Саволнинг ID си: 6849
ЯСТ тўловчиси бўлган хусусий корхона чакана савдо (ХХТУТ) билан шуғулланади. Ишлаётган ходимлар сони 21 нафар. Жорий йилнинг 2-чорагидан бошлаб корхона савдо фаолияти билан бир қаторда бошқа фаолият турлари билан шуғуллана бошлади. Шунинг ҳисобига ходимлар сони 35 нафарга етди. Жумладан, транспорт хизматини кўрсатиш учун 5 нафар ходим, шағал ва шлакоблок ишлаб чиқариш учун 6 нафар ходим, умумий овқатланиш фаолияти учун 3 нафар ходим ишга қабул қилинди. Корхонанинг ялпи тушумининг 65% савдо фаолиятига, 21%-ишлаб чиқаришга, 11%-транспорт хизматларига, ва 3% умумовқатланиш хизматларига тўғри келади.
Асосий фаолияти чакана савдо бўлган корхона бошқа фаолият турлари билан ҳам шуғулланса ва кичик чакана савдо корхоналари учун белгиланган ўртача йиллик ходимлар сони ошиб кетса, у ЯСТ тўловчисилигича қоладими ёки умумбелгиланган солиқлар тўловчиси бўладими? Бунда ЯСТ умумбелгиланган солиқлар тўлови асосида қайта ҳисобланадими?
Экспертларнинг жавоблари:

Ҳа, корхона ЯСТ тўловчисилигича қолади. 2016 йилда кичик чакана савдо корхоналари учун қонун билан белгиланган 25 нафар ходимдан кўпроқ ходим ишласа ҳам корхона танлов ҳуқуқисиз ЯСТни тўлайди (Солиқ кодексининг 350-моддаси 2-банди).  Бунда 2016 йилнинг кетма-кет иккита чорагида корхонанинг асосий фаолияти чакана савдо ёки умумий овқатланиш фаолияти бўлмаса, унда сиз умумбелгиланган солиқлар тўловига ўтишга ҳақлисиз (Солиқ кодексининг 352-моддаси).

Агар 2016 йил якунларига кўра юридик шахснинг асосий фаолияти  савдо ёки умумий овқатланиш фаолияти бўлмаса,  ва бунда асосий фаолият тури учун белгиланган ходимлар ўртача йиллик сони қонун ҳужжатларида белгиланган мезондан ошиб кетса, унда ўтган ҳисобот йили учун умумбелгиланган солиқлар бўйича ҳисоб-китоблар асосида ягона солиқ тўлови юзасидан қайта ҳисоб-китобни амалга ошириш керак бўлади. Яъни, бу ҳолатда сиз ЯСТини тўлаш имкониятини қўлдан чиқарасиз. Умумбелгиланган солиқлар суммаси 2016 йил  ҳисобланган ягона солиқ тўлови суммасидан ошиб кетган тақдирда ошган сумма бюджетга тўланиши лозим. Ҳисобланган ягона солиқ тўлови суммаси умумбелгиланган солиқлар суммасидан ошиб кетган тақдирда, бюджет билан қайта ҳисоб-китоблар амалга оширилмайди (Солиқ кодексининг 351-моддаси).

Қолган ҳолатларда, яъни савдо ёки умумий овқатланиш реализациянинг умумий ҳажмидаги соф тушум улуши устунлик қилса, ЯСТ қайта ҳисоб – китоб қилинмайди.

Агар 2016 йил якунлари бўйича корхонанинг асосий фаолияти чакана савдо ёки умумий овқатланиш бўлса, 2017 йилда корхона ЯСТ тўлашда давом этади. Бунда асосий фаолият тури учун белгиланган ходимлар ўртача йиллик сони эътиборга олинмайди.

Умумбелгиланган солиқ тўловига корхонангиз 2017 йилда ўтиши лозим бўлади, агарда бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартлар бажарилса:

1)      2016 йил якунларига кўра чакана савдо ёки умумий овқатланиш асосий фаолият тури бўлмаса;

2)      асосий фаолият тури учун белгиланган мезондан ходимлар ўртача йиллик сони ошиб кетса (ЎзР ВМ 11.10.2003 й. 439-сон Қарори билан тасдиқланган "Кичик тадбиркорлик (бизнес) субъектларига тегишли бўлган корхоналар ва ташкилотлар классификацияси").  

Агар 2016 йил якунларига кўра корхонанинг асосий фаолият тури транспорт хизматини кўрсатиш ёки ишлаб чиқариш бўладиган бўлса, ходимлар сони бўйича эса кичик бизнес субъектига кирадиган бўлса, унда 2017 йилнинг 1 февралидан кечиктирмай солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органига солиқ солиш тартиби танланганлиги тўғрисида тасдиқланган шакл бўйича ёзма билдириш тақдим этиши керак бўлади (Солиқ кодексининг 352-моддаси). Солиқ тўловчи томонидан ёзма билдиришнинг белгиланган муддатда тақдим этилмаганлиги унинг умумбелгиланган солиқларни тўлашга берилган розилиги деб ҳисобланади.

Мустақил равишда ер қаъридан кавлаб олинган (сотиб олинган эмас) хом ашёдан қурилиш материалларини ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширишда солиққа тортишнинг ўзига хос хусусиятларига ва қазилма участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи лицензиянинг бўлишига эътибор беринг.    Солиқ кодексининг 243-моддасига мувофиқ ер қаъридан фойдали қазилмаларни кавлаб олаётган, минерал хом ашёдан ва (ёки) техноген минерал ҳосилалардан фойдали компонентларни ажратиб олаётган ер қаъридан фойдаланувчилар ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқни тўловчилар ҳисобланишади. Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ тўловчилари бўлган микрофирма ва кичик корхоналар ЯСТ тўловчилари бўла олишмайди (Солиқ кодексининг 350-моддаси).

Агар сизнинг корхонангиз Ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлса ва шағал ишлаб чиқариш учун масалан харсангтош кавлаб олса, кавлаб олиш фаолиятини бошлаш арафасида у Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқни тўловчиси сифатида рўйхатга туриши ва барча фаолият турлари бўйича умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтиши керак. Умумбелгиланган солиқларни тўлаш корхонанинг асосий фаолият тури қандай бўлишидан қатъий назар амалга оширилади.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.