Саволнинг ID си: 6767
Ходим олдиндан 3 ойлик иш хақини беришни ариза орқали сўради. Унинг бу талабини қондириш қанчалик тўғри?
Экспертларнинг жавоблари:

Меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномаси ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланади ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмас (ЎзР Меҳнат кодексининг 161-моддаси 1-қисми).

Ўз навбатида, мазкур Кодекснинг 1-моддаси 1-қисмга кўра, Ўзбекистон Республикасида меҳнатга оид муносабатлар меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, жамоа келишувлари, шунингдек жамоа шартномалари ва бошқа локал норматив ҳужжатлар билан тартибга солинади.

Демак, агарда жамоа шартномаси ёки бошқа локал норматив ҳужжатда иш берувчининг ходимга олдиндан ҳақ тўлаш ҳуқуқи назарда тутилган бўлмаса, ходимга олдиндан 3 ойлик иш ҳақини тўлаш нотўғри бўлади.

Шу билан бирга, Кодекснинг 4-моддасига биноан ходимлар учун меҳнат ҳуқуқларининг ва кафолатларининг энг паст даражаси қонунлар билан белгилаб қўйилади.

Қонунлардагига нисбатан қўшимча, яъни имтиёзли ва кенгроқ меҳнат ҳуқуқлари ва кафолатлари бошқа норматив ҳужжатлар, шу жумладан шартнома йўсинидаги ҳужжатлар (жамоа келишувлари, жамоа шартномалари, бошқа локал ҳужжатлар), шунингдек ходим ва иш берувчи ўртасида тузилган меҳнат шартномалари билан белгиланиши мумкин.

Яъни, иш берувчи ёки ходимларнинг вакиллик органи ташаббуси билан жамоа шартномасига ўзгартиришлар киритилиб, ходимларга иш ҳақини олдиндан бериш ҳолатлари ва тартиби кўрсатилиши мумкин.

Бундан ташқари, иш берувчи ўз ходимига ЎзР Фуқаролик кодексининг 732-моддасига асосан қарз бериш шартномасини тузиш орқали керак бўлган миқдорда пул маблағларини ажратиш, пулни иш ҳақи ҳисобидан ушлаб қолиш имкониятига эга.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.