Саволнинг ID си: 8069
Ўғлим Тошкент шаҳридаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказий институтига инглиз тили фани бўйича 6 ойлик курсда шартнома асосида малакасини оширмоқда. У 38-сон умумий ўрта таълим мактаб касаба уюшмасининг қарори билан иш жойи сақланган ҳолда малака оширишга юборилган.ЎзР ВМнинг 15.08.2014 йилдаги 234-сон “Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига 1-илованинг 105-бандида халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни амалга оширувчи таълим муассасаларига ишдан ажралган ҳолда малака оширишга юборилган тингловчиларнинг ўқиши даврида асосий иш жойи бўйича лавозими ва ўртача иш ҳақи сақланиб қолиши назарда тутилган. Лекин айрим шахслардан эшитишимча, иш ҳақи сақланиб қолмас экан. 1. ВМнинг 15.08.2014 йилдаги 234-сон Қарорига ўзгартириш киритилганми (бекор қилинганми)? 2. Халқ таълими ходимларининг ишдан ажралган ҳолда малакасини ошириш даврида иш жойидаги иш ҳақи сақланиб қоладими?
Ходим малака оширишга юборилганда иш ҳақи сақланадими?
Экспертларнинг жавоблари:

1. Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 августдаги 234-сон Қарорига малака оширишга юборилган халқ таълими ходимларининг асосий иш жойи бўйича лавозими ва ўртача иш ҳақи сақланиб қолишини бекор қилишни назарда тутувчи норма киритилмаган.

2. Иш берувчи ва меҳнат жамоаси манфаатларига доир вазифаларни бажариш, шу жумладан малака ошириш мақсадида ходимни ишдан озод этиш шартлари, шунингдек ана шу давр учун тўланадиган кафолатли тўловлар миқдори жамоа шартномаларида белгилаб қўйилади, лекин бу тўлов миқдори ўртача иш ҳақидан кам бўлмаслиги керак (МКнинг 166-моддаси). Малака оширишга юборилган ходимга ушбу кафолатлар қўлланиши учун таълим муассасаси раҳбари ходимни малака оширишга юбориш тўғрисида буйруқ чиқарган бўлиши керак.

Агар ўғлингиз халқ таълими ходими бўлса, унга қўшимча равишда 2014 йил 15 августдаги 234-сон ВМҚ га 1-илованинг 105-бандида назарда тутилган кафолатлар ҳам қўлланилади. Ушбу банднинг биринчи хатбошисига биноан халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни амалга оширувчи таълим муассасаларига ишдан ажралган ҳолда малака оширишга юборилган тингловчиларнинг ўқиши даврида асосий иш жойи бўйича лавозими ва ўртача иш ҳақи сақланиб қолади.

Шунингдек, ишдан ажралган ҳолда халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш таълим муассасаларига малака ошириш учун бошқа жойлардан юборилган тингловчиларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўқишга бориш ва ундан қайтиш бўйича бир марталик йўл ҳақи харажатлари уларни юборган томон (яъни халқ таълими муассасаси) ҳисобидан қопланади (2014 йил 15 августдаги 234-сон ВМҚ га илованинг 105-банди иккинчи хатбошиси).

Эсингизда бўлсин, касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, ходимнинг асосий меҳнат ҳуқуқларидан (МКнинг 16-моддаси) бири ҳисобланади. Иш берувчининг юқорида келтирилган нормаларга риоя қилмаслиги ЎзР Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 49-моддасига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.