Саволнинг ID си: 6649
МЧЖ шаклидаги корхона ўз номини ўзгартирди.
МЧЖ шаклидаги корхона ўз номини ўзгартиргач ўтган йиллар учун аниқлаштирилган солиқ ва молиявий ҳисоботларни топшириши керакми?
Экспертларнинг жавоблари:

Йўқ, керак эмас. Фирма номи юридик шахс бўлган тижорат ташкилотининг индивидуал номи бўлиб, унга доир мутлақ ҳуқуқ юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилган вақтда юзага келади (Ўзбекистон Республикасининг 18.09.2006 й. ЎРҚ-51-сон "Фирма номлари тўғрисида"ги Қонунининг 3-моддаси). Корхона ўтган йиллар учун топширилган ҳисоботларда мутлақ ҳуқуқ ҳозирги вақтда  юзага келган фирма номини кўрсата олмайди.

Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 24.05.2006 й. ПҚ-357-сон қарорига илова) нормалари ва Солиқ кодексининг 84-моддасига мувофиқ  тадбиркорлик субъектларининг таъсис ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган тақдирда, шу жумладан фирма номи ўзгарган тақдирда рўйхатдан ўтказувчи органлар тадбиркорлик субъектини жалб қилмаган ҳолда давлат солиқ хизмати органлари ҳамда тадбиркорлик субъектини хабардор қиладилар. Шу билан бирга, ушбу қонун нормалари билан ўтган давр ҳисоботларини қайта топшириш керакли назарда тутилмаган.

ЎзР Солиқ кодексининг 46-моддасига мувофиқ аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини давлат солиқ хизмати органларига солиқ ҳисоботи тақдим этилган даврга тааллуқли ўзи мустақил равишда хатоларни аниқлаган солиқ тўловчи солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддати ичида (5 йил) топширишлари мумкин. Молиявий ҳисобот шакллари ва уларни тўлдириш бўйича Қоидаларда (АВ томонидан 24.01.2003 й. 1209-сон билан рўйхатга олинган) молиявий ҳисоботга тузатишлар киритиш қоидалари келтирилган: ўтган йил ҳисобот маълумотларидаги (улар тасдиқланганидан кейин) тузатишлар агар унинг маълумотларида бузишлар аниқланган бўлса амалга оширилади. Молиявий ва солиқ ҳисоботларини топширишда корхонага ўша даврда бириктирилган ном кўрсатилганлиги учун корхона номи ўзгариши муносабати билан аниқлаштирилган ҳисобот топширишга ҳожат йўқ.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.