Саволнинг ID си: 6840
Ходим университетда асосий штатда 0,75 ставкада кафедра ўқитувчиси (иш ҳақи 1 ставка учун 1329274 сўм) ва ички ўриндошлик асосида 0,5 ставкада декан ўринбосари (иш ҳақи 1 ставка учун 1748460 сўм) лавозимларида ишлайди. Бухгалтерлар УзАСБО тизимида ходимга фақат асосий штати учун меҳнат таътилига ҳақ тўланишини айтишди. Шу ростми?
Ходим ҳар иккала лавозим бўйича бир вақтнинг ўзида меҳнат таътилига чиқди ва меҳнат таътилининг охирги куни билан ички ўриндошлик асосида 0,5 ставкада ишлаб турган декан ўринбосари лавозимидан ўз аризасига асосан ишдан бўшади. Ходимга бериладиган меҳнат таътили ёки ишдан бўшаш учун ҳақ қандай тартибда ва қанча миқдорда ҳисобланади?
Экспертларнинг жавоблари:

Келинг, тартиб билан муҳокама қиламиз.

Ўриндошлик асосида ишлаш – бу ходимнинг ўзининг асосий ишини бажаришидан ташқари асосий ишидан бўш вақтида меҳнат шартномаси асосида бошқа ҳақ тўланадиган ишни бажаришидир. Ички ўриндошлик бу асосий иш жойида ўриндошлик асосида ишлашдир. Ходимнинг асосий иш жойи ҳисобланган ташкилотда ўриндошлик асосида ишлашга вақтинча бўлмаган ходимнинг ишини бажаришда ёки бўш лавозимдаги ишни бажаришда йўл қўйилади (Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида низомнинг 2 ва 5-бандлари[1]).

Ўриндошлик асосида ишга қабул қилишда ходим билан меҳнат шартномаси тузилади. Меҳнат кодексининг 133-моддасига асосан барча ходимларга, шу жумладан ўриндошлик асосида ишлаётган ходимларга йиллик меҳнат таътиллари берилади. Ўриндошлик асосида ишлаётганларга меҳнат таътили асосий иш жойидаги таътил билан бир вақтда, ўриндошлик асосида ишлаган вақтига мутаносиб равишда ҳақ тўлаган ҳолда берилади (Меҳнат кодексининг 143-моддаси иккинчи қисми). Агар ўриндошлик асосида ишлашнинг биринчи иш йилида ходим олти ойдан кам ишлаган бўлса, у ҳолда ўриндошлик асосидаги ишда таътил учун ишланган вақтга пропорционал ҳақ тўланади (Низомнинг 16-банди иккинчи хатбошиси).

Меҳнат шартномасини бекор қилишда ходимга барча фойдаланилмаган таътиллар учун компенсация тўланади. Компенсация миқдори ходим томонидан фойдаланилмаган таътил кунлари сонидан келиб чиқиб тўланади. Таътиллар муддатини ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқаришда уларнинг муддати ҳар бир тўлиқ таътил миқдорини ўн иккига бўлиб, сўнг тўлиқ ишланган ойлар сонига кўпайтириш йўли билан аниқланади. Бунда ўн беш календарь кунга тенг ва ундан кўп бўлган кунлар бир ой деб яхлитланади, ўн беш календарь кундан ками эса чиқариб ташланади.

 

 


[1] ЎзР ВМнинг 18.10.2012 йилдаги 297-сон Қарорига илова

 

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.