Балансдаги бино учун масъул шахс тайинланиши шартми
Бино бир ташкилотдан иккинчи ташкилотга ўтганда қонун ҳужжатларида назарда тутилган барча тартиботларни яъни битимни тўғри рўйхатдан ўтказиш, олинган мулкни бухгалтерия ҳисобига олиш, шу жумладан, корхонанинг балансида акс эттириш ва ҳоказолар талаб этилади (ФК 111-моддаси, бухгалтерия хисоби Миллий стандартлари в.б.). Қонун ҳужжатларда корхона балансидаги бино учун масъул шахс тайинланиши шартлиги кўзда тутилмаган.
Муайян шахсни бинога маъсул қилиб тайинлаш учун корхонанинг ходимига қўшимча иш вазифаларни юклаш ёки янги штат тузиш мумкин. Агар бинони балансга қабул қилиш ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишда ўзгаришга олиб келса, иш берувчи меҳнат шартларини ходимнинг розилигисиз ўзгартириш ҳуқуқига эга. Бу холатда иш берувчи меҳнат шартларидаги бўлажак ўзгаришлар ҳақида ходимни камида икки ой олдин ёзма равишда огоҳлантириб тилхат олиши шарт. Кўрсатилган муддатни қисқартиришга фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади.
Ходим билан меҳнат шартномаси у янги меҳнат шартлари асосида ишлашни давом эттиришни рад этганлиги сабабли бекор қилиниши мумкин, бунда ходимга ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ишдан бўшатиш нафақаси тўланади (МКнинг 89 моддаси).
Агарда таъсисчилар корхона директорига бино учун жавобгарликни тайинлашни зарур деб ҳисобласалар, унда ушбу қарор ташкилотнинг юқори бошқарув органи томонидан қабул қилиниши керак.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.