Саволнинг ID си: 8261
Университетда катта лаборант лавозимида ишлайдиган ишчи иш лавозимини қисқартириш тўғрисида Университет раҳбариятига буйруқ келганлиги боис, Университет ректори номидан лаборант лавозимида ишлайдиган ишчига ишдан икки ойдан сўнг бўшаши маълум қилинган огохлантириш берилган (огохлантиришда сана йўқ), ишчига бошқа иш таклиф қилинмаган.
Қискартириш туфайли ишчига бошқа иш таклиф қилинмасдан ишдаш бўшаши ҳақида олдиндан ёзма огоҳлантириш келганда ишчининг қандай ҳуқуқлари бор ва иш берувчининг ҳаракатлари тўғрими? Ишчи огохлантириш муддати тугаганидан сўнг меҳнат таътилига чиқиши мумкинми?
Экспертларнинг жавоблари:

Технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги сабабларига кўра (100-модда иккинчи қисмининг 1-банди) меҳнат шартномасида белгилаб қўйилган меҳнат вазифаси доирасида ишни давом эттириш мумкин бўлмаса, иш берувчи ходимга мутахассислиги ва малакасига мувофиқ келадиган ишни (ходим бажараётган ишига ёки эгаллаб турган лавозимига номувофиқ бўлса, мутахассислиги бўйича бир мунча кам малака талаб этиладиган бошқа ишни), бундай иш бўлмаган тақдирда эса, - корхонада мавжуд бўлган бошқа ишни таклиф этиши шарт (МКнинг 92-моддаси).

Сизнинг ҳолатингизда иш берувчи Меҳнат кодексининг талабларини бузган деб ҳисоблаймиз ва мазкур масалада ўз ҳуқуқингизни тиклаш мақсадида, тегишлича Меҳнат вазирлигининг ҳудудий органларига ёки прокуратура органларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эгасиз (МКнинг 9-моддаси).

Бизнинг назаримизда огоҳлантириш муддати давомида, меҳнат таътилини бериш масаласи иш берувчи билан келишилган ҳолда, таътил жадвалига мувофиқ кўриб чиқилиши мумкин, бироқ бу жараён огоҳлантириш муддати тугамасдан амалга оширилиши мақсадга мувофиқ (МКнинг 143-моддаси).

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.