Саволнинг ID си: 8443
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 29.03.2017 й. №ПҚ-2856-сон Қарори 7-бандига асосан пилла етиштирувчи ташкилотларнинг пилла етиштириш билан шуғулланувчи касаначилар ва бошқа ишчи-пиллакорлар меҳнатига ҳақ тўлашга йўналтириладиган маблағлари ягона ижтимоий тўловдан 2023 йил 1 январгача озод этилган ва бундан бўшаган маблағлар касаначилар ва ишчи-пиллакорларни моддий рағбатлантиришга йўналтирилилиши шарт қилинган. Тирик пилла етиштириш билан шуғулланувчи касаначиларни қонун ҳужжатларида тасдиқланган тўлиқ бир мавсум ишланган даврлари уларга пенсия тайинлаш учун бир йил меҳнат стажига ўтадиган мавсумий ишлар ва саноатнинг мавсумий тармоқлари рўйхатига киритилиши ҳам белгиланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 05.01.2006 й. №ПФ-3706-сон Фармони 3-бандига асосан товарлар (ишлар ва хизматлар) ишлаб чиқариш бўйича касаначиларга буюртма берадиган корхоналар 2006 йилнинг 1 февралидан бошлаб 2019 йилнинг 1 январигача, меҳнат шартномаси асосида касаначиларга тўланадиган маблағларга тенг миқдорда, меҳнатга ҳақ тўлаш фондидан ягона ижтимоий тўловни тўлашдан озод қилинишлиги кўрсатилган. Яъни ПФ-3706 сон Фармонда кўрсатилган касаначиларга тўланадиган маблағлар бўйича ягона ижтимоий тўлашдан озод қилиш шаклидаги имтиёзда бўшаган маблағлардан мақсадли фойдаланиш шарт қилинмаган.
1. Пилла етиштирувчи касаначилар меҳнатига ҳақ тўлашга йўналтирилган маблағлардан ЯИТ тўланмаса улардан ПФ-3706-сонли Фармонга асосан 2019 йилгача мақсадли фойдаланмаса бўладими? 2. Пилла етиштирувчи касаначининг иши деярли бир ойни ташкил этса тузиладиган меҳнат шартномаси қандай расмийлаштирилиши керак ва меҳнат шартномаси бекор қилинганда фойдаланилмаган меҳнат таътили учун компенсация бериладими? 3. Пилла етиштирувчи касаначи фақатгина мазкур иш билан 7 йил мобайнида шуғулланса, пенсияга чиқишида унга ҳам Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисидаги Қонунининг 8-моддасига асосан бор стажга мутаносиб миқдорда пенсия тайинланадими? Тўлиқ бир мавсум ишланган давр деганда қанча муддат назарда тутилади? 4. Касаначи ишга биринчи марта қабул қилинаётган бўлса ва унинг даромадлари солиқлардан озод этилган бўлса унга Халқ банкида жамғариб бориладиган шахсий пенсия ҳисоб рақамини очиш шартми?
Экспертларнинг жавоблари:

1. Тенг юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида тафовут бўлган тақдирда, кейинроқ қабул қилинган ҳужжат қоидалари амал қилади (14.12.2000й. 160-II-сонли «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддаси).

Яъни сизнинг ҳолатда Президентнинг 29.03.2017й ПҚ-2856-сонли қарорида белгиланган қоидаларга амал қилиш лозим. Бунда 2023 йил 1 январига қадар пилла етиштирувчи ташкилотлар томонидан пилла етиштириш билан шуғулланувчи касаначилар ва бошқа ишчи-пиллакорлар меҳнатига ҳақ тўлашга йўналтириладиган маблағлар ягона ижтимоий тўловдан озод этилади ва бундан бўшаган маблағлар касаначилар ва ишчи-пиллакорларни моддий рағбатлантиришга йўналтирилиши лозим.

4. Ха, шарт. Касаначининг даромадлари солиққа тортилиши ёки тортилмаслигидан қатъи назар касаначининг жамғариб бориладиган пенсия тизимида қатнашиши мажбурийдир (ВМнинг 11.01.2006й 4-сонли қарорининг 1-иловаси 42-банди).

Касаначининг жамғариб бориладиган шахсий пенсия ҳисоб рақамини очиш ва унга бадаллар тўлаш иш берувчи томонидан «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ амалга оширилади.

Иш берувчиларнинг, шунингдек меҳнат фаолиятини меҳнат шартномаси асосида амалга оширувчи фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия тизимида иштирок этиши мажбурийдир. Жамғариб бориладиган пенсия тизимида мажбурий тартибда иштирок этувчи фуқароларни ҳисобга олиш иш берувчининг талабномасига мувофиқ мазкур фуқароларнинг асосий иш жойидаги Халқ банки филиалида амалга оширилади (02.12.2004й 702-II-сонли «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 6,7-моддалари).

3.Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 305-моддасига асосан ягона ижтимоий тўловчилар деб юридик шахслар ҳисобланадилар. Шу сабабли ягона ижтимоий тўловни тўлаш билан боғлиқ имтиёз фақат юридик шахсларга таалуқли. Ягона ижтимоий тўлов юридик шахснинг ўз маблағларидан тўланишини ҳисобга олган ҳолда, имтиёз қўлланилиши ҳисобига тежалган маблағдан касаначилар фойдалана олмайдилар.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 76-моддасига асосан муддатли меҳнат шартномалари бажарилажак ишнинг хусусияти, уни бажариш шартлари ёки ходимнинг манфаатларини ҳисобга олган тарзда, номуайян муддатга мўлжалланган меҳнат шартномаларини тузиш мумкин бўлмаган ҳолларда тузилади. Шу сабабли пилла етиштириш билан шуғулланадиган касаначилар айнан муддатли меҳнат шартномаси тузилади.

Меҳнат кодексининг 151-моддасига асосан эса меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланади.

“Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8-моддасига асосан пенсия тайинлаш учун (7-модда) етарлича иш стажига эга бўлмаган шахсларга ёшга доир пенсиялар ушбу Қонун 37-моддаси биринчи қисмининг “а”, “б”, “в” ва “г” бандларида назарда тутилган камида 7 йил иш стажи мавжуд бўлган тақдирда, бор стажга мутаносиб миқдорда (29-модда) тайинланади.

Хусусан, мазкур Қонуннинг 37-моддаси биринчи қисмининг “а” бандига асосан иш стажига фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса қўшиб ҳисобланади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, тирик пилла етиштириш билан шуғулланувчи касаначилар улар қонун ҳужжатларида тасдиқланган тўлиқ бир мавсум ишланган ва Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган тақдирда ушбу давр пенсия тайинлаш учун бир йил меҳнат стажига киритилади. Агар ана шундай даврдан 7 йил бўлган тақдирда бу 7 йил давр “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8-моддасига асосан ёшга доир тўлиқсиз пенсия тайинлаш учун асос бўлади.

2.Сиз кўрсатиб ўтган ишингиз, яъни “пилла етиштириш билан шу-улланадиган касаначилар” билан  Меҳнат кодексининг 75, 76-моддаларида таъкидлаб ўтилган муддатли меҳнат шартномаси асосида – 1 ойга, бажариладиган ишнинг хусусиятини ҳисобга олиб (масалан, мавсумий ишлар, ҳажми олдиндан белгиланган ишларга) тузилиши мумкинлиги қайд қилинган.

Меҳнат муносабатларини расмийлаштиришга келсак бу муносабатлар умумий асосларда, яъни ишга қабул қилиш иш берувчининг буйруғи амалга оширилади. Буйруқ чиқариш учун ходим билан тузилган меҳнат шартномаси асос бўлади (МКнинг 82-моддаси).

Эслатиб ўтамизки, иш берувчи корхонада беш кундан ортиқ ишлаган барча ходимларга меҳнат дафтарчасини тутиши шарт.

Касаначи билан тузилган муддатли меҳнат шартномаси унда назарда тутилган муддатнинг тамом бўлиши муносабати билан МКнинг 105-моддасига асосланиб бекор қилинади.

Меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини (МКнинг 108-моддаси), МКнинг 110-моддасига кўра тегишли иш ҳақини ва фойдаланилмаган таътил учун пуллик компенсация(МКнинг 151-моддаси) тўлаши шарт.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.