Саволнинг ID си: 8755
Мен 2015-2017 ўқув йиллари (01.10.2015-31.07.2017) мобайнида Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси магистратурасида таҳсил олдим. Расман 01.08.2017 йилдан ишга тушишим мумкинлиги айтилмоқда.
Иш жойимдан оҳирги маротаба 21.04.2014-20.04.2015 даври учун меҳнат таътилига чиққанлигимдан ва орада 2 йил иш жойим ва ўртача маошим сақланган ҳолда магистратурада ўқиганлигимдан келиб чиқиб навбатдаги меҳнат таътилига қачондан чиқишим мумкинлиги ва қайси давр учун чиқишим мумкинлигини тушунтириб берсангиз.
Экспертларнинг жавоблари:

Амалдаги тартибга биноан йиллик таътилларни бериш навбати календарь йил бошлангунга қадар иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб тасдиқланадиган жадвалга мувофиқ белгиланади (МКнинг 144-моддаси). Шундай экан, бундай вазиятларда иш берувчи билан ходим ўртасида низоли ҳолатлар юзага келмаслиги учун ходим Меҳнат кодексининг қайд этилган модда талабларидан келиб чиққан ҳолда ўзининг таътилидан фойдаланиш тартибини олдиндан иш берувчига билдириши ва таътил жадвалида қайд эттириши зарур (МКнинг 143-моддаси).

Таътил ҳар йили, шу таътил берилаётган иш йили тугагунга қадар берилиши лозим.

Агар қонунни бузган ҳолда иш берувчи ходимга бир неча йил мобайнида таътил бермаган бўлса, ходим таътил олиш ҳуқуқини йўқотмайди, чунки меҳнат қонунчилигида таътил бериш талаби бўйича даъво қилиш муддати белгиланмаган.

Мурожаатингизда, иш жойингиздан оҳирги маротаба 2014 йил 21.04.дан 2015 йил 20.04. иш йили учун йиллик асосий таътилни олгансиз.

2015 йил 21.04.дан 2016 йил 20.04. иш йилингиз ва 2016 йил 21.04.дан 2017 йил 20.04. иш йилларингиз учун йиллик асосий таътилларингиздан  (2 йил учун) фойдаланмагансиз

Шу муносабат билан иш берувчида ходимга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътилларни бериш мажбурияти сақланади.

Аввалги иш даврларингиз учун йиллик таътиллар навбатдаги календарь йил учун таътиллар жадвали доирасида ёки ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишув бўйича бира тўла (2 йил учун) берилиши мумкин. Ёки, Меҳнат кодексининг 151-моддаси 2-қисми имтиёзларидан фойдаланган ҳолда таътил олишингиз мумкин, яъни, хар иш йили учун 15 иш куни ҳисобидан натура, қолган қисми пуллик компенсация шаклида тўланиши мумкин.

Шу нарсани эслатиш лозимки, агар ходим белгиланган муддатда таътилнинг бошланиш вақти тўғрисида ўз вақтида хабардор қилинмаса (15 кун олдин) ёки унга таътил бошлангунга қадар таътил вақти учун ҳақ тўланмаса, таътил ходимнинг аризасига мувофиқ бошқа вақтга кўчирилиши мумкин (МКнинг 143-м. 4-қисми).

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.