаси 10-қисмига мувофиқ жамият устав фондидаги (устав капиталидаги) улушдан (улушнинг бир қисмидан) бошқа шахснинг фойдасига воз кечилгани ҳақида бундай воз кечишнинг далилларини (ҳадя шартномаси) тақдим этган ҳолда ёзма равишда жамият хабардор қилиниши лозим.

Жисмоний шахслар учун юридик шахсдан текинга олинган пай ва улушлар моддий наф тарзидаги даромадлар бўлиб (Солиқ кодексининг 177-моддаси 2-банди), у жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига (ЖШДС) тортилиши керак, аммо улар ягона ижтимоий тўлов ва фуқароларнинг суғурта бадалларига тортилмайди. Солиқ кодексининг 181-моддасига мувофиқ жисмоний шахслардан беғараз олинган улуш ва пайлар минимал ставкада (2016 йилда – 7.5%) солиққа тортилади. Аммо сизнинг ҳолатингизда мулк ҳуқуқи юридик шахс томонидан беғараз берилмоқда, демак тўлов манбаида ушбу даромад тури шкала бўйича солиққа тортилади. Солиқ кодексининг 177-моддасига мувофиқ, солиқ тўловчи юридик шахсдан товар, иш ёки хизматларни олишда уларнинг нархи товарларнинг таннархи бўйича баҳоланади. Агар ушбу нормани сизнинг ҳолатингизга тадбиқ этилса, “Альфа” МЧЖнинг балансида акс эттирилган қиймат, яъни “Дельта МЧЖ”нинг устав капиталига киритган улушига тенг бўлади.

Моддий наф тарзидаги даромадлар тўлов манбаида солиққа тортилувчи даромадларга киради (солиқ кодексининг 184-моддаси), яъни “Альфа” МЧЖда солиққа тортилади. Солиқ агенти (“Альфа” МЧЖ)  ҳисобланган солиқ суммасини даромадни тўлаш пайтида ушлаб қолиши керак. Ушлаб қолишлар солиқ агенти томонидан солиқ тўловчига тўланадиган ҳар қандай пул маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Агар таъсисчи жисмоний шахслар “Альфа” МЧЖнинг ходимлари бўлмасалар, ва уларнинг ушбу корхонада иш ҳақи тарзидаги ёки бошқа даромадлари бўлмаса, корхонада солиқ суммасини ушлаб қолиш имконияти бўлмайди, чунки текинга олинган улуш – бу натура кўринишидаги даромад тўловидир. Ушб ҳолатда таъсисчи-жисмоний шахслар корхона кассасига солиқ суммасини киритишлари керак. Улар учун солиқнинг якуний суммаси даромадлар тўғрисидаги декларацияни топширишда солиқ органлари томонидан ҳисоблаб чиқарилади.   Корхонада эса солиқ давридан кейин (яъни йил тугагач) 30 кун ичида асосий бўлмаган иш жойидан даромадлар олган жисмоний шахслар тўғрисида Маълумотномани ДСИга тақдим этишлари шарт.

Агар таъсисчилар бухгалтерияга ЖШДСни максимал ставкада (23%) ушлаб қолиш тўғрисида ариза ёзсалар, даромад тўловчи юридик шахс солиқни максимал ставкада ушлаб қолади (Солиқ кодексининг 186-моддаси). Бу ҳолатда жисмоний шахсда декларация топшириш мажбурияти, солиқ агентида эса Маълумотномани топшириш мажбурияти юзага келмайди(Солиқ кодексининг 187-моддаси).

Агар солиқ агентининг ходимлари бўлмаган жисмоний шахслар моддий наф тарзидаги даромаддан ЖШДС ушламаслик ҳақида ариза билан мурожаат қилсалар, юридик шахс солиқни ушлаб қолмасликка ҳақли (Солиқ кодексининг 184-моддаси). Бунда жисмоний шахслар даромадлар тўғрисидаги декларация топширишлари ва ҳисобланган солиқни тўлашлари керак бўлади. Тўлов манбаи бўган юридик шахс эса ДСИга Маълумотномани тақдим этиши керак бўлади.

“Альфа”МЧЖдаги ўз улушидан воз кечаётган корхона учун солиқ оқибатлари унинг қандай солиқ тизимида эканлигига боғлиқ. Агар корхона ЯСТ тўловчиси бўлса, унда ўз улушини текинга беришдан ҳеч қандай солиқ оқибатлари юзага келмайди. Агар корхона умумбелгиланган солиқлар тўловчиси бўлса, Солиқ кодексининг 1470-моддаси 24-бандига мувофиқ, улушни текинга беришдан кўрилган зарар солиққа тортилувчи базани ҳисоблашда чегирилмайди.

Ўз устав фондидаги улушлари берилаётган ташкилотда («Дельта» МЧЖда) солиқ оқибатлари юзага келмайди.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.